UZ

Сўнгги янгиликлар

01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  28 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Интервью. Равшан Ҳайдаров: "Мени танқид қилганларга айтадиган гапим йўқ, ҳамма ўз ишини қилгани маъқул" (+ВИДЕО) Янгиликлар

Интервью. Равшан Ҳайдаров: "Мени танқид қилганларга айтадиган гапим йўқ, ҳамма ўз ишини қилгани маъқул" (+ВИДЕО)

Хитойда бўлиб U-23 Осиё чемпионатида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси якунда ғолибликни қўлга киритди. Вакилларимиз мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида Вьетнамни 2:1 ҳисобида мағлуб этишди.

Терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келгач, Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда футболчиларимиз тантанали равишда кутиб олинди. Айтиш мумкинки, ушбу муваффақиятда бош мураббий Равшан Ҳайдаровнинг ҳиссаси катта. Шу боис жамоа устозини сайтимиз офисига таклиф этиб, бир қатор саволларга жавоб олдик. 

- Равшан Акмалович, авваламбор сайтимиз ходимлари номидан яна бир бор чемпионлик билан табриклаймиз. Айтинг-чи, U-23 Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг чемпион бўлишини кутганмидингиз?
- Табрик учун раҳмат. Энди саволга келадиган бўлсак, мен бу футболчиларни анча пайтдан бери билганим учун мусобақа олдидан юқори натижаларга умид қилгандик. Лекин финалга чиқамиз, чемпион бўламиз деб ҳеч ким юз фоиз айтиб беролмасди. Бу ўзига яраша кучли жамоаларни бир жойга жамлаган турнир ҳисобланади. Мусобақага ҳамма яхши мақсадларни қўйган ҳолда ташриф буюрганди. Якунда эса ғолиблик бизга насиб этди ва бундан ҳаммамиз хурсандмиз.

- Финал ўйинида ҳакамнинг охирги ҳуштаги чалинганидан сўнг сизни қандай ҳиссиётлар чулғаб олди?
- Катта мусобақаларда ғолиб бўлар экансан, бир зумга ўзингни йўқотиб қўясан. Кейин эса ёқимли ҳиссиётлар эгаллаб олади. Чемпионлик мухлисларга, умуман Ўзбекистон халқига катта хурсандчилик олиб келишини билардик. Лекин Тошкент халқаро аэропортида бу даражада кутиб олишади деб ўйламагандик. Фақат юртимизга қайтиб келгандан сўнг билдик, нақадар катта ишни амалга оширганимизни. 

- Финал баҳси сизни қанчалик асабийлаштирди? Айтайлик, майдоннинг қор билан қопланиши, иккинчи тайм бошланиши анча чўзилиб кетгани. Бу каби ҳолатлар мураббий асабийлашишига олиб келадими?
- Об-ҳаво шароити асабийлаштиргани йўқ. Фақат бир нарсадан хавотирда эдим, ўйинни бошқа кунга қолдиришмаса бўлди. Чунки биз ярим финалдаги ютуқдан кейин финал кунигача босқичма-босқич тайёргарлик кўргандик. Агар ўйин қолдирилганида бу нарса бизнинг режаларимизга таъсир қилиши мумкин эди. Лекин бошқа томонлама хавотир бўлмади. Биз ҳамма вазиятни ҳисобга олгандик, 120 дақиқа ўйнаш, керак бўлса пенальтилар сериясини ҳам ҳисобга олиб қўйгандик. 

Биринчи тайм якунига етганидан сўнг ОФК вакиллари олдимизга келиб ўйинни қолдирамизми, Вьетнам бунга рози, сизлар-чи деб сўрашди. Биз эса шу заҳоти йўқ деб туриб олдик. Шундан кейин майли, ўйин давом этади, лекин бошқа форма киясизлар дейишди. Натижада ўйиннинг қолган қисмини кўк формада ўтказдик. 50 дақиқача майдонни қордан тозалашга кетди, бу биз учун ҳам, рақиб учун ҳам янгича ҳолат бўлди. 

Мен нима учун ўйин давом этишидан умидвор эдим? Чунки учрашувнинг боришига қараб устунлик биз томонда эканини билиб тургандик. Тўғри, жарима зарбасидан гол ўтказиб юбордик, бироқ ўйин барибир биз томонда эди ва ўтказиб юборилган гол ҳам хавотир солмаганди.



- Жамоа пенальтилар сериясига тайёрмиди?
- Тайёр эдик. Яхши биласиз, Вьетнам жамоаси охирги иккита ўйинни пенлаьтилар сериясида ўз фойдасига ҳал этиб, финалгача етиб келганди. Шу боис биз бир кун олдинги машғулотда пенальтилар устида алоҳида ишладик. Мен ҳатто пенальти тепадиган бошланғич беш нафар футболчимиз номини ёзиб олгандим. Шунингдек, учала дарвозабонимиз ҳам тайёр эди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам пенальти бу лотерея эканини унутмайлик.

- Жамоамизнинг чемпион бўлишига замин яратган энг асосий ўйин қайси бўлди? Ёки бу борада фақат финални алоҳида таъкидлайсизми?
- Мен алоҳида битта ўйинни ажратиб кўрсата олмайман. Барча учрашувлар ўзига яраша муҳим бўлди. Қолаверса, биз мусобақага камроқ ўйин ўтказиб қайтиб келамиз деган ниятда бормагандик. Биринчи режамиз гуруҳдан чиқиши бўлиб, кейин навбатма-навбат қадам босиш эди. 

Биринчи ўйинда ютқазиб қўйгач, вазият бироз оғирлашди тўғри, лекин тушкунликка тушиб қолмадик. Эътибор берсангиз, халқаро мусобақаларни бизнинг жамоалар доим кутилмаган натижалар билан бошлайди ва ўйиндан ўйинга кучайиб боради. Менимча, бунга аллақачон ўрганиб қолганмиз.

Мен учун ҳамма ўйинлар муҳим. Қатарга қарши мағлуб бўлганимиздан сўнг вазиятдан келиб чиқиб Хитой ва Уммон билан асоан натижа учун ўйнашимиз талаб этиларди. Чунки шу иккита ўйинни ютсак, гуруҳдан чиқишимизга ишонардик. Чорак финалдан бошлаб янада мазмундор ҳаракат қилдик деб айта оламан.

- Саралаш босқичидан жамоамиз биринчи ўрин билан чиқди, шунга қарамай ундан кейин ва айниқса биринчи ўйиндаги мағлубиятдан сўнг сизни жуда кўп танқид қилишди. Аммо якунда натижа қўлга киритилди. Энди танқидчиларга айтадиган бирор гапингиз борми?
- Мен - мураббийман, ишим эса кимгадир нимадир исботлаш эмас, балки футболчиларни шуғуллантириб, жамоани ўйинга тайёрлаш. Қўлимдан шу иш келгани учун ҳам анча йиллардан бери мураббийлик касбидаман. 

Танқидларга жавоб беришга ва журналистлар билан тортишишга тўғрисини айтсам, менда иштиёқ йўқ. Қандай ишлаётганимни кимдир билади, кимдир узоқдан бўлса ҳам кўрган, кимдир эса умуман кўрмаган. Танқид - футболнинг бир қисми ва бунга доим хотиржам муносабатда бўламан. Шунингдек, тўғри танқиддан ҳар доим хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан. Лекин танқид қилди деб ким биландир баҳслашишни ўзимга эп кўрмайман, бу менинг характеримга мос эмас. 


- Танқидлар сизни қанчалик асабийлаштиради?
- Айтиб ўтганимдек, бунга кўп ҳам эътибор бермайман. Асосийси ўз ишимдан чалғимасликка ҳаракат қиламан. Бир неча йилдан бери футболдаман ва танқидларга кўникиб ҳам кетганман. Лекин танқид ўринли бўлса, мен ҳам доим тўғри муносабатда бўламан. 

- Осиё чемпионатида Япония ва Жанубий Корея йирик ҳисобда мағлуб этилгач, мухлислардан бири ёзган фикрга кўзим тушиб қолди. Яъни, Равшан Ҳайдаров шу пайтгача Самвел Бабаян соясида қолиб кетаётганди, мана энди мустақил ишлаб ўзини кўрсатди. Ана бўларкан-у, деган маънода. Бунга муносабатингиз қандай?
- Ўтган йил миллий терма жамоада Самвел Бабаян мураббийлар штабида иш олиб борганим мантиқан тўғри деб ўйлайман. Чунки кўп давлатларда ёшлар терма жамоалари бош мураббийлари асосий жамоада ёрдамчи бўлиб ишлашади ва бунга тўғри қараш керак. Ёшлар вақти келиб миллий жамоада ўйнашади. Шундай бўлдики, баъзи пайтларда ёшлар терма жамоасидан ўнга яқин футболчи миллий терма жамоа машғулотига таклиф этилди. 

Энди ишимга келсак, мен ҳар доим мустақил ишлаганман. Ҳатто "Пахтакор"да ҳам машғулот ўтказиш жараёни, ўйинга асосий таркибни аниқлаш каби ишларни бош мураббий сифатида ўзим ҳал қилганман. Жамоага пул топиш, футболчилар билан шартнома тузиш - бу каби ишлаш билан эса шуғулланмаганман. Тўғри, жамоага керакли ўйинчиларни чақириб гаплашганман, лекин шартнома тузаётганда уларни клуб раҳбари олдига юборганман.  

- Энди бу жамоанинг келажаги ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳамма футболчиларда салоҳият юқори деб айта оламан. Баъзилар учун катта футбол энди бошланяпти. Бизни аэропортдаёқ тантанавор равишда кутиб олишганидан бошимиз кўкка етди ва мен шундай жамоа билан ишлаётганимдан фахрландим. Қолаверса, юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг эътирофидан янада хурсанд бўлдик.

Давлат раҳбарининг футболга ўзим эътибор бераман дейиши албатта футбол кишиларини хурсанд қилади. Лекин шу ўринда хоҳлардимки, футболчилар бунча мақтовдан кейин осмонга чиқиб кетишмасин. Керак бўлса, бу борада алоҳида иш олиб борамиз. Бу жамоа олдидаги асосий вазифа энди Осиё ўйинларида ижобий натижа кўрсатиш ҳисобланади. Насиб қилса буни ҳам уддалаймиз. 

- Осиё чемпионлиги қўлга киритилганидан сўнг ҳаётга ва футболга бўлган қарашларингиз ўзгардими?
- Шуни билардикки, халқимиз катта ютуқларни соғиниб қолган. Бундай ҳис-туйғу доим ҳам бўлавермайди. Футболга бўлган қарашларим кўп ҳам ўзгаргани йўқ, аммо ўзбек футболига ҳукумат даражасида бўлаётган эътибор кишини янада меҳнат қилишга ундайди. 

Тушуниб турибман, бундан кейин бизга бошқача кўз билан қарашади, ҳар бир ўйинимиз янада кенг таҳлил қилинади. Лекин биз ҳаммасига тайёрмиз. Бу ўринда энг асосийси ҳеч кимнинг ўзини йўқотиб қўймаслиги. Қолаверса, футболда бир кун осмонда бўлсангиз, бир кун ерда бўлиб қолишингиз ҳеч гапмас. Шу боис кўп ҳам эйфорияга берилиш керак эмас.


- Ёқимли ғалабалардан сўнг футболчиларни қандай қилиб юлдузлик касалига чалинмасликдан сақлаб қолса бўлади?
- Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак бўлади. Бу ўринда клублар бош мураббийларидан кўп нарса талаб қилинади. Чунки футболчилар кўпинча ўз клублари ихтиёрида бўлишади. 

Фурсатдан фойдаланиб бизга яхши кадрларни етказиб берган Рўзиқул Бердиев, Миржалол Қосимов, Нўъмон Ҳасанов каби мураббийларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Қолаверса, футболчиларнинг ўзларига ҳам кўп нарса боғлиқ. Ким мияни бир жойга қўйиб, чалғимасдан ишлашда давом этса ҳали кўп нарсага эришади.

- Турнир давомида хориж клубларидан бизнинг футболчиларга қизиқиш бўлдими?
- Қўл остимда ўйнаган футболчилар уларга нисбатан қўйиладиган талаблар қандай эканини жуда яхши билишади. Мен бу борада алоҳида талабнома ишлаб чиққанман ва жамоа йиғилганда албатта футболчиларни таништириб ўтаман. Ушбу талабномада футболчиларга нима мумкин ва нима мумкинмаслиги батафсил ёзиб қўйилган. 

Ўйинчилар терма жамоа лагерига келганидан кейин уларга шартномалар, бошқа жамоалардан қизиқишлар ҳақида гаплашиб ўтиришларига изн бермайман. Биз четга кетиб меҳмонхонага жойлашганимиздан сўнг футболчиларнинг машғулот ва ўйиндан кейин ёки олдин бегона кишилар билан гаплашишига йўл қўймаймиз. Марҳамат, кимдир қайсидир футболчига қизиқиб қолса, футболчи тўп тепаётган клубига мурожаат қилаверсин. Лекин ўйинчини бошини айлантиришларига йўл қўйиб бермаймиз.


TAS-IX



TAS-IX эмас


Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +78   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика