Рауф Инилиев:«Олий лига ўзгармоқда»
08 июл 2016 16:01
Янгиликлар
Рауф Инилиев:«Олий лига ўзгармоқда»
Ушбу масала бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Рауф Инилеев ўз фикрларини билдириб ўтди.
ЎЗГАРИШ
- Рауф Талгатович, бу йилги олий лига баҳслари ҳақида нима дея оласиз? Мусобақа ҳар йилгидан бошқача ўтаётгани ҳақидаги фикрга қўшиласизми?
- Албатта. Тан олиш лозим, бу йил Ўзбекистон чемпионати кишини ёқимли таажжубга солмоқда. Формат ўша-ўша, ўтган йили бўлгани каби 16 жамоа икки даврада ўзаро куч синашади, аммо ундаги шиддат ва жозиба мутлақо бошқача кўриниш олган. Бунга сабаб эса нима бўлиши мумкин? Мен энг аввало, уч жамоани алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдим - «Металлург», «Бухоро» ва қисман «Қизилқум». Бу клублар жорий мавсумда ўз олдиларига ноодатий тарзда каттароқ вазифа қўйдилар ва айнан шу сабабга кўра олий лигадаги шиддат ошиб кетди, деб ўйлайман. Биз бу жамоаларнинг ҳар йили ўртамиёналар сафида юришларига кўникиб қолган эдик. Энди эса улар фаворитларга ҳам муносиб қаршилик кўрсата олишларини исботламоқдалар. Спорт принциплари биринчи ўринга қўйилган чемпионат албатта, қизиқарли ўтади. Мана яна бир исбот.
- Сўзсиз фаворит ҳисобланган «Локомотив» ўтган ҳафта «Металлург» майдонида очко йўқотди. Нима деб ўйлайсиз, бу йил чемпион бўлиш учун кимда имконият кўпроқ?
- Ҳозир икки етакчи бор, буни менсиз ҳам яхши биласиз - «Локомотив» ва «Бунёдкор». «Металлург» ҳозирдан ўз имкониятларини намойиш этиб бўлди, деб ўйлайман. «Пахтакор» ва «Насаф»нинг ишлари бироз ортга кетганини инобатга олсак, асосий кураш айнан «Локомотив» ва «Бунёдкор» ўртасида кечиши эҳтимоли катта. Бу ўринда ҳамма нарса жамоаларнинг иш услубига боғлиқ - «Локомотив» тажрибали футболчиларга таянади, «Бунёдкор» эса ёшларга. Кўрамиз, бу курашда ким ғолиб чиқаркан. Қайси жамоа чемпион бўлишидан қатъий назар, улар ўртасидаги курашни кузатиш қизиқарли бўлади.
- «Металлург»нинг муваффақиятлари сири нимада, деб ўйлайсиз? Жамоа ўтган мавсумдан буён деярли ҳеч нарсани ўзгартирмади, бироқ ғалабаларга эришмоқда. Бунга сабаб нимада?
- Жамоада ўз кучига бўлган ишонч ошган. Бу эса катта нарса. «Металлург» узоқ йиллар давомида барқарор равишда ўртамиёна жамоа бўлиб келди. Бекободликларнинг ниҳоят, ниманидир исботлашга киришганлари кишини хурсанд қилади. Ўртамиёна ҳисобланган жамоа ўз олдига жиддий мақсад қўйганда қандай ўзгаришлар бўлишини мана шу мисолда ҳам кўриб олиш мумкин. Россияда «Ростов» бор, Англияда эса «Лестер». Нима учун бизда ҳам бўлмаслиги керак? «Металлург»нинг яна бир катта кучи - таркиб тажрибали футболчилар ҳисобига шакллангани ва унга ёш ҳамда иқтидорли футболчилар жалб қилинаётганида. Ишонч, тажриба ва ёшлик кучи омухталаниб, жамоадаги иштиёқни оширмоқда. Умид қиламиз, «Металлург» бу иштиёқни мавсум охирига қадар сақлаб олади.
ПАСАЙИШЛАР
- Аксинча, «Насаф»нинг ишлари охирги вақтларда бироз ортга кетди. Бунинг боиси нимада бўлиши мумкин?
- «Насаф» ҳақида гап кетар экан, энг аввало, бир жиҳатни айтиш лозим - жамоа узоқ вақт давомида бир жойда тўхтаб қолди. Қаршиликлар бир неча йил чемпионликка даъвогар, аммо даъвоси амалга ошмайдиган жамоа мақомида юрдилар ва бу ҳолат уларнинг зиёнига ишлади. Чемпионлик даъвоси мунтазам равишда амалга ошмайдиган ишга айланса, жамоага салбий таъсир ўтказиши турган гап. Тўғрисини айтсам, «Насаф»нинг мавсум бошида Осиё Чемпионлар Лигасида ўтказган ўйинлари менга жуда ёққан эди. Жамоа тактик жиҳатдан жуда тўғри ўйин намойиш қилди. Кейин эса...
- Кейин эса «Насаф» 16 майдан 21 июнга қадар олий лигада ўтказган 5та ўйинида қаторасига очко йўқотди ва шундан 2тасида мағлуб бўлди...
- Ҳа, шундай. Аслида, «Насаф» биз ўйлаганчалик кучсиз ўйнамаяпти, аммо унда анчадан буён давом этиб келаётган муаммо бор - таркибда яхши ҳужумчи йўқ. Бир неча мавсум бу муаммо Артур Геворкян ҳисобига ҳал қилинди. У асли ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, голлар урди. Аммо Геворкянни ҳам боғлаб бермаган, унда ҳам пасайишлар бўлади. Артур бироз вақт гол ура олмай қолган эди, ҳужумдаги муаммолар бор бўйи билан кўриниб қолди. «Насаф» ҳозир айнан шу муаммони ҳал қилиши лозим.
- Рўзиқул Бердиевнинг келажаги «Насаф» билан боғлиқми? У ишлашда давом этиши керакми ёки бор потенциалини намойиш этиб бўлдими?
- Бу Бердиевнинг ўзига боғлиқ. Шахсан менга у олиб борган иш жуда ёқди.
КАТТАРОҚ ПАСАЙИШ
- Омадсизлик ҳақида гаплашар эканмиз, аслида, «Насаф»дан ҳам аввал «Пахтакор»га эътибор қаратиш керак эди. Рауф Талгатович, чемпион бу қадар сустлашиб қолишини кутганмидингиз?
- «Пахтакор»нинг муаммолари сабабини кўп қидириш шарт эмас - аслида, бу йилги жамоа ўтган мавсумдагидан кескин фарқ қилади. «Пахтакор» ҳимоядаги етакчиларини йўқотди ва бу ҳолат унинг ўйинига салбий таъсир ўтказиши турган гап эди. Жамоадан кетганларга бир назар ташлайлик - Лобанов, Кримец, Мерзляков, Махарадзе. Уларнинг барчаси энг аввало, ҳимояни мустаҳкамловчи футболчилар эдилар. Айниқса, жамоа ўйин тизимини узоқ йиллар давомида шакллантириб келган Кахи Махарадзенинг кетиши «Пахтакор» учун жуда оғриқли бўлди. Ёмон томони - янги келганлар аввалгиларнинг ўрнини боса олишмади. Оқибатда жамоанинг ишлари ортга кетиб қолди. Бироқ «Пахтакор»нинг ютуғи - деярли ҳар йили ёш ва иқтидорли футболчиларни кашф этиши. Бу эса бугун бўлмаса эртага ўз самарасини келтириши керак. Ёдингизда бўлса, икки-уч йил муқаддам «Бунёдкор» ҳам деярли шундай ҳолатга тушган эди. Ҳозир ўша ёшлар кучга тўлгач, жамоа ўйини ҳам барқарорлашиб қолди.
ЎРТАМИЁНАЛАР
- Келинг, энди ўртамиёна клубларимиз ҳақида гаплашсак. Мусобақа жадвалининг ўрта қисмига қараганда, нималарни ўйлайсиз?
- Энг аввало, водий клубларининг ўзларига кела олмаётганлари бироз алам қилади. Водий - ўз тарихига эга, аммо сўнгги вақтларда бу тарих саҳифаларига унчалик ҳам яхши сўзлар ёзилмаяпти. Ҳозир олий лигада водийдан 4 клуб бор, аммо фақат «Нефтчи» салгина мавқеини ушлаб турибди. Агар буни «мавқе», деб аташ мумкин бўлса, албатта. Чунки фарғоналиклар яқин ўтмишда қандай кучга эга бўлганларини биз жуда яхши биламиз. Аммо «Қўқон-1912», «Навбаҳор» ва «Андижон»нинг олдида «Нефтчи»нинг ҳолати ҳам рисоладагидек. Бу жамоалар ҳозирда жон сақлаш билан овора. Нима сабабдан шундай бўлди? Бу саволнинг жавобини узоқ вақт бериш мумкин. Албатта, ҳаммаси молияга бориб тақалади. Бироқ шу билан бирга бошқа сабаблар ҳам етарли бўлса керак. Умид қиламиз, бу муаммолар вақти келиб барҳам топади. Ҳаммадан ҳам мухлислар учун шундай бўлишини жуда истаган бўлардик. Улар бунга ҳақлилар. Бир вақтлар, водий стадионлари қандай тўлиб-тошганини ҳамма яхши эслайди.
- Ўртамиёналар орасида молиявий жиҳатдан у қадар қийинчиликка учрамаган жамоалар ҳам бор, масалан - «Олмалиқ». Бу борада нима дея оласиз?
- Афтидан «Олмалиқ»да қандайдир муаммолар бор, шекилли. Бу йил таркиб бироз ўзгарди. Жамоа узоқ йиллар барқарор ўйин намо-йиш қилди. Аммо энди вазият ўзгаргандек. Ҳар қандай жамоада ҳам бундай кўтарилишлар ва пасайишлар кузатилади. Гап ўртамиёналар ҳақида кетаркан, шунингдек, яна «Машъал»га ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бу жамоа ўз йўналишига эга клуб ҳисобланади. «Машъал» академияси ўз вақтида ўзбек футболи учун катта ишларни амалга оширди. Бироқ барибир, кутилганидек етакчилар сафига кира олмади. Истардикки, жамоа мана шу йўналишини яна ривожлантирса.
- «Сўғдиёна» бош мураббийи Даврон Файзиев охирги бир ой ичида истеъфога чиқиш борасида икки-уч марта гапирди. Қизиғи, у истеъфо ҳақида гапиргани сари жамоа ўйини яхшиланмоқда...
- Даврон Файзиев ҳали ёш мураббий ва у истеъфо ҳақидаги гапларини қизишиб айтган, деб ўйлайман. У ўз вақтида жуда яхши футболчи бўлган ва мураббий сифатида ҳам ҳали ўсишга эришади. «Сўғдиёна» - ўз анъаналари ва қадриятларига эга жамоа. Бу клуб ўзбек футболига бир қатор иқтидорларни етиштириб берган. Оддий мисол - ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоасини Сардор Рашидов ва Жасур Ҳасановсиз тасаввур қилиш қийин. «Сўғдиёна» ҳали бундай футболчилардан кўпини тарбиялаб беради, деб ўйлайман.
- Бироқ истеъфо ҳақида ҳадеб гапираверган яхшими? Айниқса, у амалга ошмайдиган бўлса...
- Яхши эмас, албатта. Аммо мураббийга ҳам осон тутманг. Агар жамоа молиявий муаммолар гирдобига ўралашиб қолган бўлса, ҳамма масъулият ва қийинчилик мураббийнинг гарданига тушади. У футболчиларни майдонга тушиб, бор кучи билан ўйнашга ундай олиши ва камига ҳомийлар билан ҳам иш олиб бориши лозим. Бу эса мураббийни руҳан жуда толиқтиради. Даврон Файзиев мана шундай муаммолардан ўта олган мураббий. Шунга қарамай, жамоасини олий лигада сақлаб қола олди. Афтидан, энди «Сўғдиёна»нинг муаммолари ортда қолган кўринади. Яқинда жамоанинг яхши ҳомийга эга бўлгани ҳақида эшитдим. Бу эса «Сўғдиёна» учун жуда яхши хабар бўлиши турган гап.
- Демак, Даврон Файзиев истеъфога чиқмаслиги керак?
- Албатта. Инсон ҳар доим ўзига талаб бўлган жойда ишлаши лозим. «Сўғдиёна»да эса унга талаб бор. У шу клубда тарбия топган, футбол сир-асрорларини ўрганган. Кейинчалик футболчи сифатида унинг шарафини ҳимоя қилди ва барча шарт-шароитларини яхши билади. Шундай экан, «Сўғдиёна» учун Даврон Файзиевдан яхши мураббий бўлиши мумкинми? Шунчаки, у жамоа учун жон куйдирмоқда ва кетсам «Сўғдиёна»га яхши бўлади, деган фикрда. Файзиев истеъфо ҳақидаги баёнотни қизишиб турганда бериб юборган. Менимча, у ўзи улғайган жойда қолиши лозим.
АУТСАЙДЕРЛАР
- Аутсайдерлар ҳақида нима дея оласиз? Бу йил олий лигадан тушиб кетишга ким асосий даъвогар? «Қўқон-1912»ми, «Андижон»ми ёки «Обод»?
- Ҳозир бу ҳақда гапиришнинг мавриди эмас, ҳар ҳолда, энди биринчи давра якунланмоқда. Албатта, бир ой олдин бу саволга: «Обод», деб жавоб берса бўларди, балки. Аммо кўриб турибмиз, жамоа аста-секин ўзига келмоқда. Дебютант ўз майдонида «Сўғдиёна»га қарши жуда яхши ўйин намойиш қилган эди, мана энди сафарда «Андижон»ни мағлуб этди. Демак, кураш давом этади. Биласизми, «Обод»нинг муаммоси нимада? Шунчаки, бизда олий ва биринчи лига ўртасидаги фарқ жуда катта. Ҳаддан зиёд, керагидан ортиқ даражада катта. Шу сабабли ҳам «Обод» муаммоларга дуч келди. Агар жамоа бу йил қийинчиликлардан ўтиб олса, келаси мавсумдан барқарор ўйин намо-йиш қилишига ишонаман. Элитага мослашиш анча қийин бўлади. «Обод»-ку, олий лигада дебютант ҳисобланади, ҳатто «Динамо» ҳам келаси мавсум элитага қайтса, қи-йинчиликларга дуч келади, деб ўйлайман. Албатта, бу ҳам футболимизнинг яна бир муаммоси. Бироқ ҳозир бу ҳақда гаплашишнинг мавриди эмас. Аутсайдерлар борасидаги фикримизни якунлаб қўядиган бўлсак, жамоалар намойиш этаётган ўйиндан келиб чиқиб айтаман - мусобақа жадвалининг қуйи қисмида йил охирига қадар кескин кураш давом этса керак. Нима бўлганда ҳам бу йил олий лига анча қизиқарли ўтадиган кўринади...
Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди
Фикрлар