Ноёб Франция терма жамоаси
22 авг 2019 15:51
Янгиликлар
Ушбу жамоада деярли ҳар бир ўйинчида бошқа термада ўйнаш имконияти бор эди. Келинг, бошқа давлат шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлган футболчиларни кўриб чиқамиз.
Ҳамма футболчи ҳам ҳозир шарафини ҳимоя қилаётган давлатида дунёга келмаган (масалан, Умтити Камерунда туғилган). Кўпчилик, фуқаролигини ота-оналари, яқини ёки узоқ қариндошлари туфайли ўзгартирган, масалан Гризманн каби. Антуанннинг она тарафидан ҳисобланувчи бобоси - Португалиядан. Бобоси ҳам олдинги даврда футболчи бўлган ва "Пасуш де Феррейра"да тўп тепган. Гризманн агар хоҳлаганида, бемалол португал паспортини олиб, Роналду билан бир жамоада ўйнаши мумкин эди.
Жиру шунга ўхшаш воқеани бошдан кечирган - Оливьенинг ҳар иккала бувиси ҳам италиялик бўлиб, ушбу мамлакат термасида ўйнаши мумкин эди. Аммо Жиру Францияни танлади, Жаҳон чемпионига айланди ва аминманки, ҳеч нарсадан афсусланмайди.
Льориснинг онаси француз, у адвокат бўлиб ишлайди, отаси - каталон, Монте-Карлода банкир. Уго Ницца шаҳрида туғилган ва унда фуқаролик олишнинг иккита варианти бор эди. Агар Льорис Испанияни танлаганида, "қизил фурия"нинг "биринчи рақами" ким бўларди? Нима деб ўйлайсиз?
Люка Эрнандес ҳақида кўп нарса айтилган, шунинг учун асосийсини эслаймиз. Лукас отаси Жан-Француа Эрнандес "Олимпик Марсель" сафида ўйнаётган бир пайтда Францияда дунёга келган. Кейин катта Эрнандес Испанияга кўчиб ўтди ва у ерда "Компостела", "Райо Вальэкано" ва Мадриднинг "Атлетико" жамоаларида ўйнаган. Фаолиятини якунлаган Жан-Француа Испанияда қолди, у ерда иккала ўғли ҳам футбол билан шуғулланишни бошлашди. Люка 19 йилни Испанияда ўтказди, икки давлат фуқаролигини олди ва акаси Тео билан битта жамоада бемалол ўйнаши мумкин эди, аммо Люка Францияни танлади ва 2018 йилда Жаҳон чемпиони бўлди.
Курзаванинг отаси Гваделупадан, онаси эса Полша фуқароси. Левен 18 ёшлигида, Франция U-19 терма жамоаси таркибида 2010 йили Европа чемпиони бўлди. Кейин бутун Полша футболи матбуоти, ўз футболи раҳбариятидан футболчи билан Полша терма жамоасида ўйнаши учун музокарани бошлашга чақирди, лекин Курзава Францияни танлади.
Замонамизнинг энг қиммат ўйинчиси (кўплаб талқинлар бўйича) ҳам Камерун, ҳам Жазоир учун ўйнаши мумкин эди. Килианнинг отаси - камерунлик, футболчи бўлган, аммо у юқори савияда ўйнамаган. У Бонди шаҳрида яшаган, мураббийлик қилган. Киллиан ўша ерда туғилган. Мбаппенинг онаси Жазоир муҳожирларининг авлодидир ва назарий жиҳатдан Киллиан бу йил Жазоир билан Африка кубогини ютиши мумкин эди.
Ушбу жамоа сафини қуйидаги футболчилар билан тўлдиришимиз мумкин: Александр Ляказетт, Антони Марсьял, Кингсли Коман, Тома Лемар (барчаси - Гваделупа) ва Рафаэль Варан (Мартиника).
Гарчи Мартиника ва Гваделупанинг ўз терма жамоалари бўлса-да, иккаласи ҳам ФИФА таркибига кирмайди, шунинг учун Жаҳон чемпионатида ўйнаш ва ғалаба қозониш имконияти йўқ. Бироқ, бу ажойиб ороллар КОНКАКАФ таркибига киради. Сизнингча, Гваделупада Ляказетт, Марсьял, Коман ва Лемар билан КОНКАКАФ олтин кубогини ютиш имконияти бўлармиди?
Қизиғи шундаки, биз бундай таркибдан яна 2-3тасини тузишимиз мумкин.
Эмерик Ляпорт Франциянинг Ажен шаҳрида туғилган. Унинг бувиси ва бобоси басклар, бундай бўлмаганида Эмерик Бильбаонинг "Атлетик" клубида ўйнай олмаган бўларди.
Карим Бензема Жазоирдан келган муҳожирларнинг 10 фарзандидан биридир. Набил Фекир ҳам Карим каби Жазоир муҳожирларининг ўғли саналади. 2015 йил бошида узоқ вақт қайси жамоада ўйнаши ҳақида бош қотирган: “Бу жуда қийин танлов. Мен яна бир марта отам билан гаплашиб кўришим лозим. У 20 йил Жазоирда яшади, бу унинг мамлакати".
ПСЖнинг янги футболчиси Абду Диаллонинг ота-онаси Сенегалдан. Унинг ҳамкасби Преснел Кимпембе эса Конго (отасининг ватани) ва Гаити (онасининг ватани) учун ҳам ўйнаши мумкин эди. Ана шунақа гаплар!
Шерзод Нурматов тайёрлади
Фикрлар