

"Польша футбол уюшмаси бошқарув кенгаши номидан Чеслав Михневичга 11 ойлик мураббий сифатидаги фаолияти учун миннатдорчилик билдирамиз. Хабарингиз бор, у жуда қийин даврда жамоани қабул қилиб олди. Шунга қарамай, у ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, Миллатлар Лигаси элит дивизионидаги ўрнини сақлаб қолди", – деди Польша футбол ассоциацияси президенти Цезарий Кулеша.
Польша футболи раҳбари Михневич 1986 йилдан бери Жаҳон чемпионати плей-офф босқичидаги илк йўлланма учун миннатдорчиликка лойиқ эканини таъкидлади.
Расман Польша термаси бош мураббийи лавозими 31 декабрь куни бўшайди. Михневич шогирдлари Қатар мундиалида 1/8 финалга чиқди ва бўлажак финалчи Франциядан 1:3 ҳисобида енгилди.



