UZ

Сўнгги янгиликлар

01:46"Фулхэм" стадион трибунасида очиқ бассейн қурмоқчи  0 01:29Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади  0 00:52Италиялик жаҳон чемпиони Қозоғистонга ташриф буюрди  0 00:35Роналдунинг либосини кийган таниқли блогер Мессига алоқадор ресторандан ҳайдаб юборилди  4 00:18Вадим Абрамов: Самарқанд — иккинчи пойтахт. Шундай экан, бу ерда яхши жамоа бўлиши керак"  4 23:37БАА футбол федерацияси ёшини сохталаштирган 18 нафар мисрлик футболчини депортация қилди  1 23:10Веско Стешивич: "Биринчи бўлимда яна битта гол урганимизда, ғалаба бизники бўларди"  0 22:40Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради  0 22:23Клублар миқёсида халқаро турнирларда энг кўп “қуруқ” ўйин ўтказган дарвозабонлар маълум бўлди  0 22:06Роналду Саудия Арабистони чемпионатидаги энг омадсиз ҳужумчи бўлиб турибди  26 21:49Уругвай термаси техник ҳамкорсиз қолди, жамоа брендсиз либосларда ўйнамоқда  2 21:26Суперлига. "Динамо" — "Металлург" 2:1. Highlights  0 21:07"Бухоро" ва "Хоразм" ўртасидаги марказий учрашувдан ГАЛЕРЕЯ  2 20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  24

“Локомотив”даги қийин вазият янгилик эмасди, "Қўқон-1912"да бу босқичдан ўтган эдим”. Тимур Кападзе билан катта интервью Янгиликлар

“Локомотив”даги қийин вазият янгилик эмасди, "Қўқон-1912"да бу босқичдан ўтган эдим”. Тимур Кападзе билан катта интервью

Иккинчи даврада “Локомотив”га таклиф қилинган Тимур Кападзе қисқа фурсатда жамоани қийин ҳолатдан олиб чиқиб кетди.

Биринчи даврага қараганда жамоа ўйинида ижобий томонга ўзгаришлар кўзга ташланди. Тактик ва позицион жиҳатдан футболчиларда қисман ўсиш бўлди. Бундан шуни билиш мумкинки, Тимур Кападзени қисқа вақт ичида натижа келтира оладиган мураббийлар тоифасига киритишимиз ўринлидир. Ўтган мавсум иккинчи даврада “Қўқон-1912”га ҳам ёрдамини аямаган мураббий якунда жамоани элитада қолишида муносиб ҳисса қўшганди. Биз эса мавсум якунлари бўйича Тимур Тохировични суҳбатга чорладик. Интервью Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг йиғини бошланишидан бир неча кун олдин ташкил қилинди.


- Мавсум ўртасида ва қийин паллада "Локомотив"ни қабул қилиб олдингиз. Бундай пайтда ҳеч бир мураббийга осон бўлмайди, чунки бошқа бир мутахассис шакллантирган жамоа бошқарувини қўлга олиш ва руҳий чуқурликдан олиб чиқиш учун яхшигина меҳнат талаб қилинади...

- Албатта, "Локомотив" таклиф қилганда жамоа қийин ҳолатда эди. Лекин, бундан аввал ҳам аниқроғи "Қўқон-1912"да ҳам шундай вазиятга дуч келганимни айтиб ўтсам. Бу мен учун қайсидир маънода янгилик эди десам нотўғри бўлмайди. "Локомотив"даги вазият эса янгилик эмасди, боиси Қўқонда бу босқичдан ўтгандим. Ҳар бир мураббий бирор жамоага келганда ўйинни йўлга қўйиш ва футболчиларни имкониятини билиб олиш учун вақт керак бўлади, менинг ҳолатимда эса акси кузатилди. Олдимда ҳеч қанча вақт қолмаганди. Жамоадаги бор ўйинчилар билан ўйинни йўлга қўйишим талаб этиларди. "Қўқон-1912"да иккинчи давра бошланганда жамоага келдим, биринчи даврада бир маротаба ғалаба қозонишганди. У ерда ҳам жамоага ёрдам беришга қарор қилдим. Мураббий сифатида ўсишим учун ҳам бу яхши имконият ҳисобланарди. Дейлик ўтириб ўйинларни кўриб таҳлил қилиб ҳам ўз устида ишлаш мумкин, лекин уни амалиётда қўллаш бошқа нарса. Амалиётда ишлаш баробарида хато ва камчиликларни кўриб олиш имкони бўлади ва билган нарсаларимни янада мукаммаллаштира оламан. "Локомотив"дан чорлов тушганида менда қисман бўлса ҳам кўникма, жамоани қийин вазиятдан қандай олиб чиқиб кетиш борасида тасаввур шаклланганди. Кетма-кет мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган, руҳий томондан ҳам ички муҳитда муаммо бўлган жамоадаги муаммони топишим кераклигини билардим. 

"Локо"даги йигитларнинг кўпини танийман, биламан. Ўзим ҳам вақтида бирга тўп тепганман. Қўқонда эса уларнинг нималарга қодирлигини яқиндан билмасдим. Лекин, машғулотлар жараёнида футболчиларнинг салоҳиятини кўра олдим. Қўқонда яхши жамоа шаклланганди, ўйинлари ҳам ёмон чиқмаётганди. Қаердадир хатолар қилиб гол қўйиб юборишмоқда, яна қаердадир тактик томондан камчиликлар кўзга ташланмоқда. Вазифам мана шу камчиликларни топиш эди. Шунинг устида ишлашни бошладик. Битта ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Мен Қўқондаги ҳолат ҳақида гапирмоқдаман. Тактик томондан эса учта ҳимоячи билан ўйнатдим. Жамоа ҳужум қилаётганда қарши ҳужумлардан кўп гол ўтказиб юбораётганди. Учта ҳимоячи схемасидан фойдаланиш самара берди. Жамоа мағлуб бўлаверса ички муҳитда ҳам муаммолар юзага келади. Битта ёки иккита ўйинда бу нарса билинмаслиги мумкин. Ғалаба қозонаётган жамоада руҳий жиҳатдан ички муҳит аъло даражада бўлади. "Локомотив" футболчиларини ҳам руҳий тушкунликдан чиқаришим керак эди. Қандай қилиб? Керак бўлса индивидуал гаплашдим, қандай жамоада ўйнаётганини айтдим, ўзига бўлган кучга ишонтирдим. Мана шу жараён катта роль ўйнади. 

- "Локомотив" таклифини қабул қилишингизга ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг қолдирилгани ҳам сабаб бўлдими?

- Бу жамоага келмаслигим ҳам мумкин эди. Осиё чемпионати қолдирилгандан сўнг ёрдам беришни лозим топдим. "Локомотив" йиллар давомида ўзининг обрўсига эга бўлди. Доим чемпионлик учун курашди, ўтган йилларда тарихдан жой олди. Шундай жамоанинг қийин ҳолатда қолгани мени эътиборсиз қолдирмади. Ассоциация раҳбарлари рухсат берса йилнинг охиригача ишлаб беришимни айтдим. Аввало бу ўзим учун ҳам керак эди. Пандемия пайтида иш биз истагандек бўлмади. Ўйда кўп ўтирдик. Футболда ҳам тўхталишлар бўлди, ёшлар терма жамоамизнинг режалари бутунлай ўзгариб кетди. Ярим йилни ишсиз ўтказдик. Чемпионат ўйинларини кузатдим, селекция ишларини олиб бориш билан машғул бўлдим. Мураббий барибир иш жараёнида бўлиши керак деб ўйлайман. Боиси, футбол кундан кунга ўзгармоқда. Кечаги тактика бугун иш бермайди. Ҳар қадамда янгилик. Европада ҳам жамоалар бир услубда ўйнамоқда, аммо уларга қарши чиқаётган жамоа ҳам турли тактикаларни ишга солмоқда. Жамоани "чуқурлик"дан олиб чиқиб кета оламан деб ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Ўзимга ишонардим, ички ишонч бор эди. Раҳбарият таклиф билан чиққанда иккиланмасдан розилик бердим. Йиғинлар ўтказмаганим сабаби ёшлар терма жамоасига номзод футболчиларни мавсум қизиган паллада ўз жамоаларида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишларини истадим. Менимча бу тўғри қарор. “Локомотив” биринчи даврада қатор мағлубиятларга учради, айниқса йирик мағлубиятлар, "Пахтакор" ва "Насаф" билан учрашувлардаги муваффақиятсизликлар ва ҳоказо. Билсангиз, мағлубият билан мағлубиятни фарқи бор. Жамоанинг ўйинларини кўриб чиқдим, қисқа вақт ичида "Андижон" билан ўйинга тайёргарлик кўрдик. Уларда ҳам худди бизга ўхшаш вазият эди. 

Раҳбарият ва мураббийлар ўзгарганидан сўнг жамоада қандайдир ишонч пайдо бўлади. Тажрибамдан келиб чиқиб йигитларга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Руҳий ва жисмоний ҳолат, футболчидаги ишонч, хохиш кўп нарсани аниқлаб беради. Ўйин биз истагандек чиқмаслиги мумкин. Шу боис ўз имкониятимиздан фойдаланишимиз кераклигини айтдим. Футболчидаги босим ҳам қайсидир жойда ҳалақит қилади. Эркин ўйнолмайди, вазиятларда тўғри қарор чиқаролмайди. "Андижон" ҳам борини берди, биз эса иккинчи бўлимда жарима зарбасидан фойдаланиб ғалаба қозондик. Футболчиларга бу ғалаба ишонч бағишлади. Ўйиндан ўйинга мен ҳам, футболчилар ҳам ўсиб борди. Менинг қарашларим шундайки, кўп назарий машғулотлар олиб бораман, ҳар бир ўтказган ўйинимизни майда деталларигача муҳокама қиламиз. Ҳозирги кунда футболчи вазиятларда тўғри қарор қабул қила олиши керак. Машғулотларда ҳам ўйиндаги камчиликларимиз устида ишлаймиз. Ҳатто машғулотларимни ҳам видеотасвирга олдираман. Сабаби ўзимга керак, таҳлил қиламан. Яна қандай камчиликлар бор, қайси вазиятда нима қилиш кераклигини кўриб оламан. Сўнг буни жамоа билан муҳокама қиламан ва назарий машғулотларда футболчиларга тушунтираман. Футболчиларнинг ўзига савол бераман, хатосини кўрсатаман. Шу орқали иш жараёнига уларнинг эътиборини жалб қилдим. 

Мени ташвишлантираётган нарса футболчилар бажариб бера олиш ёки олмаслигида. Кўп нарса сифатга ҳам боғлиқ. Масалан, сиз шу футболчидан яхшироқ бўлсангиз, ўша вазиятдан чиқиб кета оласиз. Йўқ, худога шукур йигитлар бажаришди. Ёшларга ҳам имконият бердим, қолганларга ҳам ўйин амалиётисиз қолиб кетмаслигини таъминладим. Хатолар ҳам бўлмади дея олмайман. Муҳими шу хатолар устида ишладик. Таҳлил қилдик. Энг асосий нарса жамоанинг бирдек ўйлаши. Майдонда тўпсиз ва тўп билан биргаликда ҳаракат қилишни билиш керак. Масалан, тўп менда бўлса сиз нима қилишингизни билмаслигим мумкин. Агар жамоавий ўйин шаклланса футболчини ўзи ҳам ўйлайди, қаерда очилиш керак, яна қаерда тўпга етиб бориш кераклигини осон илғаб олади. Футболчиларнинг фикрини вазиятларда тўғри қарор чиқаришга йўналтирдим. Мен ўйиндан олдин бундай ўйнайсан, ундай тепасан деб айтганим билан учрашув давомида вазият умуман бошқача тус олиши мумкин. Бир футболчи тўп билан бўлса, унинг шериги бошқа зонада бўлади. Футболчи майдонда ўзи ўйлаб ҳаракат қилиши зарур. Вазият доим ҳар хил кечади. Тўпсиз қолган футболчи қандай ҳаракат қилишни билиши лозим. Шунингдек рақибни ҳам ҳисобга олиш керак. Агар ўйинга рақиб мана шунақа ўйнайди деб тайёргарлик кўрсак, у бошқача ўйин таклиф қилади. Йигитлар ўйиндаги вазиятдан келиб чиқиб қарор чиқаришни ўрганиши жоиз. Мен ҳар бир ўйиндан олдин футболчининг олдига вазифа қўяман. Шунчаки майдонга чиқиб ўйнаш эмас вазифани ҳам бажариши шарт. Шу орқали ўйинни тезда йўлга қўйишга ҳаракат қилдик. Иккинчи даврада ҳеч бир жамоага ўйин борасида мағлуб бўлмадик. Мағлубиятга ҳам учрадик, дуранглар ҳам қайд этилди. Лекин, ўйин борасида ҳеч кимдан ортда қолмадик. Керак бўлса устун ҳам келдик. Футболчилар руҳий ва жисмоний тайёргарликдан ташқари тактик томонда ҳам ақлли бўлишини талаб қиламан. Жамоа билан биргаликда ўзим билган нарсаларимни янада ўзлаштирдим, ўргандим. Уч ой ичида кўп нарсага эга бўлдим. Чунки уч ой олдинги қарашларим бугун тўғри келмаслиги мумкин. Эндиликда терма жамоага ҳам эски қолиб кетган нарса билан эмас янгилик билан келаман. Айтганимдек футбол жойда турмаяпти. Нафақат футболда балки бошқа соҳаларда ҳам ишламай қўйсангиз ишлаётган одам сизни босиб ўтиб кетади. Мураббийлар штаби билан биргаликда жамоани мураккаб аҳволдан олиб чиқиб кетдик. Мени тушунгани учун футболчиларга ҳам раҳмат айтаман. "Локомотив" дегани бу сен дегани, сен шу жамоани аъзосисан, демак клуб имижи учун ҳаракат қилишинг керак. 


Тўғрисини айтаман мураббийлик қийин касб. Футболчи биринчидан ўзига жавобгар, у руҳий ва жисмоний томондан тайёр бўлса мураббийнинг кўрсатмаларини майдонда бажара олади. Мураббий бутун жамоага жавоб беради. Эртага қандай машғулот қилишни, футболчиларни ўйинга тайёрлашни ўйлайди. Жамоани жисмоний томондан ҳозирлаш ҳам энг асосий жиҳатлардан бири саналади. Агар футболчи жисмонан тайёр бўлса техникасини, тезлигини кўрсатади. Бунинг устида албатта мураббий иш олиб боради. Тактикаларни ишлаб чиқади. Мураббийга жуда қийин. Футболчи хотиржам ўйинни ўйлаб келади машғулотга. Мураббий эса 24 соат жамоасини ўйлайди. Агар кечаси ухлаганимда тушимга кирмаса қолган пайт фақат иш жараёнида бўламан. Шу боис мураббийликнинг маъулияти юқори, ҳар бир мураббийнинг обрўси қайд этган натижалари билан юксалади, натижалари билан даражаси кўтарилади. Ўзбекистонда яхши мураббийлар кўп. Истардимки, мураббийга борган жамоасида шароитлар яратиб берилсин. Чунки, 3-4 жамоани ҳисобга олмаганда балки ундан ҳам кўп жамоалар машғулот базасига эга. Овқатланиши, майдони, маоши умуман барча шароитлар бор. Мураббий келади фақат ўйинга тайёргарлик кўради. Лекин, қолган жамоаларда мураббийлар бошқа муаммолар билан ҳам тўқнаш келади. У машғулотдан ташқари овқатланишни ўйлайди, назарий машғулотга жой топиши керак, майдон, сафарлар каби кўп нарсага чалғийди. Аслида унинг иши жамоасини ўйинга тайёрлаш. Афсуски, футболимизда бу камчиликлар бор нарса. Тўғри ҳамма жамоада эмас, айрим жамоаларда мураббийнинг фикри бошқа нарсаларга ҳам бўлинади. Ташкилий ишлар билан шуғулланади. Қилмаса бўлмайди, жамоага зарур шулар. Натижа учун у жавобгар. Агар жим юрса натижа ўхшамаса мураббий айбдор бўлиб қолади. Максимал даражада бўлмасада минимум ўзига шароит яратиб олиши лозим. Ҳар доим бу ўз қўлида бўлмайди.

Клубларимиз шу томондан проффессионал ва ҳар томонлама яхши бўлса футболимиз ҳам ўсади. Майли, асосий жамоалар бир иложини қилиб имконият топишмоқда. Лекин ўринбосарлар жамоаларидаги ҳолат ҳақида терма жамоага келган футболчилардан сўрасам ҳайрон қоламан. Чунки ёшлар терма жамоасининг аксарият футболчилари ўринбосарлар таркибида тўп тепади. Камчиликлар жуда кўп. Овқатланиш масаласи, майдонлар, машғулот жараёнларини олайлик деярли ҳамма нарсада камчилик бор. Бундай омиллар ёшларнинг ўсишига тўсқинлик қилади. Шароит бўлмаганидан кейин мураббий ҳам яхши ишлай олмаётгандир. Бу ерда омиллар етарлича. Ёшларимиз, болаларимиз учун шароитларни тўғирлаб беришимиз керак, келажагимиз уларнинг қўлида. Ёш мураббийлар ўсиши учун ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги даркор. Ҳар доим изланиш, интилиш керак. Битта нарсани биламан деб тўхтаб қолиш тўғри бўлмайди. Эски маълумот билан узоққа бора олмайсиз. Ёш мураббийлар болаларга, ёш футболчиларга пойдеворини қўйиб бермоқда. Агар пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса қолган натижалар ҳам шунга қараб ўзгаради. Ўринбосарлар жамоаларида фаолият олиб бораётган мураббийларимиздан ўз устиларида ишлашни сўраб қоламан. Бу эса миллий терма жамоага ва қолган ёш тоифасидаги терма жамоаларга фойда келтиради. Яхши савиядаги футболчилар етишиб чиқса рақобат кучаяди. Ишлар қилинмаяпти демаган бўлардим, амалга оширилмоқда, ижобий ўзгаришларга қўл урилмоқда. Давлатимиз, ассоциация жим қараб ўтиргани йўқ, улар ҳам ҳаракатда, изланишда. Инфратузилма, шароитлар яратиб бериш устида иш олиб бориляпти. Ўйлайманки, барибир биз шу нарсага эришамиз. Тиббиётни ҳам четда қолдирмаслик зарур. Биз бир нарсани тўғри тушунайлик, проффессионал спортда оддий овқат билан узоққ бора олмайсиз. Юкламалар катта. Оддий инсон учун етарли бўлади. Битта ўйинда кетадиган калория, энергия ва қувватни сиз тановвул қиладиган таом билан тўлдириш қийин. Экология ўзгарган, ҳа юртимиз витаминларга бой, мева ва сабзавотларимиз пишиб ётибди. Аммо иқлим ўзгаргани сабабли аввалгидек эмас. Масалан битта олмадаги витамин бир килограм олмада бўлиши мумкин. Тиббиёт, овқатланиш, витаминизацияларга туртки беришимиз керак, чунки футболчи ўсишда қийналмасин. Нега бизнинг футболчилар кичкина, жисмоний жиҳатдан бақувват эмас, 90 дақиқага кучимиз етмайди деймиз. Ҳаммаси тегишли нарсалар. Мен бугун жамоага кучли юклама берсам эртага буни қила олмайман. Футболчи тикланиб олиши учун вақт кетади. Ўйиндан кейин инсон организими кўп нарса йўқотади.Оддий овқат билан 70 фоиз кетган кучни тўлдирасиз, бироқ 30 фоизни топа олмайсиз, мана шу кичик фоиз йиғилиб қўшилиб бориб катта фоизга айланади. Шунинг ҳисобига организим ўсишдан тўхтаб қолади. Жисмоний томондан кучсизлигимизда буларнинг ҳам ўз ўрни бор. Қайсидир витаминларнинг камлиги ўз таъсирини ўтказади. Мен умумий қилиб айтмоқдаман. 

Мисол учун "Бунёдкор" академиясидаги футболчиларнинг овқати йўқ. Мазкур жамоадагиларнинг кўпи терма жамоаларга номзод саналади. Овқатлана олмасангиз мен қандай қилиб юклама бераман? Техника бўлгани билан жисмоний томондан ўсиш бўлмаса қийин. Европада жамоага келганидан сўнг тест олинади, ёғ миқдори қанча, қайси витамин етишмаяпти, бу улар учун оддий нарса ҳисобланади. Футболчилари машғулотга чиқишидан олдин турли витаминларни ичишади. Футболчи ўзига керакли бўлган озуқани олади. Якунда албатта организим қийналмайди. Одамлар Европани қара қандай ўйнашяпти дейишади. Аммо, улардаги шароит, қарашлар, имкониятлар умуман бошқача. Бизда ҳам шуларга проффессионал тарзда қаралса ёш футболчилар ҳар томонлама ўсади. Узоққа бормаймиз, Жасур Жалолиддиновдан сўранг? Расмларини ҳам олиб жўнатди, машғулотдан олдин олдида витаминлар, туради. Шуни ичишади, қайсинидир бир соат олдин, яна қайсидир ичимликни икки соат олдин ва ҳоказо. Машғулотда йўқотган нарсасини осонлик билан тўлдиришади. Эртанги кунги машғулотга футболчи тайёр бўлиб келади. Бизда бу нарсалар деярли йўқ. Катта юклама бериб югуртирасиз, машқларни берасиз. Тикланиш мураккаб жараён. Барчамиз спорт тиббиётини тўғри йўлга қўйишимиз керак. Бундан мақсад ёшларимиз жисмоний жиҳатдан ўсишга эришсин, кўп ўринбосаралар жамоаларида овқати йўқ.

Келади машғулотни ўтайди ва уйига кетади. Уйда еса бир коса овқатини ейди, бўлмаса кўчада лаваш ёки гамбургер, ҳаммада ҳам шароит бир хилмас. Қорни оч бўлганидан ейишга мажбур, ҳамма оила ҳам тонналаб гўшт емайди. Агар ёшларимизни ўстирамиз десак овқатланиш, витаминизацияга эътиборни оширишимиз лозим. Кучли жамоаларимизда бу нарсалар бор. Футболчиларнинг ўсиш пайтида шунга урғу қаратсак мақсадга мувофиқ бўларди.

- Ёшлар терма жамоамиз таркибидаги футболчиларга эътибор қаратадиган бўлсак, саноқлигина футболчи Суперлигада асосий жамоада тўп тепмоқда. Аввалги авлод вакилларида эса бу сон кўпчиликни ташкил қиларди...

-Мана бу йилдан эътиборан ёшлар терма жамоамизнинг бир нечта футболчилари жамоасининг асосий таркибидан жой олди, умид қиламанки кейинги йил янада кўпроқ бўлади. Катта жамоаларга қарши ўйинларда тажриба орттиришади, асосий жамоада шароит ҳам яхши. Ҳожимат Эркинов, Иброҳимҳалил Йўлдошев ўзини яхши кўрсатди, миллий жамоага таклиф қилинди. Бу ёшда миллий терма жамоанинг асосий таркибига кириш катта натижа. Дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов ҳам “Насаф” ва миллий терма жамоада дарвозасини ишончли тарзда қўриқлади. Ёшларимиз ҳар доим яхши бўлган. Лекин, улардаги камчиликлар юқоридаги муаммолар билан боғлиқ. 

- Эшитишимизга қараганда март ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати қолдирилиши мумкин экан. Шу боис йиғинлар ўтказишда режага ўзгартириш киритиладими?

- Шундай гаплар юрибди. Албатта бу ҳолат биз учун ачинарли. Осиё чемпионати ёшларимиз учун зарур эди. Халқаро тажриба орттиришарди, кўникмага эга бўлишарди. Турнирнинг қолдирилиши яхши эмас. Бу бизнинг қўлимизда дея олмайман. ФИФА Европадаги вазият туфайли Жаҳон чемпионатини қолдирмоқчи. Уларда карантин чоралари кучайтрилди. Балки ниманидир ўйлаб чиқишар. Бошқа томондан бу ҳали аниқ тасдиқланмаган. Биз режа бўйича тайёргарликни давом эттирамиз. Декабр ойида йиғин ўтказамиз, футболчиларни кўздан кечириб оламиз. Режамиз бўйича кейинги йил январь ойидан бошлаб ҳозирликни кучайтирамиз. Бир ҳафта ўзимизда ва Анталияда йиғин ўтказамиз. Янги йилга қадар аниқ хабар келмаса режа асосида давом этамиз. Қатарда ҳам шу ёш тоифасидаги терма жамоа билан ўртоқлик учрашуви ўтказишимиз кўзда тутилган. Вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз.

- Кейинги мавсум Про лигада “Олимпия” жамоаси иштирок этиши борасида хабарлар тарқалди. Бундан кўзланган мақсад 2024 йилги олимпиядаг а тайёргарликни ҳозирдан бошлаш. Мураббий сифатида сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

- Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан бу амалга ошмоқда. Олимпиядада иштирок этиш учун нималар кераклигини, шароитларни яратиб бериш муҳокамаси бўляпти. Бу ҳам ҳали тасдиқланмаган. Лекин режада бор. Мен ўз фикримни ва муносабатимни билдирадиган бўлсам, фойдаси шуки, биринчидан ким ўз жамоасида асосий таркибда ўйнаётган бўлса уларга тегилмайди. Ўринбосарлар жамоасида, Биринчи лигада қолиб кетаётган, ўйин амалиёти берилмаётганларни жалб қилиб тайёрланади, мен шундай кўрмоқдаман. Проффессионал даражада ҳамма шароитларни қилиб беришса ўша қолиб кетаётган футболчиларни жалб қилиб тайёрлашимиз мумкин бўлади. Лекин улар ўз жамоаларига тегишлиб бўлиб қолаверади. Бизнинг вазифамиз уларни тайёрлаш. Ҳозир айтганимдек айрим жойларда шароитлар йўқ. Рўйхатда футболчилар кўп бўлиши табиий. Яна такрорлайман қолиб кетаётган футболчиларни асосий таркибда ўйнаётган футболчиларнинг даражасига етаказиб олиш учун тайёрлаймиз. Сизнинг жамоангиздан футболчи олдим, у ўзини кўрсатди ва маълум даражага чиқди. Уни бемалол қайтариб олиши мумкин. Кўп жамоаларда ёшларимизга шароит йўқ. Айтганимдек проффессионал тарзда шароитлар қилинса футболчиларни даражасини ҳам ошириб борамиз, бу клубларимиз учун ҳам яхши. Мақсад янада яхшироқ тайёрлаш. Ўринбосарлар жамоасига қараганда Про лигада вазифа қўйилади. Менимча бу нормал ҳолат. Футболчилар ўз жамоаларига тегишли бўлади. Ижара асосида футболчилар олинади. Бундай футболчилар қанча кўп бўлса шунча яхши. Олимпиядадан ташқари бир неча йилдан сўнг улар миллий терма жамоамизнинг ўзагини ташкил қилади. Иқтидорлар кўп. Ўз клубига кетса ўрнига бошқа футболчи олинади ва тайёрлаб борилади. Жараён йўлга қўийлади. Мен мураббий сифатида шундай кўряпман. Бу футболимиз ўсиши учун зарур. Агар жойларда шароитлар аъло даражада бўлса буни амалга оширишнинг ҳожати йўқ. Аммо ҳали булар тасдиқланмади. Мураббийлар кенгаши тузилади. Мураббийлар ва жамоалар билан келишилган ҳолда қилинади. Фикрлар тингланади. Балки бу амалга ошмаслиги ҳам мумкин. 

- Осиё чемпионати ўзбекистонлик футболчилар учун ҳам қайсидир маънода реклама вазифасини ҳам бажаради. Скаутлар кўришади, хориж жамоаларига таклиф қилишади. Бу ёшда футболчининг хориж клубида ўз ўрнини топиб кетиши қайси омилларга боғлиқ? 

- Осиё чемпионати уларга ўзини кўрсатиши ва ишончи ортиши учун катта имконият. Тўғри айтдингиз кўплаб скаутлар кузатишади. Хориж клубига ўша йўл олаётган жамоа мураббийининг хоҳиши ҳам катта аҳамиятга эга. Фақат раҳбариятнинг эмас жамоада ишлаётган мураббий фикрини ҳам тинглаш керак, у истаяптими йўқми. Футболчини ўйнатадиган ҳам, машғулотга жавобгар мураббий. Раҳбарият шу футболчини олиб келгани билан мураббийнинг режалари бошқача, футболчи унинг тактикасига тўғри келмаслиги мумкин. Айнан мураббий якуний қарорини айтиши керак.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика