UZ

Сўнгги янгиликлар

12:05Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди  4 11:43Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Ироққа қарши учрашувини баҳрайнлик рефери бошқаради  2 11:22"Пахтакор-79" ПФЛ талабини бажармагани учун Биринчи лигадан четлаштирилиши мумкин  0 10:47Шерзод Эсанов: «Биз Андижон халқи ва »Андижон« мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз»  7 10:20«Манчестер Сити»нинг ёзги асосий трансфер мақсади маълум  10 09:52Англия клублари 9 йил аввалги нохуш натижани такрорлашди  6 09:26Иброҳимҳалил Йўлдошев: «Осиё кубогига келишим жуда қийин бўлди»  4 09:01Клопп жамоасини Европа лигасидан чиқиб кетгани ҳақида фикр билдирди  3 08:36Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-турга старт берилади  0 08:10Футзал. Бугун терма жамоамиз 2-турда майдонга тушади  0 07:47«Байер» навбатдаги рекордни ўрнатди   6 07:05U-23 Осиё кубоги. Иордания - Қатар 1:2   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Индонезия - Австралия 1:0   0 06:55Европа лигаси. "Марсель" - "Бенфика" 1:0 (Пенальтилар 4:2)   0 06:50Европа лигаси. "Рома" - "Милан" 2:1   0

Шармандали мағлубият. Катанец ҳамма нарса қилиб кўрди, аммо барибир "тарсаки" еди Янгиликлар

Шармандали мағлубият. Катанец ҳамма нарса қилиб кўрди, аммо барибир "тарсаки" еди

Сречко Катанец келганидан кейин Швецияга ютқазган (1:2) ва Малайзияни йирик ҳисобда мағлуб этган (5:1) эдик.

Ҳар иккала учрашувда футболчиларимиз жуда яхши таассурот қолдиришганди. Шведларга ютқазган бўлсакда, ўйинимиздан кўнглимиз тўлганди. Бугун эса Катанец ва терма жамоамиз росмана "тарсаки" еди.

Ўзбекистон ўртоқлик учрашувида Иорданияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди

Катанец бошланғич таркибда янглишди...

Бош мураббий Иорданиядаги йиғинга олиб кетган ўйинчилар орасида ҳеч бири тоза ҳужумчи ортида ўйнайдиган футболчилар эмасди. Ойбек Бозоров ўйнаган, бироз кўникмаси бор, Азиз Амановни ҳам кўпроқ шу жойда кўраётганди мураббий (ўйнатиб ҳам улгурганди ҳужумчи ортида). Машариповнинг клуби ихтиёрига қайтиб кетиши сабаб вингерларимиз сони биттага камайди. Бугун бошланғич таркибга словениялик мутахассис уч нафар вингерни киритди. Улар орасидан Бозоров ҳужумчи ортига қўйилди. Захирада эса биттагина қанотда ўйнаши мумкин бўлган ўйинчи қолди: А.Аманов. Айни шу омил кейинчалик ўйинимизга салбий таъсир қилди...


Катанец ўйин давомида тактикани 3 марта ўзгартирди, ўйинчилар жойлашувини эса доимий ўзгартирди. Беллашувни 4-2-3-1 тактик схемасида бошладик, 4-4-2да давом эттирдик ва 4-3-3 билан тугатдик. Бир қарашда зўр-а! Лекин, буларнинг ҳаммаси шармандаликка қараб кетаётган натижани қутқариб қолишга қаратилганди. Афсус, ўхшамади.

Рақиб 1-бўлимда жуда бўш ўйин кўрсатди, фақат жисмоний жиҳатдан улар кучлироқ эди. Биз эса аввалги икки баҳсга қараганда анча ёмон ўйнаб туриб ҳам кўплаб вазиятлар яратдик.


Қобилов ва Умаров энг ёмони бўлишди

Биринчи голни ўтказиб юборишимиздан сал аввал Ислом Қобилов оддий вазиятда Отабек Шукуровга пас бераман деб рақибга тўпни совға қилиб қўйди ва Аднан Ҳамад шогирдлари йўқ жойдан қарши ҳужумга ўтиш имконига эга бўлишди. Бу биринчи "сигнал" эди. 30-дақиқада Қобилов биринчисидан ҳам каттароқ "қовун" тушурди. Яна оддий вазиятда элементар пасни беришда хато ва тўп рақибга олдириб қўйилди. Бу сафар унинг ортида шериклари йўқ эди. Иорданиянинг 10-рақамдаги вингери Муса Ал-Тамари Исломга босим қилиб тўпни олиб қўйди, ўзи олдига юрди ва жамоадоши Файсал Баҳага ҳаммасини чайнаб берди. Қизиғи, бу "Локомотив" марказий ҳимоячисининг охирги хато эмас экан. 37-дақиқада ҳимоядан берилган узун пасга чиқиб борган Қобиловни Али Олван бир ҳааркат билан "ухлатиб кетди". Яна хавфли ҳужум, бу сафар бояги Файсал тўпни оёғидан йўқотиб қўйди ва Исломнинг ўзи ортга қайтиб келиб учинчи хатосини тузатишга улгурди. Бир бўлимда уч қўпол хато терма жамоа марказий ҳимоячиси учун жуда кўп.

Биринчи бўлимнинг яна бир антиқаҳрамони Шаҳбоз Умаров бўлди. Машариповнинг жойида тушган БАТЭ вингери Жалолиддиннинг тескариси эканлигига гувоҳ бўлдик. Яъни, "Ал Насср" аъзоси доим пас қидиради, унинг паслари зарбаларидан анча сифатли. Умаровда эса зарбаси пасларидан кучлироқ. Ҳа, бугун айниқса кучлироқ бўлди. Чунки, бугун у асосан осмонларга зарба беравериш билан вақт ўтказди. Чап қанотимиз жуда кам ишлади, чапдан ташкиллаштирилган ҳужумларнинг деярли ҳаммаси Шағбознинг жуда ноаниқ зарбалари билан якунланаверди. Шу куни у майдондаги ҳаммадан кўп зарба берди ва ҳаммаси ноаниқ. Энг кўп тўп йўқотган футболчи ҳам айнан Умаров бўлди. Очиғи, танаффусда Катанецдан Қобилов ҳамда Умаровни алмаштиришини кутгандим. Лекин, мураббий БАТЭ аъзосига тегмади ва нариги қанотдаги Ҳамдамовни Амановга алмаштирди. Қобилов эса жойини Абдулла Абдуллаевга бўшатиб берди.


Бутун ўйин асосан жамоа учун эмас, ўзи учун ўйнаган Умаров 90 дақиқа майдонда қолди, қизиқ. Балки, бунга юқорида келтирганим захирада бирорта вингерни қолмагани сабабдир.


Катанецдан иккинчи ва учинчи юриш, аммо... самарасиз

56-дақиқада жарима зарба ижро этилгандан кейин тўп йўл-йўлакай 6-рақамдаги марказий ҳимоячи Насиб Абдуллоҳнинг бошига тегиб Элдор Суюнов дарвозасидан жой олди. Вазият чигаллашиб кета бошлади. Катанец вазиятдан чиқиш учун тактикани ўзгартирди ва 4-4-2га ўтди.

И.Йўлдошев, О.Бозоров ва бироз аввал енгил жароҳат олган Д.Турсунов ўрнига Ф.Сайфиев, И.Сергеев ва Ҳ.Алиқулов тушди.

Буёғига Малайзияга қарши яхши иш берган тактикага ўтилди, аммо ҳаракатлар ва паслар пала-партиш тус ола бошлади. Рақибнинг жисмонан яхшироқ ҳолатда эканлиги 2-бўлимда яққол ўз сўзини айтди. Юқоридаги таркибга эътибор беринг, иккала қанотдаги вингерларимиз ҳам яратувчи, кутилмаган паслар билан мақтана оладиган ўйинчилар эмас. Аксинча, асосан кучли зарбалари билан танилишган. Шомуродов ва Сергеев жуфтлигига эса пасларни етказиб бера оладиган вингерлар керак эди. Вазиятда тўғри баҳолаган мураббий 11 дақиқадан кейин тактикамизни 4-3-3га ўзгартирди. Бунда Шомуродов ўрнини Азиз Ғаниев эгаллади.


Тактиканинг учинчи марта ўзгартирилиши ҳам бизга ёрдам бермади. Чунки, шу куни марказий ҳимоячиларимиз рақибга ёрдам беришга ошиқаверишди. 83-дақиқада шунчаки ҳимоядан тепиб юборилган тўпни қайтараман деб А.Абдуллаев уни рақибга ташлаб берди. Жараённинг давомида эса Ҳамза Дардурдан тезликда қолиб кетди ва рақиб дарвозабонимиз билан бирга-бир чиқиб кетишига йўл қўйиб берди. Ўша эпизодда икки нафар иорданиялик футболчи 5 нафар футболчимизни "ечиб кетди".


Очиғи, учрашувнинг охирги 7-8 дақиқасида футболчиларимиз "бардак" футбол намойиш этиб беришди. Менимча, учинчи голдан сўнг уларни ўзларида ҳам иштиёқ ва хоҳиш йўқолиб қолди.


Турсунов ва Сайфиев энг яхши

Достон Турсунов алмаштирилгунча майдондаги энг яхши ўйинчимиз бўлиб турганди. Туппа-тузук ўйнаб турганди. Унинг захирага олинишига олган кичик жароҳати сабаб бўлди, назаримда. 60-дақиқада тушган Фарруҳ Сайфиев ҳам Турсунов билан бирга энг яхши бўлди. Катанец келганидан кейин дастлабки икки ўйинда 3та голли пас берган Фарруҳ асосий таркибдаги ўрнини анча мустаҳкамлаб олди. Бугун ҳам захирадан баҳсга қўшилиб бир нечта ажойиб пасларни ижро этди. Бир гал қанотдан Малайзияга қарши Норчаевга берагни каби пас узатди, Сергеев ва Аманов керакли жойда эмасди. Кейинроқ марказда ерлатиб кесма (аниқ) пасни ижро этди. 90-дақиқада эса учрашувдаги энг заргарона пас ҳам Сайфиев ижросида амалга оширилди. Фарруҳ майдоннинг биринчи ярми томондан иккинчи ярми томонга шедеврни ижро қилди ҳамда Сергеевни бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Бу пасни кўрса Бруну Фернандеш-у, Кевин де Брюйнелар ҳам олқишлайди. Сайфиевнинг идеал пасини Игорь кўкка совурди, шундай пас увол кетганини чатоқ бўлди.


Одатда Машарипов ва Сайфиев ҳаракатланадиган чап қанот бизда энг фаол бўларди, бугун эса уларсиз чап қанот ўнг қанотдан пассив бўлди. Жалолиддин - Фарруҳ тандеми чапда асосий эканлигига амин бўлдик.

Бундай ўйин ва натижа Катанец учун фойда бўлиши керак. Мағлубият фожиа эмас, ундан хулоса чиқармаслик фожиа. Катанец бугун анчагина жиҳатларни ўзи учун билиб олган бўлса ажаб эмас. Иккита яхши ўйиндан кейин, бунақасини ҳам кўрди (к). Умид қиламиз, мураббий ўртоқлик ўйинларидаги мана шундай хатолардан керакли хулосаларни чиқариб боради ва келажакдаги расмий беллашувларда бунга йўл қўймасликка уринади. Бугунча эса шармандали мағлубиятни қабул қилиб олдик.

Ёш бола пайтим кўчада отам ва акам билан бирга раҳматли бувимларни (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) кўриб қайтаётганимизда ерда охиригача чакилмасдан ташлаб юборилган тамаки (сигарет)га кўзим тушди. Бошланғич синф боласининг ҳаёлига тўсатдан ердаги тамакини тортиб кўриш фикри келди . Отам ва акам йўлда давом этишарди, мен эса тамакини олиб қўлимда ушлаб бироз ўйланиб турдим ва кўзимни юмиб тортиб кўрдим. Кўзимни очсам рўпарамда акам турибдилар. Юзимга яхшигина мушт тушди. Зарбадан энди йиғламоқчи бўлганимда акам: -"Яна бир марта қўлингда тамаки кўрсам, ўша қўлингни синдираман", - дедилар. Ва бу воқеани отамга айтмадилар. Ёш бола пайтим акамдан еган ўша мушт бир умрга дарс бўлди. Қайтиб умуман тамакига яқинлашмадим. Ўша мушт учун аввало жойида ақлимни киритиб қўйишларига сабабчи бўлган Аллоҳдан ва бунга сабабчи бўлган акамдан ҳозиргача миннатдорман. Умид қиламан, бугунги "тарсаки" Катанец учун яхшигина дарс бўлади. Ҳар ҳолда энг яхшисига умид қиламиз.

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +39   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика