"Қўлим кўзига қаттиқроқ тегиб кетди"
19 сен 2021 00:26
Янгиликлар
"Қўлим кўзига қаттиқроқ тегиб кетди"
Бир оғиз сўз билан айтганда шарманда. Ўзбек футболи учун уят! Футзалчиларимиз гуруҳдан чиққани бир томон, бу воқеа бир томон бўлди. Расмлар ва видеодан яққол кўриниб турибди, Жавоҳир Эсонқуловни яхшигина калтаклашган. Видеода ўзининг айтишича, бир киши қўлидан ушлаб турган ва уч киши урган.
"Сурхон" клуби сардори Асрор Ғофуровнинг айтишича эса "қўли кўзига сал қаттиқроқ" тегиб кетган. Агар сал қаттиқроқ тегиб кетгани шу бўлса, унда мушт тугул шапалоқ туширса нима бўларкин. Сайтимизда Асрорнинг интервьюси чиқди.
Эмишки мукофот пуллари тарқатилаётган пайт футболчи клуб офисига борган ва эшикдан кираверишда ҳақоратли ёзувни кўрган. Унинг ҳақоратли ёзувни ўқиб жаҳли чиққан. Кейин унга видеоёзувни кўрсатишган ва шундан сўнг ёзувни ёзган футболчини чақиртирган. Акром ҳам, Жавоҳир ҳам келган. Улар орасида жанжал чиққан ва Асрор Ғофуров жаҳл устида қўли билан Жавоҳирнинг кўзига қаттиқроқ тегиб юборган.Ўртага Акром суқилиб, уларни ажратмоқчи бўлган ва шу пайт унга ҳам Асрорнинг қўли "бехосдан" тегиб кетган.
Энди савол туғилади: Асрор Ғофуров девордаги ёзувни кўрди ва жаҳли чиқди ҳам дейлик. Ёзувни ким ёзганини билди ҳам дейлик. Хўш, шундан кейин девордаги ёзув ҳақида раҳбариятга маълум қилганми? Нима сабабдан раҳбарият эмас, балки у футболчиларни чақириб гаплашиб олмоқчи бўлди? Умуман агар унинг айтганлари бўйича фикр қиладиган бўлсак, нима учун телефон қилиб ҳар икки футболчини чақиртирган: шунчаки гаплашиб олиш учунми ёки "самосуд" қилиш учунми?
Масалан, Асрор Ғофуров жамоа сардори сифатида клуб раҳбари олдига кириб, фалончи сиз ҳақингизда бўлмағур нарсаларни ёзибди дейиши ҳам мумкин эди. Бу биринчидан. Иккинчидан, "Сурхон" клуби матбуот хизмати ўз телеграм саҳифасида Жавоҳир Эсонқулов билан шартнома шу йилнинг 21 июль куни ҳар икки томоннинг ўзаро розилиги билан бекор қилингани ва футболчининг клубдан молиявий эътирози йўқлигини ёзди.
Агар 22 июлдан бошлаб Жавоҳир Эсонқулов "Сурхон" футболчиси эмас ва у жамоадан кетган деб ҳисобласак, унда Асрор Ғофуровнинг у билан нима иши бор? Ахир Жавоҳир жамоадан кетган-ку. Агар ўйнаб турганида ҳам бошқа гап эди. "Сен шу ерда биз билан ўйнаяпсан, нимага ҳақоратли сўзни ёздинг?" деса кўпчилик тушунарди.
Асрор Ғофуровнинг интервьюсида битта гапга тўлиқ қўшиламиз. Яъни, бу чиндан ҳам ўзбек футболи учун жуда ёқимсиз ҳолат бўлди. Калтак еган футболчининг суратларини кўриб эса унга нисбатан очиқчасига "самосуд" бўлган деган тасаввур юзага келяпти.
Бу ишни биринчи навбатда ЎФА чуқур ва батафсил ўрганиб чиқиши талаб этилади. Қолаверса ПФЛ ҳам воқеа юзасидан баёнот бериши керак. Чунки чиндан ҳам хунук воқеа бўлди. Майли, футболчи клубдан кетган бўлса ҳам, пул сўраб клуб офисига келибди ҳам дейлик. Лекин пул сўраб борган футболчини бунақа "муомала" кутиб турган бўлса, эртага "Сурхон" учун ўйнайман деб ким боради? Бу воқеа бошқаларнинг ҳам иккиланишига ва "Сурхон"дан таклиф тушса ҳушёр тортишига сабаб бўлмайдими?
Х.Холиқов.
Фикрлар