Рустам Қурбанов: "Оммавий спорт янги ғалабаларга пойдевор бўлади"
06 май 2017 09:10
Янгиликлар
Рустам Қурбанов: "Оммавий спорт янги ғалабаларга пойдевор бўлади"
Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбанов қўмитанинг оммавий спортни ривожлантириш ва бўлажак олимпиада ўйинларига тайёргарлик тўғрисида сўз юритди.
"Ўзбекистон спортчилари 2016 йил ёзида Рио-де-Жанейродаги олимпиадада 13 та медаль, шулардан 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза мукофотини, паралимпия ўйинларида эса 31 та медаль, шулардан 8 таси олтин, 6 таси кумуш ва 17 таси бронза – қўлга киритиб, ажойиб натижаларни қайд этишди. Шу билан бирга совринли ўринларни эгаллашда фақатгина бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чекланиб қолинди. Ўз навбатида, гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо WTF, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бир қатор бошқа турларда натижаларимиз бундан-да юқори бўлиши учун кўп ишлаш керак.
Мавжуд имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланган ҳолда, халқаро спорт ареналарида мамлакатимиз обрўсини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларининг 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида”ги ПҚ-2821-сон қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Мазкур қарор билан 47 банддан иборат дастур ва 25 банддан иборат комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Қўмитанинг 2017 йил 10 март куни 34-сонли буйруғи ва назорат режаси имзоланди. Ушбу масалага масъул спорт турлари бўйича федерация ва уюшмалар, йирик компания, вазирлик, идоралар раҳбарлари Дастурда белгиланган вазифаларни юқори савияда амалга ошириши мақсадида Вазирлар Маҳкамасида 2017 йил 26 март куни Республика комиссиясининг селектор йиғилишда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Жорий йил I чорагида ўтказилган 83 та халқаро мусобақада 526 нафар (шундан 173 нафари қизлар) спортчимиз иштирок этиб, 71 та олтин, 58 та кумуш, 63 та бронза, жами 192 та медаль қўлга киритилди.
Республика мусобақларига 960 млн сўм, халқаро мусобақаларга 3 млд 993 млн сўм жами 4 млд 954 млн сўм бюджет маблағлари ҳамда 4 млд 268 млн сўмдан ортиқ хомийлар маблағлари сарфланди.
2017 йил давомида 4 та асосий комплекс мусобақаларда Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш масалалари Қўмитанинг асосий диққат-эътиборидан жой олган.
8-25 май кунлари Боку шаҳрида (Озарбайжон) IV “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да 156 нафар (шундан, 108 нафар спортчи);
19-30 август кунлари Тайпей шаҳрида (Хитой) 29 ёзги “Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари”да 100 нафарга яқин;
15-24 сентябрь кунлари Ашхобод шаҳрида (Туркманистон) Ёпиқ спорт иншоотларида Жанг санъатлари ва V “Осиё ўйинлари”да 160 нафар.
Жиззах шаҳрида бўладиган “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларига ҳозирлик якуний босқичига кирди. Мусобақалар спортнинг 17 тури бўйича ўтказилади.
Ҳозирга қадар баскетбол (Самарқанд шаҳрида), гандбол (Нукус шаҳрида), футбол (Қарши шаҳрида), бокс (Нукус шаҳрида) ва волейбол (Наманган шаҳрида) бўйича саралаш босқичлари ортда қолди.
Шунингдек Рустам Қурбонов Жиззах шаҳрида “Баркамол авлод-2017” республика финал босқичи бўлиб ўтиши, унга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида айтиб берди. Мусобақада спортчи-ўқувчилар жами 186 комплект медаллар учун кураш олиб борадилар.
Мусобақанинг финал қисми иштирокчилари 1655 нафарни ташкил этади ва улардан 901 спортчи, 210 мураббий, 175 ҳакам, 100 нафари ОАВ ходимлари. Шунингдек, анжуманда спорт федерациялари масъуллари, соғликни сақлаш ходимлари, ички ишлар ходимлари ва санъаткорлар ҳам иштирок этишади.
Бугунги кунда объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Спорт мусобақалари ўтадиган иншоотлар замонавий спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналари билан таъминланди.
Иштирокчилар истиқомат қиладиган жойлар белгилаб қўйилган. Жумладан, сизнинг ҳамкасбларингиз - ОАВ ходимлари Жиззах транспорт ва алоқа коллежи ётоқхонасида жойлашади".
“Баркамол авлод-2017” ўйинлари юксак савияда ўтиши учун барча шарт-шароит яратилишига шубҳа йўқ", - дейди қўмита раиси.
Фикрлар