ПРО-Лига “Б” гуруҳи. 12-тур статистикаси
06 июн 2018 19:01
Янгиликлар
ПРО-Лига “Б” гуруҳи. 12-тур статистикаси
“Б” гуруҳидаги 12-тур ўйинлари ҳам қизиқарли тарзда кечди. Ўз майдонида “Ёзёвон”ни қабул қилган “Зомин” нурсиз дуранг қайд этди. Ваҳоланки, зоминликлар ушбу турда ўз ҳисобига 3 очко ёздириб қўйишлари ҳам мумкин эди. Бироқ жамоанинг тўпурар ҳужумчиси Достон Тошматов 11 метрлик нуқтадан аниқ зарба йўллай олмади. Бу эса якунда дурангга олиб келди.
“Ифтихор” жамоаси ниҳоят узоқ муддатдан сўнг яна ғалаба қозонди. Олтиариқ жамоасида сўнгги пайтларда юз берган салбий холатлар ички муҳитга унчалик ҳам ўз таъсирини ўтказмади. Аксинча иродали ғалабага эришди. Гарчи “Лабса” жамоаси биринчи бўлимда ҳисобни очган бўлсада, баҳснинг сўнгги 20 дақиқасида мезбонлар учта тўп киритиб, ғалабани ўз томонига оғдириб юборди.
Тошкент вилоятининг “Нурафшон” жамоаси бу турда “Хотира-79”ни қабул қилиб, кутилганидек ғалабага эришди. Шуни айтиш лозимки, уйчиликлар бош мураббийи Нозим Муллаохунов яқинда истеъфога чиқиб, унинг ўрнини Науфал Бобоев эгаллаганди. Куни-кеча бош мураббий яна ўзгарди. Муллаохунов қайтди. Бобоев кетди. Самарқанднинг “Шердор” жамоаси бу сафар ўз майдонида турнир аутсайдери “Локомотив-БФК”ни қабул қилди. Кутилганидек мазкур учрашувда сенсация юз бермади ва мезбонлар ишончли ғалабага эришди.
“Зомин” – “Ёзёвон” - 0:0.
“Ифтихор” – “Лабса” - 3:1 (0:1).
“Нурафшон” – “Хотира-79” - 3:1 (2:0).
“Шердор” – “Локомотив-БФК” - 3:1 (1:1)
Энг тезкор гол ва бошқалар ҳақида
12-турнинг 4та ўйинида жами 12та гол қайд этилди. Бу ҳар бир учрашувга ўртача 3тадан гол демакдир.
Мезбон жамоалар киритган голлар сони 9тани ташкил этди. Меҳмонлар эса 3та гол урган.
Учрашувларнинг биринчи бўлимида 5та гол қайд этилган бўлса, қолган 7та тўп иккинчи таймда киритилди.
Ушбу турда фақатгина “Зомин” билан “Ёзёвон” жамоалари ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган.
12-турнинг иккита ўйинида биттадан пенальти қайд этилди. “Зомин” ҳужумчиси Достон Тошматов пенальтидан унумли фойдалана олмаган бўлса, “Ифтихор” ўйинчиси Фаррух Охунов “Лабса” дарвозасини аниқ нишонга олди.
Шунингдек мазкур турда битта автогол ҳам қайд этилди. “Хотира-79” ҳимоячиси Санжар Тошпўлатов жамоасининг сафарда “Нурафшон”га қарши ўтказган ўйинида кутилмаганда ўз дарвозасига тўп киритиб юборди. Эътиборлиси унинг жамоаси сафарда мағлуб бўлди.
Аҳамиятлиси бу турда дубл ва хет-трик қайд этган ўйинчилар юз бермади.
12-турда кимлар гол урди?
1. Фаррух Охунов – “Ифтихор”.
2. Акмал Холматов – “Ифтихор”.
3. Дилмуҳаммад Худойбердиев – “Ифтихор”.
4. Феруз Мўйинов – “Лабса”.
5. Мурод Ражабов – “Нурафшон”.
6. Орипхўжа Абдухолиқов – “Нурафшон”.
7. Санжар Тошпўлатов (автогол)– “Хотира-79”.
8. Бахтиёр Қосимов – “Хотира-79”.
9. Фаҳриддин Алимов – “Шердор”.
10. Абдулла Набиев – “Шердор”.
11. Отабек Ҳамроқулов – “Шердор”.
12. Тимур Эргашев – “Локомотив-БФК”.
Огоҳлантириш ва четлатиш
12-турнинг 4та ўйинида жами 15та сариқ ва 2та қизил карточка қайд этилди. Ҳар бир учрашувга ўртача 4тадан сариқ карточка демакдир. Эътиборлиси “Зомин” жамоаси футболчилари бу турда бирорта ҳам сариқ карточка олмасдан тартиб-интизом бўйича бошқаларга ўрнак бўлди. Аксинча ушбу турни сафарда ўтказган “Ёзёвон” жамоасининг футболчиларидан бештаси сариқ карточка ишлаб олиб, бу борада “пешқадамлик” қилди. Шунингдек сафарда мағлуб бўлган “Лабса” футболчилари ҳам сариқ карточка олмади. Фақатгина 1та ўйинчисига иккинчи таймда қизил карточка кўрсатилди.
Учрашувларнинг биринчи таймида 3та сариқ карточка қайд этилди. Иккинчи бўлимда эса кескинлик нисбатан ортди. Боиси ўйинларни бошқариб борган ҳакамлар яна 13та футболчини сариқ билан сийлади.
Томошабинлар ташрифи кимда қандай?
ПРО-Лигада томошабинларнинг стадионга ташрифи оғриқли нуқталардан бири бўлиб турибди. Айниқса “Б” гуруҳидаги учрашувларга мухлислар у қадар кўп ташриф буюраётгани йўқ. Хусусан 12-турнинг жами 4та ўйинида 2967 нафар ишқибоз кузатилди. Бу эса ҳар бир баҳсга ўртача 741 та томошабин демакдир.
Ушбу турда энг кўп томошабин “Зомин” – “Ёзёвон” баҳсида кузатилди. Зоминдаги учрашувга 1446та ишқибоз қадам ранжида қилган.
Лига дебютанти “Нурафшон” жамоаси эса гарчи мусобақада пешқадамлик қилаётган бўлсада ҳамон ўз мухлисларини топа олмаяпти.
“Зомин” – “Ёзёвон” - 0:0.
Зомин шаҳри. “Зомин” стадиони. 1446 томошабин.
“Ифтихор” – “Лабса” - 3:1 (0:1).
Олтиариқ шаҳри. “Марказий” стадион. 786 томошабин.
“Нурафшон” – “Хотира-79” - 3:1 (2:0).
Юқори Чирчиқ тумани. “Дўстлик” стадиони. 175 томошабин.
“Шердор” – “Локомотив-БФК” - 3:1 (1:1)
Самарқанд шаҳри. “Динамо” стадиони. 560 томошабин.
Фикрлар