Самуэль Юмтити: «Босимни ҳис қилишни ёқтирмайман»
09 сен 2016 12:00
Янгиликлар
Самуэль Юмтити: «Босимни ҳис қилишни ёқтирмайман»
Шулардан бири франциялик ҳимоячи Самуэль Юмтитидир. Келиб чиқиши камерунлик бўлган футболчи яқинда Mundo Deportivo нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- «Барселона»га мослашиш қандай кечяпти?
- Яшаш жойини топиб бўлдим. Энди бор эътиборим футболга қаратилган.
- Шаҳар сизда қандай таассурот уйғотди?
- Шаҳарни унчалик кўп айланмадим. Лекин менга ёқа бошлади.
- «Барса» сизга қизиқаётганини илк бор қачон эшитгандингиз?
- Ўтган мавсум охирида. Агентим ўйинларимни «Барса» кузатаётганини айтганди.
- Нима учун «Барселона»га ўтишга қарор қилдингиз?
- Биринчидан, «Барса»ни ҳамиша орзу қилганман. Болалигимдан шу жамоада ўйнашни истардим. Шундай экан, орзумни амалга оширишни истадим. Иккинчидан, бу жамоага тезда мослашиб олишимга ишондим. Чунки ўйин услубим «Барса»никига ўхшаб кетади. Бу клуб ҳамиша ғалабаларни мақсад қилади. Мен эса мағлуб бўлишни ёқтирмайман.
- Футболдаги сифатларингиз ҳақида гапириб берсангиз?
- Тўп билан олдинга боришдан чўчимайман. Ҳаттоки, прессинг қилишса ҳам ўзимни йўқотмайман. Ўйлайманки, «Барса»да шундай ўйнаш керак.
- Жамоадаги биринчи ҳафтадан олган таассуротларингиз қандай бўлди?
- Бу ердалигимдан хурсандман. Мухлислар мени яхши қабул қилишди. Жамоадошларим ва мураббийлар ҳам шундай. Ҳозирча ҳаммаси идеал.
- Луис Энрике билан муносабатларингиз қандай?
- У менга маслаҳатлар беряпти ва биринчи кунданоқ ўсишимда ёрдам бермоқда.
- Ўсишингизда франциялик бошқа футболчилар - Диня ва Матьеларнинг ҳам ёрдами тегяптими?
- Ҳа. Улар билан бу жараён тезроқ бўлади. Испан тилини ҳали билмайман. Жереми бу борада ёрдам беряпти. Тилни ўрганиб, клубнинг иш услуби билан танишяпмиз.
- Тилни билмаслигингиз ўйин пайтида халақит бермаяптими?
- Майдонда бу борада муаммо йўқ. Энг керакли сўзларни ўрганиб олдим.
- «Камп Ноу»даги биринчи ўйинингизда нималарни ҳис қилдингиз?
- Бу мен учун катта шараф эди. Ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилдим.
- «Барса»нинг ҳимоячиларга алоҳида талаблари бор. Яъни, мудофаа вакили ҳужумни биринчи бўлиб бошлаши керак. Бу усулга мослашиш қандай кечяпти?
- Ҳақиқатан ҳам, бошқача ўйнашни ўрганяпман. Менимча, «Барселона» кўрсатаётган ўйин бошқа клубларникидан фарқ қилади. Ҳозирда жамоага иложи борича тезроқ мослашиб олишга ҳаракат қиляпман. Бу - бошланиши. Умид қиламанки, вақт ўтиши билан ўйиним янада яхшиланади.
- Сизни Пикега асосий шерик бўлади, деб харид қилишган. У билан муносабатларингиз қандай?
- Майдонда Жерар тез-тез маслаҳатлар беради. У ҳимоямиз етакчиси.
- Яна қайси футболчилар сизни ҳайрон қолдиришди?
- Ўйинларни томоша қилсангиз, барча футболчиларнинг яхшилигига амин бўласиз. Лекин айтайлик, Месси ва Иньесталарнинг телевизордагидан яхшироқ ўйин кўрсатишларига амин бўласиз.
- Эрик Абидаль ҳам «Барселона» ўйинчиси бўлган ва жамоа учун кўп меҳнати сингган. У худди сиз каби «Лион»дан ташриф буюрган. «Барселона»га ўтишдан олдин у билан гаплашдингизми?
- Ҳа. У билан кўп гаплашдим. Чунки клубни яхши билади. Эрик яхши нарсалар ҳақида гапирди. Унинг уйидан узоқ бўлмаган жойда яшайман. Шу боис ҳам тез-тез кўришиб турамиз.
- «Барса» кўпдан буён марказий ҳимоячи қидирарди. Бу борада ортиқча босимни ҳис қилмаяпсизми?
- Трансфер бозори ҳар йили бўлади. Босимни ҳис қилишни ёқтирмайман. Шунчаки, ўз ишимни яхши бажаришга интиламан.
- Эндигина 22 ёшдасиз. Шунга қарамай, топ-клубда тўп суряпсиз. Ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?
- Ҳақиқатан ҳам, «Барселона»га шу ёшимда келишимга ишонмагандим. Лекин шаҳарга, клубга мослашишга ҳаракат қиляпман. Мақсадим - бу жамоада иложи борича кўпроқ ўйнаш.
- «Эль Молиноне» стадионида мухлислар Иньяки Уильямсга ирқчилик кайфиятида муносабат билдиришди. Бунга қандай қарайсиз?
- Бу - даҳшат. Футбол биринчи ўринда байрам бўлиши керак.
Жаъфарали тайёрлади
Фикрлар