

Ушбу баҳс ғолиби 7 февраль куни Саудия Арабистонида "Ал Фатеҳ" меҳмони бўлади. Ана ўша учрашув ғолиби ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичига йўл олади.
Биз ўқувчиларимизга Ўзбекистон клубларининг ўтган йилларда Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичида қандай иштирок этишгани ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Мусобақа айнан Осиё чемпионлар лигаси деб атала бошланган 2002-2003 йилги мавсумда икки клубимиз плей-оффда ўйнаган. Фарғонанинг "Нефтчи" клуби дастлаб Яманнинг "Ал Аҳли" клубини икки ўйин натижасига кўра 8:1 (6:0, 2:1) ҳисобида таслим қилган. Иккинчи саралаш босқичида Саркисян шогирдлари Осиёнинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланган Теҳроннинг "Истиқлол" клубига қарши тенгма-тенг ўйин ўтказишган. Фарғонада 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган "Нефтчи" сафарда 0:1 ҳисобида ютқазиб фақатгиина сафарда урилган гол қоидаси туфайлигина гуруҳ босқичидан четда қолганди.
Ўша йил Тошкентнинг "Пахтакор" клуби илк босқичда Қатарнинг "Ал Иттиҳод" клубини икки ўйин натижасига кўра 6:4 (3:4, 3:0) ҳисобида мағлуб этиб навбатдаги босқичга чиққанди. Ҳал қилувчи босқичда "шерлар" БААнинг "Ал Аҳли" клубини иккала учрашувда ҳам (3:2, 1:0) мағлуб этиб гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишганди.

Шундан сўнг узоқ вақт клубларимиз плей-оффда ўйнашмади. Фақат 2012 йилга келибгина Фарғонанинг "Нефтчи" клуби гуруҳга чиқиш учун саралашда қатнашди. Дубайнинг "Ал Шабаб" клубига қарши ўтган ўйинда Азизбек Ҳайдаров жамоадошлари 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб "Нефтчи"ни мусобақадан чиқариб юборишганди.
Бир йил ўтиб Тошкентнинг "Локомотив" клуби мусобақадаги дебютини айнан шу босқичда ўтказган. БААда "Ал Наср"га қарши ўтган учрашувда "темирйўлчилар" 2:3 ҳисобида аламли мағлубиятни қабул қилиб олишганди ҳамда ОЧЛ билан жуда тез хайрлашишганди.
2014 йил бир йўла икки клубимиз омадини плей-оффда синаган. Қатарда "Ал Жайиш" меҳмони бўлган Қаршининг "Насаф" клуби 1:5 ҳисобидаги йирик мағлубият билан ортга қайтган эди. "Локомотив" эса Тошкентда "Қувайт СК" клубини қабул қилиб 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйган ва кетма-кет иккинчи бор гуруҳ босқичига чиқиш имкониятидан фойдалана олмаган эди.

2015 йилги мавсумда "Бунёдкор" ОЧЛ плей-офф босқичида илк бор ўйин ўтказган. БААнинг "Ал Жазира" клубига қарши Тошкентда кечган баҳсда "қалдирғочлар" 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиқишганди.
Ўтган йил ҳам айнан "Бунёдкор" ушбу босқичда майдонга тушган. Бу сафар ҳам "қалдирғочлар"га омад кулиб боқди. Азиз Ҳайдаров бошчилигидаги "Ал Шабаб" Тошкентдан 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олганди.
Юқоридаги ўйинлар тарихга айланиб бўлган. Қаршининг "Насаф" клуби плей-оффда бир марта ўйнаб йирик ҳисобда мағлуб бўлгани ҳам тарихда қолган. Бугун "аждарлар" ўзлари учун янги тарих яратишади. Бу тарих Рўзиқул Бердиев жамоаси учун ғалабали бошланишига умид қиламиз.
Нарзулла Сайдуллаев



