UZ

Сўнгги янгиликлар

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  95 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  27 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

«Кеча, бугун, эртага». Камолиддин МУРЗОЕВ: «Муомалани пулдан устун қўяман» I қисм Янгиликлар

«Кеча, бугун, эртага». Камолиддин МУРЗОЕВ: «Муомалани пулдан устун қўяман» I қисм

«Championat.asia» сайтига ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган футболчиларнинг ташриф буюришлари одат тусига айланди.
Акмал Холматов ва Александр Пишурдан сўнг, сайт офисига Камолиддин Мурзоев қадам ранжида айлади. Камолиддин билан суҳбат бу қадар самимий бўлишини очиғи кутмаган эдим. Шу куни йил ўртасида Қозоғистоннинг «Иртиш» жамоаси вакилига айланган Мурзоевни нафақат футболчи, балки ўз соҳасининг мутахассиси эканлигига амин бўлдим.

ОМАД, МЕНТАЛИТЕТ, КУМИКОВ...

– Ўзбекистондан кетишдан олдин берган интервьюнгизда муҳитни ўзгартирсангиз ўзингизда ўзгариш бўлиши мумкинлигини айтгандингиз. Кутилган ўзгариш бўлдими?

– Аслида йил бошида жамоани алмаштирсам бўларди. Аммо баъзи сабабларга кўра, бу иш амалга ошмай қолди. Оила жиҳатдан ҳам жамоани алмаштиришга тайёр эмас эдим. Қолаверса, «Бунёдкор» мен учун қадрли жамоа бўлиб қолган. Шунга қарамай, йил ўртасида жамоа алмаштирдим. У ерда Улуғбек Бақоевнинг менга кўрсатган ёрдами катта бўлгани учун «Иртиш» муҳитига тезда кўникиб кетдим. Жамоада йиғилган футболчилар ҳам мени яхши кутиб олдилар. Бақоевни Қозоғистонда тутган ўрни менга қўл келди. Афсуски, 6-турда жароҳат олдим. Мени майдонни ўзидан тўғри касалхонага олиб кетишди, ҳайрият кейинчалик ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетди.

– Бақоевнинг ёрдами ҳақида тўхталиб ўтдингиз. «Иртиш»да Сиз каби Бақоев ҳам легионер футболчи. Сизга ёрдам қўлини чўзиш орқали ўз ўрнини йўқотиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас…
– Агар Бақоев ўзини кучсиз ўйинчи деб ҳисоблаганида мени қўллаб-қувватлаши зарарига ўйнарди. Аммо у Қозоғистоннинг энг кучли легионер ҳужумчиси ҳисобланади. «Иртиш»да жамоавий ўйин катта роль ўйнаяпти. Мураббий учун эса иккимизнинг бир вақтда асосий таркибдан жой олишимиз яхши эди. Қолаверса биз иккимиз бир-биримизни яхши тушунамиз.

– Eвропада катта сенсация соҳиби бўлаётган Виктор Кумиковни Ўзбекистондаги иши «ўхшамаган» эди. «Машъал» ва «Насаф» таркибида кўплаб футболчилар унинг машғулотларидан нолишарди. Гувоҳи бўляпмиз, у ёмон мураббий эмас экан. Ўша вақтларда, унинг шогирди сифатида айтсангиз, унинг режаси нима учун бизда амалга ошмади?
– Кумиковнинг талаби жуда катта эди. Керак бўлса, бир кунда икки маҳал тренажёр залига кирар эдик. Бундай катта ҳажмда машғулот ўтказадиган футболчи учун майдонда тўп тепиш бироз қийин бўлади. Аслини олганда, Кумиковга Ўзбекистонда катта имконият берилмади. «Насаф»га ўтганидан кейин дарҳол натижа талаб қилинди. Унинг муваффақиятига озгина вақт етмади. «Шахтёр» ўзининг учинчи йилида катта натижага эришди. Бугунги кунда у ўз таркибига энг бақувват футболчиларни йиғиб олган. Асосан жисмоний тайёргарликка катта эътибор беряпти. Бизда эса техника катта устунликка эга. Қозоғистонда тезкорлик ва тўп учун ҳар қадамда жиддий кураш бўлади. Доимо изланишда бўлган мураббийимизнинг тунги иккида ҳам хонасида чироқ ёниқ  бўларди. Кумиковнинг ютуғи жамоани рақибга қарши жиддий тайёрлай олишида. Кўп ҳолларда  ўзимиз Кумиков сўраган ишни бажариб бера олмасдик. Агар биз «Машъал» ва «Насаф» сафида тўп тепаётганимизда унинг айтганларини тўлиқ бажарганимизда натижалар ҳам анча яхши бўлган бўларди.




– Кумиков ҳарчанд уринмасин, футболчиларимизнинг жисмоний тайёргарлигини юқори планкага олиб чиқа олмади. Демак, Кумиковнинг талаблари бизнинг менталитетимизга тўғри келмаган?
– Биздан фарқли равишда мураббий узоқни ўйлаб иш қилади. Унинг мақсади келаётган ўйинни эмас, мавсумни юқори нотада тугатиш. Жамоамизда мана шу борада муаммо бўлди деб ўйлайман. У бераётган машғулотларни тўлиқ ҳис қилмадик ва ўйинга енгил чиқишни ўйладик. Шундай хаёл билан учрашувларга тайёргарлик кўрдик. Мураббийни ҳамманинг олдида футболчиларни койишини кўтара олмаганлар бўлди. Қишда Виктор Кумиковнинг машғулотларидан ўтиш жуда мураккаб иш эди. Мана бугунга келиб унинг бизга берган жисмоний тайёргарлик бўйича «нагрузка»си фойдамизга хизмат қиляпти. Нафақат менда, балки Қашқадарёда тўп тепган бошқа жамоадошларимга ҳам. Масалан, бугунги «Насаф»ни ўйинини кўринг. Мураббий ўзгарган бўлса-да, Кумиковнинг услуби тўлиқ ўзгариб кетмаган. Биз уни ўша пайтда тўғри тушунмаган эканмиз. Чунки, «Иртиш» юлдузларга бой бўлмаса-да, мураббийнинг айтганини бажариб муваффақиятга эришяпти.

– Унинг ўргатганлари ҳозир Сизга Қозоғистонда асқотяптими?
– Албатта. Нафақат Қозоғистонда, балки сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам асқотди. Фақат бошида бизни уришишини ҳазм қила олмагандик. Бу эса бизнинг айбимиз экан.

– Дастлаб фаолиятингизни ҳужумчи сифатида бошлаб, кейинчалик сал орқароққа кўчдингиз. Лекин Сиз халқ учун ҳужумчи сифатида танилдингиз ва сиздан голлар талаб қилишди. Сўнгги йилларда гол уришингиз кескин тушиб кетишига нима сабаб бўлди?
– Бу нарсага аниқ бир факт йўқ. Шундай ҳолатлар бўлди-ки, очиқ дарвозага гол ура олмадим. Буни амплуа алмаштиришимга алоқаси йўқ. Чунки мен ҳимоячи ролига ўтиб олганим йўқ-ку! Баъзан жамоадошларим, мен енгил вазиятда эмас, қийин вазиятларда гол уришимни айтиб ҳазиллашишарди. 2-3та ўйинда гол ура олмаганингиздан кейин асабингиз бузилади. Инсонмиз, психологиямизга таъсир ўтказади. Билмадим, омадданми бу ёки бошқа. Ўзим ҳам қийналдим, ишончсизлик пайдо бўлади. Битта гол уриб олганимдан кейин яна шу серия…

– Гол урмаганингиз билан ҳужумдаги шеригингиз учун кўп имконият яратиб бераётган эдингиз. Яъни ўйин услубингиздан келиб чиқиб сиз иккита ҳимоячини ўзингиз билан олиб юрдингиз. Балки Сизнинг ўйинингизга мос тактика бўлмагандир?
– Майдонга тушган футболчи ҳамма нарсани унутиши лозим. Гол урадими ёки йўқ футбол ўйнаш лозим. Кўп ҳолларда менга ҳимоячини чалғитиш вазифаси юклатиларди. Лекин мен ҳужумчиман ва бу вазиятдан ҳам гол уриб чиқиб кетишим лозим эди. Бу кўпроқ савия ва тажрибага бориб тақалса керак. Мана ҳозирги жамоамда мен номинал ҳужумчиман, Бақоев эса чалғитувчи ролида. Бу ерда бироз енгилликка эришдим.

– Савия ҳақида гап очдингиз. Сиз ва Сиздан катта авлод асосан шахсий қизиқиш туфайли катта футболдасизлар. Бизда шундай пайт бўлди-ки, болалар футболида орқага кетиш кузатилди. 2002 йилга келиб эса илк профессионал футбол мактаблари яратила бошланди. «Пахтакор» ва «Машъал» бунга мисол бўлади. Бугунга келиб деярли барча клубларимизнинг футбол мактаблари бор. Балки жиддий мактабнинг бўлмаганлиги Сизларни бугунги кундаги ҳолатингизга сабаб бўлаётгандир?

– Бугунги кунда болалар футболига қаратилаётган эътибор жуда ҳам катта. Бизнинг давримизда битта тўп билан шуғулланардик. Табиийки бундай пайтда машғулот иккига бўлиниб футбол ўйнаш билан ўтади. Мактаб кўрмадик, ваҳолангки, илк сабоқлар мактабда олиниши керак.Ҳозирги ёшлар мактабдан кўп нарсани ўрганиб чиқишяпти. Биз эса футбол мактаби нима эканлигини билмадик. Ёки бўлмасам ҳозир бир кунда 10тагача ўйин кўришингиз мумкин. Бундан ҳам катта сабоқ оласиз.



ДАВР, ЖАРОҲАТ, МУОМАЛА...

– Ҳар бир футболчининг ўз даври бўлади. Сизнинг ёшлик даврингиз…

– Мактаб майдонида шуғулланиш билан футболга кириб келдик. «Металлург»да ҳам авваллари бундай шароит бўлмаган. Лекин мураббийимиз ҳар доим вазиятдан чиқиб кетиш учун турли машғулотларни берарди. Бекобод шаҳрига кираверишда «Бекобод» деган кириш дарвозаси бор. Шу ергача кросс чопардик. Саҳар 5да йиғилган кунларимиз бўларди. Совуқ пайтлари иссиқ трубаларда исиниб ўтирардик. Кейин мактаб... «Металлург» жамоасига келганимда бутсам бўлмасди. Ҳаттоки ёшлар терма жамоаси машғулотларига чақиришганида ҳам бундай имкониятга эга бўлмаганман. Шунда «Цементчи» жамоасининг бир футболчисини бутсасидан фойдаланиб турардим. Кейин дадам бутса олиб бердилар. Ўринбосарлар куни мен киярдим, эртаси куни эса асосий таркибдан бутсаси йўқ жамоадошим (кулади). Бугунга келиб кунига гетри алмаштирасиз. Авваллари битта гетрини талашардик.

–  Баъзан жароҳатлар ҳам бўлиб туради. Шундай паллада футболни бошқа касбга алмаштириб юбориш фикри бўлганми?
– Йўқ, чунки бошқа иш қила олмайман, мажбурсиз тузалишга (кулади). Ақлимизни танибмиз-ки, ҳаётимизни футболга бағишлаб келаяпмиз. Аксинча, тезроқ соғайишга ҳаракат қиламиз. 1 ойдан бери футбол ўйнамаяпман, шунчалик соғиняпманки... Катталар айтишарди, футболчилик фаолиятини якунлаганингдан кейин уни қаттиқ соғинасан деб. Куни кеча «Бунёдкор»даги жамоадошлар билан учрашдик. Кеча бирга эдик, бугун бошқа-бошқа жамоалардамиз.

– Жароҳат олганда Қозоғистон ва Ўзбекистонда футболчига бўлган муносабат ўртасида фарқ борми?
– Катта фарқ бор деб ўйламайман. Тўғри, баъзи раҳбарлар бўлади: футболчидан умидини узади ва унга эътибор қаратмайди. Лекин футболчи шу жамоа учун жароҳат олганини унутмаслик керак.

– Бунга икки томонлама қараш мумкин. Сиз тўп тепган жамоалар доимо ўз футболчиларига яхши муносабатда бўлганлар. Аммо шундай футболчилар бор-ки, ҳар йили жамоасини ўзгартиради. Бир жамоада муқим ўйнамагандан кейин раҳбар уни тузатгиси ҳам келмайди?
– Қайси футболчи бир жамоада узоқ ўйнашни истамайди дейсиз? Ҳозир футболчиларни тезда жамоа алмаштиришларига сабаб раҳбарлар томонидан берилаётган ваъдаларнинг бажарилмаётганлигидир. Масалан, 2 йиллик шартнома тузишнинг афзал томонлари катта. Мавсум тугаганидан кейин уйимга бориб дам оламан ва яна шу жамоага қайтиб келаман. Аммо кўп жамоалар бундай қилишмаяпти-ку! 6та жамоадан бошқа клубларда футболчиларнинг пули қолиб кетяпти. Мана «Ювентус»ни олайлик, 1 лигага тушиб кетса ҳам футболчилари кетмади-ку, сабаби уларда ишонч бор эди.




– Гапингизга қўшиламан, аммо мен айтган ўша футболчилар ишончли жамоа вакиллари эмас, ўртамиёна жамоани ўртамиёнага алмаштиряптилар.
– Шундай нарса бор-ки, бўш юрган футболчига осмонларни ваъда қилишади. Сизнинг ҳеч нарсангиз йўқ ва ишонасиз. Киссангиз эса бўш. Оилангизни ўйлайсиз. Ўзбекистонлик аксар футболчилар ўз оиласини устун қўяди ва пули бўлса ён атрофдагиларга ҳам қарашади. Балки шунинг учун улар ўзларига яхши бўлган таклифни танлашга ҳаракат қилишяпти.

– Лекин ўша ваъдалар гаплигича қолиб кетяпти. Бир йил давомида «Қизилқум»да фаолият олиб бориб шуни айта оламанки, энг паст жамоаларимизда олинаётган маош, оддий ўқитувчиникидан анча юқори! Балки футболчи 5 ойлаб маош олмас, лекин йил бошида йўқ деганда 20 млн. сўм миқдорида кўтарма пули  олади. Балки футболчиларимизга сабр етишмаётгандир? Борига қаноат қилиб, бир жамоада камида 2 йил ўйнаб, стабил бўлган, «Олмалиқ», «Металлург» ёки медаллар учун курашаётган жамоа сафига ўтган маъқул эмасми?
– Бу гапингиз ҳам тўғри. Солиштирсангиз ўзбек футболидаги ҳолат бошқаларга нисбатан анча яхши. Футболчи сифатида шуни айтишим мумкин, ҳамма футболчи ҳам фақат пул учун ўйнамайди. Аввало муомала! Айнан шу борада баъзи клубларда оқсашни кўряпмиз. Масалан, мени бугунги жамоам «Иртиш»га боргунимга қадар футболчилар 5 ойдан бери маош олмаётган эдилар. Аммо муомалани жойига қўйиб қўйишган. Муҳитни ҳам яратиб бериш керак-да. Тўғри, пул берган киши талаб қилади, аммо шуни чиройли тарзда етказиб бериш ҳам керак. Ҳамма ҳам ютқазади. Агар ўйинчига яхши муомала қилинса, катта пулга учиб ҳар йили жамоа ўзгартирмайди.

– Ўзим кўрганим ва Сизнинг гапингиздан келиб чиқиб, 2012 йил моддий аҳволи зўр бўлмаса-да чемпионликни қўлга киритган «Пахтакор»нинг муваффақиятида Самвел Бабаяннинг муомаласи катта роль ўйнадими?
– Албатта! Бўлмаса сабаби яна бошқа нимада? Яхши сўз билан илонни инидан чиқариш мумкин. «Пахтакор»ниyu бу ёшлар билан чемпионликка эришишини кутмагандик. Ёки «Челси»ни олайлик. Улар учун пул биринчи масала эмас, ҳаммаси ўзига тўқ. Шунчаки Моуриньо тўғри муомалани жойига қўйган. Таркибда 11та футболчи, 11та муносабат. Кимгадир қаттиқ гап таъсир қилади, кимгадир юмшоқ. Бу борада мураббий учун жуда ҳам оғир.

– Худди шундай услубни Абрамовда ҳам кўрдик. Масалан, Абрамовнинг на машғулоти, на бошқасида катта устунлик бор, аммо унинг жамоаси исталган рақибдан чўчимасдан ўйнар эди. Балки психологияга катта эътибор бериш лозимдир?

– Машғулотни бир четга суриб қўяйлик, Абрамов билан бирон-бир тадбирда бирга бўлинг ҳаммани кайфиятини кўтаради. Футболчи учун жамоада ортиқча эмаслигини хис қилиш катта ютуқ. Мураббий томонидан жамоага керак эканлигини билиш катта маъсулият. Бу футбол, доим ҳам асосий таркибда ўйнайвермайсиз. Футболчи учун энг катта бахт, бу асосий таркибда майдонга тушиш. Буни пулга алмаштириб бўлмайди. Дейлик, ўйинга тушмадингиз, шундай пайтда мураббий келиб Сизга бир оғиз «Сендан кейинги ўйинда умидим катта», десин. Бундан катта бахт йўқ. Чунки сиз жамоанинг бир бўлаги эканлигини хис қиласиз.


Давоми бор...
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика