UZ

Сўнгги янгиликлар

15:15Тимур Кападзе Индонезияга қарши кечадиган ярим финал баҳсидан олдин нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  0 15:08"Манчестер Юнайтед" ёзда "Барселона" футболчиси учун 80 млн евродан ортиқ таклиф қилади  0 14:47Футзал бўйича Осиё кубоги. Ўзбекистон пенальтилар сериясида Тожикистондан устун келди ва бронза медалларини қўлга киритди  20 14:41"Интер" — "Торино". Чалханоглу, Тюрам ва Лаутаро асосий таркибда  0 14:00ҚПЛ. Яхшибоев ва Умаров ҳаракат қилаётган "Ордабаси" "Елимай меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  0 13:44Ўзимизнинг карикатура. Чиқиш эшиклари калити Бабаяннинг қўлида  16 12:25Харри Кейн ЕЧЛ ярим финалида "Реал"га нечта гол уришини тахмин қилди  19 11:56Футзал бўйича Осиё кубоги. 5-ўрин ва ЖЧга йўл олган сўнгги давлат номи маълум бўлди  7 11:16"Реал" футболчиси "Байер"га йўл олиши мумкин  0 10:25"Рома" Сардор Азмунни "Байер"дан тўлиқ сотиб олиши мумкин, агар...  7 10:03Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ОФКнинг футзал ва соҳил футболи қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди  0 09:42"Ал Насcр" кетма-кет 7 та ўйинда ғалаба қозонди. Роналду кетма-кет 2 та баҳсда самарали ҳаракат қилгани йўқ  34 09:21"Атлетико" мухлислари Нико Уильямсни "маймун" дейишди, Гризманн ва Коке эса...  23 09:01"Нефтчи" - "Металлург" учрашувидан ГАЛЕРЕЯ  0 08:39"Барселона" эркаклари қила олмаган ишни аёллар жамоаси амалга оширди  12

Шота Арвеладзенинг ишонч кредити ёхуд финал ҳақида (таҳлил) Янгиликлар

Шота Арвеладзенинг ишонч кредити ёхуд финал ҳақида (таҳлил)

Фарғонадаги финал, АГМК тарихида янги саҳифа очган Ашурматов ва жуда кўп муҳокама қилинаётган Шота Арвеладзе ҳақида гаплашамиз.

Финалга бўлган эътибор, ўйин атрофидаги воқеалар ҳақида яна кўп гапирмоқчи эмасман. Бу ҳақда имкон қадар Толибжон Қосимовнинг "Extra Time" лойиҳасида ўз фикрларим билан бўлишдим.

Шуни айтишим мумкинки, Фарғонадаги финал ташкилий масалалари, реклама ва ўйинга бўлган ажиотаж борасида Ўзбекистон кубоги финаллари ичида энг яхшиси бўлмагани ҳақиқат. Қолган хулоса ўзингиздан.

Мен ўйин, АГМКни янги йўл сари етаклаган Бахтиёр Ашурматов ва ҳозирги кунда энг "қайноқ" мавзу бўлиб турган Шота Арвеладзе борасида тўхталмоқчиман.

Финалдан олдин турли гап-сўзлар, тахмин ва башоратлар анча авж олганди. Кўпчилик кубокни "Пахтакор"га "топшириб" қўйишга ҳам улгурганди. АГМКнинг ғалабаси ўзбек футболи, қайтараман, ЎЗБЕК ФУТБОЛИ ўз даражаси ва мавқеига эга эканлигини қайсидир маънода исботлади. Бизда баъзи "мухлис" ёки "мутахассислар" ўйлагандек тоза, ҳалол футбол учрамайди, деган асоссиз фикрларни чилпарчин қилди. Ажойиб ва ҳалол футбол учун икки жамоага раҳмат!

Мазкур жамоалар ўртасидаги тўқнашувда ФИНАЛда кучлилигини кўрсата олган - АГМК ғолибга айланди.

Очиғини айтиш керак, майдон ҳолати комбинацион футбол ўйнашга ярамасди. Яъни, тўп билан ўйнайдиган, комбинацион футбол орқали ўйинини қурадиган жамоа майдон билан ҳам курашишига тўғри келди. Узун паслар, стандарт вазиятларига таяниб ўйнайдиган жамоа учун эса майдоннинг бу ҳолати нисбатан фойдалироқ. Чунки камида ўша жамоа рақибининг ўйини рисоладагидек чиқмаслиги тайин. Шунингдек, кеча Фарғонада яхшигина кучли шамол бўлди. Бу эса тўпни баъзи вазиятларда шарга ўхшаб йўналишини ўзгартиришига олиб келди.

Бу жиҳатлар АГМК фойдасига ишлади, десам муболаға бўлмайди. Чунки АГМК учун рақибнинг ўйини кутилганидек чиқмаслиги минимал даражада бўлсада кафолатланди. АГМК эса дастлабки иккита голини ўз услубига монанд, яъни стандарт вазиятларидан сўнг ва учинчисини қарши ҳужумда урди.

Лекин АГМКнинг ғалабасига майдон ҳолати ёки бошқа деталларни асосий жиҳат сифатида кўрсатиш фикридан йироқман. Шунчаки бор нарсалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдим.

АГМК тарихида янги саҳифа очган Бахтиёр Ашурматов шу куни АГМКни ҳимояда жуда тартибли ва ҳужумда максимал самарали ўйнатишни уддалади. Жамоа руҳан анча тетик ва ғалабага чанқоқ равишда тушди. Айнан шу жиҳатлар якунда АГМКни кўзланган мақсадга етаклади. Ўйиндан олдин ҳам, финалдан кейинги матбуот анжуманида ҳам Ашурматов тўғри сўзларни топиб, териб гапирди. Ўйиндан олдин айтганидек, жамоа қўрқмади. Буни ўйинда кўрдик. Бу борада Ашурматов жуда катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Финалга жамоани жуда тўғри тайёрлай олгани барча жабхаларда яққол кўринди. Айнан Ашурматов футболчиларнинг кўзида "олов"ни ёндира олди. Бу "олов"да эса "Пахтакор" куйди. "Пахтакор" финалдан олдин рақибни ҳаёлан ютиб қўйгани уларга якунда қимматга тушди. Яъни футболчилар рақибнинг кучига етарлича баҳо бера олишмади. Бунда эса мураббийлар штабининг хатоси мавжуд албатта.

Мавсум ўртасида келган ва жамоа билан аҳамияти юқори совринга эгалик қилган Ашурматов мураббий сифатида юқори потенциал соҳиби эканлигини исботлади. Муҳими, салоҳият борлиги кўринди. Эндиликда буни юзага чиқариш учун вақт ва шароит талаб этилади.

Яна бир жиҳат шуки, финалдан олдин АГМК ва Ашурматов олдида ҳеч қандай босим йўқ эди. Буни мураббий ҳам таъкидлаб тасдиқлаганди. Бу эса АГМК фойдасига ишлаган яна бир жиҳат сифатида хизмат қилди. Аксинча, финалдан олдинги тахмин ва турли хил гап-сўзларга чиройли жавоб берилди. Айна шу жавобни бериш учун ҳам тер тўккан футболчиларга бу тахминлар қўшимча мотивация ролида бўлган бўлса ажаб эмас.


Арвеладзе нега истеъфога чиқарилмаяпти?

Кўпчилик кечаги финалдан сўнг Арвеладзенинг истеъфосини истаб қолди. Аслида бу мавзу аввал ҳам муҳокама қилинган. Ўтган йили "Насаф"дан учралган мағлубият ва ОЧЛда плей-офф босқичидаги муваффақиятсизликдан кейин Арвеладзе курсиси борасида саволлар туғилганди. Аммо буткул янги клуб ва жамоани шакллантираётгани айтилган Арвеладзега муваффақият қозониш учун вақт берилиши маълум қилинганди. Бу йили эса чемпионликка қиёсланган баҳсда "Локо"га ютқазгач Арвеладзенинг истеъфоси яна эсланди. Кечаги финалдаги мағлубият Арвеладзе истеъфоси ҳақидаги мавзуни кун тартибига кўтарди.

Ижтимоий тармоқларда, сайтдаги изоҳларда, умуман "Пахтакор" мухлислари орасида барча Арвеладзе истеъфо берадими ёки йўқ, деган савол юзага келган. Клуб раҳбариятида бу масала муҳокама қилинганми ёки йўқ бир нарса дейиш мушкул. Аммо ҳақиқат шуки, ҳозирча бу борада ҳеч қандай хабар ёки гап-сўзлар йўқ. Демак тахмин қилинганидек Арвеладзе ўз ишини давом эттиради.

Ҳозирги "Пахтакор"да нега Арвеладзега бу қадар кўп ишонч кредити тақдим этилмоқда, деган ўринли савол туғилади. Шуни айтиш керакки, ўтган йили янгиланган ва ушбу босқични бошдан ўтказаётган "Пахтакор"да Арвеладзенинг нафақат жамоани шакллантиришда, балки клуб тизимини ислоҳ қилиб, уни европа даражасига чиқаришда ҳам ўрни катта.

"Пахтакор"нинг янги раҳбарияти ва мураббийини таништириш маросимида Арвеладзе Бобур Шодиевни кўрсатиб, "Клуб президенти нафақат кучли жамоа, балки топ клуб тузишни ваъда берди. Бу умуман бошқа-бошқа нарсалар", дегани ёдимда.

Арвеладзенинг клуб тизимида ҳам тутган ўрни мавжуд. Мураббий клуб раҳбарияти билан дўстона алоқада ва улар грузиялик мутахассисга тўлиқ ишонишмоқда.

Шота Арвеладзе яқин 2 йил ичида "Краснодар"нинг қизиқишларини беэътибор қолдирди. Бу ҳам бўлса ҳозирда бутун диққат-эътибори "Пахтакор"га қаратилганидан дарак.

Арвеладзе келганига бир йилдан ошди ва барча янгиланган "Пахтакор"дан катта натижалар кутмоқда. Кўпчилик наздида "Пахтакор" сарфланаётган пулларга монанд ўйнамаяпти, натижа ҳам ҳозирча йўқ.

Арвеладзе келганидан сўнг жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишни ва мамлакат кубогини бой берди. Олдинда бу йил ҳисобида биргина ва муҳим соврин - чемпионлик турибди.

Айнан шу чемпионлик кўп жиҳатдан Арвеладзенинг "Пахтакор"даги мураббийлик фаолияти тақдирини ҳал этади. Кўпчилик "Локомотив"нинг эндиликда чемпионликни бошқага, хусусан "Пахтакор"га топшириб қўйишига ишонмайди. Тўғри, бу жуда қийин масала. Аммо финалдаги мағлубият "Пахтакор"ни чемпионлик учун истаса-истамаса охиригача курашишини таъминлайди. Буёғига кураш янада қизийди. Арвеладзе учун ишонч кредитининг сўнгги бекати айнан чемпионлик масаласи бўлиш эҳтимоли юқори. Агарда "Пахтакор" чемпионликни қўлга киритмаса, унда Арвеладзени истеъфога чиқариш эмас, балки мураббийнинг ўзи истеъфо бериши мумкин. Ҳар ҳолда менда шундай фикр мавжуд. Буёғига Арвеладзе ўзининг сўнгги имкониятидан максимал фойдаланишга ва билимларини тўлиқ қўллашга уриниб кўради. Шу боисдан ҳам чемпионликни "Локо"га топширишга шошилмаган бўлардим.

Чунки Арвеладзе қўл остидаги "Пахтакор"нинг ўйинида мураббий имзоси йўқ, жамоада ғолиблик характери етишмайди, деган гаплар ҳам мағлубиятдан сўнг қўзғалмоқда. Тўғри, керакли пайт жамоа ютқазиб қўймоқда. Аввалги "Пахтакор"даги руҳият кўринмаяпти. Аммо эски "Пахтакор" билан ҳозирги жамоани солиштириш нотўғри. Камида бироз вақтли. Эски "Пахтакор" неча йиллардан буён шаклланиб, кучли бир оилага айланган жамоа сифатида танилганди.

Ҳозирги "Пахтакор"нинг фалсафаси умуман бошқа. Эскиси билан тубдан фарқ қилади. Шу боисдан ҳам аввалги жамоа билан ҳозирги ўртасидаги тафовут сезилиб қоляпти.

Эски "Пахтакор" билан ҳозиргисини камида яна 3-4 йилдан сўнг солиштириб, кейин якуний баҳони бериш адолатлироқ бўларди, чамамда.

Арвеладзенинг ўйиндаги имзоси, жамоада характер йўқлиги ва ҳоказолар ҳақида қисқача. "Пахтакор" Суперлиганинг биринчи босқичини биринчи ўринда тугатди. Фақатгина формат туфайли ҳисобланган олтин очколар қоидаси уларни ўрнини алмаштириб қўйди. Шунингдек, жамоа Суперлигадаги иккинчи босқични ажойиб тарзда бошлади. Жамоа ўйинида мазмун ва қатор вазиятлардан ташқари самарадорлик ва характер қўшилганига гувоҳ бўлдик. Аммо октябрь ойида юзага келган ФИФА кунларидан сўнг "Пахтакор" ўйин ритмини йўқотиб қўйди. Шу танаффусдан кейин жамоа ўйинида кескин пасайиш кузатилди.

Бу нафақат "Пахтакор"да, балки европада ҳам кўплаб грандлар билан юзага келадиган ҳолат. Чунки жамоа таркибидаги кўплаб футболчилар терма жамоага йўл олишади. Мазкур жиҳатдан куз ойида терма жамоаларга кетадиган кўплаб футболчиларга эга грандлар азият чекишади.

Европада гранд жамоалар янги мутахассисга стандарт 3 йил вақт беришади. Агарда янги мутахассис жамоа натижа эътибори билан жуда катта инқирозга йўл тутмаса, унда унга ўша ишонч гарови берилади. "Пахтакор" кубок финалига келгани, чемпионлик учун курашаётгани ва раҳбарият ҳамда мураббий европа менталитетига  хос фикрлашини инобатга олсак, "Пахтакор"да ҳам бу тизим ишламоқда. Шу боисдан ҳам раҳбарият Арвеладзега яхшигина ишонч кредитини тақдим этган.

Оддий мисол, гарчи таққослаш бироз ғалати кўринсада, АПЛ гранди "Сити" рулига келган Гвардиола ва унинг трансфер ойнасида миллионларни сарфлаб биринчи йили қўлга киритган натижасини эслатиб ўтаман.

Арвеладзенинг "Пахтакор"да йўл қўйган энг катта хатоси легионер танлашда юз берган. Керакли ва муҳим паллаларда легионерларнинг кўмаги сезилмаяпти, аксинча уларнинг муҳим пайтда йўл қўяётгани хатолари қимматга тушмоқда. Қайсидир маънода Арвеладзенинг оёғига легионерлар болта уришмоқда. Легионерлар клуб спорт директори Жафар Ирисметов ёки Собир Ходиевнинг эмас, балки Арвеладзенинг танлови.


Финалда муносиб ва ҳақли жамоа ғолибга айланди. Ҳозирги "Пахтакор" билан эски жамоани таққослашга эса ҳали вақт бор, чамамда.

Муаллиф :
Рейтинг: -2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика