

— Ўйиндан таассуротларингиз қандай?
— Бу осон бўлмаган ўйин бўлди. Ўзбекистон яхши ташкил этилган жамоа эди. Улар нимани хоҳлашларини аниқ билишарди ва онгли футбол ўйнашди.
Шунга қарамай, тўртта ўйин давомида футболчиларга сингдиришни истаган ўйин услубимизни маълум даражада шакллантира олдик. Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам биргаликда ҳаракат қиладиган ва қийин вазиятларни жамоавий тарзда енга оладиган жамоа бўлишимиз керак.
Дарвозабондан тортиб ҳужумчигача барчамиз биргаликда курашдик. Жамоавий мақсад ва натижаларни индивидуал манфаатлардан устун қўйиш муҳим. Бу борада ҳаммаси кўнгилдагидек чиқди.
Ғалаба қозониб, мухлисларимизга қувонч улаша олганимиздан хурсандман. Энди кейинги йиғинга муносиб футболчиларни жалб қилиш учун ўйинларни батафсил таҳлил қилишимиз лозим.
— Тўртта ўйиндан кейин жамоанинг ривожланишини қандай баҳолайсиз? Қолган икки учрашувда нималарга эътибор қаратасиз? Сизга олти ўйин учун имконият берилганини ҳисобга олсак, “олти қаватли бино”нинг “тўртинчи қаватини” қуриб бўлдингиз, қолган иккиси қандай бўлади?
— Кореяда олти қаватли бино паст ҳисобланади. Биз ундан ҳам баландроқ бино қурмоқчимиз. Битта ғалабадан кейин бир қават қўшиб, мағлубиятдан сўнг уни бузиб ташламаслигимиз керак.
Энг муҳими — терма жамоанинг фалсафасини аниқ белгилаш. Биз ўз принципларимизни белгилаб олдик. Футболчилар ҳам буни тушунишга ҳаракат қилишмоқда.
Охир-оқибат мақсадимиз — ғалабали футбол намойиш этиш. Футболчилар ҳеч бир ўйинчи жамоадан устун эмаслигини тушунишлари зарур. Шахсий ютуқ ва мақсадлардан кўра жамоавий тараққиётни устун қўйиш муҳим.
Кейинги йиғинда мен учун футболчиларнинг айни пайтдаги спорт формаси муҳим бўлади. Қайси клубда ўйнаши ёки исми қандай эканининг аҳамияти йўқ. Муҳими — ҳозирги ҳолати ва майдонда нималар кўрсата олиши.
— Яқинда Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган жамоа таркибидан терма жамоага чақиришни режалаштираётган футболчиларингиз борми?
— Ажойиб ўйин кўрсатган футболчилар кўп бўлди. Ҳали чуқур таҳлил ўтказганим йўқ, аммо бундан кейин уларни кузатишда давом этаман. Имкон бўлса, ўйинларини шахсан бориб томоша қилмоқчиман.
Футболчилар терма жамоа эшиклари доимо очиқ эканини билишлари керак. Агар яхши ўйин кўрсатишса, уларни исталган вақтда чақириш мумкин.
Уларни Осиё ўйинларидаги ғалаба билан табриклайман. Финалда, майдон ҳолати яхши бўлмаганига қарамай, Японияга қарши бундай натижага эришиш жуда муҳим ва таҳсинга сазовордир.
— Тўртта ўйинда 4-4-2 схемасидан фойдаландингиз. Келажакда ҳам шу тактикага амал қиласизми ёки футболчиларнинг хусусиятларига қараб ўзгаришлар киритасизми?
— Биз бошиданоқ бунга эришишга ҳаракат қилдик. Кореялик футболчиларни таҳлил қилганимда, уларнинг кўпчилиги универсал эканини кўрдим. Шунга мос тизим қуришга ҳаракат қиляпман.
Албатта, рақибга мослашиш имконияти ҳам бўлади. Бугунги ўйинда ҳужумни тўрт ҳимоячи билан бошладик, аммо рақибнинг ўйин услубидан келиб чиқиб уч ҳимоячига ўтдик. Олдинги учта ўйинда ҳам шундай бўлган эди.
Ҳар бир учрашувда турли вазиятлар юзага келади. Муҳими — уларга мослаша олиш.
Бугун Ли Кан Ин танаффусдан сўнг ноқулайлик ҳис қилди ва ўзи алмаштиришларини сўради. Бу бизнинг режамизда йўқ эди. Бундай ҳолатларга ҳам мослашишимиз лозим.
— Ли Кан Ин клубида терма жамоадагидан бошқачароқ кўринади. Тўртта ўйин якунига кўра унинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?
— Шубҳасиз, у терма жамоани жон-дилидан севадиган футболчи. Бугун у жуда кўп меҳнат қилди.
У тўпиғидан жароҳат олди ва майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Биринчи бўлимдан сўнг унинг ўзи алмаштиришларини сўради.
Унинг Испаниянинг юқори даражадаги жамоасида муваффақиятли тўп сураётганидан фахрланаман. Аммо бу осон эмас. Бундай иқтидорли футболчилардан кўп нарса кутилади ва бу талабларни оқлаш осон кечмайди.
Ли Кан Ин яхши ўйнамоқда ва келажакда ҳам яхши ўйнайди. Агар ўз вазифасини шу тарзда бажаришда давом этса, мухлислар ва терма жамоа ундан кутаётган даражага тўлиқ эриша олади.



