

Бу ҳақда ички ҳужжатлар ҳамда ушбу иш билан шуғулланган мулозимга таяниб "The New York Times" хабар бермоқда.
Саралашнинг иккинчи босқичи финали текширув бошланишига сабаб бўлганди — унда Конго ДР пенальтилар сериясида Нигерияни мағлуб этган (1:1, 4:3). Нигерия томони шикоят аризаси берган ва суриштирув давомида ФИФА дарвозабон Лионель Мпаси Франция ўсмирлар терма жамоасидаги иштирокидан сўнг бошқа мамлакат шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатларни олмаганини аниқлаган.
Нашрнинг таъкидлашича, ФИФА бундан хабардор бўлган, аммо Мпасига Ямайкага қарши қитъалараро плей-офф финалида (1:0, қўшимча вақтда) майдонга тушишга рухсат берган ва якунда Конго ДР терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма олган. Турнирдан четлатиш чораси кўрилмаган.
ФИФА нашр келтирган маълумотларни инкор этмади ва Нигериянинг шикояти процессуал сабабларга кўра рад этилганини маълум қилди. Федерация электрон хатида ўз қўмиталари "мустақил эканини ҳамда қарорларни қоидалар ва муайян ҳолатлардан келиб чиқиб қабул қилишини", президент Жанни Инфантино эса якуний ҳукм чиқаришда иштирок этмаганини алоҳида таъкидлади.
ЖЧ-2026’да Ўзбекистоннинг гуруҳдоши бўлган Конго ДР терма жамоаси 1/16 финалга қадар етиб бориб, Англияга имкониятни бой берган эди (1:2).



