"Пахтакор" - "Ал Ҳилол" 1:0. Бу оддий ёки тасодифий ғалаба эмасди
05 мар 16:55
Янгиликлар


"Пахтакор" - "Ал Ҳилол" 1:0. Бу оддий ёки тасодифий ғалаба эмасди
Мухлислар анчадан бери ўзбек клублари иштирокида бундай ишончли ўйин ва ғалабани кўрмаганди. Бўлиб ҳам "Ал Ҳилол" кучсиз жамоа эмаслигини ҳамма билади. Бежизга бу клубни Осиёнинг "Реал"и дейишмайди. Чуни совринлар ютиш бўйича "Ал Ҳилол" Осиёда энг номдор клуб.
Осиё чемпионлар Лигаси олдига Элит қўшилгач, шунга яраша мусобақа савияси ҳам ортиб бормоқда. Мусобақа кучли кўриниш олаётгани сезиляпти. Ҳар ҳолда Элитда камроқ жамоалар қатнашяпти. ОЧЛ Ғарб минтақасида илгари 16та клуб иштирок этарди. Элитда эса жамолар сони 4тага қисқарди.
Элит чемпионлар Лигаси гўёки араб клублари учун ишлаб чиқилган механизмдек кўринди. Бизга бу ерда "нон" йўқ деб ўйладик. Осиё чемпионлар Лигасида ҳартугул нимадир қилиб турардик, аммо Элит буткул бошқа олам, гуруҳ босқичида қатнашишнинг ўзи катта воқеа бўлади деган хаёлга келдик. Ҳозир ҳам бундан тўлиқ воз кечганимиз йўқ. Элит чемпионлар Лигаси ҳалиям мураккаб турнир. Шундай мураккаб турнирда "Пахтакор"нинг ҳамон илдамлаётгани қувонарли воқеа.
Агар "Пахтакор" охирги тур "Ал Садд"ни мағлуб этмаганида биз ҳозир бу гапларни умуман гапирмаётган бўлардик. "Пахтакор" ҳам кейинги босқичга чиқмаган ва одатдагиек янги мавсумга тайёргарлик кўраётган, аниқроғи 1-турдаги "Машъал" билан ўйинни кутаётган бўларди. Лекин жамоанинг "кутилмаганда" "Ал Саддни" мағлуб этиб кучли саккизликка кириб олиши режаларни ўзгартириб юборди. Натижада тақвим ҳам ўзгариб, ПФЛ илк турдаёқ битта ўйинни бошқа муддатга суришга мажбур бўлди.
Лекин "Пахтакор" - "Машъал" ўйини бошқа кунга кўчирилиши кўпчилик мухлисларда норозилик келтириб чиқарди. Аслида бу ўйин тақвим бўйича 7 мартга белгиланганди. "Ал Ҳилол"га қарши илк учрашув 4 март куни ўтказилди, жавоб баҳси 11 мартга қўйилганини ҳисобга олсак, "Пахтакор" 7 март куни ўйин ўтказа олармиди. Бизнингча, ҳа.
Биз ҳам секин-аста ўйинлар сонини кўпайтириб жамоаларни шунга ўргатиб боришимиз керак. Европада жамоалар аллқачон 4-5 кунда майдонга тушишга ўрганиб қолди. Масалан, "Реал"ни олайлик. 1 февралдан бери то бугунгача нақд 10та ўйин ўтказибди. Қойил қолиш керак. Йилнинг энг қисқа ойида 10та ўйин балки кўпдир, нафақат "Реал", ҳамма клублар тақвимдан нолияпти, лекин начора. Ўйин белгиландими, бўлади.
Айтайлик, "Пахтакор" ҳам "Машъал" билан ўйинни ўтказиб сўнгра Саудия томон йўл олиши мумкин эди. Араблар Тошкентга бир кун олдин келишди ва битта машғулот ўтказишди. Бундан ташқари "Ал Ҳилол" 1 март куни ўз майдонида "Ал Аҳли"га қарши ўйнаб шундан сўнг сафарга отланди. Уларнинг ўйини қолдирилмади.
Қизиғи шундаки, "Ал Ҳилол" 15 кунда 4та учрашув ўтказди. 18 февраль куни Элит ОЧЛда майдонга тушган жамоа ундан кейин яна учта беллашувда иштирок иштирок этди ва мана шу ўйинларнинг иккитасида мағлуб бўлди. Жамоа чемпионатдаги кучли рақиблари - "Ал Иттиҳод" билан "Ал Аҳли"га имкониятни бой берди. Бу икки мағлубият "Ал Ҳилол"да муаммо етарли эканини кўрсатиб берди, чунки бу жамоа иккита ўйинда 7та гол ўтказадиган жамоа эмасди.
Шу боис "Пахтакор"нинг кечаги ғалабасини тасодиф ёки кутилмаганда ўхшаб қолди деб бўлмайди. Бу ҳақли ғалаба. "Пахтакор" катта иштиёқ билан ўйнади, ғалаба учун борини берди, футболни ниҳоятда соғиниб қолгани кўринди. "Ал Ҳилол"да эса ҳорғинлик аломатлари кўзга ташланди. Уларнинг бош мураббийи ҳадеб майдонни ёмонлаши - бу кўпроқ баҳонага ўхшаб қолди. Аслида мураббийнинг ўзи жамоани ўйинга тайёрлашда қийинчиликка дуч келяпти ва ишлар шу зайл кетаверса тез орада истеъфога чиқарилиши мумкин.
Ишонамизки, "Пахтакор" уйда кўрсатган ўйинини сафарда ҳам намойиш эта олади. Агар Жорже Жезус ишлаб турса, "Ал Ҳилол"нинг ўнгланиши бирмунча оғир бўлади. Жамоа исталганча ҳужум қилиши мумкин, лекин ҳимоя ҳам жойида эмас. "Пахтакор" бу жамоага Ар Рёдда ҳам гол уришни эплай олади. Фақат кечаги азарт йўқолмаса бўлгани.
Энг муҳими, қўрқмаслик керак. Ҳа, у ерда бошқа муҳит ҳукм суради, мухлислар билан лиқ тўла стадионда "Пахтакор"га нисбатан босим жуда юқори бўлади. Лекин муҳими, босимга тушиб қолмаслик ва оёқ-қўл қалтирамаслик. "Пахтакор" шундай ўйнаб бемалол кейнги босқичга чиқиши мумкин. Чунки ҳозирги "Ал Ҳилол" енгиб бўлмайдиган рақиб эмас. Улар январгача зўр эди, аммо янги йилдан кейин пасайиш юзага келди. Улар кузда чемпионат пешқадами эди, аммо қишда пешқадамликни бой берди. Ҳозир "Ал Иттиҳод" 6 очкога илгарилаб кетган. Орқада эса "Ал Насср" қувиб келяпти. "Пахтакор" "Ал Ҳилол"ни ҳозир ютмаса, яна қачон ютади?
Х.Холиқов.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
ПАХТАКОР ЮТГАН КЕЧАГИ БУ ДАХШАТЛИ ТАРКИБНИ ИККИНЧИ ТАРКИБ ДЕЙИШНИ ЎЗИ ХАТО !!!
Пахтакор тугул бутун Суперлигамиздан қиммат таркибку бу. Тўғри 2 ёки 3 та асосий фигуралар келмади улар жароҳат олган бўлса Пахтакорда не айиб, хасад эмас хавас билан яшайлик омад барча Ўзбек клубларига.
KEYINGI ÓYINDAYAM OMAD PAXRAKORGA
( NEFTCHI MUXLISI )