Кубок ФИНАЛИ олдидаги ноқулайликлар
08 окт 2015 13:07
Янгиликлар
Кубок ФИНАЛИ олдидаги ноқулайликлар
Терма жамоа манфаати йўлида десак, финалда на "Пахтакор", на "Локомотив" бор. Ҳа, майли, бу бошқа масала. Лекин ОАВ учун финалнинг кўчирилиши турли ноқулайликларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат.
Айниқса, ўйинни Тошкентдан ташқарида ўтказишни режа қилган ташкилот режасини пухта пишитмаганлигига гувоҳ бўляпмиз. Кубок финал ўз номи билан финал. Кубок олди барчанинг эътибори мазкур ўйинга қаратилиши керак. Ўйин олди расмий машғулотлар, матбуот анжумани. Стадионнинг тайёргарлигини кузатиш, мухлислар билан мулоқот. Хуллас, бу ПФЛнинг маҳсулоти ва уни оммага энг яхши сифатда кўрсатиб бериш керак. Лекин...
Ҳар бир мусобақа финали олдидан, яъни бир кун аввал расмий машғулот ўйин бўлиб ўтадиган стадионда бўлиб ўтади. Унга қадар икки жамоа ўртасида матбуот анжумани ўтказилади. Унда ОАВнинг барча вакиллари имкон қадар иштирок этишга ҳаракат қиладилар. Ўтган йилги финал Олмалиқда бўлганлиги учун бу борада муаммо бўлмади. Бир кун аввал Тошкентда ўтказилган матубот анжуманидан сўнг эртасига Олмалиқ томон йўлга чиқдик. Ўйин олди расмий машғулотлари финал стадионида бўлмади. Бу йилги финалнинг вақти ўзгариши ОАВга турли томон қийинчиликларни келтириб чиқаряпти.
Аввало, ўйин олди расмий машғулот ва матубот анжумани ўтказилиши керак бўлган 16 октябрь санасида Ўзбекистон чемпионатининг 25-тур учрашувлари бўлиб ўтади. ОАВ тур ўйинларига борадими ёки Жиззахдаги матбуот анжумани ва расмий машғулотгами? Ҳозирча матбуот анжумани қаерда бўлиши аниқ эмас. Тошкентда бўлиши эса нотўғри бўлади. Агар шундай бўлса, унда Жиззах фақат ўйин куни мезбон деган номни олади холос, мусобақа финалига эмас. Финал мезбони деганда атрофдаги финалга оид воқеалар ҳам кириши керак. "Насаф" Жиззахга 15 октябрь, "Бунёдкор" эса бир кун аввал етиб келиши ҳақида хабар берди. Балки, Бахтиёр Бобоев йўл йўлакай Тошкентда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманига кириб кетиши мумкин, лекин 4та саволга жавоб бериш учун Рўзиқул Бердиевни Қаршидан Тошкентга келиши тўғри бўлмайди. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, шу куни олий лиганинг тур ўйинлари бўлиб ўтади. Аксар ОАВ вакиллари клубларда фаолият олиб боришларини ёдга олсак, бу қандай матбуот анжумани бўлади?
Бу ҳали ҳаммаси эмас. "Сўғдиёна" катта клуб эмаски, унда ўнлаб мутахассислар ишласа. Финал олди жамоа Тошкентда "Пахтакор"га қарши майдонга тушади. Табиийки, клуб вакиллари Тошкентда бўладилар. Бундай вазиятда ўйин олди тадбирларга ким масъул бўлади? Жиззахга йилда икки маротаба келиб кетадиган мутахассисларми?
Энг қизиғига энди келяпмиз. Кубок финали бўлиб ўтадиган санада Ўзбекистон стадионларида биринчи лиганинг иккинчи босқич 12-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Шу куни қуйидаги жамоалар ўзаро баҳс олиб борадилар. Қизиғи шундаки, Жиззахнинг иккинчи жамоаси бўлган "Зомин" шу куни ўз майдонида "Пахтакор-2" клубига қарши баҳс олиб боради. Зоминлик мухлислар кутган финал шуми?
17 октябрь
"Зомин" - "Пахтакор-2"
"Обод" - "Ўз-Донг-Жу"
"Хоразм" - "Ёзёвон-Лочинлар"
"Машъал-2" - "Цементчи"
"Ғиждувон" - "Хотира-79"
"Орол" - "Косонсой"
"Насаф-2" - "Оқтепа"
"Локомотив-БФК" - "НБУ-Осиё"
Гувоҳи бўлганингиздек, кубок финалининг санасини ўзгартиришда ПФЛ жиддий хатога йўл қўйди. Финал шунчаки ўтадиган ўйин эмас. Унда ОЧЛ йўлланмаси ўйналади ва у мухлисларнинг диққат марказида туриши керак. Бу йилги финал эса номига ўтадиган кўринади.
"Сўғдиёна" стадиони ҳали тўлиқ топширилмаганлигини инобатга олсак, стадионда медиа трибуна ҳозирча йўқ. Бўлса ҳам жиҳозлар билан таъминланмаган. Жиҳоз деганда, камида 10 нафар ОАВ вакилига мўлжалланган стол-стуллар, электр қуввати ва интернет. Бу нарсани-ку, жиззахликлар дўндиришлари мумкин. Арзимаган жиҳозларни ўрнатиш ортиқча ҳақ талаб этмайди. Лекин матбуот анжумани, ўйин олди машғулотлар-чи?
Хориж мусобақаларига ёки бирон бир кичик турнирларга борар экансиз, ташкилот сизга транспорт ва меҳмонхоналарни тақдим этади. Текинга эмас, лекин ОАВга қулайлик. 2014 йил финалида "Олмалиқ" клуби ўзининг шахсий автобусини Тошкент - Олмалиқ - Тошкент йўналишида ОАВ ихтиёрига топширган эди. Бу сафар ҳам шундай қулайлик бўладими йўқми ҳозирча ҳеч гап йўқ. Аммо 2014 йили биз бир ой аввал шароитимиз ҳақида хабарга эга эдик.
Сўнгги йилларда кубок финали шукуҳини кўрмаётган пайтимизда, қўшнимиз Афғонистонда 2014 йил бўлиб ўтган финал лавҳасини эътиборингизга тақдим этамиз.
Нодирхўжа Юлдашев
Фикрлар