"Насаф" иккинчи ўринни олса ҳам ОЧЛда ўйнай олмайди. Бунга ким айбдор?
27 окт 2020 13:00
Янгиликлар
"Насаф" иккинчи ўринни олса ҳам ОЧЛда ўйнай олмайди. Бунга ким айбдор?
Кеча АГМК Қўқонда мағлуб бўлганидан кейин Қаршининг "Насаф" клуби Бекободда ғалаба қозониб мусобақа жадвалида иккинчи ўринга чиқиб олди.
Кўпчиликда "Насаф" Осиё чемпионлар лигасида иштирок эта оладими деган савол туғилмоқда. Жавоб: йўқ.
Нимага дейишингиз мумкин. Сабаби "Насаф" 2021 йил ОФК мусобақаларида иштирок этиш учун лицензияни ололмади.
Нега ололмади? Чунки белгиланган муддатда (июль ойи охиригача) клуб керакли ҳужжатларни тақдим этмаган.
Бир йўлини қилса бўладими? Жавоб: йўқ, энди кеч.
Бунга ким айбор? "Насаф" клубининг ўзи ва лицензиялашга жавобгар ходим.
Хўш, "Насаф"да қандай камчиликлар бор? Биринчиси, клуб техник директорида "А" лицензияси йўқ. Бундан ташқари ОФК талабига кўра лицензия олиш учун клубнинг ходимларидан қарзорлиги бўлмаслиги шарт. "Насаф"да бу борада ҳам муаммо кузатилган.
Нима учун "Насаф" олдинги йилларда лицензияни олган ва ОЧЛда қатнашган? Сабаби у вақтда клуб техник директорида (Виталий Ни) "А" лицензияси бўлган. Клубнинг молиявий ҳолати ҳам яхши бўлган ва қарзорлик бўлмаган.
Хўш, унда ОЧЛда қайси жамоа қатнашади? Ўзбекистонга ОФК 2021 йилги мавсум учун 1+1+1 кўринишида квота берган. Чемпион тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида ўйнайди. Мамлакат кубоги соҳиби ОЧЛ плей-оффида ўйнайди. Агар чемпион ҳам, кубок соҳиби ҳам битта жамоа бўлса у ҳолда чемпионатда иккинчи ўринни олган клуб плей-оффда ўйнайди. Агар "Насаф" иккинчи ўринни сақлаб қолса ундан кейинги жамоа (агар унда ОФК лицензияси бўлса) плей-оффда ўйнайди.
2021 йилги ОФК лицензиясини олган ўзбек клублари қуйидагилар: "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор", "Навбаҳор", "Металлург", АГМК ва "Сўғдиёна".
Яна бир савол туғилади: Битта ташкилотга тегишли бўлган клублар ОЧЛда қандай қилиб ўйнай олишади? ПФЛ бу борада ОФКга махсус хат йўллаган ва ОФК бу лойиҳани батафсил ўрганиб чиқмоқда. Бироқ бу лицензиялаш жараёни ва клубларга лицензия бериш учун ҳозирча тўсиқ бўлолмайди. ОФК бу борада якуний қарорни яқин вақт ичида ЎФА ва ПФЛга юборади.
Плей-оффда ўйнаш учун энг яхши имконият айни пайтда АГМК клубида. Сабаби "Бунёдкор" Олмалиқ клубидан 10 очкога қолиб кетган.
Суперлигада АГМКга етиб олиш қийин лекин, Ўзбекистон кубогини ютиш орқали АГМКни бемалол ортда қолдириш мумкин. Шундай экан декабрь ойидаги мамлакат кубоги "Локомотив", "Бунёдкор", "Навбаҳор", "Металлург" ва "Сўғдиёна" клублари учун ОЧЛ плей-оффига чиқиш учун жуда ҳам қулай имконият бўлади. АГМК ҳам кубокни ютишга уринади, ёки "Пахтакор" кубокни ҳам, чемпионликни ҳам қўлга киритишини кутади.
Бизни "қайноқ" декабрь кутмоқда. Иссиқроқ кийиниб олинг.
Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади
Фикрлар