"Манчестер Юнайтед"нинг "Орзулар театри": "Олд Траффорд" тарихи (мутолаа учун)
17 мар 03:36
Янгиликлар


"Манчестер Юнайтед"нинг "Орзулар театри": "Олд Траффорд" тарихи (мутолаа учун)
Воқеа 1954 йил атрофида, одатдаги иш кунининг тонгги соатларида содир бўлади. "Олд Траффорд", Манчестер. Маҳаллий аҳоли ишга, эҳтимол яқин атрофдаги кемалар тўхташ жойига йўл олаётган пайтда, сарғиш сочли болакай қўёш кўкка кўтарилмасдан туриб, тўпни стадионнинг қизғиш ғиштдан қурилган деворига йўналтирарди ва тўп ўзига қайтиб келарди.
Ўспирин бу ишни қайта-қайта такрорларди: аввал чап, сўнгра ўнг оёқда девор билан тўп оширишарди, шу орқали у аниқлик, куч ва тўп назоратини ошириш масадида муттасил шуғулланарди. Вақти-вақти билан у янада узоқроқ масофадан зарба бериш учун орқага тисарилади. Бир кун келиб бу бола ўша қизил деворлар ичида қизил юлдузга айланишни орзу қиларди.
Болакайнинг исми Бобби Чарлтон эди.
Орадан эллик йил ўтгач, Чарлтон бу лаҳзаларни хотирлади. Бобби "Манчестер Юнайтед"нинг афсонавий уэльслик мураббийи Жимми Мерфи уни "Олд Траффорд"га олиб боргани ва Чарлтондан стадионни ўзига дўст сифатида қабул қилиши лозимлиги ҳақида сўраганини ёдга олди. Шу сабабли, Чарлтон ўз таржимаи ҳолида: "Кўпинча машғулотлардан бир соат олдин стадионга борар эдим," деб ёзган.
"Юнайтед" ва "Олд Траффорд"ни бир-бирига боғлайдиган миллионлаб қизил тола мавжуд — чипта сотиб олган ҳар бир мухлисдан тортиб, у ерда тўп тепган ҳар бир ўйинчигача. Аммо бу ришталар клубнинг энг муҳим ўйинчисига айланган болакайнинг баҳор тонгида стадион ташқарисида тўп тепишни машқ қилаётган манзарадан кўра кучлироқ ёки таъсирлироқ бўлмаса керак.
Чарлтон "Юнайтед"да XX асрнинг 20-йилларидан кейин пайдо бўлди. У клуб 1950 йилларда эришган шон-шуҳратининг бир қисми бўлган "Басби болалари" ҳамда Мюнхендаги авиаҳалокатдан сўнг МЮнинг қайта тикланиши йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. У клуб учун унутилмас оқшомда — 1968 йилги Европа Чемпионлар кубоги финалида рақиб дарвозасини ишғол қилди. Умуман олганда, Чарлтон мунтазам ўз номини таблога ёздириб қўярди.
Кейинчалик Чарлтон клуб директорлари сафига қўшилди ва 1986 йил "Абердин"дан Алекс Фергюсонни олиб келишда иштирок этиб, замонавий "Юнайтед"нинг муваффақиятли иккинчи тўлқинини бошлаб берди. Айнан Чарлтон "Олд Траффорд" учун "орзулар театри" иборасини ўйлаб топган эди.
Чарлтонда улкан орзулар бор эди. Бироқ орзулар фақат уники эмасди. Бу орзулар мавсумдан-мавсумга, голдан-голга уланиб, оддий майдон, трибуна ва деворлардан кўра юқорироқ улуғворликка эришган стадион ичидаги қизил ранглиларнинг ҳар бир мухлисига тегишли эди. "Олд Траффорд" одамларнинг қўним топадиган, интиладиган масканига айланди.
"Олд Траффорд" ўзига хос жозиба бахшида этарди.
Структуравий жиҳатдан, муҳити, бошидан ўтказган воқеа-ҳодисалари ва узоқ йиллик фаолияти билан стадион клуб ва инглиз футболи тарихидаги асосий персонажга айланди.
"Олд Траффорд" 115 йилдан буён ўз жойида қад ростлаб турибди. Бироқ 2025 йилга келиб, "Манчестер Юнайтед" майдонни ўзгартириш вақти келди деган қарорга келди. Ёнма-ён ҳудудда 100 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион барпо этилади. Бу қарор иқтисодий, меъморий ва логистик сабабларга асосланган бўлиб, келажакдаги муваффақият учун зарур деб топилган. "Юнайтед"нинг янги ҳамраҳбари сер Жим Ретклифф "Олд Траффорд"нинг моҳиятини сақлаб қолиш" истагини билдирди ва бу лойиҳа ҳудудда "ижтимоий ва иқтисодий янгиланиш учун туртки" бўлишини таъкидлади.
Баъзилар эса бу қарордан хавотирда. Улар "Олд Траффорд" билан боғлиқ шахсий хотиралари, майдонда гувоҳ бўлган дастлабки ўйинлари, севимли футболчилари, дўстлик ришталари, ғалаба ва мағлубият кўзёшлари сингари йўқотишлари мумкин бўлган нарсалар ҳақида ўй суришади. Шахсий ва жамоавий жиҳатдан, асл "Олд Траффорд" бир умрлик хотираларни ўз бағрига жо қилган.
Саймон Инглиснинг 1980 йилларда нашр этилган "Буюк Британиянинг футбол майдонлари" асарида шундай сатр борки, у жумла "Юнайтед" мухлислари ва кузатувчиларини Бобби Чарлтоннинг кучли зарбаси каби ҳайратга солади ва чуқур хўрсинишга мажбур этади.
"1920 йилларнинг охирига келиб, - деб ёзган эди Инглис, - "Олд Траффорд" анча эскириб қолганди."
Ўшанда, 1910 йил февралида очилган майдон ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган эди.
Инглис "Арсенал"нинг "Ҳайбери", "Эвертон"нинг "Гудисон Парк" ва "Тоттенҳем"нинг "Уайт Ҳарт Лейн" стадионларини "Олд Траффорд"дан устун бўлган замонавий иншоотлар мисолида келтиради. Бу замонавий туйғу билан йўғрилган бир қатор тарихий маълумотлардан биридир.
"Олд Траффорд"га кўчишдан олдин, "Юнайтед" 1893 йилдан бери Манчестернинг шарқий қисмидаги Банк Стритда жойлашган эди. Ўшанда клуб " Ньютон Ҳит" деб аталган. 1902 йилда молиявий танглик пайтида, маҳаллий тадбиркор Ж.Ҳ. Девис клубни қутқариб қолди, унинг номини "Манчестер Юнайтед"га ўзгартирди ва Стретфордда йирик майдонни 40 000 фунт стерлингга сотиб олди.
Стадионларнинг машҳур меъмори Арчибалд Леитч назорати остида қурилган "Олд Траффорд"нинг очилиш пайтида бугунги асосий трибуна жойлашган қисмида деярли 12 000 ўринли битта трибуна мавжуд эди. Қолган 80 минг кишилик сиғим эса усти ёпилмаган террасалардан иборат эди. Дастлаб 100 000 кишилик сиғимга мўлжалланган бўлса-да, харажатлар ошганлиги сабабли режалар ўзгартирилди.
Шунга қарамай, "Юнайтед" янги уйидан ғоятда мамнун эди... томошабинлар ҳам шундай фикрда эди. Иан Маршалл 2010 йилда стадионнинг юз йиллик тарихига бағишланган ёдномасида таъкидлаганидек, Траффорд Парк атрофида кичик юксалиш юз берган. Бу жой ҳозирги шаҳар атрофи эмас, балки дунёдаги биринчи саноат ҳудуди — "Манчестернинг Кремний водийси" эди.
1894 йилда битказилган қўшни Манчестер кема канали — 1894 йилда қўшни Манчестер кема канали қуриб битказилди. "Канал" сўзи инглизча маънода ҳақиқий кўламини ифодаламайди — ушбу ҳудуд ўз портларида юк кемаларини ҳам қабул қилишга қодир эди. Банк-стритда гази ўчириб қўйилган, ўта қашшоқ бўлган "Юнайтед" клуби энди ҳудуднинг тараққий этиб бораётган саноати ва фаровонлигига мос келадиган стадион эгасига айланди.
Асосий трибунада бильярд хонаси, сузиш ҳавзаси, массаж хонаси, спорт зали ва ҳакамлар хонаси мавжуд эди. Илк профессионал футбол клублари ўйинчилари уст-бошларини баъзан йўлнинг нариги томонидаги қовоқхонада жойлашган кийиниш хоналарида алмаштирган бўлса, эндиликда бундай хоналар бевосита бино ичида жойлашганди. Майдонга, ёруғлик сари чиқиб келишда девор билан ўралган туннель бор эди, ўйинчилар аввал пастга тушиб, сўнг юқорироқда жойлашган майдонга кўтарилар эдилар. Бу спорт томошабоплиги учун ажойиб манзара эди.
Майдон Манчестер шаҳри ва манчестерликлар, шунингдек, бутун инглиз футболи учун рамзий маънога эга эди.
Барча клублар орасида "Ливерпуль" биринчи рақобатбардош меҳмон бўлди. Ўша куни "Манчестер Юнайтед"нинг чап қанот ҳужумчиси Уолл фамилияли ўйинчи эди ва мезбон жамоа 3:4 ҳисобида мағлубиятга учради.
Ҳар ҳолда, "Олд Траффорд"даги илк гол "Юнайтед" футболчиси Сенди Тернбулл номига ёзилган. Етти йил ўтгач, Биринчи жаҳон уруши пайтида Тернбулл Франциянинг Аррас шаҳридаги жангда ҳалок бўлди. Ўша йили Аррасда жон берган яна бир британиялик аскар Александр Басби эди. Унинг ўғли Меттнинг клубни кейинчалик бошқаларга ўхшамайдиган тарзда шакллантириши тақдирга битилган экан.
"Олд Траффорд"нинг ўз мақомига эга бўлгани сифатида 1911 йилги Англия кубоги финалининг такрорий ўйини ўтказилганини таъкидлаш мумкин. 58 000 томошабин кузатган учрашувда "Брэдфорд Сити" "Ньюкасл"ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. 1915 йилнинг апрелида, Биринчи жаҳон уруши сабабли футбол ўйинлари тўхтатилишидан олдинги сўнгги кубок финали ҳам шу ерда бўлиб ўтди. Унда "Шеффилд Юнайтед" "Челси"ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ўша пайтда "Уэмбли" стадиони ҳали қурилмаган эди.
"Ливерпул"га қарши очилиш ўйинида 45 000 киши иштирок этди, "Юнайтед" ўша мавсум якунида бешинчи ўринни эгаллади. Бироқ клубнинг янги стадиондаги биринчи тўлиқ мавсуми 1910/11 йилги мавсумга тўғри келади, ўшанда қизиллар чемпионликни қўлга киритишди. "Олд Траффорд"ни бунёд этишдан кўзланган мақсад тез орада ўз тасдиғини топди.
Қизиқ томони шундаки, чемпионликни таъминлаган "Сандерленд" устидан қозонилган сўнгги ғалабага кўпчилик гувоҳ бўлмади. Амалдаги чемпион "Астон Вилла" тур олдидан пешқадамлик эди ва жадвал ўртасида жойлашган "Ливерпул"ни осонлик билан енгиши кутилаётганди. Бунинг устига, ўша куни Манчестерда ёмғир ёғгани сабабли, атиги 10 000 га яқин томошабин стадионга ташриф буюрганди.
Бироқ "Ливерпуль" "Вилла"ни мағлуб этди. "Юнайтед" ўйинчилари эса шодиёнани нишонлаш учун яқин атрофдаги Честер шаҳрига саёҳатга жўнатилди.
Мавсум давомида ўртача томошабинлар сони 30 000 нафарга яқин эди, аммо Англия кубоги ўйинига 65 000 киши ташриф буюрди. Бу эса кубок баҳсларининг одамларни қанчалик ўзига ром қила олишини ва "Олд Траффорд" стадионининг имкониятларини яққол намоён этарди.
Ўз унвонини ҳимоя қила олмаган "Юнайтед" 1911/12 йилги мавсумда 13-ўринга тушиб кетди ва 1950 йилларгача лигада чемпионлик унвонига эга бўла олмади. Янги стадионнинг афзалликлари, айниқса унинг иқтисодий харажатлари билан солиштирганда, совринсиз мавсумлар ўтиши билан бошқача баҳолана бошланди. Клуб Девиснинг банк кафолатлари ва қарзларига таяниб қолган эди.
Биринчи жаҳон уруши футболни тўхтатиб қўйди. Америкалик ҳарбийлар Англия тупроғига келиб, "Олд Траффорд"га бейсболни олиб киришди. Футбол ўйинлари давом эта бошланганида, маблағ етишмаслиги сабабли Салфордга янги кўприк ва автомобиль тўхташ жойи қуриш режалари кечиктирилди. Девис "Хайд-роуд" номли стадиони яроқсиз ҳолга келган "Манчестер Сити"га "Олд Траффорд"дан фойдаланишни таклиф қилди. Бу даромад манбаи бўлиши мумкин эди. "Сити" бу таклифни рад этиб, 1923 йилда улкан "Мейн-роуд" стадионини қурди.
Бир йил илгари қурувчилар тўлови талаб қилингани ва жамоага сармоя киритилмагани учун "Юнайтед" қуйи лигага тушиб кетди. Иккинчи дивизион футболи камроқ даромад келтирди. Гарчи "Юнайтед" яна юқори лигага кўтарилган бўлса-да, нотинч давр ҳукмрон сурарди ва жамоа 1931 ҳамда 1937 йилларда яна қуйи лигага тушиб кетди. "Олд Траффорд"да регби-юнион бўйича Янги Зеландия "Ол Блекс" жамоаси ва Ланкашир ўртасидаги ўйин каби бошқа спорт тадбирлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, 1926 йилда бу ерда Англия миллий терма жамоасининг Шотландияга қарши илк ўйини ҳам бўлиб ўтди.
Девис 1927 йил вафот этгач, Буюк депрессия яқинлашиб келаётган эди. Ундан сал олдин, "Юнайтед" ҳомийси "Олд Траффорд" қурилган ер майдонининг эркин эгалик ҳуқуқини сотиб олиш учун янги ипотекага кафолат берган эди. Ўша пайтдаги эркин эгалик ҳуқуқи Манчестер пиво заводи компаниясига тегишли эди. Бу яна бир иқтисодий юк бўлиб, Маршалл ёзишича, бир пайтлар клуб мухлислардан ҳатто кир ювишда ёрдам сўрашга мажбур бўлган.
1951 йил "Клифф" майдони сотиб олингунга қадар "Юнайтед"нинг махсус машғулот майдони бўлмаган, шу боис, футболчилар стадион ичидаги ёки унинг ёнидаги кичик майдончадан фойдаланган. Улар стадион атрофида югуриш машқларини бажаришган ва трибуна зиналаридан юқорига ва пастга тушиб-чиққан. Майдон "Юнайтед"нинг кундалик ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган.
Бироқ умумий молиявий аҳволни ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай такомиллаштириш ёки таъмирлаш ишлари тўхтатиб қўйилган эди. Айнан шу сабабдан Инглис 1920 йилларнинг охирига келиб "Олд Траффорд" "эскирган"ини таъкидлаган.
1931 йил охирида Девисга ўхшаган манкуниялик тадбиркор Жеймс Гибсон клубни сақлаб қолишга ва 30 000 фунт стерлинггача бўлган қарзларга кафолат беришга рози бўлди. Гибсон, шунингдек, темир йўл тармоғини "Олд Траффорд"да бекат қуришга ҳам кўндирди. Ўша пайтгача кўпчилик мухлислар шаҳарнинг Пикадилли вокзалидан уч миль масофадаги стадионга пиёда боришарди. Бугунги кунда логистика муаммоси ҳисобланган темир йўл алоқаси ўша пайтда ечим бўлган эди.
Асосий трибуна томи 1935 йилда кенгайтирилди. 1939 йил март ойида эса "Олд Траффорд" тарихидаги энг кўп — 76 962 нафар томошабин "Вулверҳемптон Уондерерс" ва "Гримсби Таун" ўртасидаги Англия кубоги ярим финалига пиёда ва поездда ташриф буюрди.
Сўнгра Иккинчи жаҳон уруши, Люфтваффе ва Германиянинг Траффорд Парк саноат ҳудудини вайрон қилишга бўлган уриниши бошланди.
1941 йил 11 мартда "Олд Траффорд"га иккита бомба тушиб, асосий трибунани вайрон қилди ҳамда клуб офиси, зинасимон терас ва майдонни жиддий шикастлади. 1945 йил октябрда бош мураббий сифатида тайинланган Мэтт Басби стадионни "бомбардимон қилинган хароба" дея баҳолаган эди.
Шундай сўнг қўшни "Манчестер Cити" жамоаси "Юнайтед"га ўз майдонини баҳам кўришни таклиф қилди. Бу Биринчи жаҳон урушидан кейин Девис томонидан юборилган таклифнинг акси эди. Бунинг бадали йилига 5000 фунт стерлинг ва чипта сотувидан тушган даромаднинг бир қисмини ташкил этарди. "Юнайтед"нинг бошқа иложи йўқ эди ва 1949 йилгача уй ўйинларини "Мэйн Роуд"да ўтказди.
Клуб "Уруш давридаги зарарларни қоплаш комиссияси"дан олинган давлат грантлари ёрдамида "Олд Траффорд" стадионини аввалгиси сингари тиклаш умидида эди. Бироқ бу имконсиз бўлиб чиқди. Стадион қайта очилди, аммо асосий трибуна том билан ёпилмаган эди. Стадионнинг иккала томони очиқ қолган, фақат иккита бурчак қисмигина ёпилган эди. 1957 йилгача стадион ёритгичлари ўрнатилмаган эди. Басби ва унинг ходимлари яқин атрофдаги Корнбрукда жойлашган Гибсоннинг офисларида ишлар эди.
Бундай ҳолатд вазиятни ўнглаш умидли кўринмасада, Басбининг таъсири дарҳол сезилди.
"Мэйн Роад"да ўз ўйинларини ўтказаётган "Юнайтед", урушдан кейинги илк мавсумда, яъни 1946/47 йилги мавсумда иккинчи ўринни эгаллади. Кейин йил ҳам улар яна иккинчи бўлишди ва Англия кубогини қўлга киритишди. Уларнинг ўйин услуби мухлисларни ўзига жалб қилар, бу эса "Сити" стадионида ижарада турган бўлсалар-да, фойда келтирарди. "Юнайтед" ишлаб топган маблағларини ўз майдонини янгилашга сарфлаш имкониятига эга эди.
"Олд Траффорд"га қайтгач, Чарли Миттен "Юнайтед"нинг илк голига муаллифлик қилди. Ниҳоят, 1951 йилнинг март ойида Девиснинг беваси ҳамда пивозаводга бўлган қарзлар тўлиқ тўланди.
Маршаллнинг ёзишича, "Юнайтед" "Олд Траффорд" қурилган ернинг ҳужжатларига эга бўлди. Бир мавсумдан сўнг, бу манзилгоҳ яна чемпионлар масканига айланди — 54 000 томошабин кўз ўнгида "Юнайтед" "Арсенал"ни 6:1 ҳисобида мағлуб этиб, 1911 йилдан бери илк бор чемпионликни қўлга киритди. Сўнгра "Юнайтед"нинг шон-шуҳратли, ўзгаришларга бой ва фожиали даври бўлган 1950 йиллар бошланди.
Басби жамлаган саргузаштманд, довюрак, ўртача ёши 22 ни ташкил этган "Юнайтед" олти мавсумда учта чемпионликни қўлга киритди. 1957/58 йилги еттинчи мавсумда тўртинчи чемпионлик кутилаётган эди. "Юнайтед" шунингдек, 1952 йилда таъсис этилган Англия ёшлар кубогининг дастлабки бешта мусобақасида ғолиб бўлган эди. Футболдан ташқари, янги "ўсмирлар" дунёси шаклланаётган бўлиб, "Юнайтед"нинг ёш футболчилари — Басбининг ёш шогирдлари унинг бир қисми эди.
Одатдагидек, янги давр ўтмиш билан чамбарчас боғлиқ бўлади. 1956 йил ётоқхонасидан стадион томон пиёда йўл олган ва дебютини амалга оширган 18 ёшли Чарлтон кейинчалик бу дамларни шундай хотирлайди: "Ҳозирги "Олд Траффорд" билан солиштирганда, мени қарши олган майдон гўё футбол жинкўчасининг марказида жойлашгандек эди".
"Стретфорд" ва "Сити" томонлари очиқ бўлиб, асосий трибуна қаршисидаги трибуна замонавий нигоҳ билан қараганда мўрт ва эскирган кўринарди. Аммо... "Бобби, йигитча, — дедим ўзимга ўзим, — ҳеч қандай иккиланишга ўрин йўқ, сен ҳозир жаннатдасан".
Гарчи қитъанинг янги мусобақаси — Европа Чемпионлар кубогининг 1956/57 йилги мавсумидаги дастлабки учта ўйинни "Мэйн Роуд"да ўтказганига қарамай, ёрқин ва ғалабали ўйинлари туфайли "Юнайтед"нинг обрўси ошди.
"Олд Траффорд"га 1957 йил апрелида "Реал Мадрид"га қарши ярим финал ўйини олдидан прожекторлар ўрнатилди. Стадион 65 минг томошабин билан тўлди. Беллашув маҳаллий "Granada TV" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. "Юнайтед" умумий ҳисобда 5:3 ҳисобида мағлуб бўлса-да, катта аудиторияни жалб қилишга эришди. "Олд Траффорд" эндиликда шунчаки маҳаллий аҳамиятга эга бўлиб қолмасдан, Европа спортининг ажралмас қисмига айланди.
1958 йил 6 февралда эса ўйингоҳ янада улуғвор мақомга эришди.
Белградда бўлиб ўтган Европа Чемпионлар кубоги доирасидаги учрашувдан қайтиш чоғида 23 киши, шу жумладан, саккиз нафар футболчи авиаҳалокатга учради. Мюнхен фожиаси "Манчестер Юнайтед"ни оддий футбол клубидан бутун дунё бўйлаб мухлислари ва ҳамдардларига эга спорт ташкилотига айлантирди.
Чуқур қайғуга ботган, ҳайратда қолган мухлислар ўз дард-аламларини ифода этиш учун "Олд Траффорд"га боришга ички эҳтиёж сезишди. Германиядан қайтган 10 нафар ҳалок бўлган кишиларнинг жасадлари ҳам шу ерга олиб келинган эди. Бу ҳақда Дэвид Пис ўзининг "Мюнхенликлар" романида ҳикоя қилган. Асосий трибуна остидаги спорт залида ётган ўша 10 та жасад стадионни бутунлай бошқа масканга айлантирди.
Айнан шу ерда, ҳалокатдан 13 кун ўтгач, клуб ўз фаолиятини қайта бошлади. "Юнайтед" 11 та ўйинчи исми-шарифи ёзилиши керак бўлган рўйхатни бўм-бўш ҳолда тақдим этди.
"Ҳакамнинг илк ҳуштагидан сўнг, илгари ҳеч қачон қулоққа чалинмаган ғалати чинқириқ бошланди," дейди ёзувчи ўша оқшом ҳиссиётлари ҳақида ёзаркан. Бу овоз ва хотира "Олд Траффорд"нинг ўзгарувчан меъморчилигидаги мих ва болтлар каби стадионнинг ажралмас қисмига айланди. Кучли инсоний тажриба стадионнинг аҳамиятини янада чуқурлаштирди.
Икки йил ўтгач, Мюнхен ёдгорлиги очилди ва Мюнхен соати намойиш этилди.
Амалий жиҳатдан муҳим бўлган янги ўриндиқлар 1964 йилда ўрнатилди, чунки стадион 1966 йилги жаҳон чемпионатининг учта гуруҳ ўйинига мезбонлик қилиш учун ҳозирлик кўраётган эди. Ҳозир асосан ёпиқ кўринишда бўлган "Олд Траффорд" стадиони шарсимон шаклга кира бошлади ва Басбининг таклифи билан корпоратив ложалар жорий этилди. Рой Киннинг "қисқичбақа сендвичлари" ҳақидаги пичинг гапи қизиқарли тарихга эга эди.
1964 йил январь ойи ҳам майдондаги муҳим ўзгариш билан эсда қолди: биринчи марта Лоу, Бест ва Чарлтон фамилиялари ўн бир кишидан иборат таркибда пайдо бўлди.
Денис Лоу, Жорж Бест ва Чарлтон Мюнхен фожеасидан кейинги тушкунликдан сўнг "Манчестер Юнайтед" ва "Олд Траффорд"ни қайта жонлантирди. Уларнинг ҳар бири "Олтин тўп"ни қўлга киритди; бу уч футболчининг бир жамоада бўлиши олов, сув ва мўжизани мужассам этганди. Рангли телевидение қамрови кенгайиб борган сари, бу учлик "Юнайтед"нинг жасоратли тикланиш рамзига айланди. Мафтункор "Олд Траффорд"ни бутун дунё кузатиш имконига эга бўлди. Лигада зафар қучилди, Европа чемпионлар кубоги қўлга киритилди ва бу ютуқларга шундай услубда эришилдики, Чарлтон айтганидек, "Олд Траффорд" ҳақиқий театрга айланди.
Стадион 1970 йил "Челси" ва "Лидс Юнайтед" ўртасидаги Англия кубоги финалининг такрорий ўйинига мезбонлик қилди. Беллашувда 62 000 томошабин иштирок этди. Англия аҳолиси 46 миллион бўлган бир пайтда, ўйин 28 миллион маҳаллий телевидение томошабинини ўзига жалб қилди.
Футболдаги безориликлар жозибадор кўринмаса-да, стадион учун моддий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга эди.
1971 йилдан бошлаб майдон атрофига тўсиқ ўрнатиш зарур деб топилди, чунки "Юнайтед" мухлисларининг тартибсизликлари шу қадар жиддий эдики, 1971/72 йилги мавсумнинг дастлабки иккита уй ўйинини ушбу стадионда ўтказишга тақиқ ўрнатилди. Натижада, Басбининг ворисларидан бири Фрэнк О'Фаррелл ўзининг биринчи "уй" ўйинини "Энфилд"да ўтказишга мажбур бўлди. Мухлислар ўртасидаги кескин рақобатга қарамай, "Ливерпуль" (Басбининг собиқ клуби) "Юнайтед"га ўз стадионидан фойдаланишни таклиф этди.
1974 йилга келиб, "Юнайтед" иккинчи дивизионга тушиб қолди ва яна чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун 26 йиллик узоқ кутиш даврининг бошланиш нуқтасига етиб келди. 1978 йилда стадионнинг сиғими 60 500 томошабинга мўлжалланган бўлиб, "Уэмбли"ни ҳисобга олмаганда, Англиянинг энг катта стадионига айланди. Майдоннинг ўлчамлари ҳам катта бўлиб, 116 х 76 ярдни ташкил этарди ("Meyn Roud" ундан бироз каттароқ эди).
"Юнайтед" "Ливерпуль" ва бошқаларнинг соясида қолган бўлса-да, 1950-1960 йилларда шакллантирилган "Олд Траффорд" нинг сеҳри ҳамон сақланиб қолган эди. У ҳали ҳам одамларни ўзига жалб қила оларди. 1980 йилларда ёш Гари Невилл отаси билан шанба кунлари МЮнинг уй ўйинларига бориб, К-Стенд трибунасига жойлашарди. Улар стадионга эртароқ келишар, Гарининг отаси дўстлари билан учрашган пайт ўғли ёлғиз ўтирарди.
"Олд Траффорд" бўм-бўш бўларди, — деб ёзган эди Невилл ўзининг "Қизил" номли автобиографиясида, — лекин мен атрофга маҳлиё бўлиб қарардим. Шовқинни, манзараларни, ифорларни ҳис қилардим. Булар бутун умрим давомида мен билан қолди.
Футболчилар машқ қилиш учун майдонга чиққанида, улардан кўз узмай қолардим. Арнольд Мюреннинг кескин йўналиши ўзгарадиган зарбаларни машқ қилаётганини ҳали ҳам кўз олдимга келтира оламан".
Мюрен 1984 йилда иштирок этган ўша кечада МЮ Диего Марадона бошчилигидаги "Барселона" жамоасини ҳозирда мавжуд бўлмаган УЕФА кубоги чемпионлари кубогида 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Мухлислар шунчалик шовқин кўтарган эдики, "Юнайтед" ярим ҳимоячиси Браян Робсон нафақат трибуналар, балки майдоннинг ўзи ҳам " титраётгандек" туюлганини айтган.
Бу хотиранинг яна бир қатлами. Бу воқеа 1986 йилда, Фергюсон бош мураббий сифатида келган йили очилган янги стадион музейига ҳам жойлаштирилиши мумкин эди. У ўйин бошланишидан олдин футболчиларига майдоннинг катта ўлчамини эслатиб ўтарди. "Мен уларнинг онгига рақибларни сўнгги 15 дақиқа ичида ҳолдан тойдириб қўйиш ғоясини сингдирмоқчи эдим," дея ёзган эди у "Етакчи" китобида.
Бу вақт "Фергюсон вақти" тушунчасини ифодаларди, гўё соат каби аниқдек туюларди. Маҳаллий мухлислар бу вақтни ҳис қилиб, сабрли бўлишар ва ҳар сафар ўйин охирида ғалабани нишонлашарди. Стив Брюснинг 1993 йил апрелида "Шеффилд Уэнсдей"га қарши урган иккита голи Фергюсон томонидан қайта кучайтирилган "Олд Траффорд"нинг тимсоли эди. Фергюсон бу тажрибани "сархуш қилувчи" деб таърифларди. Sky Television янгиланган "Юнайтед" жамоасини янгиланган майдонда янги қизиқиш уйғотган ҳолда намойиш этарди.
Брюснинг ўша голлари "Стретфорд Энд" томонда урилганди. У ер фақат тик туриб кузатиладиган трибунадан иборат эди. Кейинчалик "Стретфорд Энд" бузиб ташланди ва қайта қурилди. Қадимий стадиондаги сўнгги учрашув 1992 йил ёшлар ўртасидаги Англия кубоги финали бўлди. "Юнайтед" ушбу кубок ғолиблигини 1964 йилдан бери илк бор қўлга киритди. Басбининг ўтмиши билан юзлашиш муқаррар ҳодисага айланди.
Стадион "Юнайтед"нинг ғалаба совринлари кабинети сингари кенгайиб борди. Клуб ҳам ривожланди — 1994 йилда "Мегастор" очилди ва Шимолий трибуна, ҳозирги Сер Алекс Фергюсон трибунаси, 28 миллион фунт стерлинг эвазига қайта қурилди. У ер 25 000 мухлисни сиғдирар ва Европадаги энг катта консолли томга эга эди. Янги аср бошланиши билан "Стретфорд Энд" ва унинг қаршисидаги Шарқий трибунада янги қаватлар қурилиб, сиғими 67 000 дан ошди.
2003 йилги Чемпионлар Лигаси финали шу ерда ўтказилди, бироқ чипталар таклифи талабни қондира олмади. Шу йили "Юнайтед" шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий "квадрантлар"ни ўзлаштиришга киришди.2006 йилга келиб, 8000 дан ортиқ ўриндиқ қўшилди ва "Олд Траффорд" 76 000 ўринли стадионга айланди. 2007 йил март ойида "Блекберн Роверс"га қарши ўтказилган ўйинга 76 098 киши ташриф буюриб, рекорд ўрнатилди.
Басби даврида бўлгани каби, "Юнайтед" Фергюсоннинг муваффақиятига таянган ҳолда ривожланди. Ҳар иккала мураббийнинг ҳам стадионда ҳайкали ўрнатилган, шунингдек, "Муқаддас учлик" деб ном олган Лоу, Бест ва Чарлтоннинг нодир металдан ясалган сиймоси қад кўтарган.
Бироқ ўтириндиқли бошқа стадионларда ҳам қулоққа чалинадиган атмосфера (ҳаво) етишмаслиги ҳақидаги шикоятлар кўтарилди. 2013 йил Manchester Evening News хабар беришича, "Стретфорд Энд" трибуна қисмида ҳосил бўладиган шовқиннинг бутун стадион бўйлаб тарқалиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида "акустика муҳандиси" билан маслаҳатлашувлар олиб борилаётган эди.
Олти йил ўтиб, томдаги тешикдан ёмғир сувининг оқиб тушиши яна бир муаммони юзага чиқарди. Бу ҳодиса 2024 йил яна такрорланди. Гарчи стадион, баъзилар таъкидлаганидек, бутунлай қаровсиз бўлмаса-да (2022 йилги аёллар ўртасидаги Европа чемпионати доирасида Англия — Австрия ўйинини 68 000 томошабин кузатган), "Олд Траффорд" тарихи шуни кўрсатадики, амбиция ва кенгайиш фаол бошқарув остидагина рўй беради.
Глейзерлар оиласининг йигирма йиллик бошқаруви даврида ривожланиш тўхтаб қолди. "Тоттенҳем," "Арсенал," "Сити" ва яқин орада "Эвертон" XXI аср стадионларига эга бўлмоқда. "Эскирган" сўзи яна бир бор эски "Олд Траффорд"га нисбатан ишлатилмоқда.
Мулкчиликнинг янги INEOS бўлими бу масалага эътибор қаратмоқда. Кўплаб мухлисларни хурсанд қиладиган нарса шуки, Ратклиффенинг устувор йўналишларида асл стадионнинг "моҳиятини" сақлаб қолиш мақсади юқори ўринда турибди. "Биз довюрак бўлишимиз лозим," деди Фергюсон клуб баёнотида.
Иккаласига ҳам ўринли савол бор: қандай қилиб? Қандай қилиб, XXI аср талабларига жавоб берадиган Янги Траффорд кўпинча корпоратив манфаатларга йўналтирилган иқтисодиётга мос келиши ва шу билан бирга XX аср руҳини сақлаб қолиши мумкин? Ўтмиш ва келажакка бир вақтнинг ўзида қандай хизмат қилиш мумкин?
Бу саволлар фақат "Манчестер Юнайтед"га тааллуқли эмас.
Стадион бўйлаб экскурсиялар ташкил этилган пайт эски туннель 1910 йилги майдоннинг охирги қолдиғи сифатида кўрсатилади. Бомбаларга бардош бера оладиган қалин деворлар янги иншоотга қўшилиши мумкин ва қўшилиши керак.
Бу сезиш мумкин бўлган туйғу. Аммо сезиб бўлмайдиган моҳият ҳам бор. Кассада ёрдамчи сифатида маркаларни елим ўрнида ялаб ўтирган Нобби Стайлзни қандай тасаввур қиласиз? Ўсмир Чарлтон майдон четида тўпни қайта-қайта тепаётганини-чи? Мюнхен фожеасининг оқибатлари, майдоннинг ларзага келганини-чи? Пайшанба кечқурунидаги шовқин ва "сархуш қилувчи" эҳтиросли қийқириқлар ҳақида нима дейсиз?
Буларнинг барчасини – узоқдаги овозларни, яшаб ўтилган умрларни, сарфланган вақтларни асл ҳолатида қайта тиклаш жуда мураккаб, балки имконсиз бўлар.
Булар "Манчестер Юнайтед"нинг асосини ташкил этадиган, "Олд Траффорд"нинг улуғвор тарихининг ғишт ва деворларига муҳрланган воқеалардир.
Оқил Абдубарноев таржимаси.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар