Ҳусниддин Ғофуров: “Явор” янги тарих яратмоқчи”
26 июл 2016 12:00
Янгиликлар
Ҳусниддин Ғофуров: “Явор” янги тарих яратмоқчи”
Шу ҳафта сўнггида Сербияда янги мавсум старт олади. Биз ҳамюртимиз билан алоқага чиқиб янги мавсум ва ўтган мавсум ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Сербия чемпионатининг янги мавсумига тайёргарлик қандай олиб борилди?
- Янги мавсумга тайёргарлик яхши кечди деб айта оламан. Йиғин ўзимизда, Иваница шаҳрида ўтказилди. Россиянинг “Мордовия”, Черногориянинг “Напредак” ва “Рудар” клублари билан ўртоқлик ўйинларини ўтказдик. 23 июль куни Сербия чемпионатининг янги мавсумини сафарда "Радник Сурдулица" клубига қарши ўйин билан бошладик.
- Ёзда бошқа клублардан таклифлар бўлмадими?
- Мавсумлар оралиғида менга Суперлиганинг бошқа клубларидан таклифлар тушди. Ҳозирча трансфер ойнаси ёпилишига вақт бор.
- “Явор” билан шартномангиз қачон тугайди?
- Клуб билан тузган шартномам яна ярим йил амалда бўлади. Яъни йил охиригача ҳуқуқий жиҳатидан “Явор”га тегишлиман.
- Ўтган мавсум клуб мавсумнинг биринчи қисмини 9-ўринда якунлади. Лигада қолиш учун ўтказилган баҳслардан сўнг 13-ўрин эгалланди. Жамоа раҳбарияти бу натижани қандай қабул қилди?
- Ўтган мавсумга келсак Суперлигани яхши бошлагандик. Бироқ мавсум ўрталарига келиб натижалар пасая бошланди. Сербия кубогида эса “Явор” финалга қадар етиб борди. Шу боис бизга у қадар катта эътироз бўлмади. Клуб ўз тарихида илк бор мамлакат кубоги финалида иштирок этди.
- Сербия кубогининг ҳал қилувчи ўйинида "Партизан"га ютқазиб қўйилди. Ўша финалда “Явор”га нима етишмади?
- Финални жароҳат олганим туфайли ўтказиб юбордим. Шу боис баҳсни трибунада томоша қилдим. Ўша кун фаолиятимдаги оғир кунлардан бири бўлганди. “Партизан” нафақат Сербияда балки Европада ҳам ўз ўрнига эга бўлган жамоалардан бири, буни барча билса керак. Финалда ёмон ўйин бўлмаганди, ўзимизнинг хатолар туфайли мағлуб бўлдик деб ўйлайман.
- Иваница шаҳри ҳақида нима дея оласиз?
- Иваница мўъжазгина шаҳарча. Тахминан 30 минг аҳолига эга. Бу ернинг одамлари жуда ажойиб. Деярли барча бир-бирини танийди.
- Клуб стадиони 4000 кишига мўлжалланган экан. Томошабинлар ташрифи қандай?
- Тўғри стадионимиз кичкинагина. Ҳар бир баҳсда ўртача 1000 нафар томошабин келади. Агар рақиб “Црвена Звезда” ёки “Партизан” бўлса стадион деярли тўлади.
- “Явор” сафида кўплаб легионерлар бор. Жамоадаги легионерлар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Жамоамизда легионерлар кўп эмас. Йиғинлар пайтида бир қатор легионерлар кўрикдан ўтишади, мураббийлар уларни саралаб олишади. Кўрикда мураббийларда яхши таассурот қолдирганлар жамоада қолишади.
- Ўтган мавсумда Сербия лигасида энг кучли 3 нафар легионер футболчи ким?
- Ўтган йил “Црвена Звезда” таркибида ўйнаган 3 нафар легионерни энг кучли деб айтган бўлардим. Булар Луиз Ибаньез, Уго Виейра ва Митчелл Дональд. Португалиялик Виейра ўтган мавсумда Суперлигада тўпурар бўлди.
- Бош мураббий сизни қайси амплуада ўйнатмоқда?
- Клуб мураббийи билан алоқам жуда яхши. У мени қанот ярим ҳимоячиси ўрнида ўйнатмоқда. Бу жойда ўйнашга кўникиб кетганман. Шу боис ҳеч қандай қийинчилик туғилаётгани йўқ.
- Футболчилик фаолиятингизни қандай бошлагансиз?
- Ёшлигимда Фарғона футбол лицейида таҳсил олганман. У ердан кейин иккинчи лигада Хушбек ака Қосимов жамоасида ўйнаганман.
- Шу даражага чиқишда қайси мураббийларнинг хиссаси катта бўлди деб ҳисоблайсиз?
- Бу даражага етишимга Олтиариқдаги мураббийларимнинг хиссаси жуда катта. Улар менинг биринчи мураббийларим ҳисобланади. Бундан ташқари “НБУ-Осиё” клубида бирга ишлаган бош мураббий Мухтор Қурбоновга ҳам раҳмат айтаман. Айнан шу киши менга ишонч билдириб биринчи лигада ўйнатганди.
- Сербияда "Белград дербиси" деб номланган “Партизан” – “Цервена Звезда” учрашуви бор. Ушбу баҳсга қизиқиб бўлса ҳам бордизми?
- Албатта бу икки клуб ўртасидаги дерби доим кескин ўтади. Бироқ кўпинча бизнинг ўйинлар ёки машғулотлар вақтига тўғри келиб қолади. Бошқа вақтда эса бу дербини фақат телевизор орқали томоша қилганман.
- Ўзбекистонда кўплаб сербиялик умуман болқонлик футболчилар тўп тепишади. Сиз эса аксинча Сербияда ўйнайсиз. Қачон кўплаб ўзбекистонлик футболчилар Сербияда ўйнай олишади?
- Тўғри сербиялик кўплаб футболчилар Ўзбекистонда ўйнашларини биламан. Келажакда ўзбекистонлик футболчилар ҳам Сербия Суперлигасида кўпчиликни ташкил этишига ишонаман.
- Янги мавсумда “Явор” клубининг мақсади қандай?
- Клубнинг янги мавсум учун мақсади янада юқори натижа қайд этиш. Футболчилар ва мураббийлар клуб тарихида янги саҳифа очишмоқчи. Бунинг учун кучимиз етади деб ўйлайман.
- Ҳусниддин Ғофуровнинг шахсий мақсадичи?
- Менинг мақсадим эса клубга фойда келтириб жамоа билан яхши натижаларга эришиш. Насиб қилса янада кучлироқ лигага ўтмоқчиман. Менга Сербия чемпионатида жуда ёқади. Ниятим “Явор”да ўзимни янада яхшироқ намойиш этиб келажакда Европанинг кучлироқ чемпионатига йўл олиш.
- Ўзбекистондаги мухлисларга тилакларингиз?
- Мухлисларга фақат соғ-саломат бўлишларини тилайман. Улар футболчиларни қўллаб-қувватлаб туришларини илтимос қилардим.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фикрлар