UZ

Сўнгги янгиликлар

22:45"Реал" нимадан норози?  0 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3 16:47Шаҳзодбек Ғофурбеков — "Локомотив" футболчиси!  0

Мозий юлдузлари: Дворковшиналик қишлоқи Янгиликлар

Мозий юлдузлари: Дворковшиналик қишлоқи

“Championat.asia”да янги рукн.

Унда мозий юлдузлари ҳақида сўз боради.

“Шарқ иблиси” лақаби билан танилган ва фаолияти давомида ўзидан муносиб ном қолдира олган бугунги қаҳрамонимиз нафақат киндик қони тўкилган юрт Украинада, қолаверса дунёда минг-минглаб мухлислар орттирган десак муболаға бўлмайди. Уни ҳамма севарди, унга мухлислик қилиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг ўйинларидан завқ олишар эди. А Сериянинг драматикага тўла шиддатли турлари-ю, Премьер-лигадаги муросасиз баҳсларда кўрсатган мазмунли ўйинлари кўплаб футбол ишқибозларининг қалбидан жой олган. Қуйида сиз билан ўтмиш юлдузи украиналик афсонавий Андрей Шевченконинг юлдузли фаолияти ҳақида яқиндан танишамиз.


Машҳурлик учун қўйилган қадам

Андрей Николаевич Шевченко 1976 йил 29 сентябрда Киев вилоятининг Дворковшина қишлоғида ҳарбий оиласида таваллуд топган. Андрей болалик йилларида тенгдошлари қатори кўчада тўп тепиб катта бўлган. Унинг отаси Николай фарзандини худди ўзи сингари ҳарбий бўлишини хоҳлар эди, аммо қаҳрамонимиз футболни чин дилдан севар, миллионлар ўйини ҳаётининг ажралмас бир қисми бўлиб улгурганди. Оддий болалар қатори кўча чангитиб юрган Андрей кейинчалик футбол билан жиддий шуғулланишни бошлади. Унинг биринчи мураббийи Александр Шпаков болакайда юксак иқтидорни кўради ва Андрейнинг ота-онасини фарзандини футболчи бўлишига аранг кўндиради. “Динамо” болалар ва ўсмирлар футбол мактабидаги таҳсили давомида қаҳрамонимиз бир неча бор ташкиллаштирилган турнирлар ғолиби бўлиши билан бирга, ўзининг тўпурарлик қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турар эди. Ҳаттоки, 1990 йилда бўлиб ўтган мусобақада тўпурар бўлган Андрейга ўша вақтдаги “Ливерпуль” клуби афсонаси Иан Рашнинг шахсан ўзи янги бутсалар совға қилади. Қолаверса, орадан бир йил ўтиб ўз тенгқурлари ўртасида ўтказилган Собиқ иттифоқ чемпионатида жамоаси билан ғолибликни ҳам қўлга киритади. Бу Андрейнинг футболдаги илк қадамлари бўлибгина қолмай, ўз фаолияти учун ажойиб ибтидо ва юлдузлик сари қўйилган қадамнинг дастлабки  пиллапоялари эди.

Шевченконинг фаолиятида “Динамо” (Киев) жуда муҳим рол ўйнайди. Унинг футболчи бўлиб камол топиши, машҳур бўлиши ҳамда Европа ва дунёга танилишида бу клубнинг хизматлари беқиёс. Шеванинг ўзи ҳамиша буни тан олган ва клуб олдида бир умрлик қарзи борлигини ҳеч қачон яширмаган. Қаҳрамонимиз фаолиятини мазкур клубнинг ўринбосарлар таркибида бошлайди ва ўзининг иқтидори ва тўпурарлик қобилияти билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, 1993/94 йилги мавсумда “Динамо-2” сафида мавсум давомида 12 та гол урган ҳолда энг яхши тўпурар мақомини қўлга киритди. “Шева” 1994 йил 8 ноябрь санасида киевликлар таркибида дебютини нишонлайди. Айнан ўша баҳсда “оқ-кўклар” азалий рақиблари “Шахтёр”га қарши майдонга тушган ва ўшанда Андрей атиги 18 ёшда эди. 1994 йил 1 декабрь куни “Днепр”га қарши учрашувда эса Шева ўзининг илк голини нишонлади. Шу билан бирга, орадан бир йил ўтиб, биринчи марта мамлакат чемпиони бўлишга эришди ва ўша мавсумда 31 ўйинда 16 та гол уришга муваффақ бўлди. Қолаверса, Андрейнинг ЕЧЛдаги дебюти ҳам ўша йилларга тўғри келди.

ЕЧЛнинг 1997-98 йиллардаги мавсумида қаҳрамонимиз “Барселона”га қарши ўйинда хет-трик қайд этади ва энг яхши ўйинчи деб топилади. Умуман олганда, киевликлар сафида дастлабки йилларда барча мусобақаларда 106 та гол урган ва 1995 йилдан 1999 йилгача бўлган давр мобайнида 5 марта мамлакат чемпионлиги ҳамда 3 бора кубок соҳибига айланган. 1999 йилги мавсумда ички биринчилик тўпурари бўлган.


Салом Милан, салом Европа!

Шевченконинг ўша даврларда ички биринчилик ва Европа майдонларидаги фантастик ўйинлари кучли бешликдаги машҳур клубларнинг эътиборини тортиб, украиналик афсонага кўҳна қитъанинг кўзга кўринган жамоаларидан “совчилар” кела бошлади. Бу борада “Милан” ҳаммадан олдин “отни қамчилади” ва уни ўз сафига қўшиб олишга муваффақ бўлди. “Россонерлар” сафига ўтиши қаҳрамонимиз фаолиятида туб бурилиш ясади ва миланликлар таркибида у ҳақиқий тўпурар, етакчи, жамоанинг алмаштириб бўлмас ўйинчиси ҳамда “Милан” тиффозиларининг эркатойига айлана олди. Шунингдек, “Динамо” (Киев) сафида кўрсатган ажойиб ўйинлари шунчаки тасодиф эмаслигини барчага исботлаб қўйди. 

1999 йилнинг май ойида “Милан” клуби хўжайинлари “Динамо” (Киев) ғазнасига 25 миллион долларни ўтказиб бериши ортидан, ўша машҳур трансфер амалга ошди. Андрейнинг миланликлар сафидаги дебюти ўша йилнинг август ойида “Парма”га қарши мамлакат Суперкубоги баҳсида амалга ошди. А Сериядаги дастлабки учрашуви эса “Лечче”га қарши учрашувда бўлди ва ўша ўйинда биринчи голини ҳам уришга эришди. Қолаверса, қаҳрамонимиз “россонерлар” таркибидаги илк мавсумидаёқ 

24 та гол киритиб, ўзига ҳос сермаҳсуллик кўрсата олди. 2003 йилги мавсумда миланликлар таркибида энг йирик совринни қўлга киритди. ЕЧЛ финалида А Сериядаги азалий рақиблари “Ювентус” мағлуб этилди. Манчестер мезбонлигида ўтган ҳал қилувчи баҳсда лотореялар сериясида омад “қизил-қоралар”га кулиб боқди ва сўнгги нуқтани аниқ амалга оширган Шева жамоасига ғалаба тақдим қилди. Айнан ўша мавсум украиналик футболчи учун анча омадли ўтди. Жумладан, Италия кубоги ва УЕФА Суперкубоги қўлга киритилди. Орадан бир йил ўтиши билан А Серияда чемпионлик нишонланди, мамлакат Суперкубогида унинг хет-трики эвазига зафар қучилди ва қаҳрамонимизнинг ўзи чемпионатнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Шунингдек, ўша йили украиналик юлдуз Европанинг энг яхши ўйинчиси бўлибгина қолмай, мамлакат қаҳрамони унвонини олди.



Лондонга йўл, Абрамович лойиҳаси ва украинча муҳаббат...

Албатта, ёши катта футбол иҳлосмандлари яхши эслашса керак, ўша йилларда Шевченко ҳақиқий футбол қироли эди. Унинг жозибадор ўйини, муҳим ўйинларда гол уриши, мукаммал тўп узатмалари ва  исталган мураббий танлаган тактикага мос ўйин намойиш этишлари орқали барчанинг ардоғида бўлган. Европадаги энг кучли клублар ҳар қандай йўл билан бўлмасин уни ўз таркибига қўшиб олишга тайёр эдилар, аммо “Милан” ҳам Шевани осонликча қўйиб юборгиси келмасди. Тан олиш жоиз, украиналик тўп афсунгари “қизил-қоралар” сафида ўзи хоҳлаган барча совринларни қўлга киритди, мухлислар ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ўзгартириш пайти келганди ва бу масала узоққа чўзилмади. Умуман олганда, Шева ўша вақтлари севги дардига “чалинган” ва америкалик модел Кристина Пазик билан турмуш қуришга ҳам улгурган эди. Табиийки, у гўзал турмуш ўртоғи райини қайтаролмас, мафтункор Милан эса жуфтлик учун зерикарли бўлиб қолганди. Қолаверса, 2005 йилги ЕЧЛ финалидаги “Ливерпуль”дан учралган аламли мағлубият ва лотореялар сериясидаги хато Шеванинг “модалар шаҳри”ни тарк этишига кичик сабаблардан бири бўлди. Андрейнинг ўзи бир неча бор Милан унинг уйи эканлиги, жамоа эса оиласидай бўлиб қолганини айтган бўлсада, клуб билан шартномани узайтирмади ва Лондонга йўл олди. Шеванинг ўзи “россонерлар” сафидан кетишини оилавий сабаблар туфайли бўлаётганлиги ва фарзандаларининг яхши таълим олиши учунлиги тўғрисида кўп бора айтган бўлишига қарамасдан, аслида уни Роман Абрамовичнинг “Челси” лойиҳаси кўпроқ қизиқтирарди. Ниҳоят, 2006 йилги мавсумда “Милан”даги етти йиллик ажойиб фаолиятдан сўнг 30 миллион фунт эвазига “аристократлар” сафига бориб қўшилди. Британия оролидаги “саргузаштлар” старти яхши бошланди. Шева янги клуби учун биринчи ўйинни ўзидаёқ гол уришга эришди ва Англия Суперкубоги баҳсида мерсисайдликлар дарвазасини аниқ нишонга олди, аммо ўша баҳсда жамоаси мағлуб бўлди. Лондонликларнинг ўша даврдаги мураббийи Жозе Моуринью унга керагидан ортиқ имкониятлар берди ва асосий таркибдан доимий жой ажратди. Бироқ, “Special One”нинг ишончи, мухлислар қўллаши ва раҳбариятнинг эътиборига қарамасдан Андрейнинг Лондондаги фаолияти ўзи ўйлагандек муваффақиятли бўлиб чиқмади. Унинг устига “Челси”да ўтган икки йиллик фаолияти давомида икки бора жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. “Аристократлар” сафида умумий ҳисобда 48 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол уришга эришган қаҳрамонимизнинг Лондондаги сафари қариб, яна “бузоқлар” мамлакатига қайтишга мажбур бўлди.


А.Шевченко ва К.Пазик


Қайтиш...

Шеванинг миланликлар сафига ижара асосида қайтиши у қадар ҳам муваффақиятли чиқмади. Ўтган икки йил ичида клубда ўзгаришлар амалга ошган, жамоанинг ўйин услуби ўзгарган ва энг асосийси илгари махсус Андрей учун мукаммал ишлаб чиқилган ҳужумкор жамоа тактикасидан асар ҳам қолмаганди. Энди Шевченко ҳаммасини бошидан бошлаши, ўз ўрнини қайтариб олиши талаб этиларди. Унинг устига “Милан”даги севимли рақами ҳам Алешандро Патога ўтиб кетган, шу боис мавсумни 76-рақамда бошлашга мажбур бўлади.



“Милан” таркибидаги дастлабки ўйини УЕФА кубоги доирасида Швейцариянинг “Цюрих” жамоасига қарши кечди ва ўша баҳсда Шева ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Аммо, ички биринчилик ва кубок баҳсларида айтарли сермаҳсуллик намойиш этолмади. Олдинги даражасига чиқиши учун қанчалик ҳаракат қилмасин, иккинчи марта “модалар шаҳри”ни забт этиш унга насиб қилмади. Апеннин яриморолидаги нурсиз иштирок ва мазсунсиз ўйинлари ортидан Андрей аввал Лондонга, сўнгра эса ўзининг биринчи жамоаси “Динамо” сафига қайтишга мажбур бўлди.

Дарҳақиқат, украиналик тўп афсунгари фаолияти давомида ажойиб натижаларни қўлга киритди, клуб сафида ҳам, терма жамоа миқёсида ҳам фахрланарли ютуқларга эга чиқди. Унда ҳужумчи учун керак бўладиган барча сифатлар мавжуд эди ва ундан кераклича фойдалана олди. Мухлислар эътирофига сазовор бўлди ва 2012 йилда фаолиятини якунлади.

Футболчилик фаолиятини якунлагандан сўнг бир муддат сиёсат билан шуғулланиб кўрган дворковшиналик иқтидор эгаси кейинчалик барибир футболга қайтди ва мураббийлик курсларига қатнай бошлади. 2016 йилда эса унга терма жамоа бошқарувини ишониб топширишди ва айни шу кунга қадар “сариқ-кўклар”ни мураббий сифатида майдонга бошлаб тушмоқда.

Дунёда унинг мухлислари ҳозиргача етарли даражада топилади, ким билсин ўшанда Андрей ота-онасининг хоҳишига қараб ҳарбий бўлганида, бугун у учун мазкур мақола ёзилмаган, дунё аҳли буюк иқтидор соҳибини кашф этмаган бўлармиди. Яна ҳам ким билсин.

Уни ҳамма соғинади... Милан кўчалари, афсонавий “Сан-сиро”, сариқ-кўк рангга бурканган терма жамоа мухлислари, умуман ҳамма-ҳамма...  Ёшликда ТВ қаршисида ўтириб унинг ўйинларини кузатмаган ва ижроларидан завқланмаган мухлислар бўлмаса керак. 2000 йиллар бошларида Шеванинг ўйинларини орзиқиб кутиб, А серия ўйинларини кечалари билан томоша қилиб, тунлари бедор бўлган қоракўзлар қанча?!

Сиз ўз хотираларингиз билан ўртоқлашган ҳолда, Шевага қандай таъриф берган бўлардингиз?


Фаррух Дониёров тайёрлади

Рейтинг: +30   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика