UZ

Сўнгги янгиликлар

16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39"Андижон" - "Динамо". Таркиблар билан танишинг  2 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:53Суперлига. "Олимпик" - "Бунёдкор" 0:1 (матнли трансляция)  1 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  14 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  24 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  6 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7

Иван Бошкович: "Футболчи бўлишни истаган бола биринчи ўринда пулни ўйласа, кўп нарсани йўқотади" Янгиликлар

Иван Бошкович: "Футболчи бўлишни истаган бола биринчи ўринда пулни ўйласа, кўп нарсани йўқотади"

"Бунёдкор" клуби раҳбарияти сўнгги йилларда академияда сезиларли ўзгаришларга қўл урмоқда.

Хусусан, ўтган мавсумдан бошлаб болалар футболи методикасида Европа андозаларидан фойдаланиш мақсадида клуб раҳбарияти хорижлик мутахассисларни ишга жалб этишни бошлаб юборди.

Мухлисларга яхши таниш бўлган Иван Бошкович таклиф қилинди. 2011-2012 йилларда Қаршининг "Насаф" жамоасидаги ёрқин ўйинлари билан ишқибозлар кўнглидан жой олган Бошкович, ўша мавсумларда "аждарлар" таркибида 51 та ўйин ўтказиб, 20 та гол урганди. 38 ёшли Иван Бошкович футболчи сифатида охирги маротаба 2017 йили Сербиянинг "Сутеску" клубида ўйнаб, бутсаларини михга илганди.

Яқинда Иван Бошкович билан "Бунёдкор" академиясида кўришиб, болалар футболидаги муаммолар, "Насаф"даги фаолияти ва бошқа мавзуларди бир пиёла чой устида суҳбатлашдик. Қайсидир маънода Бошкович билан интервью қилишни анчадан бери режалаштириб юргандим. Катта интервьюлардан олдин одатим қаҳрамонимни ўрганаман. Унинг фаолиятига доир маълумотлар билан танишаман. Бу кўпинча узоқ вақтни олади. Шу боис бўлса керак, бундай суҳбатларни эътиборингизга ҳавола қилиш гоҳида чўзилиб кетади. Мақсадим – шунчаки интервью олиш эмас. Ўзим ҳам нимадир олиш ва ўқувчиларга нимадир бера олиш. Қаҳрамоним билан гаплашиб, европача қарашларни бизнинг футболга сингдираётганини сездим. Гапларида европача фикрлаш бор. Қуйида суҳбатни тўлиқ ҳажмда тақдим қиламан. 

Замонавий футбол тактик тайёргарликни талаб қилмоқда ёхуд ҳимояга ётиб, қарши ҳужумни пойлаш билан натижага эришиш қийин

- Суҳбатимизни бугунги кунда "Бунёдкор" клубидаги фаолиятингиздан бошласак, жорий йилда қандай мақсадлар қўйилган? Айни пайтда клубдаги вазиятни қандай баҳолайсиз? Чунки ўтган мавсум Улуғбек Мирзаев ишдан олингач, маълум бир муаммолар юзага келганди...

- "Бунёдкор" академиясида ўтган мавсумдан бери меҳнат қилиб келмоқдаман. Фаолиятимга келсак, ёшлар билан ишлаяпман. Қўл остимда 2003, 2004 йилда туғлиган футболчилар тўп тепишмоқда. Уларнинг айримлари иккинчи лига жамоасига жалб қилинган. Академиядаги мураббийларнинг ягона мақсади – биринчи галда асосий таркибга, сўнг турли ёшдаги терма жамоаларга футболчи етказиб бериш. Ҳар бир мураббийнинг мақсади шундай. Ушбу клубга мени Улуғбек Мирзаев таклиф қилди. Мазкур таклифдан хурсанд бўлдим ва ўйлаб кўриб, уни қабул қилдим. Ишимдан қониқиш ҳосил қилишди ва ҳамкорликни бу йил ҳам давом эттирмоқдамиз. Ютуқларга келадиган бўлсак, мана ҳозирда ўринбосарлар жамоасида 3-4 нафар футболчим тўп тепяпти. U18га ҳам 3 нафар ўйинчим жалб қилинди. Профессионал футболчи бўлиб етишиш учун барчада имконият бор. 

- 2020 йилнинг иккинчи яримида академия қаровсиз қолгандек таассурот қолдирди. Мана шундай паллада ишлаш қанчалик қийинчилик туғдирди?

- Раҳбариятда нима бўлди, қандай воқеалар юз берди хабарим йўқ. Пандемия бошлангач, нафақат бизга, балки бутун дунё спортига қийин бўлди. Кўп тўхталишлар бўлганини ҳисобга олмаганда мавсумни яхши якунладик. Худога шукур, бу йил аввалгидек муаммолар йўқ. Барча мураббийларга шароитлар яратиб берилган. Умид қиламанки, бошқа бундай муаммоларга дуч келмаймиз. 

- Болалар футболи билан танишиб боряпсиз. Улар билан бирга ишламоқдасиз. Нима деб ўйлайсиз, футболчининг ўтиш даврида йўқолиб қолиши ва катта футболга ўта олмаслигининг сабаби нимада?

- Черногория ва Таиланддаги мураббийлик фаолиятимда кўриб, шунга амин бўлдимки, футболчининг характеристикаси бўйича ҳамманики турлича. Ўзбекистонлик футболчилар бўй ва жисмоний томондан устун келолмаслиги мумкин. Айнан жисмоний томондан ўзбекистонлик футболчилар катта майдонларда ютқазишмоқда. Осиёни оладиган бўлсак, Япония, Жанубий Корея, Хитой кўпроқ шу жиҳат устида ишлашади. Лекин бошқа яхши жиҳатлар бор. Масалан тезлик, дриблинг, техникага эга ижрочилар сизларда кўп. Аммо бугунги замонавий футбол кўпроқ тактик тайёргарликни ҳам талаб қиляпти. Агарда яхши футболчилар етиштиришни истасак, футболчидаги тактик билимни кучайтиришимиз лозим. Шундагина асосий жамоада ўйнаб кета олиши осонроқ кечади. Менинг вазифам мана шу камчиликларни ўрганиб, босқичма босқич бартараф қилиб бориш. Ўтиш даврида муаммолар бўлиши рост. Европада ҳам шундай ҳолатлар учраб туради. 16-17 ёшдан сўнг ҳамма ҳам катта футболчи бўлиб кетмаслиги мумкин ёки биз мураббийлар эътибор бермай қоламиз. 

- Тактик билим ҳақида гапирдингиз. Бугунги кунда футболчи учун майдонда фикрлаш қанчалик муҳим? 

- Юқоридаги фикримни давоми сифатида шуни айтишим мумкинки, ҳар бир ёшда ўргатиладиган маҳсус дастурлар бор. Ёш тоифаларида турлича ёндашилади. Дейлик, мавриди келади, футболчига майдондаги жойлашуви, қайси нуқтада туриши ва қаерда тезлик олиши уқтирилади. 14-15 ёшда тезлик, кординацияга эътибор берилади. Агарда унинг ёшида ўргатилиши керак бўлган нарсани ёддан чиқариб, бошқа мавзуга ўтиб кетсак, кейин кеч бўлади. Техник томондан тўп билан ишлашга мунтазам урғу қаратиб келамиз. Ёши келади, жисмоний тайёргарлик биринчи планга чиқади. Эрта ҳам, кеч ҳам бўлмаслиги зарур. Яъни ҳамма нарсани ўз вақти бор. Аввалги ёшда ўргатилган нарсаларни пухта эгалласа, кейинги ёшда қолганларини ўзлаштира олади. Якунида босқичма босқич натижа талаб қиладиган ҳолатга келамиз. Черногорияда мураббийлар айтишадики, футболчини олиб келишади, лекин у тактик жиҳатдан тайёр бўлмайди. Уни ҳали асосий жамоага тайёрлаш керак. Олий лига мураббийида яна қайтадан тайёрлаб боришга вақт етмайди. Катта футболда мураббий ортиқча нарса ўргатиб ўтирмайди. Керакли кўрсатмаларни беради, тамом. Чунки ундан натижа сўралади. Олдига ютиш вазифаси қўйилади. Биз мураббийлар ҳар доим изланишда бўлишимиз шарт. Чунки футбол ҳар куни ўзгаряпти. Замонавий футболда битта нарсани қолдириб кетиш хато. Тактикалар, футболчиларга ёндашувлар янгиланмоқда. Машғулотлар жараёнини янада юқори даражага олиб чиқиш устида бош қотиришимиз даркор. Кечаги айтган гапингиз бугунги кунга тўғри келмаяпти. 5 йил олдинги футбол билан ҳозиргисини ўрасида фарқ жуда катта. Мен бу билан Германия ёки Европанинг бошқа мамлакатларини солиштирмоқчи эмасман. Агарда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқишни истаса, юқоридаги муаммоларни бартараф қилиши керак. Футболчининг, мураббийнинг ўз устида ишлаши, бугунги кун футболи талабидир. Футболдаги темп, тезкорлик прессинг янада кучайиб боряти. Ҳимояга ётиб олиб, тўпсиз ўйнаб, қарши ҳужумни кутиш билан бирор натижага эришиш қийин. Халқаро майдонга чиқишни истасангиз, ҳимояда имконият кутиб ўтириш билан фақат ютқазасиз.

- Эктор Купер Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳимоявий услубни қўлламоқчи бўлди...

- Ҳар бир услуб ўзгача. Умумий ўйин суръатини олсак, иккинчи рақам остида ўйнаш, ўзбекистонлик футболчиларнинг характерига мос тушмайди. Чунки уларнинг қони қайноқ. Нега Испания ҳимояда ўйнамайди? Боиси тўп билан яхшироқ муомала қилишади. Демак, бу уларга хос услуб. Кучли рақибларга қарши ҳимояда ўйнаш? Менимча, кўпроқ тактика ва рақибни таҳлил қилишга боғлиқ. Футболчилар биринчи тактикадан иккинчи тактикага тезроқ ўтиши зарур. Шунингдек, ҳар бир рақибга турлича тактика қўллаш деган нарсалар ҳам бор. Бунинг учун болалар футболидан тактикага урғу қаратиш лозим.

“Бунёдкор”га келдим дегани, футболчи бўлиб қолдим, дегани эмас. Интилишда давом этиш керак

- Ўзбекистонда "Пахтакор"да фаолият олиб борган грузиялик мураббий Шота Арвеладзе бу ерда болалар "Реал" ёки "Барса"ни эмас, малибу олишни исташади, деган гапни айтганди. Олдинлари футболчи аввал футболни, ғурурини ўйларди. Ҳозирги вақтда пул биринчи планга чиқиб қолгандек. Тўғри, тирикчилик, оила боқиш керак...

- Гоҳида вазият шуни тақозо этишини тушунаман. Сизга бир гапни айтаман, агарда мен футболни яхши кўрмасам, қандай қилиб яхши футболчи чиқараман, агарда футболни яхши кўрмаганимда, қандай қилиб мухлисларга танилардим?  Футболчи бўлишни истаган бола биринчи ўринда пулни ўйласа, кўп нарсани йўқотади. Мен шундай ҳисоблайман. Ҳар бир боланинг футболдаги орзуси мавжуд. У кимгадир интилади. Агарда интилиш бўлмаса, оддий футболчи бўлиб қолаверади. Шунингдек, футболчида ўзига бўлган ишончни орттириш устида ҳам ишлаш мақсадга мувофиқ. Агарда уни бошқа футболчилар билан солиштирсак, унга паст баҳо берсак, руҳий томондан синиб қолади. Балки, эртага у янада кучли бўлиб кетиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Демак, гап руҳий тайёргарликка бориб тақалмоқда. Сизга айтсам, "Бунёдкор"га келдим, бўлди футболчиман, юлдузман, дейиш катта хато. Бу клуб шунчаки ривожланиши учун трамплин вазифасини ўтайди. Футболчи янада олдинга қараб юришда давом этиши ўзи ва келажаги учун фойда. Ўсишда давом этиш керак. Футболчи ҳеч қачон ўзидан қониқиш ҳосил қилмасин. Чунки тўхтаб қолиш ёмон оқибатларга олиб келиши барчага маълум. У ўзидан кўнгли тўлдими, ўсмай қолади. Академияда футбол билан бир қаторда болани катта ҳаётга ҳам тайёрлаб борамиз. Нега?  Агарда у тартибли бўлса, ўзининг вазифалари ва принципларини, мажбуриятларини билса, майли, футболдан бошқа соҳаларда ўз ўрнини топиб кетиши мумкин. Футбол шунинг учун фойдали спорт тури. 

- Бир пайтлар Роналду билан "Жар" стадионида бирга финт қилган Шожаҳон Ҳасанов тезда танилди. Шунчалик машҳур бўлдики, машғулот вақтида ҳали у "съёмка"га, ҳали бу кўрсатувга олиб кетаверишарди. Натижада шундай иқтидор эрта сўнди...

- Футболчи хоҳ "Барселона"да, хоҳ "Манчестер Юнайтед"да ўйнасин, доим тартибга, ўзини тутиб юришга амал қилиши лозим. Жаҳон юлдузлари Роналду ёки Месси, дейлик, Садио Мане ҳаётда жуда оддий инсонлар. Уларнинг ҳаётини кўрсангиз, тартибли, ҳаммаси самимий. Пул керак, эҳтиёжларимиз бор ҳаммамизни, лекин унгача меҳнат қилиш шарт. Ҳеч нарса ўз ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Шунинг учун бўлажак футболчиларга эртаси қандай бўлишини, ўзини қандай тутиши ҳақида гапирамиз.

ОФК кубоги тўпурарлигини ҳеч нарсага алмашмайман ёхуд “Насаф”даги хотиралар

- Суҳбатимизни "Насаф"даги ёрқин хотираларингиз билан давом эттирсак. Истаймизми-йўқми, сиз билан интервьюда 2011 йилги ОФК кубоги ҳақида сўз очишга мажбурмиз...

- "Насаф"га келгунимга қадар Черногорияни кичкина жамоасида ўйнардим. Ўзбек футболи ҳақида тасаввурим йўқ эди. Фаолиятимни Европада давом эттиришни ўйлаётгандим. Умуман, Осиёга бориш режаларимдан ўрин олмаганди, дея оламан. Трансферлар ойнаси очилгач, агентлар Ўзбекистондан бир жамоа қизиқаётганини, шароитлари яхшилигини айтиб қолди. Анатолий Демьяненконинг ўзи қизиқаётганини эшитдим. Мухлислар, режалар, мақсадлар ва стадион борасида гапиришди. Жамоанинг Туркиядаги йиғинида қатнашдим. Етти кунлик кўрикдан сўнг шартнома имзоладик. Ўша вақтда шароитлар жуда зўр эди. 2011 йил ўзбек футболи учун эсдан чиқмайдиган воқеаларга бой ўтган. Ҳали ҳам кечагидек ёдимда. ОФК кубогида ғолиб чиқдик, Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўрин ва Кубокда финалгача етиб борганмиз. Менимча, бу "Насаф" тарихидаги муваффақиятларга бой ўтган ягона мавсум ҳисобланади. 

- "Насаф"да молиявий ҳолат анча яхши ҳолатда бўлган. Ҳаттоки, қопларда пуллар келгани ҳақида эшитганман. Сир бўлмаса, маошингиз қанча эди?

- Бунга жавоб бера олмайман. Чунки мен профессионаликка риоя қилиб келганман. Лекин маош катта эди. 

- Жамоада ҳақиқий юлдузлар йиғилганди. Деярли 3 та таркиб жамланган десак, муболаға бўлмайди. Майдонда қайси футболчи билан яхши тандем бўлгансиз?

- Ҳозирда "Бунёдкор"да тўп тепаётган Лутфулла Тўраев менга кўп голли паслар берарди. Сўнгги узатмани Переплёткинс ва Геворкян берарди. Ҳужумчиларга нисбатан осонроқ эди. Қолган футболчилар ҳам яхши савияда эди. Барчаларини ҳурмат қиламан. 

- Анатолий Демьяненкони майдонда туриши ва қарашлари, характерини Валерий Лобановскийга кўп ўхшатишарди...

- Ҳа, украиналик мураббийларнинг айримларида Лобановскийга ўхшаш характер борлиги рост. Анатолий Демьяненко жамоада аввал қатъий тартиб ва темир интизомни ўрнатди. Керакли қоидалар жорий қилинди. Буларнинг бари жамоанинг фойдасига хизмат қилди, деб ўйлайман. Жисмоний тайёргарлигимиз жуда яхши бўларди. Машғулотлар билсангиз, худди ўйиндаги каби қизиқарли ва курашларга бой тарзда ташкил қилинарди. Натижа эса қандай бўлганини барча билади.

- Демьяненкони кўп ҳам гапга уста эмаслиги ҳақида ўқиганман. Лекин мураббий ҳал қилувчи баҳсларда, финалларда кўп гапирмаса ҳам керакли сўзларни топа олиши керак...

- Гапингиз мутлақо тўғри. Энг яхши мураббийлар кўпинча руҳиятни юқори нотага олиб чиқиш учун зарур гапларни айтишади, холос. Демьяненко нотиқ эмасди. Агар нимадирни айтиш керак бўлса, майдалашмасдан аниқ ва дангал айтарди. 

- Ўзбекистон чемпионати ўша вақтларда кучли бўлганлиги халқаро майдонда иштирокимизга ҳам ижобий таъсир қилган. Дейлик, ўша йиллари Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогида яхши натижани қўлга киритган. Клубларимиз ОЧЛда муносиб иштирок этарди. 2011 йил "Насаф" ОФК кубогида зафар қучган бўлса, 2012 йил "Бунёдкор" ОЧЛ ярим финалига қадар етиб борди. Терма жамоамиз Бразилиядаги мундиалга яқин келганди...

- Таққослаш ноўрин, деб биламан. Шуниси маълумки, ўша вақтларда кучли легионерлар келгани фойда бўлган. Менимча, ўша йилларда рақобат бор эди. Кучли рақобат натижасида сифат юзага келган. "Насаф", "Бунёдкор", "Пахтакор" ўртасида жанг кечарди. Ҳозирда фақат "Пахтакор" яққол ажралиб қолгандек таассурот қолдирмоқда. Рақобат бўлмаса, футболнинг қизиғи қолмайди. Бу ўзбек футболининг фойдасига ишламайди. "Бунёдкор", "Насаф", "Локомотив" "Пахтакор"нинг даражасидек бўлмаса, чемпионатда ўсиш кузатилмайди. Бу менинг шахсий фикрим. 

- ОФК кубоги тўпурари совринини нимага алмашган бўлардингиз?

- Мазкур соврин ва ОФК кубоги фаолиятимдаги энг яхши натижа ҳисобланади. Ҳеч нарсага алмашмаган бўлардим. Гарчи ОФК ОЧЛ даражасидаги кубок бўлмаса-да, "Насаф" тарихига кирган. 

- Стандарт вазиятларда Артур Геворкян билан тушуниб ҳаракат қилардингиз. Аксарият вазиятларда бу гол билан тугарди. Ҳозир терма жамоамизда, клубларимизда стандарт вазиятлардаги сермаҳсуллик йўқолиб бораётгандек. Легионерларни ҳисобга олмаганда...

- Марказий ҳужумчи ва ҳимоячилар катта муаммога айланиб қолди. Ўзбекистонга келаётган легионерлар айнан шу икки позиция вакиллари саналади. Ўзбекистонлик футболчилар орасида йўқ, дея олмайман. Масалан Элдор Шомуродов. У жимгина босқичма босқич шу даражага чиқди. Академияда иқтидорли футболчилар кўплигини кўряпман. Шомуродовга ўхшаганлардан яна бир нечта чиқиши мумкин. Қачонки, биз мураббийлар сифатга эътибор берсак. 

- Агарда Ўзбекистон ОФКдан чиқиб, УЕФАга аъзо бўлса, балки футболчиларимизни Европага чиқиши осонроқ кечармиди? 

- Мана Қозоғистон. Уларнинг УЕФАга ўтганини бирор фойдали томонини, ҳаддан ташқари ривожланиб кетганини кўрмадим. Кўп нарса мамлакатнинг ичидаги жараёнга боғлиқ. Япония ёки Жанубий Корея Осиёда қолган. Улар ривожланишда давом этишяпти. Ҳаммаси Ўзбекистон футбол ассоцияциясининг ўзига боғлиқ. Мен ёмон демоқчимасман, лекин кундан кунга олдинга интилиб бориш керак.

- Европадаги қайси мураббийнинг иш услуби ёқади?

- Футболчиликни бошлаганимда мураббий бўлишни ўйламагандим. Фаолиятим якунида буни режа қилдим. Таиландда Бозидар Бандович билан танишиб қолдим ва ундан кўп нарсаларни ўргандим. Олдинлари позицион ва тезкор футбол ёқарди. Гвардиола "Барселона"да янги даражага олиб чиққан пайтларда футбол ҳозиргидек шиддатли бўлмасди. Ҳозирда Гвардиоланинг ўзи услубини ўзгартирмоқда. Фақатгина тўпни назорат қилиш билан 90 дақиқани ўтказаётгани йўқ. Қайсидир жойда 3 та ҳимоячи билан, қайсидир паллада 5 та ярим ҳимоячи билан ўйнамоқда.  Тактик томондан ранг-баранглик олиб киряпти. Бугунги кунда "Лидс"нинг ўйини ёқяпти, дейишим мумкин. Марсело Бьелсанинг тактикаси оддий мухлисни ҳам бефарқ қолдирмайди. Тўғри, қайсидир маънода аҳмоқона ёки таваккалга асосланган ўйин бўлиши мумкин, бироқ бу футболчиларнинг ривожланишига хизмат қилади. "Лидс"даги ижрочилар 2, 3 йил олдин паст даражада, ҳеч ким танимасди. Ҳозирда улар Премьер-лигада ўйнамоқда. 

- "Насаф"нинг жорий мавсум ОФК кубогида ғолиб чиқиш имкониятлари қандай? 2011 йилги натижа такрорланишига ишонасизми?

- Ҳар қандай мусобақада ғолиб чиқиш қийин. Олдинлари Қувайт, Ироқ клублари иштирок этарди. "Насаф"га мухлислик қиламан, албатта. Жамоа мусобақани жуда яхши бошлади, лекин уларга осон бўлмаслиги аниқ. Олдинда битта учрашув қолди. Рўзиқул Бердиев ёшларни ўйнатишни билмоқда. Омад тилайман. Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтишларини тилаб қоламан. 

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.

Рейтинг: +20   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика