Нур сочмай қўйган юлдуз
24 окт 2016 10:01
Янгиликлар
Нур сочмай қўйган юлдуз
Ваҳоланки, тур ортидан тур ўтиб, чемпионат оралиқ маррага яқинлашмоқда. Юлдузларга эса маҳоратларини кўрсатиш насиб этмаяпти. Марҳамат, жилосини йўқотган юлдузлар билан танишинг.
Оливье Жиру, «Арсенал»
Бу футболчини ҳозирча ҳеч ким топ-ҳужумчилар қаторига қўшган эмас. Франциялик ҳужумчининг «замбараги» қандайдир самара келтириши учун жамоадошлари уни доимий равишда снаряд билан таъминлаб туришлари лозим. Акс ҳолда, Жиру симёғочдек қаққайиб тураверади. У аввалги мавсумни ўртача 20та гол билан якунлаганди. Жорий мавсумда Арсен Венгер ўйин услубини бироз ўзгартириб, Алексис Санчесдан кўпроқ фойдаланмоқда. Чилилик легионер ҳозирча мураббий ишончини оқлаётгани боис, Европанинг вице-чемпиони «Эмирейтс»нинг шинам ўриндиғини тарк этолмаяпти.
Риёд Маҳрез, «Лестер»
Аслида «Лестер»нинг барча ўйинчиларини ҳеч иккиланмай мавсум стартидаги омадсиз иштирокчилар сафига киритиш мумкин. Ўз унвонини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ҳатто ЕЧЛ ҳудудидан жой олиш ҳам амалдаги чемпион учун осон бўлмаслигини кўпчилик мутахассислар башорат қилишмоқда. Клаудио Раньерининг ярим ҳазил, ярим чин эътирофи ҳам ўта камтарона бўлди: «Мақсадимиз - 40 очко тўплаш. Илтимос, кулманг!».
Ўтган мавсум 10та имкониятдан 9тасини голга айлантирган Варди ҳозирда 7та учрашувдаги бир жуфт аниқ зарбаси билан мухлислардан узр сўраётган бўлса, Риёд Маҳрез атиги битта гол урди. Ягона гол эса пенальтидан амалга оширилди. Жамоадошларини тўп билан таъминлаш борасида ҳам жазоирлик вингер етарлича танқидга лойиқ. Тўғри, ЕЧЛдаги «Брюгге»га қарши баҳсда бельгияликлар дарвозасини икки бор ишғол этиб, ўзини бироз оқлагандек бўлди. Аммо АПЛда қачон чемпионга хос тўп суради?!
Генрих Мхитарян, «МЮ»
«қизил иблислар» таркибида ҳам чемпионатни талаб даражасида ўтказа олмаётган юлдузлар анчагина. Поль Погбага барқарорлик етишмаяпти. Руни майдонда «йўқолиб қолмоқда», маъшуқасидан айрилган Мартиаль ҳали ўзига келмади. Лекин Генрих Мхитаряннинг салбий жиҳатлари ҳаммасидан ошиб тушмоқда. Дортмундда энг ёрқин етакчилардан бири бўлган футболчи «МЮ»да умуман сезилмаяпти, қанот бўйлаб рейдлар уюштирмаяпти, тўп учун курашишда ҳам фаол эмас. АПЛда айнан шу хусусиятлар талаб этилади. Яхши спорт формасида эмаслиги боис, Моуриньо унга кўпроқ имконият бермаяпти. Боз устига, Генрих ўзининг одатий позициясида эмас. қисқаси, Мхитарян - «олтин қафас» маҳбуси.
Гари КЭЙХИЛЛ, «Челси»
Йил сайин «темир» Жон Террининг «занги» қалинлашиб бормоқда. Шу боис, «Челси»га келаётган ҳар бир мураббий сардорнинг ўрнини боса оладиган номзод устида бош қотиради. Терри майдонга тушаётган паллада Гари Кэйхилл аста-секин унга тенглашишга интилди. Тажрибали фахрийнинг кўмагисиз «кўклар»нинг етакчи ҳимоячиси бўла оладими? Вақтида Бенитес Гарини Давид Луиз, Моуриньо Зума билан жуфтликда синаб кўришганди. Бироқ Кэйхилл ҳозирда ҳам тез-тез хатога йўл қўйиб туради, позиция танлашда зеҳни ўткир эмас. Муҳими, дастлабки ҳужумкор узатмани амалга оширишни билмайди. Буларнинг барчаси Антонио Конте учун жуда зарур бўлган хислат. Шу сабабли инглиз матбуотида мураббийнинг ҳимоячи фаолиятидан қониқмаётганлиги ҳақидаги хабарлар кўпайиб бормоқда. Ҳатто Кэйхиллни трансферга қўйиш варианти ҳам йўқ эмас.
Марказда ишончли тўп суриши башорат қилинганлардан Н~Голо Канте ҳам талаб даражасига кўтарилмади. Франциялик ёш ҳимоячи учун ўзини ўнглаб олиш учун вақт ҳам, имконият ҳам етарли. Кэйхилл учун эса вазият тобора кескинлашиб бормоқда - навбатдаги биргина хато жамоани тарк этишига сабаб бўлиши мумкин.
Жакомо БОНАВЕНТУРА, «Милан»
Бу футболчи 2015|2016 йиллар мавсумида «Милан» таркибидаги ишончли тўп сурганлардан бирига айланганди. Ташаббускор ярим ҳимоячи «россонери» сафида юзага келган тартибсизликларга барҳам бериш мақсадида бор куч ва маҳоратини ишга солган, сермаҳсул ўйин кўрсатганди. Жорий мавсумда ўзининг илк голини 7-турда амалга оширди, самарали узатмалар борасида эса ҳамон «0».
Серхио РАМОС, «Реал»
Ҳимоячи чиндан ўз позициясида Европанинг энг ёрқин футболчиларидан бири. Ҳозир ҳам рақиблар дарвозасига хавф солишни ўрнига қўя олади. Масалан, ЕЧЛдаги 2та голи учун мухлислар «қироллик клуби» сардорининг барча гуноҳларини кечиришга тайёрлар. Сўнгги икки ой ичида Серхио жиддий танқидларга кўмилиб кетди. У иштирок этган саккиз беллашувнинг атиги иккитасида «Реал» ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олди, холос. Ўтказиб юборилган голлар Рамос йўл қўйган хатоликлар туфайли юзага келди. Италия терма жамоаси билан бўлган саралаш учрашувидаги пенальтидан кейин Серхио бор аламини тўкиб солди: «Ҳозирда танқидчилар ўша лаҳзалардан лаззат олишмоқда. Бироқ тез орада уларнинг оғзини юмиб қўяман».
Пауло ДИБАЛА, «Ювентус»
Ўтган мавсум Дибала умидли футболчи даражасидан ҳақиқий профессионал мақомига кўтарилиб, «кекса синьора» етакчисига айланганди. Тўпурарлик маҳоратидан ташқари, ёшига хос бўлмаган ақлли ўйин кўрсатиб, ҳужумлар йўлини белгилаб берадиган ижодкор ролини бажараётганди. Вазият ўзгарди - Пауло аввалгидек Мората ва Манжукич эмас, маҳорат бобида ўзидан қолишмайдиган Гонсало Игуаин билан ҳамкорлик қилмоқда. Ким қандай вазифани бажариши хусусида улар ўзаро бир тўхтамга келишолмаган кўринади. Шу камчилик икковлоннинг сермаҳсуллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирча «Юве»нинг «21» рақами соҳиби ўз ҳисобига бор-йўғи битта гол ва 2та самарали узатмани ёзиб қўйди. Табиийки, ўтган мавсум натижалари олдида бу ҳеч нарса эмас. Умид қиламизки, Дибала тез орада ўз ўйинини топиб, бой берилган нуфузини тиклайди.
Маҳмуд ДОХУД, «Боруссия» М.
Бундеслиганинг олдинги мавсумини ёрқин кашфиёт мақомида якунлаганди. Жака ва Штиндл билан ҳамкорликда самарали ярим ҳимоя учбурчагини шакллантирганди. Жака жамоани тарк этгач, «Боруссия»нинг ана шу маркази ўз қудратини йўқотди. Маҳоратли Дохуд ҳам, дебютант Крамер ва ёш иқтидор соҳиби Кристенсен ҳам аввалги ҳамкорликни йўлга қўя олишмаяпти. Шу сабабли «Боруссия» ўтган мавсумдагидек ишончли ўйин намойиш этолмаяпти.
Кингсли КОМАН, «Бавария»
Арьен Роббен, Франк Рибери жароҳатларини даволаш билан овора бўлган кезлари Дуглас Коста ва Кингсли Коман каби ёшлар олдинги чизиқнинг қанотларида ажойиб тўп суришган, Гвардиоланинг ишончини тўла оқлашганди. Ҳозирда Костанинг ўзи шикастланган, Карло Анчелотти Команга имкон бермоқда. Франциялик футболчи ҳозирча талабга жавоб беролмаяпти. Бундан ташқари, Команнинг жисмоний ҳолати ҳам кўнгилдагидек эмас - ўйин охиригача чарчаб қолмоқда.
Алексей МИРАНЧУК, «Локомотив»
«Темирйўлчилар»нинг энг умидли футболчиси бўлган Миранчук ҳамон ўз ҳисобига очко ёзиб қўйишга муваффақ бўлолмади. Ваҳоланки, Алексей Россия терма жамоасининг бўлажак мундиалдаги умидларидан бири ҳисобланади. Ярим ҳимоячи доимо ташаббусни ўз қўлига олишга интилади, яккакурашлардан чўчимайди. Ана шу ҳаракатларини натижага айлантиришда оқсамоқда. Таянч ҳудудида ўйинни жонлантириш мақсадида Юрий Сёмин Миранчукни ўз дарвозасига яқинроқ бўлган позицияда синаб кўрмоқда. Бироқ бу чора ҳам ҳозирча натижа бермаяпти.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар