Ўзбекистон ёзда Эрон, кузда БААга қарши ўйнаши мумкин

Narzulla Saydullayev
23 апр 2015, 10:30
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш ўйинларига тайёргарлик доирасида бир қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказмоқчи.
Жумладан саралаш баҳслари бошланишидан олдин, аниқроғи 11 июнь куни Тошкентда Эрон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилиши мумкин. Форслар 16 июнда саралаш доирасида Туркманистон меҳмони бўлишади.

Бундан ташқари 13 октябрда БАА юртимизга ташриф буюриши мумкин. Шу куни саралашнинг 6-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Лекин БАА ҳам, Ўзбекистон ҳам ўша куни дам олишади.

Ҳар иккала мамлакат футбол федерациялари билан музокаралар давом этмоқда.

Австралия 16 июнь куни Қирғизистонда ўйнашини инобатга олиб ушбу ўйиндан олдин Ўзбекистонда ўртоқлик учрашувини ўтказиш таклиф қилинди. Бироқ "соккерузлар" тўғри Қирғизистонга учиб боришлари туфайли таклифга рад жавобини беришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси саралаш баҳсларини 16 июнь куни сафарда КХДР термасига қарши ўйин билан бошлайди.

Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia