UZ

Сўнгги янгиликлар

02:15АПЛ. "Челси" ўз майдонида "Манчестер Юнайтед"ни мағлуб қилди  8 02:09Иван Бошкович: "Жамоага қандай фактор етишмаётганини биламан, бироқ буни тушунтириб беришим жуда қийин"  0 01:26АПЛ. "Тоттенхэм" яна мағлуб бўлди, бу сафар "Астон Вилла"га  2 01:19Саудия Арабистони. "Ал Насср" дуранг ўйнаб, 3-ўринни бой берди, "Ал Ҳилол"дан камбэк!  1 00:33"Сурхон" спорт директори: "Кубокда финалга қадар боришни мақсад қилгандик. Февзи Давлетов номидан узр сўраб қўяман"  1 23:24"Атлетико" Влаховичга қизиқиш билдирмоқда  1 22:30Де Зерби ПСЖ ва "Интер" ўртасидаги EЧЛ финали ҳақида: "Netflix’да фильм томоша қиламан"  3 22:04Суперлига. "Сурхон" ўз майдонида "Сўғдиёна"ни мағлуб этди   18 21:58Хёйсеннинг "Реал"даги маоши маълум. АПЛ клублари ҳимоячига кўпроқ пул тўлашга тайёр эди  3 21:35МЮда мавсумнинг энг яхши ўйинчиси аниқланди  0 21:11Хосеп Гвардиола: "Албатта, биз Англия кубогини қўлга киритишни истаймиз, аммо бу биз учун етарли эмас"  1 20:43Хёйсен "Реал" билан 5 йиллик шартнома имзолайди  19 20:20"Атлетико" 55 млн евролик трансферни амалга оширишга яқин  31 19:50УЕФА Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун жиддий кураш. "Чипта" битта — даъвогар эса иккита  9 19:44"Сурхон" — "Сўғдиёна". Асосий таркиблар маълум  2

Набихон Абдуғаниев: "Нормативларнинг йўлга қўйилиши футболчиларни "уйғотди" Янгиликлар

Набихон Абдуғаниев: "Нормативларнинг йўлга қўйилиши футболчиларни "уйғотди"

Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан олиб бораётган ислоҳотлар натижасида жойларда футболга муносабат ўзгараётганлиги, оддийликдан мураккабликка, оммавийликдан профессионалликка қадар интилиш бўлаётганлиги бор гап.

Айниқса, ЎзПФЛ томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги мусобақалар  Регламентининг жойларда ҳаётга тадбиқ этилаётганлигини сезиш мумкин.  “Навбаҳор” клубининг ижрочи директори Набихон Абдуғаниев бу борадаги ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Клубларга янги Регламент тақдим этилганига ҳам бир ойдан ошди. Шу давр ичида амалга оширилган ишлар нималардан иборат бўлди?

- Бундан бир ой илгари Ўзбекистон футбол федерациясининг ишчи гуруҳи Наманганга ташриф буюриб, вилоят футболи билан яқиндан танишган, ЎФФда юз бераётган янгиликлардан воқиф этган, янги Регламентни тақдим этганди. Табиийки, талабларни бажариш бўйича маслаҳатларини, амалий ёрдамларини ҳам аямаганди. Куни кеча вазиятни ўрганиш бўйича ЎФФдан келган мутахассис – Асқар Толибжонов бу ерда қилинган ишлар бўйича танишар экан, фаолиятимизга ижобий баҳо бердилар. Аслида “Навбаҳор” клубида иш бошлаганимга кўп бўлганича йўқ, Наманган шаҳар спорт бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлаётган давримда вилоятимиз ҳокими, вилоят футбол федерацияси раҳбари ЎФФ талаблари бўйича клуб томонидан бажариладиган вазифалар назоратини менинг зиммамга топширган эди. Қисқа муддат ичида кенг қамровли  ишлар амалга оширилди.

- Бажарилган ишлар бўйича аниқроқ тўхталсангиз.

- Биринчи галда “Навбаҳор” Марказий ўйингоҳи чимини яхшилашимиз талаб этиларди. Сабаби, мавсум бошлангунга қадар чимнинг тўлиқ ўсиб чиқиши, ям-яшил ҳолда футболчиларга ҳам, мухлисларга ҳам манзур бўлиши лозим эди. Парваришлаш халқаро талаблар даражасида олиб борилди, махсус уруғ сепилди, ўғитлар билан озиқлантирилди. Шу кунларда плёнка остига олинади. Ҳар мавсум бошланишида стадионимиз майсаси яшил-сариқ рангда, ола-була ҳолатда бўларди, насиб қилса бу йил мавсумни ям-яшил майса устида бошлаймиз. Стадион атрофини таъмирлаш ишлари ҳам давом этяпти, фақат пардозлаш ишлари қолди. Стадион ҳудудида футболчилар учун тренажер зали барпо этилди. Спорт мосламалари вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан таъминланди. Ҳозирча 10 та турдаги мосламалар келтирилди, шу кунларда уларнинг сони яна кўпайтирилади.  

- Янги Регламентда клуб қошида болалар ва ўсмирлар ўртасидаги бир неча ёшдаги гуруҳлар, шунингдек, аёллар ва футзал жамоалари ҳам фаолият юритиши, расмий мусобақалардаги иштироклари таъминланиши назарда тутилган...

- Регламентда қандай бандлар кўрсатилган бўлса барчаси устида жиддий ишлар қилинмоқда. Клуб қошида 14, 16 ва 18 ёшдаги болалар ва ўсмирлар гуруҳлари аввалдан фаолият олиб борган. Буларнинг иши янада шакллантирилди. Шаҳардаги 17-БЎСМ қошида шуғулланадиган гуруҳларимизга ўз ишининг уста мураббийлари бириктирилган, уларга барча шароитлар яратилган. Наманган бундан 15-20 йил аввал болалар ва ўсмирлар футболи бўйича Республикада олдинги қаторда тилга олинарди. Маълум сабабларга кўра кейинги йилларда орқада қола бошладик.

Шуларни инобатга олган ҳолда клубимиз қошидаги гуруҳларни шакллантириш орқали вилоят болалар ва ўсмирлар футболи натижаларини ҳам яхшилашни мақсад қиляпмиз. Аёллар футболига келсак, болалар футболи каби аёллар футболида ҳам ютуқларимиз бўлган. Афсуски, кейинги 10-15 йил ичида аёллар футболига эътибор камайганди. Регламент талаби баҳонасида бу соҳани клуб қошида янада ривожлантиришга киришдик. Жамоага шаҳардаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасидаги уч минг томошабинга мўлжалланган ўйингоҳ бириктирилди, Олимпия захиралари коллежи билан футболчи қизларни ўқув-машғулот йиғинлари пайтида ётиб-туришлари, овқатланишлари бўйича шартномалар имзоладик. Жамоа Карима Йўлдошева устозлигида 5 январдан мавсумга тайёргарлик йиғинини бошлади.

Таркибни кучлироқ футболчилар билан тўлдириш бўйича селекция ишлари ҳам олиб бориляпти. Болалар ва аёллар футболи каби футзалда ҳам юқоридаги таърифни келтириш мумкин. Ўз даврида Ўзбекистонда мини-футболнинг шаклланишига ҳисса қўшган вилоят терма жамоамиз вақт ўтиб инқирозга юз тутган эди. Мана, яна айнан Регламент талабларидан келиб чиқиб олдинги шуҳратимизни тиклашимизга имкон яратиляпти. Бу жамоамизга ҳам “Баркамол авлод” спорт мажмуасидаги спорт манежи бириктирилди. Минг томошабинга мўлжалланган йирик спорт залда йил ўн икки ой мусобақа ўтказиш мумкин. Бош мураббий Ғофуржон Самиев тажрибали футзалчи шогирдлари билан аллақачон машғулотларни бошлаб юборди.

- Мухлислар билан ишлаш борасида ҳам ҳам икки оғиз фикр билдирсангиз.

- Норасмий тарзда ишлаб келган мухлислар клубини расмийлаштириш ҳужжатлари тайёрланмоқда, белгиланган тартибда Давлат рўйхатидан ўтказяпмиз. Стадион ҳудудидан бу клуб учун битта хона ажратилди. Ногиронлар, болалар ва аёллар учун стадионга бепул кириш таъминланади. Бундан ташқари, мавсум давомида рағбатлантирувчи акциялар ташкил этишни ҳам режалаштирганмиз.

- Умуман, ЎФФ ва ПФЛ томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатингиз қандай?

- Чиндан ҳам ижобий. Биргина шу Регламентни олайлик. Пухта ишланган, бошланишига қийиндек туюлгани билан келгусида ижобий натижа берилишига шубҳа йўқ бандлар киритилган. Қолаверса, Регламент клубларга анча аввал тақдим қилиняпти, токи камчиликларни бартараф этишга вақт қолсин.

Аввалги Регламент чемпионат бошланишига 10-15 кун қолганда тарқатиларди, табиийки шошма-шошарликлар, кўзбўямачиликларга йўл қўйиларди. Эндичи, кўп муаммолар енгиллашди, топшириқларни бажаришга улгуряпмиз. Клубларнинг сони камайгани ҳам айни муддао бўлди. Мухлислар кучли ва кучсиз клублар ўртасидаги зерикарли ўйинларни кўриш ўрнига, энг кучлилар ўртасидаги баҳсларни тўрт маротаба томоша қилиш бахтига эришишди.

Бу эса, табиийки, терма жамоамизга муносиб номзодларни танлаб олиш имконини ҳам беради. Футболчилардан қабул қилинадиган махсус тестлар, айтиш мумкинки, нафақат клублар, балки “ухлаб ётган” футболчиларни ҳам “уйғотди”. Оддий мисол, клубимизда тажрибали деб билган аксарият футболчиларимиз дастлабки талабларни бажара олишмади. Айни пайтда иккинчи маротаба топшириладиган нормативларга жиддий тайёргарлик кўришяпти.

Билишадики, яна дангасалик қилишса футболсиз қолиши аниқ, бу эса унинг яшаш тарзига таъсир кўрсатиши ҳам муқаррар. Шундай экан, иккинчи синовлардан муваффақиятли ўтишга интилишади, бу эса клубимиз, жамоамиз шаъни учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.  Бир сўз билан айтганда, “Навбаҳор” клуби Регламент талабларига жавоб беришга интиляпти.

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика