UZ

Сўнгги янгиликлар

10:22"Ман Сити" ярим ҳимоясини "Ньюкасл" вакили билан кучайтирмоқчи  0 10:00ПРО-Лига. 28-тур расмийлари билан танишинг: Муборакдаги баҳсда аёл ҳакам ишлайди!  0 09:31МЮ чап қанот ҳимоясига Раян Аит-Нурини сотиб олмоқчи  0 09:07Маркиньос: "Рақиб дарвозабоннинг ҳаракатларини чеклаб қўйганди"  0 08:43"Ман Сити" 75-дақиқада 3:0 ҳисобида олдинда бориб, юта олмаган ЕЧЛ тарихидаги биринчи жамоага айланди  18 08:20"Интер" 12 учрашувдан буён мағлуб бўлмаяпти  4 07:56"Барса" ЕЧЛда қаторасига 4 та ғалабага эришди, умумий ҳисоб – 17:3  12 07:32Компани ПСЖ устидан қозонилган ғалабадан кейин: "Яна 1-2 та гол урганимизда ўйин анча хотиржам руҳда ўтарди"  3 03:07ЕЧЛ. Дембеле четлатилган ўйинда "Бавария" ПСЖ устидан ғалаба қозонди  11 03:05ЕЧЛ. "Барса" йирик ғалаба қайд этди. "Манчестер Сити" "Фейеноорд"га қарши 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади  11 02:03Левандовски ЕЧЛдаги 100-голини урди. Фақат Роналду ва Мессида бундан кўпроқ  8 01:31Элит ОЧЛ. "Ал Садд" билан дуранг ўйнаган "Ал Ҳилол" плей-офф йўлланмасини нақд қилди. "Ал Насср" ҳам кейинги босқични кафолатлади  6 00:50ЕЧЛ. "Милан" ва "Атлетико" ўз учрашувларида ғалаба қозонишди  1 00:35ЦСКА "Рубин"ни йирик ҳисобда мағлуб қилиб, Россия кубоги ярим финалига йўл олди. Файзуллаевдан гол!  14 23:45Жуд Беллингем: "Олтин тўп" "Реал Мадрид"га келиши керак эди"  6

Жиззахнома (футбол ва футболдан ташқари) Янгиликлар

Жиззахнома (футбол ва футболдан ташқари)

Италиялик машҳур дарвозабон Жанлуижи Буффон таъкидлаганидек, "Энг оғир йўқотиш — вақтни йўқотиш".

Эрта тонгдан Ўзбекистон футболининг 110 йиллигини ҳамда Суперлига доирасидаги навбатдаги тур учрашувини ёритиш мақсадида "Қайдасан, Жиззах?" дея таниқли шахслар ҳамда ОАВ ходимлари билан биргаликда ЎФА автобусида йўлга отландик. 

"Футбол бўлса, футбол экан, нимаси ҳайратланарли?" дея эҳтимол энса қотирарсиз. Балки, гапингиз тўғридир. Мен учун ҳам бунинг ҳайратланарли жойи йўқ. Ўқиш-ўқимаслик ўзингизга ҳавола. Қолаверса, талабалик даври давомида пойтахтдан туғилиб ўсган гўшамга бориб-келиш давомида йўл-йўлакай Жиззахдан фитфилион марта ўтгандирман. Сафарлар давомида биз тўхтаб ўтадиган газ қуйиш шахобчаси ёнидаги дўконда савдо қиладиган, шунингдек, баъзан сафар ўртасида ҳамроҳ бўлиб, "свежий" қурутини ўтказадиган, жазирама офтоб остида қўлини пешонасига соябон қилганча қовун қоқи, мева-чева сотадиган холаларни ғира-шира таниб қолганман. Бироқ анча вақтдан буён Тошкентдан оёғи узилмай қолган мен каби тошбағирлар учун ям-яшил далаларни яна кўриш соғинч торларини чертиб юборишга сабаб бўлди. 

Эҳтимол, бу каби футболдан йироқ фикрлар кулгингизни қистар, агар қачондир сизда ҳам шундай ҳислар бошингиздан ўтган бўлса, бундан бениҳоят хурсандман. Гоҳида автобус деразасига пешонани тираб, олисларга термулиб кетишдан завқлироқ нарса тополмайсан киши. Ерга қоқилган қозиғини суғуришга муваффақ бўлиб, танасининг устки қисмини гала қушлар "остановка" қилганига қарамай, хотиржам ўт кавшаётган сигирларни, "Қуёш қиздиргунча меҳнат қилиб олайлик", дея саҳардан далага отланиб, жавлон ураётган қўллари қадоқ амаки-ю холаларни, келажакда Роналду ёки Месси бўлиши мумкин бўлган, аммо ўсмирлигини ўтин ортилган аравани судраб кетаётган эшак устида ямоқ кийимда кетаётган болаларни, чегара постида таёғини айлантириб ўтирган милиция акани, қуриётган дарёларни кўриб, одам ичида қандайдир ўзгача туйғулар ўтади. Ора-чурада бошқа нарсага чалғимоқчи бўлиб, интернетни ёқмоқчи бўламан. Жин урсин, алоқа қўшнимнинг қари ити каби жойидан қузғалмайди. Яна интернет ўчирилади. Тарона эшитгим келади. Радиога мурожаат қиламан. "Эстрадамизнинг машҳур юлдузи Фалончи Пистончиев!" Ўлай агар, мароқ олиш тугул, қўшиқдаги бирорта сўзга тушунмайман. Радиони ўчираман. Мобил дўстимда (телефон ҳам бир қадрдон) ўзим тинглайдиган тўрт-бешта қўшиқни қайта-қайта тинглайман. Орада Равшан Ҳайдаровнинг ким биландир хушчақчақ гурунглашаётгани, яна кимнингдир қаҳқаҳаси эшитилади. Шквириннинг ўйчан қиёфаси гавдаланади. Бугун футбол байрами, эртага "Сўғдиёна" — "Олимпик" учрашуви бор. Ўйин атрофида ҳам қизиқарли воқеаларга дуч келсак, ажабмас. Кеча "Бунёдкор" майдонига қадам ранжида қилиб, бир соат футбол, ярим соатга яқин ВАРни томоша қилдик. Эртанги учрашув қай тарзда ўтиши ҳақида бир нарса дея олмайман. Автобус эса шиддат билан олға юришда давом этди.


Жиззах шаҳрида бизни тантанали равишда кутиб олишди. Ушбу ўлкага сафаримиз Шароф Рашидов пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. 

Ўзбек футболи 110 ёшда. Жиззахдаги тадбирлар бошланди

Делегация аъзолари меҳмонхонага жойлашгач, автоулов жиззахлик футбол фахрийлари билан учрашув томон ҳаракатлана бошлади. Дастлаб вилоятнинг миллионлар ўйини фидойиларидан бири Баҳром бобо Сиддиқов хонадонига ташриф буюрдик.  Баҳром бобо Жиззах футболига тамал тошини қўйган шахслардан бири ҳисобланади. Баҳром бобо турли лавозимларда, ҳатто, "Бўстон" жамоасининг директори сифатида фаолият олиб борган. Футболга меҳри юқори эканлигини нафақат қилган меҳнати орқали, балки ўз ижоди орқали ҳам исботлаб қўйган шахслардан бири дея айтишимиз мумкин. Хонадонга ташриф давомида у кишининг кичик китобчасини туҳфа сифатида қабул қилдик. Мана Баҳром бобонинг футбол тўғрисида ёзган шеърларидан бири:

Ташриф давомида у кишининг эзгу дуоларидан ҳам баҳраманд бўлдик. Болапақир сифатида шундай инсонга ҳавасимиз келди.

Шунингдек, жиззахлик кўпчилик футбол ишқибозларига яхши таниш бўлган, Ўзбекистоннинг бир қатор номдор клубларида тўп тепган Дилявер Абибуллаевнинг отаси Наримон Абибуллаев хонадонига ташриф буюрдик. Кўпчиликнинг ташриф буюришини хаёлига келтирмаган қўшниларидан бири "Нега келяпсизлар?" деган ҳайратомуз оҳангда савол беришга ҳам улгурди. Наримон Абибуллаев ўз вақтида вилоятнинг бир неча жамоаларида фаолият юритган. Қолаверса, ўзидан малакали шогирдлар етиштириб чиқарган. Ҳозирда кўзлари бироз ожиз бўлишига қарамай, футболга бўлган меҳри ҳамон кучли эканлигининг гувоҳи бўлдик. Кексаларнинг қадрига етиш керак. Улар биз ўрганишимиз лозим бўлган тирик китоб.

Тушдан сўнг вилоят ҳокими ҳамда ЎФА ходимлари билан учрашув ташкил қилинди. Учрашув давомида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Ўзбекистон спорт устаси унвони ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Эргаш Алибекович нутқи давомида Жиззах футболининг ривож топаётгани, хусусан, "Сўғдиёна" клубининг ўтган йилги Ўзбекистон Суперлигасида кумуш медаль соҳибига айлангани, қизлар жамоаси эса мамлакат чемпиони бўлганлигини таъкидлади. Шунингдек, "Хуахин-Жиззах" футзал жамоасининг ҳозирда чемпионат пешқадами эканлиги ҳамда турнир ғолиби бўлишига ишонишини билдирди. 

Вилоят ҳокими футзалга алоҳида эътибор берилаётгани йил давомида 70 га яқин жамоалар ўртасида турнир ташкиллаштирилгани ва ҳозирга келиб, ғолиблик учун 8 та кучли жамоа қолганини айтиб ўтди. Учрашув давомида ушбу жамоаларнинг вакиллари иштирокида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Эргаш Алибекович вилоятда янгидан бунёд этилаётган футбол академияси, келгусида ҳамкорлик қилиниши кутилаётган инглиз футбол мактаби ҳақида маълумотлар берди.

Вилоят ҳокимлиги ишлаб чиққан логотип асосида эсдалик совғалари футбол фахрийларига топширилди.

Бу каби учрашув, йиғилишларга тобингиз йўқ бўлиши мумкин. Шу боис, муфассал тўхталмайман. Куннинг асосий воқеаси тушдан кейин фахрийлар ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлди.

ЎФА фахрийларининг Жиззах футболи фахрийлари билан жанговар дурангидан ГАЛЕРЕЯ

Футболимиз афсоналари ҳақида маълум тасаввурга эгадирсиз ёки уларнинг тарихга айланган учрашувларини ойнайи жаҳон орқали томоша қилган бўлишингиз мумкин. Бироқ кўз олдингизда уларнинг жонли ўйинини кузатиш (гарчи уларнинг ёши улуғ бўлса ҳам) ўзгача мароқ бағишлайди. Жиззах ҳавоси ҳам нақ футболбоп эди. Енгил шамол, бироз салқин, лекин ёқимли, тўйиб-тўйиб нафас оладиган ҳам бор куч билан югурса бўладиган ҳаво эди ўзиям. ЎФА фахрийлари таркибида Усмон Тошев, Игор Шквирин, Азамат Абдураимов, Равшан Ҳайдаров, Фурқат Эсанбоев, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Носир Отақўзиев ва бошқа таниқли шахслар Жиззах вилоятининг фахрий футболчиларига қарши саф тортишди. Учрашув жанговар 3:3 ҳисобида якунига етди, ўйинда дўстлик ғалаба қозонди. Бироқ одам фақат ҳисоб эмас, ўйинда кечадиган жараёндан роҳатланади кўпроқ. "Ошир", "Чапроқ юр, айтдим-ку сенга чапроққа бор деб", "Эҳтиёт бўл, йиқиласан", "Шунча югуриб келгандим-а, аттанг" каби сўзлашишлар, ўзаро ҳазиллар кишини беэътибор қолдирмайди. Афсуски, миямдаги хотира картасининг ҳажми ҳавас қиларли даражада эмас, бўлмаса, кўпгина теша тегмаган гапларни ноутбук саҳифасига қоралашим мумкин эди. 

Афсонавий ўйин ҳам якунига етгач, лаш-лушимизни елкалаб, ортга қайтдик. Жиззахнинг салқин оқшоми киши танасини яйратади. Тўйиб-тўйиб тоғлардан келаётган майин сабодан нафас олишни истайди бу кўнгил.

Хабарингиз бор, бугун Суперлиганинг уч беллашуви ниҳоясига етди. Ундан сўнг оёқларни узатганча биз иштирок этмасликка ўрганиб қолган жаҳон чемпионатининг қуръа жараёнини хотиржам томоша қилиб қўяқолдик. Дилда эса кейинги мундиалга йўл оламиз, деган доимий таскин. Шу тариқа бугунги ҳикоямиз поёнига етди. Эртага ҳам қизиқарли воқеалар бизни кутиб турибди. Соат миллари тунги 2:00 ни кўрсатиб бонг урмоқда. Рамазон ойи ташриф буюрмоқда. Барчага ушбу муқаддас ой файзли келишини тилайман. Жиззах аҳли эса ором олмоқда. Мен ҳам ухлашга уриниб кўраман. Эртагача.

2 апрелнинг ярмини  "Сўғдиёна" болалар футбол мактаби, янги қурилаётган футбол академияси ҳамда Жиззах Олимпия захиралари коллежида ўтказдик. Батафсид маълумот билан қуйидаги саҳифа орқали танишишингиз мумкин.

"Сўғдиёна" футбол мактаби, бунёд этилаётган академия ва Жиззах ОЗКга ташрифдан ГАЛЕРЕЯ

Агар барча ишлар режадагидек ва одилона олиб борилса, яқин йилларда Жиззахда ҳам етук футболчилар ва футзалчиларнинг катта захирасини кўришимиз мумкин бўлади. Дастлаб ташриф буюрган футбол мактабимизда жажжи болакайлар билан бир қаторда қизлар ҳам шуғулланаётгани эътиборимизни тортди. Келгусида "Сўғдиёна-W" аёллар футбол клуби учун иқтидорлар ҳамда Бўлажак Марта (аёллар ўртасида энг кўп "Олтин тўп" соҳиби)лар вояга етишиб келаётган бўлса не ажаб!

Олимпия захиралари коллежида эса ўқувчилар 7-синфдан бошлаб қабул қилинади. Ўқиш ҳам, ётоқхона ҳам, ошхона ҳам ушбу даргоҳнинг ўзида жойлашган. Ота-оналар томонидан фақатгина таом пули сифатида базавий ҳисоблаш миқдорида фойдаланиладиган энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида (1 февралдан — 245 минг сўм) ойлик тўлов қилинади. Бунинг эвазига болалар таълим олиш, машғулотлар, ётоқхона ҳамда мазали таомлар билан таъминланади. Мураббийлардан бирининг таъкидлашича, келгусида коллеж ўқувчилари ушбу тўловдан озод қилиниши, шунингдек, битирувчилар учун олий таълим муассасига имтиёз ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Хуллас, эрталабки саёҳатимиз шу тарзда якунланди. Тушдан кейин ҳам бизни қизиқарли воқеалар, жумладан, Суперлига учрашуви кутиб турибди. Жиззах қуёши печка мисоли нур таратмоқда. Тушдан кейин яна нормал об-баҳо бўлади деган умиддамиз. Бу "Сўғдиёна" ўйинига ташриф буюрмоқчи бўлган мухлислар учун ҳам қулайлик яратади, албатта.

Суперлига олдидан навбатдаги унутилмас учрашув футзал майдонида ўтказилади. Кеча катта майдонда беллашган фахрийлар бу сафар яшил майдоннинг "ука"сида беллашди. Кутилганидек, шиддатли баҳс дўстона натижа билан поёнига етди — 6:6.

Тушдан сўнг вилоят ҳокими, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов ҳамда меҳмонлар билан биргаликда янги қурилаётган вилоят футбол академияси билан танишдик. Саёҳат давомида қозон рангидай ялтиллаган пойабзалимиз бир пасда оппоқ оёқ кийимга айланиб қўя қолди, бироқ бундан ачинмадик. Англашмовчилик бўлмаслиги учун маълумот бериб кетсам. Кеча танишганимиз, "Сўғдиёна" клубига тегишли академия бўлса, бугунгиси вилоят тасарруфидагиси ҳисобланади. Бу ерда учта майдон барпо этилади: табиий, сунъий ва футзал. Қурулиш ишлари учун 3 млн доллар маблағ ажратилган. Умумий майдон 3.8 гектарни ташкил этади. Ҳоким лойиҳа ишлари билан таништирар экан, "Биз кийиниш хонасини тўртта қилдик, лойиҳада эса иккита эди, бунинг учун жавоб берамиз", дея кулиб қуйди. Кейин эса бунинг сабабини тушунтирди. "Мусобақалар ўтказилаётган пайтда бир жамоа кийинаётган пайтда иккинчиси кутиб қолмаслиги керак. Биз имкон борича максимал шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Келгусида ҳеч бўлмаганда, Осиё чемпионлигини режа қилишимиз керак" — деди вилоят ҳокими. Шунингдек, академияга тегишли ётоқхона, ошхона, ювиниш хоналари билан ҳам танишдик.

Шундан сўнг "Сўғдиёна" стадиони томон йўлга тушдик. Борганимизда стадион тўлиб улгурибди. Томошабинларнинг ярмидан кўпи талабаларга ўхшаб кўринди менинг кўзимга. Ҳар ҳолда ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, байрам концерти уларни зериктирмаган бўлса керак.

"Сўғдиёна" - "Олимпик" учрашувидан олдин Жиззахдаги стадионда байрам бошланди

Ниҳоят, асосий учрашувга етиб келдик. Мухлисларнинг истакларидан фарқли ўлароқ, "Сўғдиёна" бир амаллаб мағлубиятдан қулулиб қолди. Стадионда ўйин давомида ўзбекона "ибора"лар янграб турди. Албатта, ташкилотчилар ҳам жиззахликларнинг ғалабасига шубҳа қилмаган бўлса керак. Ўйиндан кейин салютлар концерт беришни бошлади.

Суперлига. "Сўғдиёна" бир киши кам бўлиб "Олимпик" билан дуранг ўйнади

"Сўғдиёна" бир киши кам бўлиб "Олимпик" билан дуранг ўйнаган ўйиндан ажойиб ГАЛЕРЕЯ

Ўйиндан сўнг мезбонлар билан хайр-хуш қилганча, автобусимиз Тошкент сари отланди. Жорий йилдаги дастлабки футбол байрамимиз муқаддас ойнинг бошланишига тўғри келгани ҳам қўшалоқ шодиёна эканлигидан далолат беради. Нима бўлган тақдирда ҳам, келгусидаги натижаларимиз ҳам шундай кайфиятда ўтишини истаб қоламан. Сўзим бошимда таъкидлаган мақол вақт тез ўтиб кетаётгани ҳамда уни беҳуда сарфлаш қандай оқибатларга олиб келишини мендан яхшироқ биласиз. Ушбу сафар ҳақида шунчаки кичик хабарча ёзиб қўйишим мумкин эди. Бироқ саёҳатга бағишлаган вақтимни кичик хабарча тайёрлашга сарфлагим келмади шунчаки.

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика