UZ

Сўнгги янгиликлар

23:33Исак фаолиятини Лондонда давом эттириши мумкин  0 22:55"Ал Насср" супер трансфер амалга оширмоқчи  1 22:40Карвахаль: "Реал"га қарши ўйнашни истамайман"  0 22:16Рио Фердинанд: "Месси ҳам Ямалнинг ёшида ўйинга бунчалик таъсир ўтказа олмасди"  4 21:52Капелло Мбаппенинг тарафини олди  0 21:30"Анри майдон четида ғазабдан эс-ҳушини йўқотиб қўяй деди". Таниқли франциялик мутахассиснинг Ильгиз Танташев ҳакамлик қилган ўйинда ҳакамлардан қандай жаҳли чиққани ҳақида  1 21:12А Серия. "Кальяри" - "Интер" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 20:47"Милан" ПСЖга таклиф билан чиқди  0 20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  9 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  3 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  1 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  6 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  3 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  8

Роналдунинг трансфери "Ювентус"га фойда келтирдими ё зарар? Туринликларнинг молиявий ҳолати ҳақида Янгиликлар

Роналдунинг трансфери "Ювентус"га фойда келтирдими ё зарар? Туринликларнинг молиявий ҳолати ҳақида

"Ювентус" CR7 ни чиндан 2021 йил ёзда сотиб юборармикин?

Ноябрь ойи бошида Испаниянинг "Diario Sport" нашри Goal.com журналисти Ромео Агрестига таяниб, "Ювентус" 2021 йилнинг ёзида Криштиану Роналдуни (унинг шартномаси 2022 йилгача мўлжалланган) сотиб юбориш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Эмишки, Турин клуби шу йўл билан португалияликка сарфланган пулларнинг бир қисмини қопламоқчи экан.

Кўп ўтмай ПСЖ директори Леонардо вазиятни янада қизғин тус олишига сабабчи бўлди: "Бундай даражадаги футболчи нечта клубда ўйнаши мумкин? 5 тами? Бундай жамоалар бармоқ билан санарли, ПСЖ улар қаторига киради. Ҳозирги даврда ҳеч кимга осон эмас, лекин бу бозор ва у  ерда барчаси имкониятларга боғлиқ. Баъзан кутилмаган ишлар бўлиб кетиши мумкин".

Ҳали ҳеч нима аниқ эмас. Лекин миш-мишлар, саволлар очиқлигича қолмоқда. Наҳотки пандемия "Ювентус" учун шу қадар оғир келди-ки, натижада туринликлар дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири билан хайрлашиш ҳақида ўйлаб қолишди? Клуб Роналдуга қанча маблағ сарфлайди? Агар Криштиануни сотса, "Юве" қанча пул тежаб қолади? Биз вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз. 

"Ювентус" 2019/20-йилги мавсумни каттагина зарар билан якунлади. Асосий сабаб яна — пандемия!

Сентябрь ойи ўрталарида "Ювентус" 2019/20-йилги мавсум молиявий ҳисоботини эълон қилди. Клуб зарари 89,7 миллион еврони ташкил этди. Бу охирги тўққиз йилдаги энг ёмон кўрсаткич ва Андреа Аньелли ўн йиллигидаги иккинчи энг паст кўрсаткич (2010/11-йилги мавсум якунларига кўра клуб 95,4 млн евро йўқотганди). "Юве" қаторасига учинчи мавсум зарарда қолиб кетмоқда.

Клуб зарари 125% ўсди (39,9 млндан 89,7 млнгача), тушум 18%га камайган (494,4 млндан 406,8 млнгача). Асосий сабаб – COVID-19 пандемияси, стадионларнинг ёпилиши ва мавсум ўртасидаги мажбурий танаффус. Ўйин кунидаги тушум 30%га тушиб кетган (70,7 млндан 49,2 млнгача, 9 та ўйин томошабинларсиз ўтди), учрашувлар трансляцияларидан – 19% (206,6 млндан 166,4 млнгача).

Клуб фақат икки кўрсаткич бўйича ўсишга эришди: футболчи сотиш (32%, 127 млндан 167 млнгача) ва ойлик маош қайдномаси (13%, 328 млндан 284 млнгача, мураббий ва футболчилар март-июнь оралиқдаги маошларидан воз кечишди). 2019/20-йилги мавсум ҳисоботига Жоау Канселунинг "Манчестер Сити"га, Мойзе Киннинг "Эвертон"га, Эмре Жаннинг "Боруссия"га ва Миралем Пьяничнинг "Барселона"га трансфери кирган. Умуман олганда, футболчиларнинг сотуви "Юве" учун муҳим пункт ҳисобланади. Охирги тўрт йилда ўртача йиллик фойда — 132 млн евро. Аньелли келгандан кейинги дастлабки 6 йилда бу сумма — 22 миллионни ташкил қиларди.

Swiss Ramble талқинига кўра, "Ювентус" ЕЧЛ 1/8 финалига етиб бориб, 87 миллион евро ишлаб олган. Охирги беш йилда "Юве" еврокубоклардаги иштироки орқали 449 миллион евро ишлаб олган — бу қитъа клублари ичида энг яхши кўрсаткич. COVID-19 билан боғлиқ инқирозли вазиятни инобатга олсак, "Ювентус" яқин вақтлар ичида ҳам Европа Чемпионлар Лигасида муваффақиятли иштирок этиши ва футболчиларини яхши нархда сотиши жуда муҳим. Бу борада топ актив иккита: Роналду ва Пауло Дибала.

Роналду эффекти — ижтимоий тармоқлардаги "бум" ва яхшиланган ҳомийлик шартномалари

85 ўйин, 65та гол, 15та ассист — Криштианунинг "Ювентус"даги статистикасига қойил қолмай илож йўқ. Лекин майдондан ташқарида унинг таъсири янада сезиларли даражада — инстаграмда икки юз миллиондан ортиқ "фолловери" бор спортчи билан шартнома имзолагач, Турин клуби ўз ижтимоий тармоқларини анчагина кучайтириб олди.

2018 йил май ойида "Ювентус" ижтимоий тармоқларда 49 миллион обуначига эга эди (32 млн фейсбукда, 7,5 млн твиттерда, 9,5 млн инстаграмда). Ҳозир уларнинг сони 100 миллионни ташқил қилади (43 млн/11,3 млн/44,3 млн + 1,8 млн тиктокда, охирги саҳифа 2020 йил ёзида ишга тушди). Инстаграмда "Юве" бренд ва ташкилотлар ичида ТОП-10га киради. 

Ҳар бир обуначи — потенциал харидор, бу борада Роналдунинг жамоага келиши "Юве"га катта фойда келтирди, лекин клуб трансфер учун сарфланган пулларни фақатгина футболка сотуви эвазига қоплаши — уйдирма, албатта.

Бошқа томондан — ҳомийлар. Роналдуни сотиб олгач, "Ювентус" икки асосий ҳомий: adidas ва Jeep билан янги шартнома имзолади. "Аdidas" клубга 8 йил учун 408 миллион евро тўлайди, 2019/20-йилги мавсумдан (йилига 51 млн, аввалги келишувга кўра "Юве" бир йилга 23,2 млн топарди). Jeep тўловлари 17 млндан (+бонуслар) 42 млнгача кўпайди.

Йилига 93 миллион форма ишлаб чиқарувчисидан ва титул ҳомийдан — Италиядаги энг яхши ва Европадаги ўнинчи кўрсаткич, "Реал" (190 млн), "Барселона" (160 млн), "Ман Юнайтед" (157 млн), "Ман Сити" (125,4 млн), "Арсенал" (114 млн), "Челси" (114 млн), "Ливерпуль" (96,9 млн) ва "Бавария"дан (95 млн) кейин.

Роналдуни сотиб, "Ювентус" камида 93 миллион евро тежаб қолади

"Ювентус" "Реал"га 115,5 миллион евро тўлаб берди ва Роналду билан тўрт йиллик шартнома имзолади. Сумма шартнома муддатига бўлинади — Криштианунинг трансфери йилига 29 миллион дегандек гап. Шу тариқа, 2021 йилнинг ёзида зарар кўрмай чиқиш учун футболчини камида 29 миллионга сотиш талаб этилади.

Португалияликнинг маоши — йилига "тоза" 31 миллион евро, солиқларгача 64 миллион. "Ювентус" ойлик маошлар учун — 236 миллион (бу ерда — А Серия учун барча ҳаражатлар инобатга олинган) ишлатади, Роналдунинг "улуши" 27%.

Роналду "Ювентус"га тўрт йилда 371,5 млн еврога тушади (115,5 млн трансфер суммаси + 256 млн маош). Криштиануни 2021 йил минимал нархда сотган тақдирда ҳам "Юве" 93 миллион евро иқтисод қилади. Бироқ португалиялик келтираётган фойда-чи?

Роналду келганидан кейинги биринчи йил клубнинг қўшимча фойдаси 16 миллион еврони ташкил қилди. "Ювентус" ҳозир йилига ўртача 500 минг футболка сотмоқда (эркаклар учун мўлжалланган футболка — 130 евро). Бу рақамлар табиийки, Криштиану сабаб ўсган. Бироқ мисол учун "Реал" ва "Манчестер Юнайтед" йилига ўртача бир ярим миллионтадан футболка сотади.

Мухлислар ташрифига келсак, бу кўрсаткич ўсмади — бунга "Ювентус" стадионининг сиғими йўл қўймайди. Клуб чипта нархини оширди ва Криштиану келган биринчи йилда 17% кўпроқ фойда кўрди (30 млн). 2019/20-йилги мавсум ўйин кунидаги тушум COVID-19 сабаб тушиб кетди. Calcio e Finanza мутахассиси Алессандро Ф. Жудиченинг ҳисоб-китобига кўра, Роналду "Юве"га тахминан абонементлар сотувидан 2,8 млн ва чипта сотувидан 4,7 млн қўшимча маблағ олиб келди.

"Ҳомийлик шартномалари, улар бераётган пул фақатгина Роналду туфайли кўпайди десак ҳам (аслида вазият бундай эмас), Роналду клубга 375 млн евро келтирмаяпти — дейди Жудиче "Corriere dello Sport"га интервьюсида. — Туринликлар футболчини ЕЧЛда зафар қучиш учун ҳам харид қилишганди, лекин "Юве"нинг халқаро аренадаги натижалари сезиларли равишда яхшиланмади ва ўз-ўзидан фойда ҳам кўпайгани йўқ".



***

Роналдуни келаётган ёзда сотиб, "Ювентус" ушбу трансфердан фойда кўради — сабаби у 29 миллиондан арзонга кетмаса керак. Шу билан бирга клуб ойлик маош учун сарфини камайтиради. Янги тўпурарни — қиммат ва топ маош оладиганини — ҳар қандай ҳолда ҳам излашга тўғри келади. 2021 йилда бўлмаса, 2022 йилда. Молиявий жиҳатдан Роналдунинг трансфери ёмон ғоя эмас. Лекин клуб мураббий ойлигидан тежамоқда, трансфер бозорида анча камтар, Андреа Аньелли эса Криштиану клуб таянч экани ҳамда бу ўзгармаслигини таъкидламоқда. Футболчи билан хайрлашишга шаъма ҳам йўқ. Бу борада Роналду ҳам аниқ ҳозира фикр билдирмади. 



Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +19   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика