

Унда термизликлар Камолиддин Тожиев шогирдларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Голлардан бирига "Сурхон" ярим ҳимоячиси Сунатулла Абдуллажонов муаллифлик қилди ва ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— "Сурхон" бу йил кетма-кет иккинчи маротаба "Пахтакор"дан очко олди. "Пахтакор" "Сурхон" учун қулай рақибга айланиб қолдими?
— "Сурхон" клуби сўнгги йилларда "Пахтакор"га қарши яхши натижалар қайд этаётгани кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. "Пахтакор"ни мутлақо қулай рақиб деб бўлмайди. Балки гранд жамоага қарши футболчиларда иштиёқ ва мотивациянинг кучли бўлиши ижобий таъсир қилаётгандир.
— Ўзбекистон Кубоги ва Суперлигада барибир жамоаларда икки хил мотивация бўлади, ўйинга турлича ёндашишади. "Сурхон"да бу борада вазият қандай?
— Тўғри, кўп жамоаларнинг кубок баҳсларида айнан руҳий томондан ўзларини ўйинга тайёрлашлари бироз қийин кечиши мумкин. Лекин майдонга ҳамма жамоа ғалаба учун чиқиши аниқ. "Сурхон" таркибида асосан ёш футболчилар ҳаракат қилгани боис, улар ҳар бир ўйинда ўзларини кўрсатишга ва максимал даражада интилишга ҳаракат қилишади.
— Кечаги ўйин қандай хулосалар берди?
— Кечаги ўйин гуруҳдан чиқишимиз учун имкониятни сақлаб қоладиган муҳим баҳс эди, шу сабабли унга жиддий тайёргарлик кўрдик. Ўйиндан чиқарган хулосамиз шу бўлдики — хоҳиш, меҳнат ва ишонч бўлса, исталган жамоага қарши муносиб ўйнаб, ғалабага эришиш мумкин.
— "Сурхон" Ғофуров қўл остида ўсишга эришдими? Натижалар ўз-ўзидан келмаса керак?
— Анвар Ғофуров футболда ўз қарашлари ва фалсафасига эга бўлган мураббий. У жамоага келганидан кейин ўз услубини тушунтирмоқда, футболчилар ҳам буни англаб етишга ҳаракат қилишяпти. Табиийки, бунинг учун бироз вақт талаб этилади. Тактикага қанчалик тез мослашсак, натижаларимиз ҳам шунчалик тез барқарорлашади, деб ўйлайман.



