UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Миржалол Қосимов: “Энди бор эътиборимни терма жамоага қаратаман” Янгиликлар

Миржалол Қосимов: “Энди бор эътиборимни терма жамоага қаратаман”

Ўтган ҳафтанинг жума куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг “Бунёдкор”даги мажбуриятидан ҳалос бўлгани ва энди бор эътиборини мамлакат бош жамоасига қаратиши ҳақидаги хабар эълон қилинди.
Аслида, бу ҳақдаги гап-сўзлар анча олдин урчиганди ва фақат расман ўз тасдиғини топмаётган эди. Маълумки, миллий терма жамоамиз келаси йилнинг январь ойида Осиё Кубоги-2015да иштирок этади. Табиийки, энди бор эътибор қитъа чемпионатига тайёргарликка қаратилади. Олдинда ўртоқлик учрашувлари бор. Миржалол Қўшоқович шу ўйинлар орқали жамоани Осиё Кубогига тайёрлаб боради. Бундан ташқари, Қосимов шу йил сентябрь ойида Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига ҳам терма жамоамизни олиб боради. Бу жамоа асосан 1991-1993 йилларда туғилган футболчилардан таркиб топган бўлади. Албатта, бу янгилик ҳам ижобий ҳолат. Бу жамоадан айрим ўйинчилар миллий терма жамоага ҳам таклиф этилиши мумкин. Ҳафтанинг муҳим янгилигидан сўнг Миржалол Қосимов билан учрашиб, ундан эксклюзив интервью олдик.

- Ўзи аслида февраль ойининг сўнгги кунлари фақат миллий терма жамоада ишлашим ҳақидаги хабар пайдо бўлганди, - дея сўз бошлади М.Қосимов. – Лекин бу жараён тезликда амалга ошмади. Боиси, 5 март куни БААга қарши ўйин, икки кун ўтиб, “Локомотив” билан суперкубок учрашуви ўтказилди. Кейин кетма-кет ОЧЛ ўйинлари бўлиб ўтди. Шу сабаб билан бу ўзгариш табиий равишда бироз чўзилиб кетди. Яқинда Мираброр ака Усмонов билан учрашганимиздан сўнг бу масалани узил-кесил ҳал қилдик. Зиммамга сентябрь ойида ўтказиладиган Осиё ўйинларига терма жамоамизни бош мураббий сифатида олиб бориш вазифаси ҳам юклатилди. Бундан роппа-роса 20 йил аввал Хиросимада ўтган 12-Осиё ўйинларида чемпион бўлгандик. Мана шу ғалаба ҳалигача ягоналигини сақлаб келяпти. Шуни инобатга олган ҳолда, жамоамиз олдига Инчхонда муносиб тарзда қатнашиш ва ўша 20 йил аввалги натижани такрорлаш вазифаси қўйиляпти. Ҳозир менда футболчиларнинг кенгайтирилган таркиби бор. Асосан 1991-93 йилларда туғилган ўйинчилар жам бўлган. Шунингдек, яна уч нафар ёши катта футболчини ҳам таркибга қўшиш мумкин. Осиё ўйинлари ФИФА кунидан ташқари вақтда ўтказилади. Шу боис, легионерлар хизматидан фойдаланиш борасида муаммолар юзага келиши мумкин. 1994 йили ўзим Владикавказнинг “Алания”сида ўйнардим, лекин ўшанда терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборишганди. Кўрамиз, легионерларга рухсат тегмаган тақдирда, олий лигада ўйнаётган 23 ёшдан катта уч нафар футболчини таркибга қўшамиз. Хуллас, шу иккита терма жамоани бошқаришим маълум бўлганидан кейин “Бунёдкор” билан хайрлашишга тўғри келди. Фурсатдан фойдаланиб, мен билан бирга шунча йил давомида ишлаган футболчилар, клуб раҳбарияти ва жамоанинг барча ишчи-ҳодимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Сизнинг ихтиёрингизда яна иккита жамоа қоляпти. Осиё ўйинлари сентябрь ойида ўтказилади. Айнан сентябрнинг биринчи ўн кунлигида миллий терма жамоамиз Тошкентда 2 та ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Мана шу икки мусобақага тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан муаммоларга дуч келмайсизми?

- Ўзига яраша муаммолар юзага келиши мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда, июль ва август ойларида ҳам бир нечта ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштиряпмиз. Бу икки ойда ФИФА куни йўқ. Ўз-ўзидан легионерлар хизматидан фойдалана олмаймиз. Шу сабабли ўша ойда ташкил этиладиган ўйинларда аралаш таркиб билан ўйнаймиз. Ўзи ҳозирги миллий терма жамоа таркибида ҳам 1991-93 йилларда таваллуд топган футболчилар бор. Кейин 3 сентябрь куни Тошкентда Иордания билан ўйин белгиланди. Айни пайтда 7-9 сентябрь кунларининг бирига спаринг-рақиб изланяпти. Иложи бўлса, 8 сентябрь кунига мўлжаллаяпмиз. Чунки, 10-куни Кореяга жўнаб кетилади. 14 сентябрдан эса, Инчхонда Осиё ўйинлари бошланади. Қуръа ташлаш маросимидан сўнг гуруҳдаги рақибларга қараб, яна тайёргарлик режасини қайта кўриб чиқамиз. Осиё ўйинлари 4 октябрга қадар давом этади. 6 октябрда Доха шаҳрида Қатар терма жамоасига қарши ФИФА кунидан ўрин олган ўртоқлик учрашувимиз бор. Насиб қилса, Кореядан тўғри Қатарга учамиз. Доҳадан қайтишимизда, йўл-йўлакай 10 октябрь куни Дубайда Баҳрайн терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинимиз режалаштирилган. Шунингдек, БАА миллий терма жамоаси билан 14 октябрь куни ўзаро учрашув ўтказамиз. Баҳрайн ва БААга қарши ўйинлар ФИФА кунидан ташқарида ўтказилади. Дарвоқе, 27 ва 29 май кунлари Тошкентда Уммон терма жамоасига қарши 2 та ўртоқлик ўйинида ҳам майдонга тушамиз. ФИФА куни бўлгани учун легионерларни ҳам бу ўйинларга чақирганмиз.

- Ўртоқлик ўйинлари араб жамоалари билан белгиланибди. Лекин Осиё Кубоги-2015 қуръаси бизга Хитой ва КХДР жамоаларини туҳфа этди. Шуни инобатга олган ҳолда, ўйин услуби бўлажак рақибларимизникига ўхшаш Шарқий Осиё терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

- Август ойига Молдова ва Озарбайжон терма жамоалари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Япония футбол федерацияси билан музокара олиб борилди, лекин биз таклиф қилган кунлар уларнинг иш режасига тўғри келмади. Жанубий Корея билан чорак финалда тўқнаш келиб қолишимиз мумкин. Табиийки, улар билан истаган тақдиримизда ҳам ўйнай олмаймиз. Балки, сиз айтгандек, Шарқий Осиё жамоалари билан ноябрь ва декабрь ойидаги йиғинларимизда назорат учрашувлари ўтказармиз. Чунки, Осиё Кубоги январь ойида бўлиб ўтади. Сўнгги йиғинларимиз иқлими Австралияга мос давлатларда ўтказилади.

- Бевосита қуръа ташлаш маросимида иштирок этиб қайтдингиз. Терма жамоамиз жойлашган квартетга қандай баҳо берасиз?

- Финал босқичига етиб келган терма жамоалар орасида яққол аутсайдери йўқ. Ҳеч кимнинг қўлига Австралия чиптаси курашсиз, шунчаки берилмаган. Элакдан ўтган жамоалар финал босқичига йўлланма олишди. Тилда ҳамма нарса осон. Амалда эса ҳамиша қийин бўлиб келган. Бу осон гуруҳ экан, буниси эса қийин дейишнинг ўзи нотўғри. Биринчи галдаги вазифамиз гуруҳ босқичидан чиқиб олиш. Табиийки, 2011 йилги кўрсаткичимиздан паст натижани қайд этмаслигимиз керак.

- Қатардаги Осиё Кубогининг чорак финалида Иордания билан тўкнаш келган эдик. Бу сафар эса бироз ўзгача вазият. Чорак финалга чиқсак, катта эҳтимол билан Австралия ёки Жанубий Кореяга қарши майдонга тушишимизга тўғри келади. Қуръанинг айни шу жиҳати бизга омадсиз келмадимикан?

- Балки, бу ҳаммаси яхшиликкадир. Ўз олдимизга олий мақсад қўйганимиздан кейин рақиб танламаслигимиз керак. Кейин таҳминий рақибларингиз маълум бўлганидан кейин тайёргарлик ҳам шунга яраша кучли бўлади. Муносабат ҳам бошқача бўлиши лозим.

- Осиё ўйинларида иштирок этадиган терма жамоада сизга кимлар ёрдам беради? Мураббийлар штабини аниқлаб олдингизми?

- Миллий терма жамоада бўлгани каби бу жамоада ҳам Шуҳрат Мақсудов ёрдам беради. Ҳозир яна бир мураббийни штабга қўшиш бўйича иш олиб боряпмиз. Яқин кунларда мураббийлар штаби тўлиқ кўринишда бўлади.  

- Клубдаги фаолиятингизни сарҳисоб қилиб, қандай хулосаларга келдингиз?

- Шукрки, футболчилик фаолиятим якунланганидан сўнг узилиш кузатилмади. Ишсиз қолиб кетмадим, севимли машғулотим билан банд бўлдим. Касал пайтларимда ҳам шу яхши кўрган ишим менга далда бўлган. Нолийдиган нарса йўқ. “Машъал”дан кейин 6 йил давомида “Бунёдкор” жамоасида ишладим. Сколари, Зико каби дунё тан олган мураббийлар билан бирга ишлаш насиб қилди. Клуб олдига ҳар доим максимал вазифалар қўйилди. Бундай жамоада ишлаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. “Бунёдкор” етти мавсумдан бери ОЧЛда мунтазам иштирок этиб келяпти. Шундан олтитасида гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтган. Бу йил ҳам вазият биз учун ижобий бўлиши мумкин эди. “Ал-Жаиш”га қарши кечган ўйинда ҳакам юз фоиз голимизни инобатга олмади. Тўп дарвоза чизиғини ярим метрга кесиб ўтганди. Яна бир вазиятда рақиб дарвозаси томон яққол пенальти белгиланмади. Меҳмонлар ўйинчиси қўлини баланд кўтарган ҳолда дарвоза томон тепилган тўпни қайтариб қолганди. Битта эпизод вазиятни 360 градусга ўзгартириб юбориши мумкин. Амалда шундай ҳам бўлди. Ҳакамнинг нохолис қарорлари бўлмаганида, балки вазият ҳозир умуман бошқача тус олармиди? Кейин бу йил биз ишонч билдирган футболчиларимиз ўзларини оқлашмади. Бу ҳам бир лотореядек гап. Сардор Собирхўжаев, Дилшод Жўраев каби ёшларга ҳали вақт керак. Бу ёш ўйинчиларда стабиллик йўқ. Бир ўйинда язши ўйнаса, иккинчисида майдонда кўринмай қолади. Қолаверса, захира ўриндиғимиз жуда тор бўлиб қолди. Ярим ҳимоя чизиғи панд бериб қўйди. Ҳужумчиларни тўп билан ҳимоячилар таъминламайдику!

- Бу йилги чемпионатнинг 4 та тури ортда қолди. Илк таассуротларингиз қандай бўлди?

- Энди чемпионатимиз ўйинларини ташқаридан кузатиш имконияти кўпроқ бўлади. 4-тур доирасидаги “Олмалиқ”-“Андижон”, “Навбаҳор”-“Насаф”, “Локомотив”-“Сўғдиёна” ўйинларини бевосита стадиондан кузатдим. Энди ҳар бир турда имкон қадар марказий учрашувларни томоша қилиш, терма жамоага муносиб номзодларни кашф этиб боришга ҳаракат қиламан. Аввал ҳам бу ҳақда айтганман, ички чемпионат қанчалик кучли бўлса, терма жамоа ҳам шунчалик кучли бўлади. Ўткинчи ўйинларга ҳамиша қарши бўлиб келганман. Ҳар битта ўйин камида “Бунёдкор”-“Олмалиқ” учрашувига ўхшаб ўтса, ўйлайманки, Ўзбекистон чемпионати нафақат Осиёда, балки дунёда ҳам етакчи ўринларда бўлади. Терма жамоа бош мураббийи мен бўламанми, бошқа инсонми, албатта, миллий чемпионатнинг кучайишидан манфаатдор бўлиши шарт. Ҳаёлда ҳамма нарсага эришиш мумкин. Лекин ҳаёт умуман бошқа нарса. “Ажойиб ҳаёлпараст” фильмидаги Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров талқин этган образни ҳар доим эслайман. Кино билан ҳаёт ўртасида жуда катта тафовут бор.

- Осиё Кубоги-2015 январь ойида ўтказилади. Январь, февраль, март ойлари эса ҳамиша биз учун ноқулай вақт бўлиб келган. 2011 йилги қитъа чемпионатида кучли тўртликка киришимизга икки ой олдин бошланган тайёргарлик замин яратган эди. Терма жамоалар маркази олдига шундай тайёргарлик шароитини ташкил этиб беришни сўраб мурожаат қилдингизми?

- Аниқ эсимда, ўшанда терма жамоамиз 22 ноябрь куни тайёргарликни бошлаган ва бу ўз мевасини берганди. Таққослаш учун бир мисолни келтириб ўтираман. Узоққа бормайлик, январь ойида Уммонда ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз гуруҳдан ҳам чиқа олмади. Чемпионат бошланишига 6 кун қолганида тайёргарликка киришилди. Бир ҳафтада нимага эришиш ҳам мумкин. Олти куннинг икки куни ҳам йўлда ўтди. Ҳар бир клубнинг ўз иш режаси бор. Мураббийларнинг талаби ҳам турлича. Футболчилар терма жамоага турли ҳолат ва тайёргарлик билан етиб келишади. Ўртоқлик учрашувлари шунинг учун ҳам керак.

- Осиё Кубогига тайёргарлик режаси ишлаб чиқилганми?

- Ишлаб чиқилганди. Лекин қуръа натижасига кўра, Хитой билан бир гуруҳга тушиб қолдик. Режага кўра, Австралия сафари олдидан Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ташкил этишни мақсад қилгандик. Чунки, Шанхай Австралия билан бир хил иқлим шароитига эга бўлиб, об-ҳавога мослашиш кўзда тутилган эди. Энди режани қайта кўриб чиқамиз. Мен Терма жамоалар марказига ПФЛ билан келишган ҳолда Ўзбекистон чемпионати ўйинларини кечи билан 8 ноябрь куни якунлаш кераклигини айтдим. Футболчилар икки ҳафта дам олганидан сўнг, 25 ноябрдан ўқув-машғулот йиғинини бошлашни режалаштиряпмиз. Ижобий натижа қўлга киритилишини истаётган эканмиз, тайёргарликни айнан шу тартибда бошлашимиз шарт. Ҳозир Австралиянинг ўзида йиғин ўтказиш ҳақида бош қотиряпмиз. Икки ҳафта Австралияда бўлиб, яна Тошкентга қайтиб келинади. Ўша ернинг ўзида қолиб, чемпионат бошлангунича ҳозирлик кўриш футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказиши аниқ.

- 5 январь куни Сиднейда ўртоқлик учрашуви ўтказиш режага киритилибди. Бўлажак рақиб билан келишиб олдингларми?

- Бу ўйин эски режа бўйича белгиланган эди. Унга кўра, 29 декабрь куни Шанхайдан Тошкентга қайтиб, Янги йил байрамини ўтказиб, кейин Австралияга учиб кетишни мақсад қилган эдик. Энди баъзи бир ўзгаришлар киритилиш эҳтимоли бор.

- Аввалги Осиё чемпионатларидан фарқли равишда бу сафар гуруҳ босқичининг уччала ўйини ҳам бир-биридан анча узоқда бўлган шаҳарларда ўтказилади...

- Австралиянинг ўзи бир қитъа бўлса, табиийки, шаҳарлари орасидаги масофа ҳам кичик бўлмайди. Сўнгги 10 кун ичида тоза осмоннинг ўзида 55 соат учдим.

- Демак, адаптация, яъни мослашиш жараёни ҳозирданоқ бошланибди-да.

- Шундай. Австралиядан қайтиб келганимдан сўнг, эртаси куни Эронга жўнаб кетдим. Кейин Австралия билан Тошкент ўртасидаги вақт тафовути 6 соатни ташкил этади. Сидней - Брисбен - Мельбурн йўналиши бўйича гуруҳнинг 3 та ўйинини ўтказамиз. Масалан, Брисбендан Мельбурн шаҳрига 3 соат училади. Майли, шунга яраша тайёргарлик кўрамиз.   

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика