Про Лига. Жавоҳир Соҳибов: “Турон”да рўй бераётган янгиликлар футболчиларнинг кайфиятини янада кўтаради”
10 июн 2020 22:07
Янгиликлар
Про Лига. Жавоҳир Соҳибов: “Турон”да рўй бераётган янгиликлар футболчиларнинг кайфиятини янада кўтаради”
Ислом Исмоилов бошчилигидаги жамоа аъзолари кеча йиғин доирасида ташкил этилган назорат учрашувида “Навбаҳор”га қарши майдонга тушди. Тенг суратлар остида кечган баҳсда Андрей Канчельскис шогирдлари кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур беллашувдан сўнг яйпанликларнинг тажрибали футболчиси Жавоҳир Соҳибовнинг фикрлари билан қизиқдик.
“Тўғри, ҳали чемпионат бошланмасиданоқ карантин эълон қилинди. Шундай бўлсада мураббийларимизнинг кўрсатмалари билан уйда қўлдан келганча якка тартибда машғулотларни олиб бордик. “Турон” олдига йил бошида Суперлигага йўлланма олиш вазифаси қўйилганди. Бу борада клубда кенг ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Жамоага янги замонавий автобус берилди, уй учрашувларини ўтказадиган майдонимиз чими янгиланди. Стадионда кўп ишлар қилинди. Умуман олганда клубда рўй бераётган янгиликлар футболчиларнинг кайфиятини янада кўтармоқда, барча шароитлар яратиб бериляпти. Биздан фақат майдонга чиқиб футбол ўйнаш ва ғалаба қозониш талаб қилинали, холос. Таркибимиз кучайтирилди. Суперлигада ўйнаган тажрибали футболчилар таклиф қилинди. Машғулотларда асосий эътибор бир-биримизни ўзаро яхши тушуниб олишга ва жамоавий ўйинни шакллантиришга эътибор берилмоқда. Чунки, анча вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетдик. “Навбаҳор” билан назорат ўйинида мураббийлар тўпни кўпроқ ўзимизда ушлашимизни талаб қилишди. Ёмон ўйнамадик деб ўйлайман”,- дейди маҳоратли ярим ҳимоячи.
Абдулазиз Искандаров ёзиб олди
Фикрлар