

Улар орасида шубҳасиз барчанинг эътибори Тошкентдаги "Пахтакор" - "Нефтчи" учрашувига қаратилади. Турнир жадвали томонидан ҳам, боз устига "Пахтакор"нинг кубокдан чиқиб кетиши, "Нефтчи"нинг ҳали мағлубиятга учрамагани каби омиллар мазкур баҳсни кузатишга арзийди. Шунингдек, бугунги кун доирасида Яйпанда "Турон" - "Насаф", "Бухоро" - "Қизилқум" учрашувлари ҳам ўрин олган. Мазкур қарама-қаршиликлар олдидан мутахассис фикри рукнида Абдумажит Тоировнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- "Пахтакор" - "Нефтчи" турнинг марказий ва муҳим ўйини. "Пахтакор" фаворит. Лекин "Нефтчи" ўйин темпини ва ўйинни тўпсиз назорат қила оладиган жамоа. Фарғоналиклар кўпроқ ҳимояга эътибор бериб ўйнайди ва "Пахтакор" ҳимоясидаги бўш зоналардан фойдаланишга ҳаракат қилади, деб ўйлайман. Ўйин натижасини тахмин қилиш қийин, катта эҳтимол билан дуранг бўлса керак.
- "Турон" - "Насаф" учрашувида катта устунлик меҳмонларда бўлади. Ўйин, таркиб жиҳатдан ҳам "Турон"дан анча кучли. Яйпанликлар Бухородаги ғалаба омадли тасодиф эканлигини билади. Улар учун бугун 1 очко ҳам ғалабага тенг. "Насаф"да легионерлар ўзини кўрсатиш вақти келди.
- "Бухоро" - "Қизилқум" учрашувида устунлик мезбонлар томонида. "Турон" билан ўйинда кўрдикки, "Бухоро" футболчилари ўйин давомида ўйин темпини ошириб бурилиш ясашга қодир. Озгина тезроқ ҳаракат қилганида балки ғалаба қозониб кетарди. "Қизилқум"да эса аксинча. "Навбаҳор" билан максимал даражада ҳаракат қилган бўлсада натижага эриша олмади. "Навбаҳор" шу куни 60 фоиз куч сарфлаб рақибини мағлубиятга учратди. Руҳий жиҳатдан Бакаев шогирдлари яхши ҳолатда.



