UZ

Сўнгги янгиликлар

20:47Отабек Нарзуллаев: "Футболни жон койитиб ўйнамасангиз, ким сизга уч очко беради"  0 20:40Суперлига. "Сўғдиёна" – "Сурхон" 2:0 (матнли трансляция)  2 20:31Суперлига. 7 та ҳисобланган ва битта инобатга олинмаган гол ҳамда самарасиз пенальти: "Андижон" "Шўртан"ни мағлуб этди  21 20:13Ҳаким Фузайлов: "Кураш ҳали тўхтагани йўқ"  0 19:42Ямал бепул дастхатлар беришни тўхтатади  5 18:55"Хоразм" сафарда "Машъал"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  9 18:48Кипрда "Кармиотисса" президенти отиб кетилди  0 18:25"Вазиятга реал қараш керак, ҳар бир рақибга қарши ўйлаб қўйган режаларимиз бор" — Ислом Исмоилов иштирокидаги матбуот анжумани   8 18:03Нодир Элибоев: "Олдингидек, 1 ёки 2 та ўйинни кутиб яшаётганимиз йўқ. Ҳар бир турда яхши рақобат бор"  0 17:27Манба: Катанец ёрдамчилари ЎФАни судга бермоқчи  34 17:02ФИФА рейтинги янгиланди: Ўзбекистон бир поғона пастлади  12 16:05Ўзбекистон терма жамоаси афсонаси Қозоғистон жамоасини бошқарадими?  11 15:37"Аҳал" ОЧЛ-2'даги уй учрашувини Эронда ўтказади  5 15:16Қозоғистон футзал термаси устози Кака: "Бизда легионерлардан Игита билан Эдсон қолди"  1 14:54Фабио Каннаваро Қаршидаги футбол академияси билан танишди  16

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни табриклади Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни табриклади

Ҳозиргина Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

Бу катта воқеликдан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев футболчиларга табрик йўллади.

Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азизларни Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришганингиз – Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди, десак, тўғри бўлади. Сизлар профессионал билим ва малакангиз, тажриба ва маҳоратингиз, энг муҳими, юксак иродангиз ва ғалабага бўлган ишончингиз билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир.

Мана шу мунаввар оқшомда – қутлуғ зафар айёмида кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқи сизлар билан ҳақли равишда фахрланмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Саралаш ўйинлари нақадар кучли рақобат остида, кескин ва шиддатли курашларда ўтгани, терма жамоамизга нисбатан турли босимлар бўлганига қарамасдан, сизлар зарур очколарни жамғариб, азму шижоатли Янги Ўзбекистон ёшлари қандай юксак марраларни эгаллашга қодир эканини яна бир бор амалда исботладингиз.

Сизларнинг ана шундай ғоят масъулиятли турнирдаги муносиб иштирокингиз кейинги йилларда мамлакатимизда спортга, жумладан, унинг энг оммавий тури бўлган футболга берилаётган улкан эътиборнинг яна бир буюк амалий натижаси сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир.

Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.

Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё қитъасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман.

Мана шу шукуҳли айёмда сизларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган меҳрибон ва талабчан устоз-мураббийларингиз, миллий терма жамоамизнинг барча аъзоларини, сизларга бахт ва омад тилаб, кечаю кундуз дуода бўлиб келган ота-оналарингиз, ака-ука, опа-сингил ва барча яқинларингизни ўз номимдан, бутун халқимиз номидан қизғин табриклаб, уларга самимий миннатдорлигимни билдираман.

Сизлар муқаддас Қурбон ҳайити кунларида халқимизга байрам совғаси сифатида олиб келаётган ушбу унутилмас тарихий ғалаба барчамизга муборак бўлсин!

Зафарли одимларингиз бардавом бўлсин, азиз фарзандларим!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Рейтинг: +37   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика