Ота орзусини амалга оширган ўғил тақдири
22 авг 2019 13:50
Янгиликлар
Балотелли "Брешиа" билан шартнома имзолади. Аслини олганда, бир нечта клублар унга таклиф билдирганди: "Фламенго" ва Россиянинг талайгина клублари. Аммо бразилияликлар Мариони ўзларига қарата олмадилар, "Динамо", "Краснодар" ва "Локомотив"ни Райоланинг шартлари қониқтирмади ва улар ўйинчини сотиб олишдан воз кечдилар (Балотелли йилига 5 миллион евро сўради, агенти ҳам яна худди шунча талаб қилди).
"La Gazzetta dello Sport" маълумотларига қараганда, "Брешиа" италиялик учун ягона — амалга ошадиган вариант бўлиб қолган. "GdS" эса Балотелли ватанига қайтишни истагани учунгина бу таклифга рози бўлди деб хабар берди.
Трансфернинг ўзига хос жиҳати йўқ: шунчаки ўйинчининг бутун оила аъзолари "Брешиа"га мухлислик қилади
Балотелли Палермода таваллуд топган (бироз вақтдан сўнг оиласи Брешиа шаҳрига кўчиб борган). Марио болалигида шифокорлар унга ошқозон яллиғланиши касаллиги борлигини аниқлашган. Болакай бир неча бор қиммат операцияни бошдан ўтказиши лозим эди, аммо биологик ота-онасининг бунга қурби етмасди.
Аммо бошқа бир оиланинг бунга қурби етди: Сильвия ва Франческо Балотелли. Ўша пайт уларнинг 3та фарзанди бор эди, лекин улар яна бир болакайни ўз бағрларига босишдан қочмадилар. Марио интервьюларида Сильвия ва Франческо ҳақида кўп гапиради: "Менинг ҳақиқий ота-онам Брешиада яшайди. Бир куни тутинган отам мени уйга — биологик ота-онам ёнига олиб борди. Аммо улар эшикни очишни ҳам исташмади. Шундай экан, улар мен учун йўқ. Қачонлардир ёнимга келиб, соғиндим дея айтишади деб ўйламайман ҳам".
Франческо Балотелли бутун умри давомида "Брешиа"га мухлислик қилди ва ўғлини шу клуб сафида кўришни истади. Бироқ бунга икки нарса ҳалал берган. Биринчиси – Балонинг фаолияти жуда тез ривожланиб кетди. Натижада топ-клублар унга катта қизиқиш билдира бошлади. Иккинчиси – Балотелли "Ливерпуль"да ўйнаётган кезлари, 2015 йилда Франческо оламдан ўтган.
Марионинг сўзларига қараганда, Сильвия, Балонинг тутинган онаси ўғли болалиги ўтган масканга қайтаётганини эшитиб роса йиғлаган. "Отам? У "Брешиа"га мухлислик қилган. Агар у ҳозир ҳаёт бўлганида, унинг севимли жамоасига ўтганимни кўриб боши осмонга етган бўларди", – дейди Балотелли Италияга қайтганидан сўнг.
Балотеллини пул билан ром қилганларига қарамай, барчасига жиддий киришган кўринади
Балонинг айтишича, у Англияда тўп тепаётган кезлари унга "Брешиа"дан таклиф бўлган экан. Ўшанда у клуб президенти билан учрашган, бироқ ҳали топ-клубларда ўйнашга кўзи етгани учун Италия клубига рад жавобини берган.
Орадан уч йил ўтди. Балотеллининг трансферига Мино Райола бош-қош бўлди. Марио эса янги жамоада ўзини кўрсатишга тайёрлигини айтмоқда. "Ҳеч қандай қийинчилик юзага келгани йўқ. Мен ҳеч нарсадан қўрқаётганим йўқ, ҳаммаси жойида. Мақсадим — жамоа иложи борича кучли бўлиши. Мен клубдошларимни, улар эса мени қўллаб-қувватлашлари шарт. "Брешиа" таклифини эшитганимда, бошқа нарсалар ҳақида ўйламай ҳам қўйдим. Бошқа жамоаларга қараганда, бу клубга кўпроқ нарса бера олишимга ишонаман. Бу менинг ватаним", – дейди ўйинчи.
Балотелли учун энг олий мақсад — Италия термаси сафида Евро-2020га бориш. Олдига қўйган кейинги мақсади эса — "Интер"да ўйнаган даражасига оз бўлса-да яқинлашиш ҳамда А Серияда мунтазам равишда гол уриш. Балотелли "Брешиа" билан узоқ муддатли шартнома имзолаган (ҳақиқатдан ҳам, клуб расмий сайтида трансфер тафсилотлари аниқ кўрсатилмаган). Бироқ агар иш режадагидек кетмаса, Бало ўзини суғурта қилдириб қўйган.
Аниқроқ қилиб айтсак: Жанлука Ди Марционинг хабар беришича, агар "Брешиа" 2019/20 йилги мавсумдан кейин Б Серияга тушиб кетадиган бўлса, Балотелли шартномани бекор қилиши мумкин. Бошқа тарафдан эса, ҳозирда унинг маоши йилига 3,5 миллион еврони ташкил қилмоқда. Агар "Брешиа" кетма-кет икки мавсум элитада ўйнаса, футболчининг ойлиги 4,5 млнгача кўтарилади. Ди Марционинг ёзишича, "Брешиа"да А Сериядаги ўрнини сақлаб қолса, ундан кейинги йилларда Марионинг маоши 3 миллион еврога ошиб боради.
Балотеллининг тақдимотидан сўнг, "Брешиа" бош мураббийи Эудженио Корини шундай деди: "А Сериянинг бошқа жамоалари билан қиёслаганда, "Брешиа" катта жамоа эмас. Ном ва молиявий томондан бир қанча жамоалар биздан устун, буни тан олиш керак. Шунинг учун, биз кучли, лекин арзон ёки эркин агентларни сафимизга қўшиб олишга ҳаракат қиламиз. Балотелли – ажойиб ўйинчи. Бизга ана шундай дунё танийдиган футболчилар керак. Маркизио? Ҳозирча бир нарса дея олмайман, воқеалар ривожини кузатиб боринг".
Қизиқарли ҳолат: Балотелли "Брешиа" сафида 5-тур, "Ювентус"га қарши баҳсда дебют қилади. Ўтган мавсум Лига 1 нинг сўнгги — "Монпелье"га қарши баҳсда Бало ўйиндан четлаштирилган ҳамда 4та учрашувда майдонга тушиши тақиқланган. Шу сабабли, Балотелли бу жазони А Серияда ўтайдиган бўлди.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар