UZ

Сўнгги янгиликлар

01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  0 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  0 00:23Франция. ПСЖ - "Тулуза" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  13 23:52Бундеслига. "Бавария" - "Аугсбург" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  7 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  0 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   4 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  13 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1

Интервью. Ўткир Юсупов: "Ўзбекистонда иқтидорли дарвозабонлар жуда кўп" Янгиликлар

Интервью. Ўткир Юсупов: "Ўзбекистонда иқтидорли дарвозабонлар жуда кўп"

Фарғонанинг "Нефтчи" клуби мавсум бошида ўз сафига "Насаф" клуби посбони Ўткир Юсуповни қўшиб олганди.

Ушбу посбон бугунги кунга келиб "Нефтчи"нинг асосий дарвозабонига айланиб олди. Биз Ўткир Юсупов билан футболчилик фаолияти ва якунига етаётган мавсум ҳақида суҳбатлашишга қарор қилдик.

- Футболчилик фаолиятингиз қандай бошлангани ҳақида гапириб берсангиз.

- Мактабда ўқиб юрган вақтларимда Отабек Набиев ихтисослашган футбол интернатига олиб кетганди. Бир муддат Тошкент шаҳар биринчилигида ўйнаганман. Кейин Қудрат Мадаминов "Пахтакор" жамоасига таклиф қилган. Дастлаб 2-лигада ўйнаганман, сўнгра биринчи лига ва ўринбосарлар жамоасига ўтганман. Ундан кейин биринчи лигада "Шайхонтохур", "Дўрмон-Спорт" каби клубларда фаолият олиб борганман. "Машъал" клуби дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков Муборакка чақирган. Ўйлаб кўриб ушбу таклифни қабул қилганман.

- Нима учун дарвозабонликни танлагансиз?

- Билмадиму негадир дарвозабонларнинг сейвларини томоша қилишни яхши кўрардим. Ўзимга ҳам дарвозага туриш ёқарди. Футболчиликни айнан дарвозада туриб бошлаганман.

- Хорижда қайси дарвозабонларнинг ўйинларини кузатардингиз?

- Эдвин ван дер Сар! Голландиялик дарвозабон ажойиб ўйин кўрсатарди. Бундан ташқари Петр Чех, Икер Касильяс ва Жанлуижи Буффон каби посбонларнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Уларнинг ўйинларига ҳавас қилиб дарвозани танлаганман десам ҳам бўлади.


- "Пахтакор"да қайси футболчилар билан бирга фаолият олиб боргансиз?
- Улар орасида энг машҳури Акбар Исматуллаев. У билан бирга иккинчи лигада фаолият олиб борганмиз. Кўпчилик футболчилик фаолиятини якунлаб юборишган.

- "Машъал"даги фаолият қандай бўлди?

- 2011 йилда Муборак клуби таркибига бориб қўшилдим. У ерда дастлаб ёшлар жамоасида ўйнадим. 2012 йилда мураббийлар 3-4та ўйинда асосий таркибда майдонга туширишди. Афсуски 2013 йилда жамоа биринчи лигага тушиб кетди.

- 2014 йилда "Насаф"га ўтдингиз...

- Ҳа, тўғри. Денис Иванков "Машъал"дан "Насаф"дан ўтганди. Айнан у мени Қарши жамоасига таклиф қилди. Фаолиятимда катта ўзгаришлар айнан "аждарлар" сафида бўлди. Футболчи сифатида ўсишга эришдим. Жамоа юқори ўринлар учун курашарди, олий лига ўйинларида ҳам майдонга тушдим. Икки йил давомида "Насаф" шарафини ҳимоя қилдим. Ҳужжатларимдаги муаммолар туфайли Қарши жамоасини тарк этишга мажбур бўлдим.

- Денис Иванков фаолиятингизда катта ўрин тутган экан. У қандай мураббий?

- Кучли мутахассис. Санжар Қувватов, Элдорбек Суюнов, Михаил Наумов каби тажрибали дарвозабонларнинг ўсишида катта хисса қўшган инсон ҳисобланади. Ҳозирда ҳам янги ёш посбонларни етиштириб чиқармоқда. Агар юртимизда шундай дарвозабонлар мураббийлар бўлса футболимизда кучли посбонлар кўпайиб боради.

- "Нефтчи"даги фаолият қандай бўлмоқда?

- Мавсумни бироз бўш бошладик. Кейинроқ ўзимизга келдик ва бир қатор ғалабаларни қўлга киритдик. Иккинчи даврада ҳам яхши ўйинлар кўрсатдик. Бир қатор етакчи клублардан очко олдик ва ғалабаларга эришдик. Нолимайман мавсум ўртача ўтмоқда. Бу ерда анчагина ўйин амалиётига ҳам эга бўлаяпман.

- "Нефтчи" дарвозабонлар мураббийи Баҳодир Шамсиддинов ҳақида нима дея оласиз?

- Жуда яхши инсон. Ўз ишининг устаси ҳисобланади. Вазифасини сидқидилдан бажаради. Машғулотларни ҳам қизиқарли ўтказади. Клубдаги дарвозабонларнинг янада кучайиши ва ўсишини истайди.  

- Фарғонага келганингизда рақобатдан қўрқмайман деб интервью бергандингиз...

- Тўғри. Мавсум бошланмасидан олдин шундай интервью берган эдим. Ҳозир ҳам бу фикримда қоламан. Сабаби рақобат бор бўлган жойда ўсиш ва ривожланиш бўлади. Менга рақобат қилаётган бошқа дарвозабонлар ҳам кучли посбонлар. Абдумавлон Абдужалилов билан ҳаётда дўстмиз. Қаерда бўлса ҳам биргамиз. Яхши бола ўз устида кўп ишлайди. Унинг отаси ҳам дарвозабон бўлган экан. Абдумавлон меҳнатдан умуман қочмайди. Сергей Смородин ҳам ёш иқтидорли посбон. Агар ўз устида ишлашда давом этса олий лигада ўйнаб кета олади деб ҳисоблайман. Машғулотлар вақтида барчамиз бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз, майдонга ким тушишини эса мураббийлар ҳал қилишади. Ким майдонга тушса ҳам қолганлар уни қўллаб-қувватлайди. Қийин вазиятларда бир-биримизга далда бўламиз. Сабаби унинг ўрнида ҳар биримиз бўлишимиз мумкин. Дарвозабонларнинг барчаси бир-бирига дўст деб биламан.

- "Нефтчи" 10-ўринда бормоқда...

- Очиғи жамоамиз бундан юқорироқ ўринларга лойиқ ўйин кўрсатмоқда. Кези келганда етакчи клубларни мағлуб этишга эришдик, баъзида эса кутилмаган хатолар туфайли тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Мавсум тугашига бир нечта ўйинлар бор. Шу баҳсларда биз ғалаба қозонсак жадвалда юқорилаймиз деб ўйлайман.

- Фарғоналик мухлислар ҳақида нима дея оласиз?

- Ютиб турсангиз доим мухлисларга ёқасиз. Мағлуб бўлсангиз аксинча. Бу ҳамма жойда шундай. Фарғонада ашаддий мухлислар жуда кўп. Улар "Нефтчи" учун доим қайғуришади. Биз ҳам майдонга мухлислар учун тушамиз ва ғалабага ҳаракат қиламиз. Аммо футболда фақат ютадиган жамоа умуман йўқ.

- Мавсум бошида олий лигада хорижлик дарвозабонларга чеклов қўйилди. Бунга қандай қарайсиз?

- Бир томондан барибир чет эллик посбонлар бўлгани яхши эди. Сабаби улар билан рақобат қилиб яхши савияга чиқиш мумкин эди. Бошқа томонда олсак ёш дарвозабонлар учун катта йўл очилди. Сабаби бу йил ўтган йилларда деярли майдонга тушмаган посбонлар олий лигада ўзларини кўрсатишмоқда. Ўзбекистонда ёш, иқтидорли футболчи ва дарвозабонлар жуда кўп. Уларга имконият берилса бас.

- Сиз учун қайси ўйин энг яхшиси бўлди деб ўйлайсиз?

- Етакчи жамоаларга қарши баҳсларда бор куч билан ўйнадик. "Пахтакор", "Бунёдкор", "Насаф" ва "Локомотив" билан ўйинлар кескин ўтди. Мана шу баҳсларда завқ олиб ҳаракат қилдик. Мураббийларга ҳам ўйинларимиз маъқул келди. Жамоа ютган ўйин мен учун энг яхшиси бўлади.

- Олий лигада бу йил 18та гол ўтказдингиз. Бу камми ёки кўпми?

- Шахсан мен учун бу ёмон натижа ҳисобланади. Қайсидир вазиятларда голдан қутқарсам бўларди, қайсидир вазиятда ўзим хато қилганман ёки кутилмаганда гол ўтказганман. Иккитасини пенальтидан ўтказгандим. Ҳеч қачон ўз ўйинимдан тўлиқ қониқмайман. Хатоларимни кўриб чиқиб кейинги сафар буни қилмасликка уринаман.


- Мавсум давомида 2та пенальтини қайтаришга эришдингиз. Пенальти сиз учун лотореями?
- Ҳа лоторея. Машғулотлар вақтида пенальтини қайтаришни кўп бор машқ қиламан. Тўпни нуқтага қўйган футболчига яхшилаб қараб унинг қаерга зарба беришини тахминан топишга уринаман. Кўп нарса омадга боғлиқ. Лекин 90-95 фоиз гол деб ўйлайман. Дарвозабон пенальтини қайтара олмаса уни ҳеч ким уришмайди, бироқ футболчи гол ура олмаса барча уни танқид қилади. Посбонларнинг устунлиги ҳам шунда деб биламан.

- Балки сиз учун ғалати саволдир: Мавсумда ўтказган энг чиройли голингиз қайси?

- Менимча, "Обод" билан баҳсда ўтказган иккинчи голим. Анвар Ғофуров баҳс охирида чиройли гол урди. Ҳимоячининг оёғига тегиб рекошет ҳосил қилиб дарвозамдан ўрин олди. Бундан ташқари биз ўша ўйинда аламли мағлубиятни ҳам қабул қилиб олгандик. Яна биринчи даврада кубок баҳсида "Насаф" ярим ҳимоячиси Эркин Бойдуллаев ҳам жарима зарбасидан чиройли гол урган эди.

- Чет элда қайси ёш дарвозабонларнинг ҳаракатларини кузатаяпсиз?

- "Милан"да янги ёш дарвозабон чиқди. Жанлуижи Доннарумма. У хатто Италия терма жамоасида ҳам дебют қилишга улгурди. Буффонга муносиб издош пайдо бўлмоқда. Германиялик Мануэль Нойерга барча ҳавас қилса керак. "Манчестер Юнайтед" ва Испания терма жамоаси посбони Давид Де Хеанинг ҳаракатлари ҳам менга маъқул келади.

Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди

Рейтинг: +11   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика