Сенинг вақтинг етиб келди: "Манчестер Юнайтед"дан кетиши керак бўлган 4 футболчи
25 апр 2020 16:11
Янгиликлар
Сенинг вақтинг етиб келди: "Манчестер Юнайтед"дан кетиши керак бўлган 4 футболчи
МЮ коронавирус сабабли бўлаётган инқирозли вазиятдан қўрқмаяпти. Чунки "Юнайтед"нинг олдида нархи пасайган футболчилар кутиб турибди. Жамоа бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер ҳам ёзда янгиларнинг келиши ўйинни кучайтиришига ишонмоқда.
МЮ норвегиялик қутқарувчиси тузиб чиққан шорт-листдаги донгдор номларсиз юқори ўринлар учун кураша олмаслиги мумкин. Аммо таркиб резинка эмаски, уни чўзиб ташласа. Табиийки, таркибдан айримларни кетказиб юбориш керак. Хўш, янгилар учун жамоада кимлар ўз ўрнини бўшатиши керак?
Крис Смоллинг
"Рома"га ижарага кетиш Смоллингнинг фойдасига бўлиб чиқди. Ўтган вақт давомида ҳимоячи МЮга қайтишни истамаётгани ҳақида кўплаб хабарларни ўқидик. Бизнингча унинг келажакдаги фаолияти "қизил иблислар" билан боғланмаслиги керак. "Рома" ҳам футболчининг трансфер ҳуқуқини сотиб олишни истамоқда. Манкунианликлар Смоллингнинг трансферидан 25-30 млн евро ишлаб олмоқчи. Римликлар эса футболчининг нархини пасайтиришга уринмоқда.
Смоллинг ва Рохо - МЮда ёши 30дан ошган ягона марказий ҳимоячилар. Раҳбариятдан жамоани ёшартириш вазифасини олган Сульшер эса табиийки Крисга камроқ ўйин амалиёти тақдим қилади. Бу вақтда унинг жойи учун катта рақобат бўлмоқда, "Юнайтед" эса ёзда яна бир марказий ҳимоячи олишни режалаштирмоқда. Смоллинг ҳам асосий таркиб учун кураша оладиган ҳимоячи, бироқ у ҳозир МЮда асосий ҳимоячи бўла олмайди.
Унинг "Рома"да ўтказган ушбу мавсумига аҳамият берадиган бўлсак, Смоллинг ҳали ҳам элит ҳимоячилардан бири. Унинг хизматларига АПЛдан "Эвертон", "Арсенал", "Тоттенхэм" каби клублар томонидан қизиқишлар бўлмоқда. Барча клублар тажрибали ҳимоячи учун яхшигина шартнома таклиф қилишга тайёр. МЮ учун тавсия - футболчининг шартномаси 2022 йилга қадар давом этади, ҳозир эса уни сотиб юбориш учун қулай палла.
Фил Жонс
Жамоада ўз ўрнини топа олмаётган яна бир ҳимоячи. Филни бемалол ўзларининг жангчиси, меҳнаткаши дейиш мумкин, аммо у энди МЮ даражасида эмас. Ёш ва тажрибали футболчилар уни рақобатда осонлик билан мағлуб этишмоқда. Жонс ушбу мавсумда 8 ўйинда қатнашди.
Статистикага қараб, улар февралда нима сабабдан шартномани узайтирганини тушуниш жуда қийин. Жонснинг МЮ билан 2023 йилга қадар шартномаси бор, бироқ ўйин амалиёти йўқ. Фил 28 ёшда. У "Юнайтед"даги 9-мавсумини ўтказмоқда. Балки ниманидир ўзгартириш вақти келгандир. Сульшерга бўлаётган талаб ва шартномани инобатга оладиган бўлсак, Жонс катта эҳтимол билан захирага ўтириб қолади.
Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Кевин Филлипснинг фикрига кўра, Филнинг МЮдаги даври тугаган. ОАВ бир неча бора Жонснинг "Ньюкасл"га ўтиши ҳақида бонг урди. Стив Брюс ҳам шундай футболчини қидириб юрганди. Энди муаммо шундаки, катта эҳтимол билан Брюс ҳам клубни тарк этади, клубда катта ўзгаришлар бўлади.
Маркос Рохо
Яна бир марказий ҳимоячи. Рохо - МЮдан кетиши аниқ бўлган номзод. Манкунианликлар ушбу ҳимоячига бўлган ишончни йўқотиб бўлган. Статистикага аҳамият берадиган бўлсак: Маркос сўнгги 2,5 йилда 17 ўйинда қатнашди. Шуларнинг атиги 10тасида асосий таркибда майдонга тушган.
МЮ қишда Рохони қаерга сотишни билмади. Умуман олганда уни сотиб оладиган жиддий давогар ҳам пайдо бўлмади. Уни Бруну Фернандешга алмаштирмоқчи ҳам бўлишди. Якунда Рохо мавсум якунига қадар "Эстудиантес"га ижарага берилди. Маркоснинг МЮ билан шартномаси 2021 йилга қадар давом этади. Клубга у керак эмас. Аргентиналикнинг ўзи ҳам "Эстудиантес"да қолишни сўрамоқда. Барчаси Рохонинг қизил либосни бошқа киймаслигига тақалмоқда.
МЮ футболчисини сотишга қарши эмас, фақатгина "Эстудиантес" уни сотиб олишни истаса бас. Қишда унга "Фиорентина" томонидан қизиқишлар бўлди, бироқ Италия клуби ҳам инқироз пайтида бу борада ўйлаб кўрмоқчи. Аргентина чемпионати якунланишига 1 тур қолди, Рохо эса фақатгина бир ўйинда қатнашди. Мантиқан олиб қараганда, футболчининг ижараси чўзилмайди. Бироқ унинг МЮдаги келажаги сўроқ остида.
Жесси Лингард
МЮда даври ўтаётган ҳужум орти вакили. Бошида Сульшер унга ишонч билдирди, бироқ Жесси вақт ўтган сайин беқарор ва ишончсиз футболчи бўлиб чиқди. Лингард жуда кўп тўп йўқотадиган ва хатоларга йўл қўядиган футболчига айланди. Ундан ташқари, англияликда самарадорлик борасида катта муаммо бор: у 2018 йил декабридан буён АПЛда гол урмади.
Лингард мавсум давомида асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. Унинг ўйин амалиёти бир бўлимдан ошмаяпти. Балки Жессига яхшигина "перезагрузка" керакдир. Футболчининг ўзи ҳам ўйини яхши чиқмаётганини билади. Шу боисдан у Мино Райолага мижоз бўлди. Ҳозирча унинг хизматларига яхшироқ клубдан таклиф бўлмаган.
МЮ ҳам Лингарднинг кетишини тезлаштирмоқда. Манкунианликлар ёзда унинг ўрнига Жейдон Санчо, Жек Грилиш ёки Жеймс Мэддисондан бирини олиб келмоқчи. Айни дамда "Юнайтед" таркибида ишончга кириб бўлган Фернандеш ва Игало асосий футболчи бўлишга лойиқ бўлиб турибди. Ундан ташқари, ёзда Алексис Санчес ҳам жамоага қайтиб келади.
Лингард ҳозирги ҳолати билан ушбу футболчиларга рақобатда ютқазиши аниқ. Унинг МЮ билан шартномаси 2021 йилга қадар мўлжалланган. Раҳбарият ҳам текинга қўйиб юборилмаслиги учун Лингардни сотиб юборади. МЮ трансфер ойнасида барча фронтларда Лингарднинг ўрнига футболчи олиб келиш учун курашмоқда. Демак, Жессининг кетиши эҳтимоли юқори.
Миржалол Норматов таржимаси
Фикрлар