Ҳамробеков жамоаси Машарипов ва Ашурматов устидан расмий шикоят киритди

Aslanov Jasurbek
18 окт 2026, 16:56
Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Одил Ҳамробеков тўп тепаётган Эроннинг "Трактор" клуби "Истиқлол"нинг уч нафар легионери – Рустам Ашурматов, Жалолиддин Машарипов ва Ясер Асанига берилган ишлаш рухсатномаларини текширишни сўраб, расмий шикоят киритди.

"Варзиш" хабарига кўра, Теҳрон клуби бу ҳақда жамоалар ўртасидаги 1:1 ҳисобида якунланган учрашувдан кўп ўтмай маълум қилган. "Трактор" шикоятини Эрон футбол федерациясининг интизом қўмитаси ва Лига ташкилотига юбориб, футболчиларнинг мамлакатда қонуний фаолият юритиши ҳамда расмий мусобақаларда қатнашиши учун зарур рухсатномалари бор-йўқлигини текширишни сўраган.

Клуб шикоятнинг яна бир қисмида Ясер Асанининг "Истиқлол" сафида майдонга тушганига эътироз билдирган. "Трактор" баёнотида айтилишича, Асани мавсум бошида клуб билан шартномасини бекор қилган, "Истиқлол"нинг трансфер ойнаси ёпиқ бўлганига қарамай, кейинчалик жамоага қайтиб, "Трактор"га қарши ўйинда қатнашган.

Теҳрон клуби бу ҳолатни трансферга оид вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ўйинчидан рухсатсиз фойдаланиш эҳтимоли сифатида баҳолаб, шартнома қандай рўйхатдан ўтказилгани ва футболчининг майдонга тушиши учун қандай рухсат берилганини текширишни сўраган.

"Трактор" хорижлик фуқароларга ишлаш рухсатномаси бериш ва уларни ишга жалб этишга доир талаблар ваколатли идоралар томонидан кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлаган. Клуб шикоятларни барча жамоалар учун тенг қоидалар асосида кўриб чиқиш ва натижаларни расман эълон қилишни сўраган.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Varzesh

Сўнгги янгиликлар

Барча ›