UZ

Сўнгги янгиликлар

16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  1 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  15 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1

Намангандаги сичқонлар, ўзбек футболига етишмаётган футбол одамлари — "Навбаҳор"дан кетган Канчельскис билан узоқ ва самимий суҳбат Янгиликлар

Намангандаги сичқонлар, ўзбек футболига етишмаётган футбол одамлари — "Навбаҳор"дан кетган Канчельскис билан узоқ ва самимий суҳбат

"Навбаҳор"дан истеъфога чиқарилган россиялик мутахассис, ўз вақтида Англияда "Манчестер Юнайтед", "Эвертон", "Манчестер Сити", Италиянинг "Фиорентина" ҳамда Шотландиянинг "Глазго Рейнжерс" жамоаларида ўйнаган Андрей Канчельскис билан бир пиёла чой устида узоқ ва самимий суҳбат қурилди.

Андрей Канчельскис суҳбат давомида жуда кўплаб мавзулар, масалалар, ўзбек футболидаги муаммолар, эътибор кучлилиги, лекин ишлар тўғри йўлга қўйилмаётгани, "Навбаҳор"даги фаолияти, кутилмаган истеъфо, ўз фаолиятидаги қизиқарли воқеалар хусусида 3 соатдан ортиқроқ гаплашдик. Қайд этиш керакки, Канчельскис суҳбат давомида анча самимий, ҳазилкаш ва ҳақиқатни юзига айтадиган инсон сифатида кишида илиқ таассурот қолдирди.

Мутахассис қисқа фаолияти давомида ўзбек футболи ҳақида яхши тасаввурга эга бўлгани, катта муаммолардан кўра кичик, лекин кўп майда эътиборсиз қоладиган деталларни санаб ўтди. Айнан мазкур баъзи кичик, аммо доим эътибордан четда қоладиган деталлар йиғилиб катта муаммога айланиб кетаётганини тасдиқлади. Умуман 3 соатдан узоқроқ давом этган суҳбатда Канчельскис билан долзарб мавзулар, фаолияти ва эски хотираларни ҳам ёдга олдик. Ўша суҳбатдаги матнга туширилган сўзларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳа-я, айтганча, Канчельскис наманганлик мухлисларни алоҳида эътироф этиб, уларга чуқур миннатдорчилик билдиримни илтимос қилди. "Бухоро" билан ўйинда Канчельскис номини жўр бўлиб олқишлаган наманганлик ишқибозлар россиялик мутахассиснинг кўзига ёш келишига сабабчи бўлишди.



Кутилмаган, аммо шартномада кўрсатилган банд туфайли юзага келган истеъфо ҳақида

- Очиғи, истеъфо руй беришини ўзим ҳам кутмагандим. "Бухоро" билан ўйинолди машғулотлардан аввал вилоят ҳокими йиғилишга чақирди. Биз умуман бошқа масалалар, яъни "Бухоро" билан бўлажак баҳс ҳақида гап кетса керак, деб ўйлагандик. Йиғилишда эса ҳоким шартномани бекор қилмоқчи эканлигини айтди. Шартномада биринчи даврадан кейин агарда пешқадам жамоалардан кескин фарқ билан ортда қоладиган бўлсак, унда келишувни бекор қилиш ҳақида банд мавжуд эди. Айни пайтда биз "Пахтакор" ва "Локомотив"дан ортда қолаётгандик. Лекин биринчи давра якунига қадар ихтиёримда ҳали иккита ўйин бор эди. Нима ҳам дердим, шартномани бекор  қилишни лозим топишди. Энди буни ўйлагандан, эслаб ўтиргандан фойда йўқ. Ҳаёт давом этади. Олдинга интилишда давом этмоқ зарур.


"Навбаҳор"да унинг олдига қўйилган вазифалар қандай бўлганлиги ҳақида

- Клубни ривожлантириш, жамоани шакллантириш масалалари бўйича гаплашгандик. Наманганда футбол инфратузилмаси бўйича кўплаб саволлар, муаммолар мавжуд эди. Болалар футболи, майдонлар, академия ва ҳоказо. Масалан мени олдимга "Локомотив" ва "Пахтакор" билан рақобат қилиш, чемпионлик вазифасини қўйишганди. Аммо биз бу жамоаларга клуб тузилмаси, иш юритиш, таркиб, молиявий ҳолат ёки бошқа жиҳатлар бўйича рақобат қила оламизми? Талаб қўйиш осон. Лекин талабга яраша шароит ҳам яратилмоғи керак. Тўғри, Наманганда академия ёки майдонлар йўқ эмас, бор. Бироқ уларнинг ҳолати турлича. Академиялар номига бўлсада ишламоқда, лекин бундан қанчалик наф чиқаётгани бошқа масала. Муаммолар кўп.


Канчельскисни "Навбаҳор"га ким таклиф қилган?

- Ўзбекистонда мен ҳурмат қилган инсонлар бор. Айнан уларнинг таклифи мени қизиқтирганди. Одамлар айтганидек бу Алишер Усмонов эмас. Бошқа инсонлар. Асли ўзбек бўлган яхши инсонлар менга Ўзбекистонда ишлашни тавсия қилишган. Кутилмаганда "Навбаҳор"да пайдо бўлиб қолгандим. Беродар Абдураимовнинг юбилейига келгандим ва кутилмаганда таклиф чиқди. Менга Ўзбекистонда ишлаб, ўзимни синаб кўришни таклиф қилишганди ўшанда. Мана синаб ҳам кўрдим.


"Пахтакор"ни қўшмаганда "Насаф" энг зўри

- "Пахтакор" айни пайтда Ўзбекистонда ҳар тарафлама энг кучли жамоа. Уларда шароит ва талаб бир-бирига мос келади. Шароитга яраша талаб, талабга яраша шароит яратилган. Агарда "Пахтакор"ни ҳисобламасак, Ўзбекистонда менга энг ёққан жамоа "Насаф" бўлди. Клуб инфратузилмаси, шароит, жамоа, ўйин услуби ва ҳоказо. Ҳақиқий профессионал клуб. Ўйини ҳам томошабоп. "Насаф"га ҳавас қилдим.  Шундай жамоалар кўпайсагина ўзбек футболи ривожланади. "Насаф"да футбол учун барча нарса муҳайё этилган. Клуб қароргоҳи, майдонлар, футбол, тўғри йўлга қўйилган академия ва унинг мевалари. Шу боисдан ҳам қаршиликлар барқарорликни сақлаб туришибди. Ҳаммаси ишни тўғри йўлга қўйишга боғлиқ. Яқинда Лига Кубогида бизнинг ёшлар ва "Насаф"нинг иккинчи таркиб ёшлари ўйнади. Фарқ яққол сезилди. "Насаф" бошқа олам. Асосий таркиб учун алоҳида қароргоҳ, ёшлар жамоаси учун алоҳида база. Намангандачи? "Навбаҳор" қароргоҳи даҳшат. Ҳар замонда базада биз билан бирга сичқонлар ҳам чиқиб қолиб, саломлашиб қўйишади. Зўр-а? Баъзан уларни ҳам футболга таклиф қилгим келади. Буни ҳеч ким гапирмайди, масалан. Ҳаммаси яхши, барчаси зўр. Витаминизация? Умуман йўқ. 

Наманганда баландпарвоз шиорлар авж олган. Ҳозирги замонда фақат шиорлар билан натижага эришиб бўлмайди. Мен клубдан элементар нарсаларни талаб қилдим. Ишни тўғри йўлга қўйиш кераклигини сўрагандим. Қилиб бўлмайдиган ёки катта нарсаларни талаб қилганим йўқ. "Навбаҳор" "Насаф", "Локомотив" ёки "Пахтакор" даражасига чиқиши учун ҳали жуда кўп ишларни амалга ошириши лозим. Айни пайтда Намангандаги ҳолат мазкур жамоалар даражасига чиқишига йўл қўймайди.

Агарда клубда аниқ бир тизим яратилиб, шу йўналишда ишни тўғри йўлга қўйилмас экан, унда ҳозирги важоҳат, эмоциялар қачондир сўнади. Кейин эса вақт ўтгач клубда ҳеч нарса қолмайди. Эски ҳолатига қайтиши мумкин. Имкон борида ишни тўғри йўлга қўйиб олиш жуда муҳим. Имконият ва фурсатдан самарали фойдаланиш керак. Клуб учун пойдевор яратиш ниҳоятда муҳим. Акс ҳолда шунча меҳнатлар қачондир ҳавога учиб кетиши мумкин. Наманганга келадиган футболчилар, мураббийлар ёки бошқа ходимлар ишлари учун маошни олишади ва қачондир кетишади. Лекин якунда клубга нима қолади? Мен шунчаки маошимни олсам бас, қолгани билан ишим йўқ қабилада иш тутмайман. Бу менга қизиқ эмас. 



ЎФА ва ПФЛ манзилига айтган танқидий гапларини юмшатишларини сўрашгани ҳақида

- Мен танқидий кескин фикрларим учун кечирим сўрамаганман. Шунчаки мени гапларимни кескин муҳокама қилишмаслигини сўрагандим. Менга ЎФА ва ПФЛ манзили томон айтган танқидий гапларимни бироз юмшатшимни илтимос қилишганди. Масалан "Андижон" билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам гапирган гапларим катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Тўғриси, ўшанда мен жамоам манфаатидан келиб чиқиб эҳтиросларга берилган ҳолда рақиб жамоа ҳақида кескин гапириб юборганман. Тўғри, рақиб жамоа томон ёқимсиз сўзлар ишлатилган. Бу эҳтирослар. Мен қаерда ишлашимдан қатъи назар доим ўз жамоамни ҳимоя қилиб, унинг манфаатидан келиб чиқиб иш юритаман. Очиғи, яширмайман, ростан ҳам менга қўнғироқ қилиб вазиятни юмшатишимни сўрашганди. Лекин бу менга таҳдид қилишганини англатмайди. Шунчаки илтимос қилишганди.


Яна қайтараман, мен айтган гапларимдан тонмайман. Доим ўз кўзим билан кўрган ва билган нарсаларим ҳақида ҳақиқатни айтаман. Буни мен ўз манфаатимни кўзлаган ҳолда айтганим йўқ, балки ўзбек футболи ривожи йўлида гапиргандим. Бу менга эмас, ўзбек футболига керак. Футболда керакли даражани кўрганман. Россиядан Англияга қадар ўйнаб чиққанман. Тажрибамдарн келиб гапирдим. Футболда нима тўғри ёки қайси ишлар нотўғри эканлигини ажрата оламан. Мен шунчаки ҳаммаси аъло, ишлар зўр кетяпти, олға босамиз деб қорани оқ дея олмайман. Нимани кўрсам ўшани ўз номи билан атайман. Бу гапирган гапларим ўзбек футболи ривожига хизмат қилиши керак. Менга ўз манфаатим ёки фойдамни кўзлаб ўшанда ҳақиқатларни гапирганим йўқ, балки ўзбек футболи учун жоним ачиганидан айтгандим. Бундан ўзбек футболи ютади. Ўшанда ЎФА ва ПФЛ ҳақида айтган гапларим кимгадир ёқди, кимгадир маъқул келмади. Бу энди ўтмишда қолди. Энди олдинга қараб тўғри ишлашда давом этмоқ лозим. Ҳаёт давом этади.


Ўзбек футболидаги муаммолар ва кимлар етишмаётгани ҳақида

- Барча жойда хато ва камчиликлар бўлади. Россия футболида ҳам муаммолар етарлича топилади. Ўзбек футболида футбол кишилари, футбол одамлари кўпроқ бўлишини истардим. Ҳозир айни дамда раҳбариятда ўзгариш юз бермоқда. Футбол одамлари футбол тепасига келаётгани яхши. Энди улар билан футбол тилида бемалол суҳбатлашса бўлади. Ишонинг, мен кўплаб йиғилишларда иштирок этдим. Биз ўшанда йиғилишларда ҳар хил тилда гаплашардик. Тушунарсиз гаплар, нималар ҳақида сўзлашаётганини ҳам билиб бўлмасди. Ўйлашимча, бу ўзгаришлар яхши тарафга хизмат қилади. Футбол ҳақида футбол тилида гаплашсагина, мавжуд муаммоларни бартараф этиш осонлашади. Шунингдек, яна бир ёқмаган тарафи, бу стадионларда ишқибозлар камлиги. Стадионлар тўлиброқ турса яхши бўларди. Агарда мантиқсиз ишларга барҳам берилса, ўйлайманки мухлислар стадионга қайтишади. Чемпионат тақвими, регламент бўйича ҳам жуда кўп саволлар туғилди масалан. Чемпионат стартида шундай танаффуслар руй бердики, буни тушунтириб беришнинг имкони йўқ. Қисқа қилиб айтганда, мантиқсиз ишлар.

Нега регламент ёки тақвим масаласини гапираман? Биласизми, мен йиғинда пайтимда қўлимда аниқ тақвим бўлиши керак. Шунга қараб жамоани стартга тайёрлайман. Спарринг рақиблар, қачон ва ким билан ўйнашимни белгилаб олишим зарур. Бутун мавсумга тайёргарлик жараёнини тўғри олиб бориш ниҳоятда муҳим масала. Дастлаб 26 феврал куни ўйнашимизни айтишди. Кейин 2 март дейишди, сўнгра 8 март куни ўйин бўлишини таъкидлашди. Нима бу? Аввал ўзларингиз келишиб олинглар. Нега бошқа исталган чемпионатларда тақвим мавсум бошланишидан 3 ой аввал чиқади? Мен жамоани тайёрлашим керакми ёки мавсум қачон бошланишини тахмин қилиб ўтиришим лозимми? Кўпчилик футболни тўпни марказга қўясан ва хуштакни чалиб ўйинни бошлаб кетаверасан деб ўйлайди.

Машғулотлар жараёни, назорат ўйинлари, футболчилар бериладиган юкламалар ва ҳоказо. Буни футболга ташқаридан кириб қолган одамлар тушунмайди. Биз якунда 10 март куни ўйнашимизга тўғри келди. Мен эса мавсум бошланишига 1 ой қолганида келдим. На майдон бор, қаерда шуғулланишингни билмайсан, ҳеч нарсадан дарак йўқ. Мавсумни қаерда бошлаш ҳам катта бош оғриққа айланганди. Футболчилар доим сафарда бўлди. Оиласини, уйдагиларини кўролмайди. Бу ҳам футболга таъсир қилади. Булар эса истаганича ҳамма нарсани ўзгартириб қўяверди. Ташқаридан бу нарсалар аҳамиятсиз, кичик масалаларга ўхшайди. Аммо футболда кичик деталлар бўлмайди. Ҳамма нарса ва муаммо аслида шундан бошланади.

Футболчилардан ниманидир талаб қилишдан аввал шароит шунга яраша бўлиши керак. Шудгорда машғулот қилаётган футболчиларга олтин медал ҳақида гапириш ноўрин. 

Клублар инфратузилмаси ҳам барқарор эмаслиги катта камчиликлардан бири. Наманганда ҳам муаммолар кўп масалан. Яқиндагина марказий стадионда майдон муаммоси ҳал этилди. Захира майдони борасида ҳам муаммоларим бор эди. Ҳозирда бу камчилик деярли ҳал этилди. Ишлар кетмаяпти эмас, ҳаракат қилишмоқда. Айниқса вилоят ва шаҳар ҳокими футбол ривожи учун хизмат қилишаётганини таъкидлаш жоиз бўлади. Наманганда футбол шароитлари яхши бўлса, шундан кейин умумий футбол ҳам ўсишга эришади. Натижалар бўлади. Бунинг учун вақт керак. Умуман футбол тизимида кўпроқ футбол кишилари, футболга тушунчаси бор одамлар керак. Шунда ривожланиш тезлашади, ўйлашимча. Ҳамма ўз ишини қилиши лозим. Мен масалан заводга бориб бирор ишни дўндиролмайманку, тўғрими? Барча жойда муаммолар бор. Ҳакамлик масаласини ҳам муаммолар қаторига қўшган бўлардим. Тўғри ҳакамлик масаласи барча жойда мавжуд. Охирги вақтларда хатолар кўпайиб кетганди. Тўғри, инсон омилини ҳам унутмаслик керак. Бироқ ҳакамликдаги камчиликларни ҳам инобатга олишади ва буни ўнглашади, деган умиддаман. Ўзбек футболидаги яққол кўриниб турган энг катта муаммолардан бири шулар назаримда. Келажакда барчаси изига тушиб кетишига умид қиламан.


Кейинги режалар ҳақида

- Масалан "Қўқон-1912" ҳақида турли миш-мишлар юрибди. Лекин дангал ёки аниқ таклиф йўқ. Биринчи давранинг охирги туридан кейин кўп нарса маълум бўлади. Ҳозир ҳеч ким билан ҳеч қандай музокаралар олиб бораётганим йўқ. Индинга (суҳбат 27 июнь куни ўтказилган) Одессага учиб кетаман. Цимбалярнинг юбилейига таклиф олганман. Блохин, Кузнецов, Демяненко сингари мозий юлдузлари иштирок этадиган футбол ўйинида қатнашаман. Баҳонада эски қадрдонларни кўриб, дилдан суҳбатлашиб оламиз. Одатда улар билан кўнғироқлашиб турамиз. Демяненко масалан Ўзбекистонда ишлаган, "Насаф" билан муваффақият қозонганидан хабарим бор. Умуман мазкур юбилей баҳонасидаги учрашув чоғида 5 йилдан буён кўришмаган эски танишлар билан дийдорлашиб оламан. Демяненко билан ўзбек футболи хақида алоҳида суҳбатлашганим йўқ. "Насаф" академиясида директор бўлиб ишлаган, ҳозирда менежер бўлиб турган Кучеренко билан гаплашганман. Сергей Кучеренко билан биргаликда ўйнаганмиз, шахсан танишман. Қолганлар эса асосан Украинада истиқомат қилишади. Биласиз, ҳозирда Россия билан Украина қарама-қарши. Бу албатта ҳазил. Сиёсат ўз йўлига, биз футбол билан шуғулланамиз. Ишимиз футбол билан боғлиқ, сиёсат эмас. Менда бу борада муаммо йўқ. Масалан онам Украинада туради.


Умуман собиқ жамоадошларим, қадрдонларим билан алоқани ушлаб тураман. Тўғри, аввалгидек оилавий борди-келдимиз йўқ. Лекин туғилган кунлар билан табриклаб, алоқада бўлиб турамиз. Яқинда туғилган кунимда "Манчестер Юнайтед", "Эвертон" клуби расмий саҳифалари табрик йўллади. Албатта ёқимли. Сэр Алекс Фергюсон билан ҳам танишман. Манчестерга борганимда телефон қилиб, қайсидир ўйинга чипта сўрашим мумкин. Гарчи клубдан кетиш чоғида баъзи муаммолар бўлганига қарамасдан сер Алекс Фергюсон билан илиқ муносабатдамиз. Қачон мен "Олд Траффорд"га борсам, сер мени доим ўз кабинетига таклиф қилади. Фергюсонни "Олд Траффорд"да ўз хонаси бор ва у ерга ҳаммани ҳам таклиф этавермайди. Мен эса доим унга қора икра олиб бораман. Умуман шеф билан алоқаларимиз жуда яхши. Петер Шмейхель билан ҳам яхши муносабатдаман. Яқинда Россияда ўтган жаҳон чемпионатида биз Шмейхель билан Саранскка бордик. Умуман эски қадрдонлар билан кўришиб турамиз. Агарда яқин орада таклифлар бўлмаса, унда Лондонга бориб болаларимни кўриб келаман. Шу қаторда футбол томоша қилишни режалаштирганман. Танаффусни яхши ўтказса бўлади. Баҳонада танаффусдан унумли фойдаланиб болаларимни кўраман, эски қадрдонлар билан яна учрашиб, футбол ҳам томоша қилиб келмоқчиман. Ўғлим Манчестерда туғилган, қизим эса Шотландияда. Бироз дам олиб, ҳордиқ чиқараман. Ёқимли ва фойдали ишларни бирга бажаришга уриниб кўраман. Кўрамиз.



Ўзбекча истеъдодлар ёхуд Исроилов Англияда бемалол ўйнаб кетиши ҳақида

- Яхши иқтидор ва истеъдодли футболчи кўп. Энг муҳими уларнинг истаги. Барча нарса уларга боғлиқ ва керак пайтда таваккал қила олиш талаб этилади. Масалан мен Донецкнинг "Шахтёр" клубида "Манчестер Юнайтед"дан кўра кўпроқ маош олганман. Биринчи шартномам бўйича "Манчестер Юнайтед"да нисбатан анча кам даромад қилганман. Лекин ўзимни кучимни кучли чемпионатда синаб кўриш истаги кучлилик қилган. Собиқ Иттифоқ пайтида "Шахтёр"да ўзимни аъло даражада ҳис этганман. Маош зўр, квартирам бор, машинам русуми "Волга" бўлган. Барча мени яхши кўрарди. Аммо бу менга "Манчестер Юнайтед"га ўтишимга тўсиқ бўлмаган. Таваккал қилганман ва Англияга йўл олгандим. Нега буларни айтяпман? Чунки футболчилар орасида ҳозирги ҳолатидан мамнун ва қониқиш хосил қиладиганлари кўп бўлади. Керакли маошни олади, уйи, машинаси бор. Бўлди, улар чўққини шу деб ўйлашади.

Европада эса аввал футболчи зўрлигини исботлаши, ҳар ўйинда буни такрорлашига тўғри келади. Барқарор бўлмаса бефойда. Мисол учун "Манчестер Юнайтед"да мен бирозгина бўшашганим оқибатида 2 ой захирага михланганман. Ҳаммаси футболчиларнинг хоҳиши ва истагига боғлиқ. Истеъдодлар кўп, аммо энг муҳим савол, улар нимани истайди? Барча масала шунга боғлиқ. Маълум даражага чиқиб, шу ерда қирол бўлиб қолишни истайдиганлар европага кетмайди. Таваккал қилишга эса ҳамма ҳам жазм этавермайди. "Навбаҳор"да ишлаган пайтимда ҳам кўплаб ёшларга доим юқорига қараб интилиш кераклигини таъкидлаганман. Масалан "Навбаҳор"да ишлаган давримда Остон Ўрунов терма жамоадан таклиф олди. Ўткир Юсупов терма жамоа аъзоси ҳисобланади. Аббос Ғуломов порлаб чиқди, ОТЖдан чақирув олди. Бу ҳам кичик кўрсаткич. Демак "Навбаҳор"даги фаолиятим давомида нимадир қилишга эришдим, деб ўйлайман. Кичкина бўлсада из қолдирган бўлсам бундан хурсанд бўламан.


Европада ўйнаб кетишга имконияти бор футболчилар кўп. Ҳаммаси ўзларига боғлиқ. Футболчи маълум даражага чиққач кейинги фикрлаш доираси кўп нарсани ҳал этиши мумкин. 

Европада ўзбек футболи, ўзбек футболчилари ҳақида етарлича маълумот йўқ. Реклама йўқ. Футболчилар Европанинг кучли лигаларига чиқишдан аввал ўзларини энг камида Россия премьер лигасида кўрсатишлари керак бўлади. Россия премьер лигасида трамплин вазифасини бажариши мумкин.

Ўзбекистонни ҳамма ҳам билмайди. Баъзан менга телефон қилишганида Наманган қаерда деб сўрашади. Мен эса уларга географияни ўқишни тавсия қиламан. Лекин ўша Наманган қаерда эканлигини билмаган одамлар эндиликда бу ҳақда тасаввурлари бор. Бу ҳам яхши аслида (кулади). 

Мени тушунчам бўйича, "Навбаҳор"дан икки нафар футболчи бемалол Чемпионшипда ўйнаб кетиши мумкин. Яқиндагина оёғини синдириб олган Абдужамол Исроилов Чемпионшипдаги исталган жамоада бемалол ўйнаб кетишига ишонаман. Чунки унинг ўйин услуби, агрессив ўйини Англия талаб этадиган футболга яқин. Исроилов Англиябоп футболчи. Афсуски Исроилов жароҳат олиб сафдан чиқди.



Легионерлар масаласи

- Иван Соловьёв ва Касьян мен учун "Навбаҳор"га келишди. Агарда мен йўқ бўлганимда, Соловьёв ва Касьян ҳам жамоада бўлмасди. Уларни бу ерга олиб келиш осон бўлмади. Кўндириш учун яхшигина терлагандим. Тушунганлари ва келиб ўйнашгани учун уларга раҳмат айтаман. Ўзбекистондаги қисқа давр мобайнида ўз номларига эга бўлишди. Мухлислар олқишига сазовор бўлишди. Жамоа учун яхшигина меҳнат қилишмоқда. Айни пайтда жамоадан легионерларни олиб ташласа, унда умуман бошқа "Навбаҳор"га айланиб қолади. Муаммолари кўпайиб кетади. Голбан, Соловьёв ва Касьян жамоанинг ўзагига айланишган. Маҳаллий футболчилар орасида ҳам Ўрунов, Ғуломов, Юсупов, Ғофуров, Аҳмедов ва Меҳмонов каби жамоанинг етакчисига айланган футболчилар мавжуд. Лекин асосий ишни легионерлар бажаришмоқда. Айнан улар жамоанинг услуби ва ўйин чизгисини белгилаб беришади. Арвеладзе айтганидек, кўплаб легионерларни бу ерга олиб келиш осон иш эмас. Кўпчилик бу ерни билмайди, ўйнагиси келмайди. Уларни фақат жарақ-жарақ пуллар эвазигагина қизиқтириш, жалб этиш мумкин холос. 

Айни пайтда Соловьёвни Россияга чақиришмоқда. Россия Биринчилигида кўпчилик Иванни яхши футболчи сифатида билмасди. Ўзбекистонга келди, ўйнади, яхши тарафлама ўзини таклиф этди. Номини чиқарди, имижини кўтарди. Ҳозир эса унга талабгорлар кўпайди. Бу менга ҳам ёқимли. Чунки футболчига ўсиш учун имконият тақдим этганимдан хурсандман. 

Тўғри, уларни клуб билан йил сўнггига қадар шартнома мавжуд. Лекин билишимча, агентлари билан музокараларга киришишган. Таклифлар кўпайган. Нимасини яшираман, менимча, уларни олиб қолиш "Навбаҳор"га осон бўлмаса керак. Кетиб қолишса ажабланмайман. Кўп нарса уларни истагига боғлиқ.



Черчесов билан муносабати ҳақида

- Станислав билан терма жамоада бирга ўйнаганман. Ўзаро танишман. Мураббийлар ўқув курсига келганимизда кўришиб турамиз. Танишлигим уни ёки терма жамоани танқид қилмаслигим кераклигини англатмайди. Менга шахсан терма жамоа кўрсатаётган ўйин ёқмайди. Телефон орқали ҳам кўнғироқлашиб турамиз. Агарда кимгадир Россия терма жамоаси ижросидаги ўйин ёқаётган бўлса, билмадим. Испания билан учрашувда тўпни трибуналарга қараб тепганимиз яхши футбол кўрсатганимизни англатадими? Тўғри, натижа бўлди. Лекин ўйин сифати қониқарли эмас, менимча. Агарда биз саралаш босқичи орқали мундиалга чиқишимиз керак бўлганида, жаҳон чемпионатига қатнашмаслигимиз ҳам мумкин эди. Ана энди Россия терма жамоасига холис баҳони берса бўлади. Европа чемпионатига саралаш босқичи кўп нарсани кўрсатиб беради. Сан Марино каби терма жамоаларни 9:0 ҳисобида мағлуб этиш ҳеч нарсани англатмайди. Бундай кучсиз терма жамоаларни саралаш босқичига тўғридан-тўғри қўйиш нотўғри, менимча. Биринчидан, бу ўша футболчи ва мураббийлар учун шармандалик ва ёқимсиз бўлади. 


Украина футбол бўйича МДҲ давлатлари ичида энг кучлисими?

- Украинада доим энг яхши футболчилар бўлган. Украинада яхши футбол мактаби мавжуд. Ҳаммаси тизимли равишда тўғри йўлга қўйилган. Натижа ҳам кўрсатиб турибди. Уларга баракалла дейиш мумкин. Украина футболининг ўз тарихи ва анъаналари бор.



МЮ қачон ўзига келади? "Камбэк" кўрамизми?

- Жуда қийин савол. Нимадир дейиш мушкул. Нима кераклиги ҳақида ҳам бир нарса дейиш қийин. Шуниси аниқки, вақт керак. Билмадим. Буни Фергюсондан сўраш керак. Бу гал Англияга борганимда Фергига албатта сизнинг мазкур саволингизни бераман. Сэр Алексдан МЮнинг "камбэки" учун нима кераклигини сўрайман. Ўзим учун ҳам қизиқ.


Наманганлик мухлисларга катта раҳмат!

- "Навбаҳор" мухлислари қалбимдан алоҳида ўрин эгаллашди. Бу самимий, дилимдан чиқаётган сўзлар. "Бухоро" билан ўйинни меҳмонлар учун ажратилган ложада кузатдим. Ўйиндан кейин мухлислар мени номимни олқишлашди. Охирги марта бундай воқеа Англия ва Шотландиядаги футболчилик давримда бўлганди. Катта танаффусдан сўнг илк бор бундай олқишни эшитдим. Жуда ёқимли ва таъсирли чиқди. Наманганлик футбол мухлисларидан миннатдорман. Уларга катта раҳмат! Ва албатта сайтингиз орқали уларга ўз саломимни етказаман!


Андрей Канчельскис "Навбаҳор" бош мураббийи сифатида ўтган мавсум якунларига кўра бронза медалларига эгалик қилганди. Россиялик мутахассис наманганликлар рулида жами 19 ўйин ўтказди. Мазкур учрашувлардаги статистика эса қуйидагича: 6 ғалаба, 7 дуранг ва 6 мағлубият. Тўплар нисбати: 20-22.


Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Рейтинг: +137   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика