Россия премьер лигаси, 5-тур. Шомуродовни пешқадам, "Ростов"ни иккинчи қилган тур ҳақида

13 авг 2019, 08:02
Россия премьер лигасининг 5-тури якунлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Мазкур турни очиб берган баҳс аутсайдер жамоалар иштирокидаги ўтди. Премьер лигага энди чиққан "Тамбов" сафарда "Оренбург" меҳмонига айланди ва тўртта гол киритилган беллашувда томонлар дурангга имзо чекишди. Мазкур дуранг натижаси ҳар иккала жамоа учун жорий мавсумдаги дастлабкисига айланди.

Турнинг қизиқарли тўқнашувларидан бири сифатида қаралган "Краснодар" ҳамда "Рубин" ўртасидаги ўйинда биргина гол масалани ҳал этди. Роман Шаронов қўл остида мавсумни ажойиб бошлаган ва ҳимоявий услубдан ҳужумкор футболга ўтган "Рубин" жамоасининг дарвозабони томонидан йўл қўйилган хато қозонликларга қимматга тушди. Иван Игнатьевнинг голи "Краснодар"га муҳим 3 очкони тақдим этди.

Яна бир қизиқарли қарама-қаршилик "Динамо" ва "Зенит" ўртасидаги беллашувда кузатилди. Майдон эгалари томонидан кескин қаршилик кутилган баҳсда амалдаги чемпион ортиқча қийинчиликка дуч келмади. Артём Дзюбанинг голи ва Магомед Оздоевнинг голига ассистентлик қилгани якунда питерликларга ғалаба келтирди.

Туланинг "Арсенал" жамоаси жорий мавсумни ҳам ўтган йилгидек муваффақиятли ўтказмоқда. Навбатдаги турда жамоа "Уфа"ни қабул қилди ва Виктор Алварез томонидан киритилган гол туфайли муҳим ғалабани қўлга киритди. 

Мазкур турдаги ягона йирик ҳисоб қайд этилган баҳсда "Локомотив" "Урал" жамоасини аяб ўтирмади. Фёдор Смолов, Жемалитдинов КРиховяк ва Алексей Миранчук томонидан киритилган голларга меҳмонлардан ҳеч ким жавоб бера олмади. Натижада "Локомотив" ўз уйида навбатдаги ғалабага эришди.

Турнинг кутилмаган натижаси Москвадаги ЦСКА - "Сочи" учрашувида қайд этилди. Номдор жамоанинг ўз уйида дебютантга очко улашиши турнинг сенсацияси сифатида эътироф этилди. Ҳарбийлар дебютант жамоа дарвозасига йўлтопишни уддасидан чиқишмади ва натижада жорий мавсумдаги илк дурангга имзо чекишди.

Таркибини Жаҳон чемпиони билан кучайтирган "Спартак" мазкур турда Грознийда меҳмон бўлди ва "Ахмат" жамоаси устидан ишончли ғалаба қозонди. Мазкур ғалабада жамоага эндигина келиб қўшилган Германия терма жамоасининг собиқ футболчиси Андре Шюррле ўз ҳиссасини қўшди. Дастлаб учрашувда дубль қайд этган Зелимхан Бакаевнинг биринчи голига ассистентлик қилган Шюррле москваликларнинг учинчи тўпини киритишга муваффақ бўлди. Натижада "Спартак" меҳмонда "Ахмат" устидан ғалаба қозонди.

Турни якунлаб берган ўйин биз учун аҳамиятли бўлган "Ростов" ҳамда "Крилья Советов" ўртасида кечди. Валерий Карпин қўл остида янги мавсумни кўтаринки руҳда ва ҳужумкор услубда бошлаган "Ростов"нинг бу галги ғалабасида ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг асосий юлдузи бўлиб турган Элдор Шомуродов катта ҳисса қўшди. Айнан Шомуродовнинг Ионовнинг узатмасидан сўнг урган голи якунда "Ростов"га муҳим ғалабани тақдим этди. Элдор Шомуродов эса 5-турда ўзининг тўртинчи голини урди.

Турнир жадвали ҳақида гапирадиган бўлсак, 5-турдан кейин амалдаги чемпион "Зенит" карвонбошчилик қилишда давом этмоқда. Питерликлардан 2 очко кам жамғарган "Ростов"да эса 11 оско мавжуд ва улар иккинчи поғонада. Бир йўла тўртта жамоалар - ЦСКА, "Краснодар", "Арсенал" ва "Локомотив" активида 10 очко бор ва улар 3-4-5-6 ўринларни бўлишиб туришибди.

Виталий Денисов ҳаракат қиладиган "Рубин" эса мазкур турдаги мағлубиятдан кейин 7 очкоси билан 8-ўринга тушиб кетди. Хавфли ҳудудда эса ҳали қозонмаган "Сочи" ва "Оренбург" туришибди. 

Россия премьер лигасида тўп сураётган терма жамоамиз аъзолари - Элдор Шомуродов, Виталий Денисов, Вадим Афонин орасидан фақатгина Шомуродов асосий таркибда ўйнади. Афонин эса "Оренбург" сафида захирадан ўйинга қўшилган бўлса, Денисов ўтган турдаги каби бу гал ҳам захирада қолдирилди.

Тўпурарлар пойгасида Артём Дзюба, Александр Соболёв ва Элдор Шомуродов 4тадан гол билан пешқадамлик қилишмоқда. Эътиборлиси, Соболёв ва Дзюба биттадан голни пенальтидан уришган. Шомуродов эса барча голларини ўйинда киритишга муваффақ бўлган. Гол плюс пас тизимида эса Артём Дзюба 6 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, иккинчи поғонада 5 очко жамғарган Элдор Шомуродов бормоқда. Элдор Шомуродов ҳисобида 4та голдан ташқари битта голли узатма ҳам мавжуд.

Келаси турни Шомуродов тўп тепаётган "Ростов" "Уфа"га қарши сафарда ўтказади. Денисов ҳаракат қилаётган "Рубин" эса "Арсенал"ни меҳмон қилади. Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ аъзоси Вадим Афонин тўп сураётган "Оренбург" бу турда "Сочи"ни қабул қилади. Турнинг марказий беллашуви эса сўзсиз Москва дербисида "Спартак" ҳамда ЦСКА ўртасида кечади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›