UZ

Сўнгги янгиликлар

02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  91 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

"Спорт Экспресс" мухбири: “Бизда жаҳон чемпионатига эътибор юқори эмас” Янгиликлар

"Спорт Экспресс" мухбири: “Бизда жаҳон чемпионатига эътибор юқори эмас”

БААда давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ ўйинларини Ўзбекистон терма жамоаси Фужайрада ўтказди.
Гуруҳдаги охирги баҳс Хорватияга қарши кечди ва бунда вакилларимиз рақиб устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бизнинг ўйиндан олдин бу стадионда “D” гуруҳининг 3-туридан ўрин олган Венесуэла – Россия баҳси ҳам ўтказилди.

Албатта, россияликларга бефарқ эмасмиз, шу боис уларнинг ҳам ўйинини кўриш мақсадида 24 октябрь куни Дубайдан анча вақтли йўлга чиқдик. Маҳаллий вақт билан чамаси 14:00га яқин Фужайрага етиб келдик. Стадиондаги биринчи ўйин 17:00да бошланишини эътиборга олсак, ҳали уч соат вақт бор эди. Умуман олганда, стадион шаҳарнинг бироз четроқ қисмида жойлашгани учун бу ерда кишини ҳайратга соладиган бирор нарса кўрмайсиз. Ҳамма жойдаги каби бу ерда ҳам ҳаёт бир маромда давом этиб турибди.

Стадионга етиб келганимизда ФИФА ва маҳаллий ташкилий қўмита томонидан ажратилган матбуот вакиллари энди ўз ишларини бошлашаётган экан. БААнинг ҳар бир стадионида журналистлар учун жуда яхши шароитлар яратилган. Бу ерда иш билан бўлиб вақт тез ўтиб кетганини ҳам сезмай қоласан. Соат 15:30да биз ишлаб ўтирган хонага россияликлар кириб келишди. Уларни таниш учун аккредитациядаги исм-фамилияси ва миллатига қараш шарт эмас, шундоқ юз кўринишидан рус эканлиги билиниб туради.

Хонага аввал икки киши кирди. Танишдик. Бири Россия ўсмирлар терма жамоаси матбуот котиби, иккинчи федерациянинг сураткаши экан. Айниқса, ўйин кунлари матбуот котибларининг иши бирмунча кўп бўлади. Буни яхши тушунган ҳолда уларни кўп ҳам безовта қилмадик ва фақат “Россиядан бирорта журналист келганми?” деб сўрадик. Шунда матбуот котиби “Ҳа” деб жавоб берди ва бироздан сўнг қўшиб қўйди: “Бир пасдан сўнг келиб қолса керак”.

Орадан кўп ўтмай, матбуот анжуманлари ташкил қилинадиган хонага ёшроқ, жингалаксоч йигит кириб келди. Баҳонада у билан ҳам танишиб олдим. Россиянинг энг номдор спорт нашрларидан бири “Спорт Экпресс” газетаси ва сайти мухбири Филипп Папенков экан. Одатда руслар билан тил топишиб кетиш қийин кечмайди. Биринчидан, тилни биламиз, иккинчидан, бир-биримизга бегонадек қарамаймиз. Ўқишга зерикарли бўлмаслиги учун Папенков билан суҳбатимизни интервью шаклида келтириб ўтаман.

-   Россия ўсмирлар термаси гуруҳдаги дастлабки икки ўйинда мағлуб бўлди. Буни эса ҳеч кутмагандик.
-   Тўғриси, ўзим ҳам ҳайронман нима бўлганига. Ваҳоланки, ҳар иккала баҳсда устунлик биз томонда бўлди. Голга тортадиган кўплаб вазиятлар яратдик, бироқ тўп дарвозага кирмагандан кейин на илож.

-   Балки Япония ва Тунис Россиядан кучли кўрингандир?
-   Фақат таблодаги ҳисоб уларнинг устун эканлигини кўрсатди холос, аммо ўйин борасида бундай олмайман. Биз кўп ҳолларда кучлироқ футбол намойиш этдик.

-   Энди эса Венесуэла устидан ғалаба қозонишингиз ҳамда гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб ҳам кейинги босқичга чиқиш учун бошқа ўйинлар натижасини кутишга тўғри келади.
-   Ҳа, энди бизга бирмунча қийин бўлади. Агар Венесуэлани мағлуб этсак, тақдиримиз Ўзбекистон, Аргентина каби жамоалар қўлида қолади. Яъни, бу жамоалар ҳам ғалаба қозониши талаб этилади. Лекин сизларни ҳам осон ўйин кутмаётгани бор гап.
   
-   Ҳа, албатта. Хорватия енгил рақиб эмас, аммо футболчиларимизнинг мақсади фақат ғалаба қозониш. Тўғри, бизни дуранг ҳам қониқтиради, бироқ барчанинг эътибори фақат ғалабага қаратилган. Шу ўринда бир нарсани сўрасам дегандим?
-   Майли, бемалол.
 
-   Маълумки, Россия футболга бефарқ эмас. Лекин шундай катта давлатдан турнирни ёритиш учун фақат битта журналистнинг келгани очиғи мени жуда ажаблантирди.
-   Тўғрисини айтсам, бунга ўзим ҳам ҳайронман. Гуруҳдаги биринчи ўйинни Японияга қарши ўтказдик. Япониядан келган суратчи ва журналистларнинг кўплигини кўриб лол қолдим. Биздан эса мухбир сифатида фақат мен келганман. Шунда ҳам “Спорт Экспресс” мени нашриёт ҳисобидан меҳнат сафарига жўнатгани йўқ. Балки ота-онам Дубайда истиқомат қилаётгани учун ҳам уларни кўриш, ҳам футболни ёритиш учун ўз ёнимдан харажат қилиб келдим. Ўзим эса Москвада яшайман.

-   Қизиқ, наҳотки “Спорт Экспресс”дек машҳур нашр лоақал битта журналистга сафар харажатларини қоплайдиган пулни бера олмаса?
-   Гап унда эмас. Бизда имконият яхши, лекин ёшлар ва умуман болалар футболига унчалик қизиқиш йўқ. Бор-у, лекин жуда юқори эмас.

-   Яъни?
-   Яъни, Россияда ҳамма миллий терма жамоа ва премьер-лига клублари ҳақида гапиришни истайди. Газета, сайтларда ҳам асосан шулар ҳақида ёзишади. Ёшлар, ўсмирлар терма жамоаларига негадир бизда унчалик қизиқишмайди. Ўйлаб кўринг, Россия – ўсмирлар ўртасида амалдаги Европа чемпиони ҳисобланади. Лекин шу ҳам журналистларни қизиқтираётгани йўқ. Бизда миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиққанини бонг уриб гапиришмоқда, аммо бу ерда тўп сураётган ўсмирларнинг иштироки борасида кўп ҳам ёзишмаяпти. Агар мен келмаганимда ҳам барибир “Спорт Экспресс” ёнидан пул тўлаб бировни жўнатмасди.

-   Бу борада бизда бирмунча яхши экан. Ўзбекистонда барча турли ёшдаги терма жамоалардан ғалаба кутади. Бизда ҳеч бир клубга терма жамоалардаги каби эътибор қаратилмайди.
-   Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Одамлар бирор давлатда футбол қанчалик ривожланаётганига аввало терма жамоалар ўйини орқали баҳо беришади. Пул бўлса яхши легионерларни олиб келиб, бирор клубни чемпион қилиш мумкиндир, лекин терма жамоа халқаро майдонларда ўзини кўрсатмас экан, бундан нима фойда? Тўғрисини айтсам, бизда БААда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатига эътибор юқори эмас. Бу гап айниқса ОАВ ходимларига тегишли.

Суҳбатимиз шу билан якунига етди. Бу орада Россия – Венесуэла баҳси ҳам бошланай деб қолди. Ҳамкасбим ўйин шарҳини ёзиб ўтириш мақсадида медиа трибунага чиқиб кетди. Ўйиндан олдин унга “Кўнгилни чўктириш керак, Россия Венесуэладан анча кучли ва йирик ҳисобда ютасизлар” дедим. Бунин қарангки, Россия рақибни 4:0 ҳисобида ер тишлатди. Аввалги икки ўйинда уролмаган голларини ҳам шу учрашувда киритди. Баҳс якунига етгач, ҳамкасбимни ғалаба билан табриклаб қўйдим. У эса қувончини ичига сиғдиролмай “Бизда кейинги босқичга чиқиш учун имконият туғилди, энди сизлар ҳам ғалаба қозонишинглар керак” деди. “Ундай бўлса, шу ерда қол ва бизни қўллаб-қувватла” қўшиб қўйдим мен ҳам.

Шу куни соат 20:00да бошланган Ўзбекистон – Хорватия баҳсини кўриш учун нафақат “Спорт Экспресс” мухбири, балки Россия ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи, унинг ёрдамчилари, терма жамоа матбуот котиби, сураткаши ва Россия клубларидан келган болалар мураббийлари ҳам стадионда қолиб, бизнинг ўсмирларга мухлислик қилишди. Футболчиларимиз кимсан Хорватияни 2:1 ҳисобида енгишди. Бундан биз ҳам қувондик, руслар ҳам. Мана энди ҳар иккала жамоа нимчорак финал ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Эртага Россия Абу Дабида мусобақанинг энг асосий фаворитларидан бири Бразилияга қарши тўп сурса, ўсмирларимиз Шаржада кўпчилик учун жумбоқ бўлиб турган Гондурас билан куч синашишади. Ҳар иккала ўйин маҳаллий вақт билан 20:00да бошланади. Шу ўринда Ўзбекистон ва Россия ўсмирлар терма жамоаларига омад тилаб қоламиз.
 

Хайрулла Холиқов.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика