Робби Фаулер: «Менга қолса, Венгерни танлайман»
12 ноя 2016 09:00
Янгиликлар
Робби Фаулер: «Менга қолса, Венгерни танлайман»
Айни пайтда жамоани Гарет Саутгейт бошқариб турибди. Хабарларга қараганда, у келгуси ҳафтада ушбу лавозимга тўлиқ тайинланади. Шунга қарамай, Фаулер ўз қарашларига содиқ қолиб, ҳамон Венгер номзодини энг лойиқ деб ҳисобламоқда.
- Мен бошиданоқ бу ишни Венгерга беришлари лозимлигини айтганман. У ажойиб мураббий эканлигини бир неча бор исботлаб бўлган. Арсен ўз шогирдларининг кучли томонларини намоён этишларига имконият яратиб беради. қолаверса, Англияда кўп йиллардан буён фаолият олиб боради. «Арсенал» Арсен бошчилигида доимий равишда Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Бу ҳам ажойиб натижа. Агар менга имкон беришганида айнан уни танлаган бўлардим. Менимча, Англия терма жамоаси бош мураббийлигини Венгерга топширишлари керак. Тўғри, «канонирлар» кўп йиллардан буён чемпионатда ғолиб чиқишмади. Бироқ доимий равишда кучли тўртликдан жой эгаллашмоқда. Шунинг ўзи ҳам франциялик мутахассиснинг юксак салоҳият соҳиби эканини кўрсатиб турибди.
Фаулер Англия премьер-лигасида ишлаётган бошқа мураббийлар ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди. Собиқ «ливерпулчи» жамоанинг ҳозирги ўйинидан ҳайратда. Унинг фикрича, бунда Юрген Клоппнинг хизматлари беқиёс экан.
- «қизиллар»нинг бугунги ўйинини томоша қилган одам роҳатланади. Шунингдек, натижалар ҳам ёмон эмас. Лекин клубдагилар бундан ҳушларини йўқотишмайди. Ҳозирда ишлар яхши кетаётган бўлсада, ҳаммаси ҳали олдинда эканлигини яхши биламиз.
Жорий мавсумда «Ливерпул»да тўпурарлар кўпчиликни ташкил қилишмоқда. Фаулернинг фикрича, шу ёзда харид қилинган футболчилардан бири «Ливерпул»ни янги даражага олиб чиқишга қодир экан.
- Клопп барча шогирдларини юқори савияга олиб чиқмоқда. Бу мавсумда деярли барча гол урди. Коутиньо ажойиб ўйин намойиш қилмоқда. Старриж ҳам майдонга тушганда фойдали ўйинчига айланмоқда. Шунингдек, Садио Мане қойилмақом тарзда ҳаракат қилмоқда. Умид қиламанки, бу футболчилар «Ливерпул»нинг юқори ўринларни эгаллашида ёрдам беришади.
Мерсисайдликлар охирги етти мавсумнинг фақат биттасида Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишди. Фаулернинг фикрича, бу сафар барчаси яхши кечади.
- «Ливерпуль» ҳамиша мавсумни юқори ўринларда якунлашга ҳаракат қилиши лозим. Албатта, гап Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ўринлар ҳақида кетмоқда. Сўнгги йилларда жамоанинг айни масалада омади чопмаётганди. Лекин ишончим комилки, бундай ўйинчилар ва мураббий билан ҳаммаси жойида бўлади. «Ливерпул»нинг мавсумни кучли тўртликда якунлашига ишонаман. Ундан юқори ўринларни эса бонус сифатида қабул қилиш мумкин.
Англия чемпионлиги учун бир қатор клублар баҳс олиб боришмоқда. Робби жорий мавсумда «Манчестер Сити»ни асосий фаворит деб ҳисобламоқда.
- «Манчестер Сити» ҳозирча бошқалардан кучлироқ. Гвардиола ажойиб мураббий. Лекин Антонио Конте бошчилигидаги «Челси»ни ҳам мағлуб этиш осон эмас. «Манчестер Юнайтед» охирги пайтларда кўнгилдагидек ўйин намойиш этолмаяпти. Бироқ Моуриньо барчани ўйнатишга мажбур қила оладиган мутахассис. Умуман олганда, менимча, бу йил «Сити» чемпион бўлади.
ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади
Фикрлар