UZ

Сўнгги янгиликлар

21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  1 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  26 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  5 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  8 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14 16:49Эшитдик-да! "Андижон" икки нафар легионер билан шартнома имзолайди   18

Ойбек Қиличев: “Эронда қийинчиликларга дуч келмаяпман” Янгиликлар

Ойбек Қиличев: “Эронда қийинчиликларга дуч келмаяпман”

Биласиз, охирги пайтларда футболчиларимизнинг Эронга йўл олаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез учрамоқда.
Масалан, “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Ойбек Қиличев кейинги фаолиятини айнан Эрон чемпионатида ўтказишга қарор қилди. Иқтидорли ўйинчига маҳаллий “Пайкон” жамоасидан таклиф келиб тушгач, футболчи у ерга кетишга қарор қилди.

Унгача Фозил Мусаев билан Руслан Мелзиддинов ҳам форс юртига кўчиб ўтишганди. Қиличев ҳам улар қаторида Эронда тўп сурадиган бўлди. Суҳбат давомида унинг “Пайкон” билан бир ярим йилга мўлжалланган шартнома қўл қўйганлиги маълум бўлди.   

- Ойбек, “Пайкон” таклифи ҳақида биринчи бўлиб кимдан эшитдингиз?
- 29 декабрь куни агентим орқали эшитдим. У менга Эроннинг “Пайкон” клуби томонидан қизиқиш бўлаётганини айтди.



- Ўтган мавсумни ажойиб ўтказдингиз ва “Пахтакор” билан чемпионликка эришдингиз. Бундай вазиятда эронликларнинг таклифини қабул қилишингиз ўйлантириб қўймадими?
- Ҳа, бошида бу таклиф устида ўйлаб кўрдик. Кейин бу ерга келиб жамоанинг шароитлари билан яқиндан танишишга қарор қилдим. Очиғи, “Пайкон” жамоаси менга ёқиб қолди. 10 кун давомида машғулотларда қатнашган бўлсам у ердаги барча билан яхши муносабат ўрната олдим. Бундан ташқари яқин дўстим Фозил Мусаев Эроннинг “Сепаҳон” клуби билан шартнома тузганди. Шунингдек, Руслан Мелзиддинов ҳам фаолиятини шу чемпионатда давом эттирадиган бўлди. Баҳодир Насимов эса биздан олдин келган. Шунинг учун ҳам ушбу таклифни қабул қилишга жазм этдим.

- Табиийки, янги жамоага чемпион футболчи сифатида етиб бордингиз. Бу эса сизга бўлган эътиборни янада ошираётган бўлса керак?
- Ҳа, албатта. Ўзингиз яхши биласиз “Пахтакор” номи билан машҳур клуб. Уни ҳамма жойда билишади. Умуман, у ерда менга бўлган муносабат жуда яхши.

- Ойбек, “Пайкон”да сизни ўзига жалб қилган дастлабки нарса нима бўлди?
- Бу мен учун янги чақирув бўлгани сабабли ўзимни бу ерда ҳар томонлама кўрсатиб ўзбек футболининг даражаси баландлигини намойиш этиб бермоқчиман.

- Олдин БАА чемпионатида тўп сурганингизни яхши биламиз. Энди бўлса Эрондасиз. Бу борада қандай фарқларни кўряпсиз?

- Фарқини ҳали бери унчалик сезганим йўқ. Лекин бу ерда футбол анча қаттиқ ва кескин курашларга бой тарзда ўтади. Умуман айтганда, легионер бўлиш ўйнашнинг мушкулликлари бор.

- Биламизки, Эронда жисмонан бақувват футболчиларга алоҳида эътибор қаратилади. Шу жиҳатдан сизга қийинчиликлар бўлмасмикин?
- Ишонаманки, бундай бўлмайди. 10 кун ичида икки марта ўртоқлик учрашувида иштирок этдик. Бу ўйинлар менга манзур бўлди. Нимагаки, мен ҳам ўйинлар чоғида кўпинча қўполликлар ишлатиб тураман. 2-3 марта яққол ўйин қоидасини бузсам ҳакам сариқ карточкасини ҳам кўрсатгани йўқ. 



- Бундан чиқди, у ерда қўполликларга у қадар жиддий эътибор берилмас эканда? Яъни, футболчилар учун эркинлик яратилган, шундайми?

- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади.

- “Пахтакор” яқинда Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокини бошлайди. Наҳотки, ўз жамоангиз билан халқаро майдонда тўп суриш сизни қизиқтирмаган бўлса?!
- Албатта қизиқтирди. Сизга шуни айтмоқчиманки, биз мураббийлар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутдик. Қолаверса, ўзимни Эрон чемпионатида ҳам синаб кўргим келди. Вақти келиб яна ўз чемпионатимизда ўйнашимга улгураман. 

- Янги жамоангиз Эрон чемпионатида ўртамиёналардан бири бўлиб турибди. Қизиқ, клуб қандай мақсад учун курашяпти?
- Жамоа олдига аниқ мақсад қўйилган. Кейинги йили Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш асосий вазифа қилиб белгиланди.

- Сизнингча, нима учун Эрон чемпионатида ўзбекистонлик футболчилар сони кўпаймоқда? Бунинг сабаби нимада?
- Чунки Ўзбекистон футболи Осиёда етакчилари қаторида эътироф этилади. Шунинг учун ҳам ўзбек ўйинчиларига таклифлар билан мурожаат қилишяпти.

- Эътиборлиси бирданига бир қатор футболчиларимиз Эронга жўнаб кетишди. Бу сизга ҳам қизиқми?

- Йўқ, нега энди? Эрон клубларини ҳам футболга янада қизиқтиришдан далолат беради.



- Бу ерда Мусаев, Насимов каби ҳамюртларингизга қарши тўп суриш сизга қандай туюляпти?
- Ҳа, бу ҳақида ўйлаб кўрдим. Менимча, шу томони ҳам анча қизиқарли кўринади.

- Айтингчи, клуб ичидаги муҳит қандай?
- Ҳаммаси яхши. Клубнинг ички тизимини ва ундаги муҳитни кўрдим. Бу ерда яратилган шароитлар борасида нолишга ҳожат йўқ. Барчаси кўнгилдагидек деган бўлардим.

- Дарвоқе, Эронда тил борасида муаммога дуч келмаяпсизми?
- Биласиз, форс тили тожик тилига ўхшашиб кетади. Шунинг учун эронликларнинг сўзлашувини тушунса бўлади. Ҳар холда мен ҳам тожик тилини биламан. Чунки онам тожик. Бундан ташқари инглиз тилида ҳам гаплаша оламан. Энг қизиғи, ёрдамчи мураббий рус тилида гаплашишни билар экан. Шунинг учун бу борада муаммо бор деб ўйламайман. Ҳаммаси жойида. Шунингдек, жамоамдагилар мендан юртимизда қайси клублар чемпионлик учун курашишини ва уларнинг номларини сўрашди. 

- У ерга мослашишда кўпроқ ким ёрдам беряпти?
- Мен бундан олдин ҳам хорижда ўйнаганим учун бу сафар мослашишда қийинчиликларга дуч келмадим.

- Ҳозир қаерда истиқомат қиляпсиз?
- Айни пайтда шаҳардаги “Олимпик” меҳмонхонасида яшаяпман. Яқин орада менга алоҳида уй ажратиб беришмоқчи.

- Нима деб ўйлайсиз, Эрон чемпионати Ўзбекистон чемпионатидан кучлироқми?
- Бу ҳақида ҳозирча бир нарса айта олмайман.

- “Пайкон”нинг янги футболчиси сифатида маҳаллий журналистлар сиздан интервью олишдими?
- Ҳозирча ҳеч кимга интервью берганим йўқ. Бугун шартномага қўл қўйдим (суҳбат 15 январда бўлган).



- Шартнома имзолашингиз бироз чўзилиб кетмадими? Негаки, сизни янги клубга қўшилганингизда дарҳол имзо чекасиз деб ўйлагандик.

- “Пайкон”га боришим билан дастлаб тиббий кўрикдан ўтдим. Унинг жавоблари чиққунига қадар жамоа бошқа ёққа тайёргарлик ўтиш учун жўнаб кетди ва табиийки мен ҳам бирга кетдим. Ахир тиббий кўрикдан жавоблари қачон чиқаркин деб кутиб ўтирсам cпорт формамни йўқотиб қўйишим мумкин эди. Йиғиндан қайтиб келганимиздан кейин бир ярим йиллик шартномага қўл қўйдим.

- Йиғинни қаерда ўтказдинглар?
- Киш деган жойда. Дубайга яқин экан. Аммо Эрон ҳудудида жойлашган.

- Балки, Эрон чемпионати сиз учун олдинга ташланган қадамдир?
- Шундай деса ҳам бўлади. Ҳаммаси фақат Худодан. Ўзим эса ҳаракат қилишда давом этавераман. “Пайкон”да мендан ташқари яна тўртта легионер бор. Уччаласи ҳам бразилиялик футболчилардир. Улардан бири Самуэл бўлиб, у ўз вақтида Англиянинг “Болтон” клубида тўп сурган. Яна бир ўйинчи босниялик. 

- Сир бўлмаса, “Пахтакор”га қараганда, бу ерда яхшироқ ҳақ тўлашадими?
- Келинг, бу сир бўлиб қўя қолсин.

- У ерда яқин дўстингиз ким?
- Асосан легионер футболчилар билан яқин бўлиб қолдим.

- Шаҳар ҳам ёқдими?
- Албатта шаҳар ёқди, жуда ажойиб. Техронда олдин ҳам бўлганман.

- Янги жамоангиз билан муваффақиятларга эришишингизни тилаб қоламиз.
- Раҳмат. Дарвоқе, “Андижон”ни қачон кучайтиришади? Менинг номимдан унинг ашаддий мухлисларига саломимни етказиб қўйинг.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика