Олий лига ва МТЖдаги эътиборсиз, аммо жиддий МУАММО
06 авг 2015 14:05
Янгиликлар
Олий лига ва МТЖдаги эътиборсиз, аммо жиддий МУАММО
Бугунда таэквандо, курашнинг бир нечта тури, бокс, оғир атлетика, каноэ ва эшкак эшишда ҳамюртларимиз дунёда ўз ўринларига эгалар. Керак бўлса улар жаҳон чемпионлари. Теннисда Истоминнинг ҳам натижаси ёмон эмас. Лекин футбол, гандбол, баскетбол, волейбол каби спорт турларида биз ҳали ҳеч нимага эришганимиз йўқ. Буларнинг ичида футбол молияси барча спорт турларини қўшса ҳам устунликка эга.
Лекин натижа йўқ!
Сабаби, муаммони эртароқ айтиб қўя қолай, витаминлар йўқ!
Нега яккаликларда муваффақиятга эришяпмиз. Спортнинг бу турларида жамоада нари борса 4 нафар спортчи бўлади. Республика бўйлаб сараланиб олинган спортчига федерация барча шароитни яратиб беряпти. Витамин дейсизми, машғулот ўтказиш учун база, сафарлар ва мусобақалар. Яна спортнинг бу турида қатнашадиган спортчилар футболчиларга ўхшаб 50 даража иссиқда тобланмайдилар, кондиционери бор заллар мавжуд. Хуллас улар ўзлари учун ишлаяптилар ва натижага эришяптилар. Бу спортчилар бир ойда нари борса 2-3 миллион сўм ишлаб топадилар, лекин улар жаҳон чемпиони. Улар ҳам бир ойда 5-10 миллион сўм ишлаши мумкин, лекин унда витамин харид қила олмайдилар, салқин залда эмас очиқ майдонда машғулот қиладилар. Чет эл сафарларига эмас, ўша очиқ майдонда четга чиқмай ўзаро баҳс бойлаб юраверадилар. Мана шу ери футболимизга ўхшаб кетдими? Иссиқда шуғулланиш, катта маошлар, тузукроқ машғулот базасининг йўқлиги, спарринг рақибларнинг ўзимиздан савияси пастлиги...
Аслида футболда ҳам таэквандо, кураш ёки оғир атлетикага ўхшаб ишласа бўлади. Лекин бунинг учун Давлат томонидан ажратиладиган пулларни тенг тақсимлай олиш лозим. Биздаги асил муаммо ҳозир шунда бўлиб турибди. Биринчи навбатда, ҳали бирон нарсани қойил қилмаган футболчининг манфаати устун туради. Мураббийнинг ҳам.
Энди асосий мавзуга қайтсак. Олий лига ва МТЖ раҳбарлари ВИТАМИНИЗАЦИЯни йўлга қўймас эканлар, биз муваффақиятга эриша олмаймиз. Темур Кападзе айтганидек, витаминни овқат ёрдамида ёки махсус химия воситалари орқали танага юбориш керак. Витамини мавжуд бўлмаган клубларнинг менюсида ҳам калориялар мавжуд эмас. Яқинда бир танишим биз ўйинчиларга банан берамиз деди. Бананнинг ўзига ҳозир витамин керак-ку?
Олий лига жамоалари 45 нафар футболчини мавсум учун рўйхатдан ўтказадилар.
Бир-иккита клубни инобатга олмаса, олий лигадаги қолган 14 жамоанинг ўринбосар ва асосий таркибидаги еб-ичишда фарқ катта бўлади.
Гўштли овқат асосий таркибга, суяклиси эса ўринбосарларга. Ўринбосарлар столида банан бўлмайди. Ўринбосарлар таркиби аъзолари аввал асосий таркибнинг овқатланишини кутадилар. Асосий таркиб қорнини тўйдириб олганидан кейин клуб шифокори ҳар бир футболчига, фойдаси деярли тегмайдиган таблеткаларни бериб кетади. Асосий таркиб аъзоларининг ярми уни истеъмол қилади, ярми столда қолдиради. Ўринбосарлар эса бу нима экан деб ҳайрон бўлиб тураверади. То улар ҳам йиллар ўтиб асосий таркибга қўшилмас эканлар, қолган-қутган билан кун ўтказиб туришга мажбур. Жа ошириб юбормадими муаллиф? Йўқ! Ўзим кўрганим, гувоҳ бўлганим ва иштирок этганим!
Энди ўзингиз ўйланг, асосий таркиб футболчиси қандай қилиб асосийга кирсин. Оддий еб-ичишда тенглик йўқ. "Барселона" академияси ҳақида маълумот олганимда, клуб директори шундай деганди:
- Нима учун бизда академия тарбияланувчилари асосий таркибга биринчи кунданоқ кириши кетишади? Сабаби оддий, асосий таркиб нима иш билан шуғулланса, академияда ҳам шу нарса муҳайё. Еб-ичиш дейсизми, витаминизациями, машғулот майдони ва экипировкаларнинг сифати. Ҳамма ҳаммаси бир хилда. Шунинг учун улар асосий таркибга ўтганида ўзлари учун янги нарсани кашф қилмайдилар.
Мана тенглик қаерда бўлиши керак. Бизда ўринбосарлар таркиби ҳаттоки клуб экипировкасини олмайди. Шунга арча байрам. Биттаси "Челси"да, биттаси "Реал" "иштони"да кўчада юрганини кўрасиз. Бу билан клубга қандай мехр уйғотиш мумкин? Ўринбосарлар эса бир икки йил аввал камида 50 маротаба кир машинасига тушиб, сифатини йўқотиб бўлган футболкаларда, орқадаги ФИО ўрнига ўша рангга мос ёпиштирилган латталар билан чемпионатни ўтказадилар.
Хуллас футболдаги муаммо тубига шўнғиганингиз сари у даҳшатли кўриниш олаверади.
Энди витаминизацияга қайтсак. Агар клуб раҳбарининг ақли бўлса, футболчига аввало унинг манфаатини тушунтиради. Витамин билан сени катта қиламиз, лекин маошинг сал пастроқ бўлади дейди. Қаланғи-қасанғи легионерларни олиб келиб 4 ой ўйнатиб қўйиб юбормайди. Ўзбекистон чемпионатида легионер энг камида 3000 АҚШ доллари учун келади. Уларнинг ичида 15 000гача оладиганлари ҳам йўқ эмас. 5 ойда энг ками 15 000 топса, улардан учта бўлса, 45 000 АҚШ долларига клуб омборини 3 йилга етадиган витамин билан тўлдириб ташласа бўлади. Лекин раҳбарларга бундан наф йўқ! Уларга пул йил давомида тугатилса бўлди, киссага ҳам озроқ қолиши керак. Шуни ҳалоллаб олиш йўлини ўйлаш йўқ. Бечора мухлисга эса чўпчак айтишади, "ҳакам эзди", "рақиб ўйинга таъсир ўтказди", худдики ҳамма ўйинда ўзи ҳалол ўйнаб қўйгандек.
Энг клублардаги бу муаммо МТЖда ҳам мавжуд. Нега МТЖ кеч салқинда машғулот ўтказади, ёшлар ва ўсмирлар қуёш ҳамон тик турганида. Нега витаминлар йўқ, бор витаминни ҳам номи витамин, аммо организмни тиклаш талабига жавоб бермайди. Хуллас сал бўлса-да, нима учун муваффақиятга эриша олмаётганимизни тушунтиришга ҳаракат қилдим...
Нодирхўжа Юлдашев.
Фикрлар