UZ

Сўнгги янгиликлар

09:05Хушбек Қосимов: "Мақсадимиз ёш футболчиларни катта футболга муносиб тайёрлаш"  0 08:39Кутганмидингиз? Тен Хаг ёзда «Манчестер Юнайтед»ни тарк этади  9 08:13Неъматилло Қуттибоев: "Цементчи" Биринчи лигада рақобат ярата олади"  1 07:48«Лестер» бир йиллик танаффусдан сўнг яна АПЛга қайтди  4 07:24Ўзбекистон кубоги. 3-тур баҳслари давом эттирилади  0 07:15ЛаЛига. "Реал Сосьедад" - "Реал Мадрид" 0:1   0 07:10Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон - Эрон 3:3 (пенальтилар 4:5)  0 07:05Футзал бўйича Осиё Кубоги. Таиланд - Тожикистон 3:3 (пенальтилар 6:5)  0 07:00Футзал бўйича Осиё Кубоги. Вьетнам - Қирғиз Республикаси 2:3  1 06:55U-23 Осиё кубоги. Ироқ - Вьетнам 1:0  0 06:50U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони 2:0  8 01:57Ла Лига. Арда Гюлер "Реал"га ғалаба тақдим қилди!  63 01:40Меҳди Тареми Италия чемпиони сафига қўшилади! (Фабрицио Романо)  3 01:24Арда Гюлер ажойиб натижа қайд этмоқда  1 01:12"Арне Слот – "Ливерпул"нинг янги бош мураббийи!" – Фабрицио Романо  12

“Ғайбу” хотира турнирининг илк ғолиби Янгиликлар

“Ғайбу” хотира турнирининг илк ғолиби

Муболаға эмас, Шуҳрат Ваисов бутун умрини Хоразм воҳаси спорти, хусусан, футболига бағишлаган инсонлар сирасига киради.

У қатор йиллар мобайнида вилоят халқ таълими бошқармаси тизимидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидан бирига раҳбарлик қилди. Шунингдек, 1995-1996 ва 2005 йиллар давомида “Хоразм”  футбол клубида жамоа бошлиғи вазифасида фаолият юритди. Эътиборли  томони, айнан, у жамоада ишлаган кезлари хоразмлик футболчилар икки марта, яъни 1995 ва 2005  йилларда олий лига йўлланмасини қўлга киритди.

Ш.Ваисов БЎСМни бошқарган даврларда кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиққан. Шерзод Ибодуллаев, Азамат Жабборов, Мансур Қурбонов, Александр Ежов, Ғайрат Шихов, ака-ука Умид ва Жасур Тожимов сингари тажрибали “чарм тўп” усталари турли йилларда “Хоразм”нинг асосий таркибида воҳа шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Кейинчалик, Умид  Тожимов Бекобод шаҳрининг “Металлург” жамоасида тўп тепиб, мухлислар меҳрини қозонди. Александр Ежов эса бугунги кунда “Хоразм” жамоасининг бош мураббийи. Футболдаги илк сабоқларини мазкур спорт мактабида олган Рўзимбой Аҳмедов “Навбаҳор”нинг, Санъат Шихов  “Бухоро”нинг, Жамшид Искандеров ва Жалолиддин Машариповлар эса “Пахтакор”  жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бири ҳисобланишади. Ш.Ваисов нафақага чиққан  пайтлари ҳам спорт оламини тарк этмади. Уни мусобақалар уюштирилаётган жойларда тез-тез учратиш мумкин эди. Бунинг баробарида,  ёш мутахассисларга маслаҳатларини дариғ тутмасди. Футбол бўйича вилоят биринчилиги яъни иккинчи лига учрашувларида назоратчи бўлди.



... Ш. Ваисов 67 ёшида ёруғ оламдан кўз юмди. Эндиликда, у бошлаган эзгу ишларини шогирдлари давом эттиришаётир. Бугунги кунда уларнинг кўпчилиги мураббийликка қўл уришган, устоздан олган билим ва малакаларини ёшлар билан баҳам кўришаётир.

Албатта, устознинг воҳа спортини ривожлантириш йўлидаги фидойи меҳнатлари унутилгани йўқ. Хоразм вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси  ҳамда  Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби   жамоаси хайрли ишга қўл урди.  “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, спортимиз жонкуяри  Шуҳрат Ваисовнинг порлоқ хотирасига бағишлаб футбол бўйича СЎЕАИБЎСМ очиқ биринчилигини  ташкил этилди.  Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуаси стадионида ўтказилган мазкур  мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлардан иборат 14 та жамоаси ғолиблик учун баҳс юритишди.



Мусобақанинг 3-ўрин учун бўлиб ўтган учрашувида вилоят марказининг “Наврўз” ва “Нефтчи” жамоалари рўпара келишди. Ушбу ўйинда   Акбар Одамов устозлик қилаётган “Наврўз” жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа шоҳсупасининг учинчи поғонасини эгаллади. Ҳал қилувчи баҳсда “Ёшлик”(Урганч шаҳри, мураббийи Илёс Хайров) ва “Ғайбу”(Урганч тумани, мураббийи Одамбой Қурбонниёзов) жамоалари ўзаро куч синашишди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Пенальтидан тўп тепиш машқини бажаришда Ғайбу қишлоғининг “Ғайбу” жамоаси ёш футболчилар ғалаба қозонишди(3:1) ва  спорт фахрийси  Шуҳрат Ваисов хотирасига бағишлаб ўтказилган илк турнир ғолибига айланишди. Натижада, “Ёшлик” вакиллари иккинчи ўрин билан кифояланишди.



- Шуҳрат ака Ваисов ҳақиқатан, вилоятимиз спортининг жонкуярларидан бири эди, - дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири,   спорт мактабининг услубчи-йўриқчиси Анвар   Алимов. –  Уни доимо талабчан ва ташаббускор  раҳбар сифатида кўрганмиз ва билганмиз. Бир сўз билан айтганда,  Шуҳрат ака биз учун эъзозли инсон эди. Ишончим комилки, якунланган хотира турниримиз у кишининг руҳини шод этган бўлса ажабмас. Бевосита мусобақа ҳақида тўхталсам, қатнашчи жамоалар ҳар бир учрашувга яхши тайёргарлик кўриб келишганини намоён этишди. Финал беллашувида ғолиб жамоа пенальти орқали аниқланганлиги сўзимнинг исботи саналади. Насиб қилса, ушбу хотира турниримизни анъанага айлантириб, ҳар йили ўтказишни ният қилганмиз. Зеро, бундай мусобақалар ёш футболчиларимизни катта футболга йўл олишида муҳим аҳамият касб этади.



Мусобақанинг ёпилиш маросимида Хоразм вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби   раҳбарлари, Ш. Ваисовнинг дўстлари, яқинлари ва фарзандлари иштирок этдилар. Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан тақдирланишди. Шунингдек, Дилшод Бектурдиев(дарвозабон, “Ёшлик”), Наврўз Маримов(ҳимоячи, “Ёшлик”), Умидбек Бахтиёров(ярим ҳимоячи, “Ғайбу”), Жавоҳир Отабоев(ҳужумчи, “Нефтчи”), Анвар Каримов(ҳакам, Хонқа тумани), Одамбой Қурбонниёзов(мураббий, “Ғайбу”)лар турнирнинг “энг яхши”лари  сифатида эътироф этилди.

               
Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ, Урганч шаҳридан.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика