Одил ва Азиз, қалбларга "ўт ёқинг"!
04 сен 2017 12:51
Янгиликлар
Одил ва Азиз, қалбларга "ўт ёқинг"!
Агар ғалаба қозонсак, Эрон ўз майдонида ютқизмаса биз тўғридан-тўғри ЖЧга йўл оламиз. Эрон - Сурия ўйининисиз ҳам ЖЧ ўз қўлимизда. Шунинг учун ҳеч бўлмаса шу учинчи ўринни эгаллашимиз учун ҳам эртага терма жамоамиз ғалаба қозониши шарт.
Яна бир нарсани айтиб ўтайлик, Ўзбекистон терма жамоаси Хитойга мағлубиятга учрагач, энг кўп танқидий мақолаларни ёзган сайт бўлдик. Шунинг учун "дух-пух" деган гапларни қилмаслигингизни сўраймиз. Пайти бўлади ер билан битта қилиб танқид қилинади, пайти бўлади далда берилади. Ўзбекистондаги барча-барча ЖЧни истаб турган бир пайтда, бир кишига тескари кетиб, уни ЖЧсиз қолган аҳволини кўришни ният қилиш тўғри бўлмасди. Келинг, ЖЧга чиқиб олайлик, қолганини 12 сентябрь куни катталарни ўзлари ҳал қилиб беришсин.
Эртага ўйин, кассада чипталар қолмаган. Кассадаги чипталар ҳақида ҳарчанд гапирмайлик, фойда бермади. Марказий секторларнинг яхши-яхши жойлари касса кўрмай, кассада тугади. Эътироз қилманг жаноби чиптафуришлар, ўйлайманки, ўзгариши кутилаётган ЎФФнинг режасида Сизлар ҳам албатта борсизлар, қачондир адолат зафар қучиши керак.
Аҳмедов МТЖ учун жонини бермайди дейдиганлар, Хитой билан ўйиндан кейин унинг ҳолатини кўрдингиз. Аслида Эрон билан ўйиндан сўнг унинг кўзига Хитойдаги миллионлар ҳам кўринмай футболчилик фаолиятига нуқта қўймоқчи бўлди. Рост гап бу. Бугун қариб қолган бўлсада, Гейнрихда шундай ватанпарварлик бор. Виталик учун ҳам бу сўнгги имкониятлигини яхши билиб турибди, истаяпти-ки, у берган тўплар ярим ҳимоячига бориб етса, лекин Одил билан Виталик нима қилсин, улар ўзбек футболидан ўтиб кетишган бўлса. Ёдингизда бўлса бир пайтлар Шишеловни ярим ҳимоячиларимиз топгунига қадар у ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қолаверади. Жанубий Кореядан фарқли равишда, Ўзбекистон терма жамоасида икки хил савиядаги футболчилар бор. Истаймизми, йўқми тарози палласидаги тош Кореяни босади.
Лекин... Лекини шунда-ки, Корея истаган пайти ЖЧга чиқиб олади. Кореядаги аксар футболчилар ЖЧда тўп тепканлар, тепмаганлари Қатарга боришлари аниқродек. Аммо Аҳмедов, Денисов, Нестеров ва Исмоилов учун бу сўнгги имконият, Ҳайдаров ҳозир асосий таркиб аъзоси бўлмасада ЖЧга муносиб фаолият олиб борди. Айнан шуларни даҳшатли тарзда қўллаб-қувватлайлик-ки, стадион ларзага келсин. Ҳисоб рақиб фойдасига 0:1 бўладими, 1:2 бўладими, шундай қўллайлик-ки, рақиб ўзини йўқотсин, ўзбек ўзида ирода топсин. "Камбэк" кўрмаганимизга йиллар бўлиб кетди. Аввало яхши ният, гол ўтказмайлик, ўтказсак ҳам рақиб бизни гол билан тақиб қилсин, биз уларга жавоб бермайлик. Лекин гол ўтказиб юборсак биринчи бўлиб, дарров футболчиларни ҳақоратламай турайлик, илтимос қилардим-ки, ҳакамнинг ўйин якунига етишига оид ҳуштаги чалинмагунига қадар МТЖни қўллайлик, билиб қўйишсинки, ундан кейинги авлод мухлис фақат ва фақат улар учун қайғуришини. Шундай атмосфера яратайлик-ки, футболчиларнинг кўзидаги сўниб қолган олов учқунларини аланга олдириб юборайлик. Бир кун, бор йўғи 90 дақиқа. Фақат мағлубиятга учрамасак бўлгани, кейини ўзимизнинг қўлимизда, тақдиримизга битилган бўлса олис йўл билан бўлсада борамиз яқинимиздаги Россияга. Ўзбекистон - Қувайт ўйини ёши катталарнинг ёдида бўлса керак?
Балки бу гапларни қайсидир футболчилар ҳам ўз дилидан ўтказаётган бўлсалар ажаб эмас. Лекин улар учун ҳозирча матбуот ёпиқ. Туппа-тузук ўйнайдиганлари ҳам гапиришдан чўчиб қолди. Қартабозларни эса 12 сентябрдан кейин йўқотамиз, фақат ҳозир буни пеш қилмай турайлик.
Шу нарса аниқ бўлиб қолди-ки, бугунги ҳолатдан кейин Аҳмедов, Денисов, Исмоилов ва Нестеров МТЖ мағлубиятга учраса МТЖдан кетиш ҳақида ўйлаяптилар. Лекин шаҳсан мен МТЖни бу тўрт футболчисиз 2018 йилда тасаввур ҳам қила олмайман. Ўзи шундоқ ҳам емирилиб бўлган терма жамоамиз, уларсиз қандай кунга тушини ўйлаб кўринг-а? Кўп эмас, бор йўғи икки нафар футболчи, Алвеш ва Хависиз "Барселона" нима бўлди? Бу "Барселона", оддий клуб бўлса бошқа эди, "Барселона" бўлиб уларнинг ўрнига ўйинчи топа олмади, биз қаердан топамиз?
МТЖдан ким кетса, кетсин, лекин бу тўрттови эмас. Эртага мағлубияга учраган тақдиримизда ҳам уларни сўкманг, илтимос! Улар борини берди, биронта ўйинга беписанд қарамади. Бошқалар беписанд қаради деб айтмайман, бошқаларни кучи ва малакаси етмади.
Ҳаммаси ўз қўлимизда. Ҳайдаровдан илтимосим, бугун тунда барчани йиғсин, бир ўзи. Мураббийлар штаби аралашмасин. Йигитларни кўзига ўт ёқсин. Бисотидаги барча таъсирли гапларни айтсин. Азизни ёшлигидан биламан, отаси жуда истаган эди машҳур футболчи бўлишини, машҳур бўлди. Лекин отаси раҳматлини яна бир армон бор эди, у ҳам бўлса ЖЧга чиқиш.
Одил, тўғри камгапсан. Майдонда жангчисан, лашкарбошисан, лекин бугун Амир Темур бўлиб барча-барча "аскарларни" эртанги жанг олдидан қалбига ўт ёқ.
Бизни дуранг қониқтирмайди, бизга фақат ғалаба керак. Ўйинни бошиданоқ рақибни таслим этайлик. Анзур, сен ва Игнатга ишонамиз! Анзур бу сафар хато қилишга ҳаққинг йўқ! Анзур, футболчилар ўйламасин бизни душман деб, биз бир жамоамиз, вазият шуни тақозо қилди!
Қатар ютган, Хитой ютган, Эрон ютган Жанубия Кореяни нега биз ютмайлик? Бир ўйинга, 90 дақиқага куч топинг! Сиз буни албатта бажарасиз!
Афсуски, мени ўзим бу ўйинда бўлмайман. Лекин жуда истардим, ЖЧ чиптасини Сизлар билан бирга қўлга киритишни!
Кеча таксида кетар эканман, ҳайдовчи айтди:
- Агар МТЖ ЖЧга чиқса, босиб ишлайман, Россия яқин, кўчада ётиб бўлса ҳам битта ўйинга тушаман.
Кўрдингизми, сиз учун кўчада ётишга тайёр ишқибозингиз бор!
Нодирхўжа Юлдашев
Фикрлар