Флорентино Переснинг навбатдаги "қурбони" Зидан бўладими?
29 апр 2017 15:34
Янгиликлар
Флорентино Переснинг навбатдаги "қурбони" Зидан бўладими?
Олааа, Нортой! Лекин бу чиндан ҳам амалга ошиши мумкин бўлган иш!
Ҳозир мухлисларнинг кўпчилиги бу шунчаки журналистлар ўйлаб чиқарган уйдурма, Зидан ҳеч қаерга кетмайди, у зўр ишлаяптику, Перес билан ҳам муносабати яхши дейиши мумкин, аммо... Жамоанинг ашаддий мухлислари Флорентино Пересни жуда яхши билишади. Унинг характери, шов-шувли трансферларга ўчлигию, ўз мақсади йўлида ҳеч нимадан тап-тортмаслиги, мураббийларнию умуман истаган вақтида хайдаб юбориши ҳеч кимга сир эмас. Узоққа бормаймиз, Карло Анчелотти... Чемпионлар Лигаси бош соврини, узоқ кутилган соврин, қўлга киритилгандан бир йилгина ўтиб, мураббий билан ҳамкорлик тўхтатилди. "Бирров"га келиб кетган Бенитесчи?
Умуман олганда эртага Перес қандай йўл тутишини ҳеч ким билмайди. Зидан масаласи ҳам шулар қаторига киради. Ҳар сафар сайлов арафасида катта "ишларга" қўл урадиган Пересдан бу каби ҳаракатни кутиш мумкин. Ахир, анчагина машхур Зиданни бўшатиб, ўрнига Йоахим Лев (ёки унга ўхшаш бирор машхур мураббий)ни жамоага олиб келса, ҳамма яна Перес ҳақида гапиришни бошлаши аниқда!
Бу борада Переснинг фикрини билмадиму, лекин шахсан мен француз ўз ўрнида қолиши керак деб ҳисоблайман! Бугунги кунда "қаймоқранглилар" устози бўлиш учун энг муносиб номзод айнан у!
Биринчидан, Зинедин Зидан – мухлислар ёқимтойи
Тан олинг, айнан "Реал"да мухлисларнинг бош мураббийга бўлган муносабати жуда муҳим. Зизу нафақат футбол жамоатчилиги, балки мухлислар аудиториясида ҳам шу қадар "авторитет"га эгаки, жамоа қанчалар ёмон ўйин кўрсатмасин, омадсизликларга дуч келмасин, ҳеч ким "Бернабеу"дан Зиданнинг "мушугини хайдамайди". Ўзига нисбатан юксак ҳурмат ва ишонч билан мақтана оладиган мураббийлар бугунги кунда унчалик кўп эмас!
Иккинчидан, футболчиларнинг муносабати
Зидандан аввал клубда ким ишлаганди? Ҳа, Бенитес! У нега кетгани ёдингиздами? Мутахассислар, жамоа мухлислари ва яна кўпчилик қониқарсиз натижаларнинг асосий сабаби, сабабчиси деб айнан испаниялик мураббийни, бевосита футболчиларнинг унга бўлган муносабатини кўрсатишди. Албатта четдан туриб, жамоа ичида нималар бўлганини айтиш бироз мушкул, лекин таркибдаги (ҳеч бўлмаса) баъзи футболчилар унга паст(роқ) назар билан қарагани аниқ.
Зиданда эса бу каби муаммо йўқ! Уни Мадриддаги ҳамма ҳурмат қилади! Ишонаверинг, хатто рақиб жамоа мухлислари ҳам.
Куни-кеча Мессининг бир интервьюсига кўзим тушганди, ўйин якунлангач фақат бир марта мен ўзим футболка алмашишни сўраганман. У Зидан эди!
Шунингдек Зиданнинг жамоа етакчилари билан дўстона муносабатини ҳам таъкидлаш лозим. Ўша юлдуз футболчилар мураббий гапларини диққат билан эшитиб, майдонда кўрсатмаларга амал қилишмоқда.
Учинчидан, жамоа кўрсатаётган натижалар
Ким нима деса, десину, менимча "Эл-Класико"да "Реал" ёмон ўйнамади. Хаттоки 10 киши бўлиб қолганда ҳам "Реал" "қироллик клуби" номига лойиқ ҳаракат қилди. Иштаха тановвул пайтида келади деганларидек, камчиликда ҳисобни тенглаштирган мезбонлар ҳимояга ётиб олиб, дуррангни сақлаб қолиш учун ўйнашмади. Учрашув тақдирини эса сўнгги сонияларда Мессининг голи ҳал қилганини футболга қизиқмайдиганлар ҳам билиб бўлди. Рамос четлатилмаганда барчаси умуман бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.
Ўйин якунланиши билан интервью берган Зидан, шогирдлари ҳисобни тенглаштиргач, ақл билан иш кўришлари лозим бўлганини, аммо улар хиссиётга берилиб, сал кам бутун жамоа бўлиб олдинга ўтиб хато қилганларини таъкидлади. Лекин "Эл-Класико" ютқазиб бўлинганди. Испанияда бу тўқнашув қадри қанчалик юқори баҳоланишини яна бир бор ёдга солишимиз шарт бўлмаса керак.
Ҳа, Зидан қўл остида жамоа "Барселона"га мағлуб бўлди, лекин танганинг иккинчи томонини ҳам эсдан чиқармайлик. "Реал" бу мавсумда фақат 3 бор: "Валенсия", "Севилья" ва "Барселона"га ютқазди холос.
Охирги турларда етакчи футболчиларга дам бериш, маълум балансни сақлаб туриш, учун Зизу чемпионатда захирадагиларга ҳам имкон бермоқда. Қизиқ томони, ўша "захира ўйинчилари" ҳам жуда ёрқин ўйин намойиш этишмоқда ва ижобий натижалар қайд этиляпти. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмаслиги аниқ. Захирадагилар ҳар дақиқада майдонга тушиб, ўйинни кучайтиришга қодир бўлиши бу мураббий меҳнатлари маҳсулидир!
Ҳа, айтганча, бугун тошкент вақти билан 19:15 да "Реал" - "Валенсия" учрашуви старт олади.
Нима бўлганда ҳам, жамоа ҳамон икки фронтда кураш олиб боряпти ва Ла Лига, Чемпионлар Лигаси ғолиблиги учун жуда яхши имкониятга эга (ярим финал/ "Барса" билан очколар тенг, аммо "Реал"нинг битта ўйини кам)!
Натижа ва Зиданнинг кейинги тақдири нима бўлишини мавсум якунида аниқ билиб оламиз!
Нима бўлганда ҳам, футбол – бу ўйин. Асабларингизни асранг ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!
Омонжон Тўхтамирзаев
Фикрлар