Интервью. Денис Коростиченко: "ЦСКАда Файзиевни ҳам эслашади. Бу ерда майда деталларга эътибор кучли"

Iskandarov Abdulaziz
27 авг 2026, 17:20
Россиянинг энг совриндор ва номдор клубларидан бири — Москванинг ЦСКА жамоасида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мураббий Денис Коростиченко билан уюштирилган эксклюзив интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— ЦСКАга бориб қолишингиз қандай юз берди? Сабаби сиз оддий жамоага эмас, Россиянинг топ клубига йўл олдингиз. Бунга қадар эса "Бунёдкор фарм" ва Ўзбекистон U-16 терма жамоасида фаолият юритаётган эдингиз...

— Бу — Россиядаги улкан ва энг кўп соврин ютган жамоа. Илгари "Бунёдкор"да ишлаганман, аммо ўзингизга маълумки, яқин дўстим аллақачон ЦСКАда фаолият юритаётган эди. Биз узоқ вақтдан бери бир жамоада бирга ишлашни орзу қилардик. Унда мени клубга таклиф қилиш имконияти пайдо бўлиши билан дарҳол шундай қилди. Шу тариқа, мустақил равишда Москвага йўл олдим. Албатта, бу жуда катта масъулият, аммо бу — мен доимо истаган ва кутган марра эди.

2.jpg

— ЦСКА олдига қўйилган мақсадлар қандай? Жамоа чемпионликка даъвогарлик қила оладими? Шундай топ-клубда шахсий мақсадларингиз белгиланганми?

— ЦСКАнинг ягона мақсади бор: доимо энг юқори ўринлар учун курашиш ва чемпионликни қўлга киритиш! Биз ана шу мақсадга эришиш учун бор кучимиз билан интиламиз. Шахсан мен учун бу — ҳар томонлама кучлироқ ва тажрибалироқ мураббий бўлиб шаклланишимга ёрдам берадиган улкан мактаб.

— Шу давргача чет элда қандай янгиликларни ўзлаштирдингиз? Четдан қараганда, маҳаллий мураббийларимиз кўпроқ ниманинг устида ишлашлари керак деб ўйлайсиз?

— Ўйиннинг ўзига келсак, қандайдир янги нарса ўйлаб топиш мумкин деб ўйламайман — футбол ҳамма жойда бир хил футбол. Бироқ бу ерда машғулотлар жараёни ва ўйинларга бевосита тайёргарликнинг энг майда деталларигача қаратиладиган эътибор даражаси анча юқори. Жараёнга бўлган профессионал ёндашув жуда чуқур.

3.jpg

— Дмитрии Игдисамов ҳақида фикрларингиз қандай? Сергелида улғайган йигитлар бир кун келиб ЦСКА бош мураббийи бўлди, сиз эса унга ёрдамчисиз...

— Мен шунчаки юз берди деб ўйламайман (кулади) У — ҳам руҳан, ҳам фикрлаш тарзи жиҳатидан жуда қатьиятли ва кучли инсон! Дмитрий асосий жамоа штабига қўшилиш учун жуда узоқ ва машаққатли йўлни, синовли босқичларни босиб ўтди. Бу ютуққа у 100 фоиз муносиб ва ҳозирги кунда унга ёрдам бера олаётганимдан жуда хурсандман. Биз мураббий сифатида биргаликда ривожланишда ва янада кучли бўлишда давом этамиз.

— ЦСКАда кўпроқ қайси ўзбекистонлик футболчилар ҳақида илиқ фикрлар билдиришади? Александр Гейнрих қисқа вақт ўйнаган, Улуғбек Бақоев, Даврон Файзиев, яқинда эса Аббосбек Файзуллаев тўп тепиб кетди...

— Албатта, бу ерда ушбу футболчиларнинг барчасини жуда яхши эслашади. Аббос яқиндагина ўйнаб кетгани учун мухлислар ва мутахассислар уни жуда яхши хотирлашади ва маҳоратини юқори баҳолашади. Мен шунингдек, Даврон Файзиевни яхши эслайдиган ЦСКА афсоналари билан ҳам суҳбатлашдим; у ҳам худди Саша ва Улуғбек каби клуб учун муҳим футболчи бўлган. Жамоада улар ҳақида фақат ва фақат илиқ фикрлар билдиришади.

4.jpg

— Ўзбек футболини кузатиб боряпсизми? Охирги пайтлардаги воқеалар, ЖЧдан сўнг футболимизда негатив ҳолатлар (ҳакамлик, майдонлар сифати, қарздорликлар) кўпайиб кетгандек. Четдан бу манзара қандай кўринмоқда?

— Ўзбекистондаги футбол янгиликларидан доимо хабардор бўлиб туришга ҳаракат қиламан, аммо асосан телеграм каналлари орқали — ўйинларни тўлиқ томоша қилишга вақтим етмаяпти. Илгари "Локомотив" ва "Навбаҳор" жамоаларининг ўйинларини мунтазам кузатиб борардим, бироқ ҳозир бунга имкон йўқ... Майдонлар ҳолати ҳам, шубҳасиз, жиддий муаммо туғдирмоқда. Аниқ сабабини билмайман-у, лекин бу, эҳтимол, ҳаддан ташқари юқори ҳарорат билан боғлиқдир — ёзда ҳаво жуда қизиб кетади. Молиявий қийинчиликлар ҳам бор, албатта... Аммо умид қиламанки, бу шунчаки вақтинчалик ҳолат вазият ортига қайтади, чунки бизда жуда иқтидорли футболчилар бор.

— Реалист бўлиб айтганда, миллий терма жамоамиз навбатдаги Осиё Кубогида қаергача етиб бора олади?

— Ўйлайманки, терма жамоамиз жуда кучли таркибга эга ва чемпионлик учун тўлиқ кураша олади — ишончим комилки, уларда бунинг учун сифат ҳам, имконият ҳам етарли. Назаримда, вакилларимиз ҳеч бўлмаганда финалга қадар етиб боришади.

— Келажакда Денис Коростиченко номи ўзбек футболида қандай эсланишини хоҳлардингиз?

— Ўзбекистонда қандай эсланишимга келсак... мен ҳали бу ердан бутунлай кетганим йўқ-ку! (кулади) Ҳозирда Москвада ишлаяпман, аммо онам, акам ва барча яқин қариндошларим Тошкентда яшашади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia