UZ

Сўнгги янгиликлар

03:05ЕЧЛ. Аморим Лиccабонда Гвардиоланинг таъзирини берди, "Ливерпуль" "Байер"га имконият қолдирмади  57 03:00ЕЧЛ. "Реал" бу сафар ўз уйида "Милан"га ютқазди  125 01:39"Пахтакор" устунликка эга бўлган, аммо якунда "Ал Райян" ғалаба қозонган ўйиндан ГАЛЕРЕЯ  1 01:30ОФК Элит Чемпионлар лигаси. Ғарбий минтақада 4-турдан кейинги ҳолат  0 01:00Элит ОЧЛ. "Ал Насср" "Ал Айн"га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Роналдудан гол  24 00:55Аргентина термасининг ЖЧ-2026 саралаш ўйинлари учун қайдномасини эълон қилинди  6 00:35Элит ОЧЛ. Назаровнинг хатоси "Пахтакор"га қимматга тушди  4 00:25АПЛ грандлари "Барселона"нинг 21 ёшли иқтидорига қизиқиб қолишди  14 23:56Юнус Али: "Пахтакор" биринчи бўлимнинг ўзидаёқ интригани йўқ қилиши мумкин эди, аммо..."  6 23:12Камолиддин Тожиев: "Ҳаводан узатилган тўп дарвозамизга кириб кетди. Бугун бизнинг кунимиз эмас экан"  29 22:18Суперлига. "Навбаҳор" – "Пахтакор" ва 24-турнинг бошқа учрашувларида қайси ҳакамлар ишлаши аниқ  9 21:50"Қизилқум" ўйинчисига қизил карточка кўрсатилиши керак эди" – Суперлига 23-туридаги баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси эълон қилинди  2 21:15Расман: Крестинин бошчилигидаги "Локомотив" мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди  5 20:57ОФК Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" узоқ масофадан ўтказиб юборилган гол туфайли ўз майдонида "Ал Райян"га ютқазди  206 20:32Расман: "Бухоро" Суперлига йўлланмасини нақд қилди!  16

Гигантлар “жанги” ёхуд Саркисян, Бабаян, Давлатов, Абрамов ва Никимбаев... Янгиликлар

Гигантлар “жанги” ёхуд Саркисян, Бабаян, Давлатов, Абрамов ва Никимбаев...

Бугунги кунда Суперлигамиз сифати тушиб кетганига энг асосий сабаб нимада деб биласиз? Шахсан мен малакали мутахассислар йўқлигида деб биламан!

90-йилларда бизда миллионлар бўлган деб ўйлайсизми, керак пайтда терма жамоанинг хориж йиғинларига маблағ топилмасди. Болалар клубларининг сони бугунгидек кўп эмасди. Лекин қандайдир барака бўлган. Рақобат кучли эди. 2000 йилларга келиб Қозоғистонга ёппасига ўтиш бошланди. Аксар клубларда асосан ўзбекистонликлар тўп тепдилар. Бугунги шароит билан солиштирганда аввалги футболимиздаги маблағ анча паст эди, лекин ўйинлар жозибаси бугунги кун футболидан анча чиройли ва устун эди. Гарчанд Ливанда бўлиб ўтган Осиё Кубогида шарманда бўлган бўлсак-да, олий лигамизда стадионлар тўлиб тошарди. “Нурафшон” (ҳозирги “Бухоро”), “Динамо”, “Нефтчи”, “Навбаҳор” каби жамоалар майдонида бўлиб ўтадиган ўйинларга жиддий тайёргарлик кўриларди. Касодга учраган “Трактор” билан талабалик йилларимни боғлайман.


Нима учун шундай эди дейсизми, сабаби клубларда нафақат ўз манфаати, балки ўзбек футболи манфаатини устун қўядиган мутахассислар ишларди. Бугун олий лигада фақат мураббийлар “жанги”ни кўряпмиз. Лекин, клуб тизимини шакллантирадиган мутахассислар ўртасида ҳеч қандай “олишув” йўқ. Агар менга кўринмаётган бўлса, узр!

Демак, мақоламни бошлайман... 90-йилларга кўп ҳам тўхталмайман. У даврда мен ёшгина мухлис эдим. 2000 йиллардан кейинги воқеаларни эса ичидан кўрдим...


2001 йил “Нефтчи” ўз тарихида сўнгги чемпионликни қўлга киритди. ЮРИЙ САРКИСЯНнинг ўзбек футболига қўшган ҳиссасини ҳеч ким инкор эта олмайди. У “эскилар”дан эди. 90-йилларда ҳам фарғоналикларни бир неча марта чемпионлик пойгасида биринчи бўлиб келишига сабаб бўлган. Юрий Вазгенович ўзбек футболига кимларни берди. Лебедев, ака-ука Бозоровлар, Фёдоров, Давлетов, Атоян... Кейинчалик Умид Исоқов, Акмал Холматов, Ислом Тўхтахўжаев, Нодир Қўзибоев, Иқбол Акрамов ва Мансур Саидов каби футболчиларни бугун ҳам эслаймиз. Айнан шу авлод “Пахтакор” ва “Қурувчи”га “бой” берди, 2007-2010 йилларда.


Юрий Саркисян ўзбек футболининг энг етакчи ва салоҳияти кучли кишилардан бири эди. Бу пайтда ЎФФ раҳбари сифатида Ўзбекистонда ўз ўрнига эга ЗОКИРЖОН АЛМАТОВ раҳбарлик қиларди.


2002 йилга келиб ўзбек футболида катта ўзгариш қилинди. Яъни, Ливандаги омадсизликдан сўнг терма жамоа манфаати йўлида “Пахтакор” Республикадаги энг истеъдодли футболчилар билан бойитилди. Сал шошмай турамиз, яъни зўрлаб олинган деган гаплардан. Эътибор қилинг, яқин-яқингача ҳам терма жамоамизда етакчи бўлган футболчилар ўша сиёсат маҳсули. Демак, бу кейинчалик терма жамоамизга наф берди. Осиё Кубоги 2007да ёмон қатнашмадик. Ҳакамларнинг айби билангина Инилеев жамоаси мағлубиятга учради. 2011 воқеасини ҳали-бери унутмаймиз, адреналин.

Қисқаси, шу йилларда футболда янги номлар чиқа бошлади, булар Абрамов, Бабаян ва Никимбаев. Ўз пайтида футбол ўйнаб, кейин соя остида қолиб келаётган мутахассислар Бобоев ва Давлатов кўрина бошлади. БАХТИЁР БОБОЕВ 1996 йилда “Навбаҳор”нинг чемпионликка эришишида катта ҳисса қўшган мутахассис. 1995 йилги мавсум якунлангач “Навбаҳор” қўшниларни кучсизлантириш орқали кучайишни мақсад қилади. Бахтиёр Бобоев Атоян, Фёдоров ва Лебедевга чиқиш қилади. Улардан икки нафари “ҳа”деган жавобни беради. Аммо сўнгги паллада Лебедев ва Атоян “Нефтчи”да қолишни маълум қилади, Мамотов эса Наманганга кўчиб ўтиб бўлган. Фёдоров ва “Навбаҳор” ўртасида иш пишмайди, аммо барибир “Навбаҳор” фойдасига ўзгариш бўлди. Андрей Фёдоров ўша йили дисквалификацияга учрайди ва мавсумни ўтказиб юборади. Бобоев томонидан ўйланган барча иш самарасини берган ва “Навбаҳор” ўз тарихидаги илк чемпионликка эришганди. Шундан кейин Бобоев номи бироз эсдан чиқди, яъни халқ ичида.

Саркисяннинг яна бир кучли томони, у ўз атрофига кучли мутахассисларни йиға олгани эди, булар НОСИРОВ ва ХУДОЙДОТОВ каби ўз соҳасининг усталари. Айнан уларнинг ёрдамида у кўплаб ишларни ҳал қиларди.


“Пахтакор” катта саҳнага кириб келди. Ака-ука РАҲИМОВЛАР клубни САМВЕЛ БАБАЯНГА ишондилар. Ўз навбатида у энг истеъдодли футболчиларни йиғиш билан бирга атрофига мутахассисларни ҳам жалб этди. Бу борада унга ВИКТОР ЖАЛИЛОВ ва РАВШАН ҲАЙДАРОВ дастлабки ёрдамни бердилар. Ундан ташқари хорижлик мутахассисларнинг келиши клуб иш сифатини оширди. Айниқса ТАЧМУРОД АГАМУРОДОВ ўзбек футболи тактикасини тубдан ўзгартириб юборди. “Милан” клубида малака ошириб қайтган туркманистонлик мутахассис 4-4-2 тактикасини юртимизга олиб кирди. Бу мутахассислар қўл остида истеъдодли футболчилар юлдуз даражасига кўтарилдилар. Солиев, Кошелев, Тожиев, Магдеев, Ашурматов, Алиқулов, Нестеров, Иномов, Суюнов... Непомняший эса бизга Аҳмедовни тақдим этиб кетди. Бу орада Қарши томонда НОРҚУЛ ДАМИНОВ ва унинг жамоаси Баҳром Ҳакимов бошчилигида “Насаф”да қайта қурилиш даврини ўтказаётган эди. Рўзиқул Бердиев, Баҳодир Аннаматов, Пётр Гезимчук, Вали Келдиев каби “легендалар” тўп тепаётган клуб “Пахтакор” ва “Нефтчи” учун ҳақиқий бошоғриқ эди. ИГОРЬ ВОЛЧОК ва РАҲИМ ҚУРБОНМАМЕДОВ бошқарувидаги “Навбаҳор” кўрсатадиган ўйинларда сифат бор эди. Шу йиллар давомида наманганликлар кетма-кет икки марта бронза медалларни қўлга киритган эдилар. Шуҳрат Мирхолдиршоевдака футболчи ҳали-бери чиқмаса керак!



2005 йил “Машъал” аланга олди! Бу “Қурувчи” жамоасининг пайдо бўлиши олдидан қилинган репетиция эди. Ўқишга кетар эканман, одатдагидек газете дўконига мўраладим, у ерда “Ўзбекистон футболи” газетасининг бош саҳифаси реклама бўлиб турарди. “Миржалол Қосимов “Машъал”да... Қандай қилиб, “Машъал”да? Ҳеч ким бунга ишонмасди. Ҳақиқатан ҳам муборакликлар кичик шаҳарчага ўзбек Марадонасини олиб келганди. Шу ерда яна бир англашилмовчиликка ойдинлик киритиб ўтсам. 2004 йилдаги “Навбаҳор”ни ёппасига Муборакка кўчиб ўтишида кўпчилик Виктор Жалиловни айбдор деб билади. Аслида ундай эмас. 2004 йил сўнггига келиб “Навбаҳор”да молиявий қийинчиликлар пайдо бўла бошлайди. Бундан яна катта саҳнага қайтган Баҳром Давлатов унумли фойдаланади. Миржалол Қосимовнинг келиши клубда пул билан муаммо бўлмаслигидан далолат эди. “Пахтакор”, “Нефтчи”, “Насаф”да пул бор. Демак, “Машъал”ни кучайтириш учун энг яхши вариант бу “Навбаҳор”дан футболчиларни ташиш. Давлатов секин аста футболчиларни “Машъал”га кўчирди. Ундан кейин Бахтиёр Бобоевга иш таклиф қилди. Эндиги навбат бу футболчилар учун яхши савиядаги мураббийга қолган эди. Бобоев иккиланиб ўтирмай, буларнинг барчасини яхши биладиган Виктор Жалиловни Давлатовга таклиф қилди. Ўша пайтдаги Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев ҳам бу таклифни маъқуллади.

Келинг, энди қисқача мана шу трио ҳақида сўз юритсак. Нуриддин Зайниев деганда бугун ҳам Қашқадарё футболи кўз олдимизга келади. Бугун воҳанинг қайси нуқтасига борманг, замонавий стадион қад ростлаган ва уларнинг ҳар бирида академия учун шароит тахт қилинган. Бундан биринчилардан бўлиб Баҳром Давлатов унумли фойдаланди. Янгиер футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган мутахассис Муборакка республикадаги энг истеъдодли футболчиларни жалб қила бошлади. Бу борада унинг асосий рақобатчиси “Пахтакор”да Самвел Бабаян эди. Биргина яхши футболчи учун “Пахтакор” ва “Машъал” селекционерлари “жанг” қила бошлади. Искандеров, Машарипов, Шомуродов ва Шукуров каби футболчилар айнан шу кураш маҳсули эканини бугун кўпчилик билмайди. Ундан аввал эса Муборак бизга Лутфулло Тўраев, Элдор Суюнов, Шуҳрат Муҳаммадиев каби футболчиларни тақдим этганди. Давлатов ҳаммаси учун ўзим бўлай демади. У кишини ҳамма ҳар хил эслайди, лекин клубдаги ҳар бир нуқтага кучли мутахассисларни қўйиб улар билан бамаслаҳат иш қилганини тан олишимиз керак. 2005 йил “Машъал” Қашқадарё вилоятига олий лигадаги илк кумушни тақдим этди.

Айнан шу даврга келиб одамлар ВАДИМ АБРАМОВ деган номни кўп бора тилга ола бошладилар. Бузуқ, эски автобусда ўйинларга бориб юрадиган “Трактор”нинг деярли ҳеч вақоси йўқ эди. Таркибидаги футболчилари “қария” ва ҳеч кимга керак бўлмай қолган ёшлардан иборат бўларди. 2004 йил мана шундай таркиб билан “Трактор” жуда катта муваффақиятга эришади. Жамоа Ўзбекистон кубоги финалига қадар етиб боради. “Пахтакор” марказий стадионида бўлиб ўтган ўйинда “шерлар” 3:2 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, “Трактор” ўйин борасида мағлубиятга учрамагандик. Бу БАБАЯН ва АБРАМОВ ўртасидаги энг биринчи “ЖАНГ”лардан бири эди. Ҳозир Сизларга тақдим этадиган бир қизиқ статистик маълумотни бугунги кундаги манаман деган мураббий ҳам амалга ошира олмаса керак.


2004 йил “Трактор” сафида майдонга тушган футболчиларнинг ёшига эътибор қаратамиз. Даврон Валижонов (16 ёш), Вадим Афонин ва Карлен Абрамов (17 ёш), Музаффар Умрзоқов ва Азиз Ибрагимов (18 ёш). Гарчанд бу футболчилар мавсумда асосий фигура бўлмаган бўлса-да, кейинчалик ўз ўйинларини топиб кетдилар ва уларга имкон берган мутахассис Абрамов эди. Вадим Афонин ва Азиз Ибрагимов “Трактор”дан чиққанини бугунги мақола орқали ёш авлод билиб олган бўлса ажаб эмас. 2005 йил “Трактор” олий лигада 4-ўринни қўлга киритади. Ўшанда жамоа сафида 17-18 ёшда бўлган 11 нафар футболчи майдонга тушганди. Абрамовни ёшлар билан ишлашга бўлган маҳорати ЎФФ томонидан қўллаб-қувватланади ва у олимпия терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланади.


Бу орада фаолиятини “0”дан футболда бошлаган мутахассис АЛИШЕР НИКИМБАЕВ катта саҳнага кириб келаётганди. Кейинчалик ОФКда катта лавозимда фаолият олиб борган мутахассис терма жамоалар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Никимбаев эътиборни кўпроқ футбол ичидаги тизимга қаратди ва у бошқа клублар томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада олий лига янги даврга чиқади. Қолаверса, терма жамоага бўлган муносабат ҳам ўзгаради.  10 йиллик бошқарувдан кейин Зокиржон Алматов ўз ўрнини сенатор МИРАБРОР УСМОНОВга топширади. 2006 йил Ўзбекистон футбол федерацияси янги раҳбар қўл остига ўтди. Бу даврда Алишер Никимбаев ОФК Президенти жаноб Бин Ҳаммам назарига тушади. Айнан шу одам туфайли Осиё футболи ўзгаради.

Мираброр Усмонов “Зарафшон” кинозалида йиғилиш ўтказади. Асосий мақсад, ЎФФнинг кейинги режасига қисқача изоҳ бериш эди. Мен иштирок этган илк юқори тадбир шу эди. “Биз аввало футбол структурасини ривожлантиришимиз керак. Ҳудудлардаги стадионларни таъмирлашимиз, янгиларини бунёд этишимиз ва энг муҳими клубларга пул топиб беришимиз керак”. Айнан шу гаплар Мираброр Зуфарович томонидан янграйди ва бу гап кейинги йиллардан бошлаб ўз исботини топа бошлайди. Қатор қарорлар кетидан ҳудудлардаги стадионлар реконструкция қилинди. “Насаф” ва “Пахтакор” стадионлари янги қиёфага кирди. Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Навоий, Олмалиқ, Бекобод, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах, Қашқадарёдаги футбол инфраструктураси ўзгарди. Натижада футбол сифати ошди ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 6 йиллик танаффусдан сўнг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қайтди. Ундан кейин 1993/1994/1995/1996 йилда таваллуд топган футболчиларимиз ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги мундиал йўлланмасини қўлга киритдилар.

“Рома”, “МЮ”, “Реал”, “Барселона”, “Ювентус” каби клубларда президент сайловлари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотади. Сабаби клуб тепасига келадиган “калла”нинг ким бўлиши ўта муҳим. Айнан шу одам клубнинг кейинги фаолиятини белгилайди. “Севилья”нинг собиқ спорт директори Рамон Родригес Вердехо “Рома”да фаолият олиб боряпти. У дунёнинг биринчи рақамли ишбилармон раҳбарларидан бири ҳисобланади. Айнан унинг каромати билан “Севилья” топ клуб сафига чиқди. “Рома” эса у билан “А Серия”ни ютмоқчи. Бизда эса клуб раҳбарлари, яъни ҳокимликлар бунга эътибор бермайдилар. Шунинг учун ҳам клуб ҳомийлари томонидан футбол клубларимиз тепасига футболдан йироқ бўлган мутахассисларнинг келиши сўнгги пайтларда кўпайиб кетди. Айб сизларда эмас, ким ҳам берилган яхши ишдан воз кеча олади, бундайлар кам. Лекин муаммо шундаки, футболимизга келаётган аксар мутахассислар ўзларини “доно” билишларида. Жамоат билан ўртоқлашмасликларида. Шунинг учун ҳам клубларнинг савияси тушиб кетди. Бу эса умумий футболимизга таъсир қилмай қолмади. Мавзудан четлашмайман...

2006 йил кейинчалик ўзбек футболини остин-устун қилиб юборадиган лойиҳага пойдевор қўйилган эди. Бабаян ва унинг командаси Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, Фарҳод Тожиев, Садриддин Абдуллаев, Александр Клецков каби футболчиларни катта саҳнага чиқараётган бир пайт  Ўзбекистон чемпионатининг 1-лигаси якунига етиб бораётганди. “Тўқимачилар” стадионида бўлиб ўтган сўнгги турда Ҳикмат Эргашев бошчилигидаги “Қурувчи” Бухоронинг “Вобкент” жамоаси билан баҳс олиб боради. Мазкур ўйиндан аввал икки жамоа ҳам муддатидан аввал олий лига йўлланмасини ҳал қилиб бўлганди. Орадан бир йил ўтиб “Вобкент” яна олий лигани тарк этган бўлса, “Қурувчи” ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритган. “Бунёдкор” “эра”си бошланаётганди, бу ҳақда мақоланинг давомида ўқийсиз...

Фотосуратлар билан мақоламни давом эттиришни маъқул кўрдим.

Шавкат Миромонович 2006 йил "Пахтакор" жамоасини 50 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Ахрор Иноятовга эсдалик совғасини тақдим этган лаҳза

2004 йилги мавсумнинг очилиш маросими. ЎФФнинг ўша пайтдаги Президенти Зокиржон Алматов ва Асқар Толибжонов.

Юрий Саркисян ҳамкасбларимиз билан. 

Захирада ўтирган Одил Аҳмедов шу сурат олинганидан кейин кўп ўтмай Валерий Непомняший томонидан кашф қилинади.


Ўша йиллари футбол шу даражада кучли эди-ки, ОАВдаги энг кучли ҳамкасбларимиз бирон ўйинни қолдириб юбормас эдилар.

2004 йил. Матбуотга бўлган қизиқишим айнан шу йиллардан бошланган эди. ЎзМУнинг 1-курс талабасиман.

Вадим Абрамов "ҳайдаган" "Трактор" Ўзбекистон Кубогининг финалига етиб келган эди. Лекин "Мерседеси" бор "Пахтакор"ни мағлубиятга учратиш осон эмасди.

"Қурувчи" деган жамоага 2006 йил ҳеч ким аҳамият бермади...

Футболда Раҳимовлар даври бўлди. Ака ука Раҳимовлар томонидан ўзбек футболига қилинган ишларни санаб бўлмайди. 

Бугунги кунда Ўзбекистонни энг яхши мураббийларидан бири сифатида эътироф этиладиган Рўзиқул Бердиев 2000 йилларда "Насаф" сардори сифатида фаолият олиб борди. У пайтдаги футбол бари-бир бошқача эди. Ҳақиқий кураш, тотализатор йўқ, 3/3 йўқ. Ҳаммаси табиий эди.

Усмон Тошевни гарчанд мақолада қайд этмаган бўлсамда, фотосуратда бор. "Бухоро" бош мураббийи сифатида у жуда катта ишларни амалга оширган эди. Бугунги Тошев билан, 20 асрдаги Тошев ўртасидаги фарқ катта. Магдевв, Саломов, Ҳасанов каби футболчиларни кашф қилган эди.

Тошев қаторида Норқул Даминовни ҳам эътироф этамиз. Баҳром Ҳакимов билан Қаршида кучли жамоа шакиллантирган давр.


Бугунги ўзбек футболига етишмаётган "Машъал" академиясига пойдевор қўйган шахс - Баҳром Давлатов! Барчаси табиий ва самимий эди.


Телеграм - Нодирхўжа Юлдашев

Муаллиф : Nadirkhuja Yuldashev
Рейтинг: +123   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика