UZ

Сўнгги янгиликлар

17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  2 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" 1:0 (матнли трансляция)  3 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  17 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  26 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1

Садриддин Абдуллаев: "Фаолиятимни Кападзега ўхшаб чиройли якунлашни хоҳлайман" Янгиликлар

Садриддин Абдуллаев: "Фаолиятимни Кападзега ўхшаб чиройли якунлашни хоҳлайман"

"Пахтакор"даги икки йиллик фаолиятдан сўнг Садриддин Абдуллаев яна "темирйўлчилар" сафига қайтди.

34 ёшли моҳир ярим ҳимоячи клуб матбуот хизматига берган интервьюсида жамоага қайтиши, янги мураббий, мавсум бошидаги омадсиз ўйинлар, жамоа сардори бўлиш ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди. Шунингдек, футболчилик фаолиятини қандай тугатмоқчи эканлигини маълум қилди.

- Чемпионат бошидаги тўртта тур "Локомотив" учун омадсиз ўтиб, жамоа ғалаба қозона олмади. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳа, тўғри мавсум биз учун осон бошланмади. Аввалига иккита ўйинда мағлуб бўлиб, сўнгра икки бор дуранг қайд этдик. Биласиз, йил бошида жамоамизда португалиялик мураббий Микаэль Секейра иш бошлади. Янги мураббийнинг жамоага, умуман ўзбек футболига кўникиши учун бироз вақт керак эди. Мураббийнинг биз футболчилардан нима хоҳлаётганини тўлиқ ўзлаштиришга вақт керак бўлди. Менимча, шу сабаб ҳам чемпионат аввалида ғалаба қозона олмадик. Барибир Европадаги менталитет билан бизники орасида фарқ бор.


- Ҳозирги пайтга келиб мураббий футболчиларга ва футболчилар мураббийга мослашди деса бўладими?

- Ҳа. Буни охирги натижалар ҳам айтиб турибди. Кўз тегмасин, сафарда "Сурхон"ни ютиб келганимиздан сўнг буёғига ҳамма ўйинларда зафар қучдик. Чемпионатда уч бор, Кубок ўйинларида ҳам уч марта ғалабага эришдик. Ҳозир анча ўз ўйинимизни топиб олдик. Лекин бу ҳаммаси зўр кетяпти дегани эмас, ҳали ишлайдиган жиҳатларимиз кўп.


- Мухлислар европалик мураббийга бошқача қарашади. Мана, сиз ҳозир Микаэль Секейра қўл остида ўйнаяпсиз, "Пахтакор"да эса Шота Арвеладзе билан ишлаб кўрдингиз. Хорижлик мураббийлар нимаси билан ажралиб туради?

- Барибир уларда дунёқараш ва футболга эътибор бошқача. Менимча, Европада футболчилар мураббий нима хоҳлаётганини биттада тушуниб олишади, бизнинг ўйинчиларга эса вақт керак бўлади.


- Бу нима билан боғлиқ? 

- Менимча, Европада футболчилар ёшликдан шунга мослаб борилади. Бу ўринда болалар футболида ҳам гап кўп. Баъзан майда деталлар кўп нарсани ҳал қилади. Биз баъзи жиҳатлар, масалан, қачон пас бериш, қачон прессинг қилиш, қачон курашга киришиш, қачон тўпни кутиш кабилар бўйича европаликлардан орқадамиз. Агар ҳаммаси аввало болалар футболидан тўғри йўлга қўйиб борилса, болалар катта бўлгач қийналмай ўйнайдилар.


- "Локомотив" Суперлига бошидаги тўртта ўйиндан биронтасида ғалаба қозониши мумкинмиди?

- Ҳамма ўйинларда ютишимиз мумкин эди. Лекин футболчиларда янги мураббийга ўзимни кўрсатаман деб иштиёқ ҳаддан зиёд ортиб кетди. Масалан, сафарда "Турон"ни бемалол совуққонлик билан ўйнаб ютиб келсак бўларди. Лекин тезкор иккита гол ўтказиб юборгач, шошиб қолдик. Кейин ҳисобни тенглаштирган бўлсак-да, ғалаба қозониш учун нимадир етмади. Ёки бўлмаса ўз майдонимизда "Навбаҳор" билан баҳсни олайлик. Бунда ҳам шошма-шошарликка йўл қўйилди, бунинг оқибатида хатолар юзага келди. 


- Термизда "Сурхон" мағлуб этилгани муҳим роль ўйнадими?

- Ҳа. Бунинг устига сафардан уч очко билан қайтганимиз ҳам катта далда берди. Кайфият бирданига кўтарилиб, ўзимизга бўлган ишонч ортди. Мана шу ишонч сабаб уйда "Бунёдкор"дан устун келдик. Мана энди секин-аста мураббийимиз бераётган кўрсатмаларга тўлиқ амал қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиляпмиз.


- Сизнингча, жамоа сардори бошқа футболчилардан қанчалик фарқ қилади?

- Мен учун сардор боғични қўлига тақиб юрса бўлди дегани эмас. Жамоа сардори аввало мураббийнинг майдондаги биринчи ёрдамчиси. У жамоани ўйин пайти бошқара олиши, футболчиларни мушт каби бир жойга йиға олиши даркор. Мураббий ҳар бир футболчи олдига келиб битта-битта гапириб ўтирмайди, у бутун жамоага гапиради. Шунақа пайт сардор ҳар бир футболчи билан ўзи гаплашиб олиши керак.


- Ўтган йил шундай гаплар чиқди: Садриддин Абдуллаев ҳам энди футболни тугатса бўлаверади, ёши ҳам ўтяпти. Аммо кўряпмизки, ҳамон кучга тўласиз. Умуман бундай гап-сўзларга қандай қарайсиз? 

- Оддий қарайман. Футболда бундай гапларни эшитиш ёш ўтган сайин ҳамма футболчи билан юз беради. Шу боис мен ҳақимдаги гап-сўзларга ҳам оддий муносабатда бўламан. Лекин бу дегани икки қўлимни кўтариб таслим бўлдим дегани эмас. Токи кучим бор экан тўп тепишга, футболдан яна завқ олишга ҳаракат қиляпман. Энди ёш бола эмасман ва буни жуда яхши тушуниб турибман. Қолаверса ўтган йилги жароҳат ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Йил бошида "Локомотив"га қайтгач, ўзимга ўзим сўз бердим: агар жамоадаги футболчилар билан тенгма-тенг ишлай олсам, футбол ўйнашда давом этаман, мабодо рақобатда ёки меҳнатда орқада қолаётганимни сезсам футболни тугатиб мураббийликка ўтаман. Худога шукур, ҳозир кучим етяпти ва оёқларим туриб бергунча футбол ўйнашда давом этмоқчиман. Мен учун футболни тугатиш муаммо эмас, аммо ўйиндан завқ олаётган бир пайтда бунга зарурат йўқ деб ўйлайман. 


- Демак, иштиёқ ҳали сўнгани йўқ.

- Биласизми, фаолиятим давомида кўп марта жароҳатга йўлиққанман. Шу боис соғ пайтимда ўйнаб қолай дейман. Барибир футбол ўйнаш зўр нарса, ҳаммага завқ улашади. Кўпчилик жамоага катталар керак эмас, ёшларга урғуни беравериш керак деб айтади. Лекин менинг фикримча, чемпионатда қатнашадиган ҳар клубда ёши катта, тажрибали футболчилар бўлгани маъқул. Чунки бу ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Секин-секин биз тенги футболчилар ҳам ўз фаолиятларини якунламоқда. Вақти келиб мен ҳам тугатаман.


- Фаолиятингизни қандай якунлаш сиз учун муҳимми? 

- Ҳа, ҳамма гап шунда. Аслида фаолиятимни қандай якунлашни ўйлаганим учун ҳам "Локомотив"га қайтдим. "Пахтакор"дан кетиб бошқа жамоада ўйнасам ҳам бўларди, лекин бу ўринда менга Тимур Кападзе тутган йўл маъқул келиб, унга ўхшаб фаолиятни тугатишни мақсад қилдим. Тимур ака "Локомотив"да ўйнаб чемпион бўлди ва жуда чиройли тарзда фаолиятига якун ясади. Насиб қилса мен ҳам Кападзега ўхшаб чемпион бўлган ҳолда футболни чиройли тугатиб, сўнгра мураббийлик касбини бошлайман.

"Локомотив" ПФК матбуот хизмати.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика