Ўзбекистон МТЖнинг Туркияга келган куниёқ ўтказган машғулоти ва уни кўриш учун 10 доллардан воз кечган ҳайдовчи. Кундалик
01 июн 2019 06:59
Янгиликлар
Ўзбекистон МТЖнинг Туркияга келган куниёқ ўтказган машғулоти ва уни кўриш учун 10 доллардан воз кечган ҳайдовчи. Кундалик
Ўзбекистон терма жамоаси Туркияга етиб келди ва жараёнлар тезлашиб кетди.
ФОТО Одилга битта, Куперга эса иккита... Ўзбекистон МТЖнинг Туркиядаги илк машғулотидан ГАЛЕРЕЯ
ФОТО Ўзбекистон МТЖ делегацияси Туркияда, Купер бугуннинг ўзида машғулот ўтказади
Терма жамоамиз делегацияси Тошкент - Истанбул - Анталья йўналиши бўйича Туркияга етиб келди. Футболчиларимиз Аланья шаҳрининг Сиде туманида жойлашган "The Sense De Luxe Hotel"га тахминан 18:00ларга келишлари мўлжалланганди. Биз эса 16:45да меҳмонхонага етиб бордик. Афсуски, меҳмонхона ходимлари бизни ичкарига қўйишмади. Хатто, меҳмонхона олдида кутишимизни ҳам исташмади. Улар билан узоқ тортишувдан кейин жамоамизни меҳмонхонага элтувчи кичик йўлда кутадиган бўлдик. Бир томондан асабимиз бироз бузилган бўлса, иккинчи томондан худди инглиз нашрларининг фотомухбирлари ҳар куни топ-клублар футболчиларининг қандай автомобилда машғулотга келишини суратга олиб ўтирадиган вазият кўз олдимизга келди. Делегация 18:40ларда етиб келди. Энди меҳмонхона олдига қараб сумка-ю фотоаппаратлар билан югуриб кетди. Тезроқ кириш олдига бормасак футболчилар ичкарига кириб кетишарди. Тоққа чиқмасанг дўлана қайда дегандан бўлди буёғи.
Эктор Купер ва унинг шогирдларини кўнгилдагидек кутиб ололдик. Бир ярим соат олдин бизни қўймаган ходим эса олдимизга келиб мана жамоангиз келганидан сўнг бемалол расмга олдингиз, муаммо бўлдими деди. Очиғи, унга талайгина гапни айтсам ҳам бўларди. Аммо, биз ҳақимизда салбий таассуротда қолмасин деб ташаккур деб жилмайиб қўйдим.
Меҳмонхона лоббисида терма жамоа ходимлари ифторликдан сўнг махаллий вақт билан 22:00да машғулот ўтказилишини айтишди. Ихтиёримизда 28 км йўл босиб ўзимиз турган меҳмонхонага бориб, кутиб олишдан суратларни сайтга жойлаб яна ортга қайтиб боришимиз учун 2 ярим соатдан бироз кўпроқ вақтимиз бор эди. Бир неча дақиқага кечикиб бўлса-да машғулотга улгурдик. Агар такси ҳайдовчиси йўлдан бироз адашмаганда балки ўз вақтида улгуришимиз ҳам мумкин эди.
МАШҒУЛОТ
Одатдагидек, машғулот жараёни умумий югуриш билан бошланди. Кейин киперларимиз Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Жавоҳир Илёсов ҳамда Ботирали Эргашевлар билан дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков алоҳида шуғулланди. Қолганлар эса Купер бошчилигидаги мураббийлар гуруҳи билан қизиб олувчи қувноқ машқларни бажаришди. Бунда асосан тўп билан ишланди.
Кейин эса Ўйинчилар иккига бўлинди. Биринчи гуруҳ майдоннинг ярмида қанотлар ва марказдан ҳужум қилишни машқ қилган бўлса, иккинчи гуруҳ шунчаки паслар ёрдамида тўпни назорат қилиш устида ишлади. Маълум вақтдан кейин эса 6 нафар футболчи ҳимояланди, яна икки нафари алмашиб туриш учун майдон четига чиқди. Қолган ўйинчилар эса қанотлардан ва имкони бўлганда марказдан ёриб кириш ва вазиятни албатта зарба билан якунлаш устида ишлашди. Бунда ҳимояланган олтиталик доимий алмашиб турди. Яъни, Купер ҳимоявий ўйинчиларимизнинг барчасини синаб кўрди. Машғулот давомида кичик эпизодлардаги курашдан сўнг Элдор Шомуродов бироз лат еди. Бахтимизга шифокорларнинг ёрдамидан сўнг у машғулотни охиригача эркин давом эттирди.
Шунингдек, Санжар Қувватов тўпни ноқулай қайтаргани сабаб бармоғи оғриб қолгандек кўринди. Шукр-ки, у ҳам кейинчалик машқларни яна давом эттирди. Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Аланьядаги биринчи машғулоти қувноқ кайфиятда ўтди.
Шу ўринда қизиқ воқеани ёзиб кетишни афзал билдик. Ўзимиз жойлашган меҳмонхонада ишларни тезда битиргач машғулотга кеч қолмаслик учун такси чақиртирдик. Такси олиб бориши ва қайтиб олиб келиши қанчадан бўлишини айтди ва бизни у ерда кутиб тургани учун яна қўшимча 10 доллар беришимизни қўшимча қилди. Биз эса у ҳолда фақатгина олиб бориб қўйиши кифоя эканлигини ва қайтишда бошқа такси чақиртиришимизни айтдик. Йўлма-йўл такси ҳайдовчисининг суҳбатини олдим. Ўзини Йилмаз деб таништирган бу инсон футболга қизиқишини ва "Галатасарой" мухлиси эканлигини айтди. Мен эса Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўртоқлик ўйини ҳақида билиш ёки билмаслигини сўрадим. Хабари бор экан, кейин унга ҳозир Ўзбекистон терма жамоаси машғулотига кетаётганимизни айтдим. У эса: - Ундай бўлса мен сизларни кутиб тураман ва Ўзбекистоннинг машғулотини томоша қиламан. Эвазига кутганим учун қўшимча пул олмайман деди. Чиндан ҳам футболга қизиқадиган ҳайдовчи машғулотни охиригача майдон ташқарисидан томоша қилиб турди.
Бугун махаллий вақт билан 11:00 (Тошкент вақти билан 13:00)да ўйиндан олдинги матбуот анжумани ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, кечқурун ўйин олди машғулот ҳам бўлиб ўтади. Демак, "Championat.asia"ни кузатишда давом этинг.
Толибжон Қосимов, Жаҳонгир Файзуллаев
Аланья, Туркия
Фикрлар