UZ

Сўнгги янгиликлар

17:18Баҳром Ҳайдаров: "Майдон ҳолатини ҳисобга олсак, комбинацион ўйин намойиш этиш қийин эди"  1 17:07Суперлига. "Пахтакор" – ОКМК. Таркиблар маълум  1 16:50"Кимгадир ёқар лола, ким атиргул шайдоси". Дунё юлдузлари қайси жамоаларга мухлислик қилади?  1 16:32Про лига. "Қўқон-1912" "Дўстлик" устидан қийин ғалабага эришди, "Машъал" "Хоразм" билан дуранг ўйнади  0 16:14Абдуқодир Ҳусанов Puma томонидан тақдим этилган бутсаларни намойиш этди  3 15:46Жоэль Кожо масаласи нима бўлди? "Динамо" вакиллари жавоб беришди  10 15:15Сан-Марино терма жамоаси ЖЧ-2026га йўл олиши мумкин. Қандай қилиб?!  7 14:41Хуан Мата "Сан-Диего" футбол клубига сармоя киритди  0 14:09"Реал" ўнг қанот ҳимоясида кимни ўйнатади?  2 13:40Месси ёки Роналду? Родри танлов қилди  15 13:25"Футбол бола тилидан" лойиҳаси давом этади. Меҳмонимиз - 12 ёшли Бурхонов Мирали  0 12:38Суперлига. 25-тур дисквалификациялари: "Навбаҳор" ва "Пахтакор" 4 нафардан йўқотишга эга  3 12:17Ламин Ямаль ЮНИСЕФ элчисига айланди  3 11:50Ван Нистелрой "Лестер"ни бошқармоқчи  1 11:21"Челси" "Реал" дарвозабонига қизиқиш билдирмоқда  3

"Насаф" 2018 йил чемпионлик учун курашиши мумкин эди, Суперкубокда чиройли ўйиндан кўра натижа учун кураш кечади - Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив суҳбат (матнли) Янгиликлар

"Насаф" 2018 йил чемпионлик учун курашиши мумкин эди, Суперкубокда чиройли ўйиндан кўра натижа учун кураш кечади - Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив суҳбат (матнли)

Ўзбек клублари февраль ойида Туркияда мавсумолди йиғинни ўтказишди.

"Championat.asia" сайтидан икки кишилик таркиб билан Анталияга клубларимиз йиғинини ёритиш учун бордик. Икки ҳафта давомида имкон қадар жамоаларимиз машғулотлари ва ўртоқлик ўйинларини ёритишга ҳаракат қилдик.

Туркия сафари давомида "Насаф" жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью уюштирдик. Кеча ана шу суҳбатнинг видео вариантини эътиборингизга ҳавола этган эдик.

ВИДЕО  Суперлигада чемпионлик учун 50 очко етса керак, Ойбек Бозоров катта йўқотиш - Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив суҳбат

Ўқувчиларнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда бугун "аждарлар" устози билан интервьюнинг матнли вариантини ҳам тақдим этамиз.

Тайёргарликнинг биринчи қисми Қаршидаги қароргоҳимизда бўлди. Ўшанда биз икки босқичда ўқув-йиғинини ўтказдик. У машғулотларда асосан жисмоний тайёргарликни яхшилашга эътибор қаратган эдик. Февраль ойига келиб эса, кўпроқ ўйинлар ўтказиш учун Туркияга келдик. Туркиядаги тайёргарлигимиз режа асосида ўтди. Ҳамма ўйинларимиз ўз вақтида ўтказилди ва машғулот олиб бориш учун об-ҳаво яхши бўлди.

- Жамоанинг бу йилги селекция ишлари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Катта трансферлар қилишга имконимиз йўқ ва асосий эътиборимизни ўтган йилги таркибимизни сақлаб қолишга қаратган эдик. Буни биз уддаладик. Шу сабабли ҳар бир позицияга саралаб футболчиларни таклиф қилдик. Шунингдек, биз асосий эътиборимизни академиядан чиққан болаларга қаратганмиз. Шу сабабли ҳам биз Шароф Муҳитдиновни жамоамизга қўшиб олдик. Уни яхши биламиз ва у орқали бўшлиқни тўлдирдик. Кейин қанот футболчилари керак эди ва шу сабабли Иван Соловьёвни таклиф қилдик. Ҳозирча бизда ҳужум чизиғида муаммолар бор. Чунки Норчаевнинг ўзи бутун мавсум учун камлик қилади. Бир нарсани айтишим керакки, биз учта ҳужумчига аниқ таклиф билан чиқдик. Биз максимал таклифни юбордик, лекин улар рози бўлишмади. Бироқ изланишда давом этмоқдамиз.

Кўп ўйинчиларимизни "Динамо"га беришимизга сабаб уларни ўйин амалиётига эга бўлиши эди.

- Норчаевнинг бир ўзи қийналади дедингиз. Бу йил Олимпия терма жамоасида бир нечта йирик мусобақалар бор. Норчаев эса терма жамоамизнинг асосий ҳужумчиларидан бири.

- Тўғри айтдингиз, буни яхши биламиз. Шу сабабли ҳам ҳужум чизиғини кучайтириш учун изланишда давом этмоқдамиз. Аниғи шуки, биз ҳужумчи олишимиз керак бўлади. Менимча, мавсум бошланишга қадар янгилик бўлади.


- Янги келган футболчилар — Иван Соловьёв ва Шароф Муҳитдинов ҳақида фикрингиз. Бири ўтган йили "Пахтакор"да асосан захирада қолди. Соловьёвнинг эса ҳозирда бироз ортиқча вазни бордек.

- Шарофнинг имкониятларини яхши биламиз. У келганида анча формасидан чиқиб кетгани кўриниб қолди. Бироқ сўнгги ўйинларда анча яхши спорт формага кириб олди. У ўтган йилнинг иккинчи даврасида "Пахтакор"да асосан захирада қолди. Иваннинг маҳоратига ҳеч қандай шубҳа йўқ. У мавсум якунланганидан сўнг икки ой машғулот олиб бормади. Бизга келганида унга шуни айтдик ва секин-секин вазн йўқотмоқда. Иван Соловьёв жамоамизга қўшилиб кетишига бироз вақт керак бўлади.

- Яқинда жамоа раҳбариятида ўзгариш бўлди. Ҳозирги раҳбарият билан қандай алоқадасиз?

- Жамоамизнинг ички муҳити ҳақида баъзида ёлғон хабарлар тарқалди, бироқ бизда ҳеч қачон ёмон муносабатлар бўлмаган. Жамоа ичида баҳсли ҳодисалар бўлиши мумкин. "Насаф"да доим муҳит яхши бўлиши керак. Қандай камчилик бўлишидан қатъий назар биз доим бирга бўлганмиз. Ҳозирги раҳбарият билан ҳали кўришмадик (суҳбат 15 февраль куни уюштирилган - таҳририят). Чунки тайинлов вақтида биз аллақачон Тошкентда эдик. У инсонни футболга қизиқади деб айтишди. Борганимиздан сўнг улар билан ўтириб, суҳбатлашамиз. Нима керак бўлса, биргаликда ҳал қиламиз.

- Охирги мавсумларга назар ташлайдиган бўлсак, "Насаф" энг сифатли легионерларни олиб келмоқда (Черан ва Станоевич). "Насаф"да ўйнаб кетган Черан сўнгги йилларда Ўзбекистонинг энг зўрларидан бири. Легионер тайинловида сизга четдан скаутлар ёрдам берадими?

- Биз бунга жуда эҳтиёт бўламиз. Чунки келган хорижлик футболчини жамоа яхши қабул қилиши керак. Уни ўз ўйинчисидек ҳимоя қилиши керак. Ўшандагина ўша футболчи бор маҳоратини кўрсатиб бериши мумкин. Ундан ташқари, легионернинг даражаси, статистикасига эътибор қаратамиз. Энг асосийси, унинг характери, инсонийлик тарафларига қаттиқ қараймиз. Биз уч-тўртта легионер олмаймиз, уларнинг ўрнига битта-иккита яхши савиядаги легионерни оламиз.

- Жамоада ички муҳитни яхши бўлиши нафақат мураббийлар, балки футболчиларга ҳам боғлиқ...

- Футбол ҳам ҳаётга ўхшайди. Футболчи жамоадаги ҳаётидан завқ олиши керак. Футболчи ўз ишидан завқ олса, ҳаммаси яхши бўлади. Бу кўпроқ мураббийларга боғлиқ, биз бу ҳақида кўпроқ гапиришимиз лозим. Уларга буни чуқурроқ тушунтириб беришимиз керак. Шу сабабли биз ва футболчилар орасида доим яхши муносабат бўлади. Жамоада ўйнаб кетган футболчиларнинг кўпи биз билан яхши алоқада қолган. "Насаф"дан норози бўлиб кетган футболчини билмайман. Жамоа ҳам бир оила!

- Футболчиларнинг характери ҳақида гапирдингиз. Одатда мураббийлар характери оғир футболчиларни четга сура бошлайди. Сизнинг фаолиятингизда ҳам шундай ҳолатлар бўлганми?

- Менда бундай воқеа бўлмаган. Тўғри характери оғир футболчилар бўлади, лекин жамоанинг манфаати доим биринчи бўлиши керак. Унга шуни тўғри тушунтиришингиз керак. Агар сиз унга адолатли бўлсангиз, ўша футболчи барчасини тўғри тушунади. Шу сабабли ҳам вазиятга тўғри ёндашсак, барчаси яхши бўлади. Икки томон ҳам бир-бирини тўғри тушуниши керак.


- Мавсумдаги илк учрашувингизни 27 февраль куни Ўзбекистон Суперкубогида "Пахтакор"га қарши ўтказасизлар. "Насаф" - "Пахтакор" учрашуви сўнгги йилларда даҳшатли ўтмоқда. Бўлажак баҳсда "Насаф"нинг имкониятлари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Имконият ҳар икки жамоада ҳам бор деб ўйлайман. Тўғрисини айтганда, сўнгги йилларда ҳар икки жамоа ҳам бошқаларга нисбатан анча мазмунли ўйин кўрсатишмоқда. Шу сабабли ҳам уларнинг ўйинлари кўпчиликка манзур келмоқда. Шу сабабли ҳам финал учрашуви ажойиб муҳитда ўтади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам бўлажак баҳсда натижа учун ҳаракат қилишади. Мавсумнинг боши бўлгани сабабли ўйиннинг мазмуни яхши бўлмаслиги мумкин. Чунки футболчиларнинг тайёргарлиги чўққига чиқмаган бўлади.

- Биринчи турдаги "Навбаҳор"га қарши учрашув ҳақидачи?

- Намангандаги охирги ўйинларга қарайдиган бўлсак, биз ёмон натижаларга эришмаяпмиз. Кубок баҳсларида Наманганда ўйнадик. Уларнинг ўйинларига катта далда бўладиган мухлислари бор. Бироқ жамоамизнинг асосий қисми ёш бўлишига қарамасдан, бу босимдан яхши ўтишади деб ўйлайман. Асосийси руҳий тайёргарлигимиз яхши бўлиши керак. Мавсум бошида "Пахтакор", "Навбаҳор", "Металлург", ОЧЛ, АГМК билан ўйнаймиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бари бир барчаси билан ўйнаймиз. Шу сабабли ҳам биз бундан хавотирда эмасмиз. Менимча, бу мавсум анча қизиқ бўлади деб ўйлайман. Чиройли ўйинларга бой баҳслар бўлади.

- Суперкубок ва Суперлиганинг биринчи турида жамоа етакчиларидан бири Ойбек Бозоров дисквалификация сабабли ўйнамайди. Бу жамоа учун қанчалик йўқотиш бўлади?

- Бу жуда ҳам жиддий йўқотиш. Ойбек ва Шерзод Насруллаев қанотда энг кучли тандем деб биламан. Бир вақтлар Машарипов ва Сайфиев шундай эди. Ойбек етакчиларимиздан бири эди. Бироқ бўлажак баҳс учун жамоадаги ўйинчилардан келиб чиқиб, тайёрланамиз.

- Янги мавсумда "Пахтакор", "Насаф", "Навбаҳор", АГМК, "Сўғдиёна", "Қизилқум" жамоалари кучайди. Янги мавсумдан нималар кутмоқдасиз? Чемпионлик учун курашадиган жамоалар кимлар бўлади?

- Ҳозир таъкидланган жамоаларни айтишим мумкин. Лекин "Пахтакор" таркиб жиҳатдан ёки салоҳият жиҳатдан бошқалардан ажралиб турса керак. Жамоага келганлар кетганлардан кучли бўлса кучли, лекин аниқ кучсиз эмас. Бошқаларга нисбатан "Пахтакор" устунроқ. Шунингдек, жамоанинг ўзаги сақланиб қолди. Шунингдек, ҳозирги сиёсати жиҳатидан "Қизилқум", "Навбаҳор", АГМК ҳам чемпионликка даъвогар. Тепадаги олти жамоа совринлар учун курашади.

- Бу йили кўплаб жамоалар кучайди. Бу сиз учун ёқимли ҳолатми?

- Ҳа, ёқимли ҳолат деб айтган бўлардим. Мухлисларимиз учун ва футболимиз ривожи учун жуда яхши бўлади деб ўйлайман. "Пахтакор" ўтган йили 60 очко билан чемпион бўлди. Бу йил эса 50 очко ҳам чемпионлик учун етиши мумкин. Биз ва мухлислар ажойиб мавсумни кутмоқдамиз.


- "Пахтакор" жамоасида чемпионлик руҳи бор. Бу нарсани кўпчилик тан олади. Шунча йил ичида, сиз "Насаф" тарихида ўзига хос из қолдириб келяпсиз. Лекин шунча из қолдирган Бердиев "Насаф"ни ҳали Ўзбекистон чемпиони қилмагани сизни ўйлантирмайдими?

- Ҳар бир мураббий буни орзу қилади. Чемпионлик бу энг олий ютуқ. Буни ҳар куни эмас, бироқ баъзида ўйлаймиз. Биласизлар, биз 2017 йилги мавсумни кўтаринки кайфиятда якунлаганмиз (сўнгги турда "Пахтакор" 4:0 ҳисобида мағлуб этилган). Ўша вақтлар таркибимиз жуда яхши эди. Шу сабабли ҳам раҳбариятга жамоамизнинг асосини сақлаб қолиб, яна 2-3 футболчи қўшиб олсак чемпионлик учун курашишимиз мумкинлигини айтдим, бироқ бунга тўлиқ эътибор берилмади. Шундан сўнг кўплаб футболчилармиз "Пахтакор"га ўтиб кетди. Агар ўша таркибга, уч-тўрт нафар футболчи келганда "Насаф" жуда кучли жамоага айланарди. Бу ерда фақат мураббийга боғлиқ бўлмаган сабаблар бўлади.

- "Насаф"нинг вақти ҳозир келди деб ўйламайсизми? Икки йилдан бери ўйнатиб келаётган таркибингизни сақлаб қолдингиз. Шунингдек, иккита яхши футболчини қўшиб олдингиз. Бундан ташқари, яхши ҳужумчи оламиз дедингиз. 2022 йилда "Насаф" чемпионлик учун ҳақиқатдан курашадиган жамоага айланди деб ўйлайсизми?

- Кимдир келиб, бизга чемпион бўлиш керак деган мақсад қўймайди. Бироқ биз доим чемпионлик учун курашамиз. Буни овоза қилиб ўтирмаймиз. Лекин, мақсадимиз доим юқори бўлади. Шунча вақтдан бери ишлаб келаётган бўлсам, кимдир келиб бизга чемпионлик вазифасини қўймаган. Чунки бизда ҳали камчиликлар етарли. Буни тан олиш керак. Жамоа ҳар томонлама тайёр бўлиши керак. Биз чемпионлик учун курашамиз, бироқ баъзи камчиликларимиз бизга панд бериши мумкин. Қийин бўлса ҳам курашамиз.

- ОЧЛда "Банияс"га қарши ўйин бор. Тўғри уларга қарши баҳсдан аввал Суперкубок ва Суперлига баҳсларида ўйин бор. Жамоа "Банияс"га қарши қанчалик тайёргарлик кўрмоқда?

- ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш асосий мақсадларимиздан бири. Биласиз, қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, "Насаф" халқаро майдонда ҳаракат қилади. Биринчи мақсадимиз: "Банияс" билан ўйинда яхши натижага эришиш. Рақибимизнинг ўйинларини ҳали футболчиларимизга кўрсатмадик, бироқ етарли маълумотлар тўплашни бошлаганмиз. Ўйинга яқин қолганида футболчиларимизга тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қиламиз. ОЧЛ ўйинига қадар Суперкубок ва Суперлига баҳсларида футболчиларни яхши спорт формага олиб киришимиз керак бўлади.

ОЧЛ плей-оффидан олдин Суперкубок ва чемпионат ўйинлари борлиги биз учун анча фойдали бўлиши аниқ. Сафарда яхши жамоаларга ўйнашимиз ҳам бизга фойдали бўлади. Чунки Яйпан ва Намангандаги ўйинларда ҳам бизга катта босим бўлиши аниқ. Шу орқали, "Банияс"га қарши беллашувга тайёрланамиз.

- "Банияс"га қарши ўйинда сизларда иккита йўл бор. Жамоа ғалаба қозонса, ОЧЛ гуруҳида ўйнайди. Мағлуб бўлса, ОФК кубогида қатнашади. ОФК кубогида "Насаф" бемалол чемпионлик учун курашади. ОЧЛда эса анча жиддий рақибларга қарши ўйнайсизлар. Сизлар учун қайси кубокда қатнашиш маъқулроқ?

- ОЧЛда ўйнашни истаймиз. Буни мухлисларимиз ҳам кутмоқда. Маҳоратимиз ва имкониятимизни яхши бўлиши учун тўлиқ сарфлаймиз. Биз ОЧЛ гуруҳида қанчалик қийин бўлишини билсак ҳам у ерда ўйнашни истаймиз. Балки гуруҳдан чиқолмасмиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бу орқали футболчиларимиз анча катта тажрибага эга бўлади. Мақсад: кейинги босқичга чиқиш. Бироқ бу футбол. Агар мағлуб бўлсак, ОФК кубогида чемпион бўлиш учун тўп тепамиз.

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +20   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика